Биз Ўзбекистонга қўшни бўлган мамлакатларда бошпана топган ўзбек қочқинларининг ўғирланиб кетиш ҳолатлари ҳақида кўп ўқиймиз ва эшитамиз. Сўнгги йилларда бундай ҳолатлар сони кескин кўпайди.
Мирсобир Ҳамидқориевга алоқадор материалларда бу қочқин Ўзбекистонда фаолияти таъқиқланган “Ислом жиҳодчилари” диний ташкилотига аъзо бўлгани, Тошкентда эгалик қилган бизнеси сабабли ҳамда ўзбек актери Фаррух Соипов томонидан суратга олинган “Нафс” фильмига продюсерлик қилгани учун махсус хизматлар томонидан таъқиб қилингани айтилади. Узоқ вақт ҳуқуқ фаоллари Мирсобир Ҳамидқориев юқорида санаб ўтилган сабабларнинг қай бири учун қидирувга эълон қилинганини аниқлай олмагандилар.
Аммо мазкур мақоламизнинг ёзилиш сабаби бироз бошқа ҳолат билан боғлиқ.
Мирсобир Ҳамидқориев воқеасида бизни бир жиҳат қизиқтириб қолди – бу Ҳамидқориев иши юзасидан Тошкентдаги суд жараёнида иштирок этган россиялик адвокат Илларион Васильевнинг ўзбек қочқини махсус хизматларнинг диққати-эътиборига тушишига ва узоқ муддатга қамалишдан хавфсираб Ўзбекистонни тарк этишига унинг синфдошлар билан гап егани сабаб бўлганидир.
– Кўрсатмаларга кўра, Мирсобир ҳақиқатдан ҳам синфдошлари билан бир неча маротаба гап ўйнаган. У ерда пайғамбар ва аёлларнинг ҳижоб кийиб юришлари ҳақида нималардир деган. Бироқ гапда у ҳукуматга қарши зўравонлик кўрсатиш ёки қандайдир таъқиқланган ташкилотлар ҳақида сўз очмаган. Гувоҳлар ҳам буни тасдиқлашган, – дея маълум қилгандир адвокат Илларион Васильев.
“Жараён”га маълум бўлишича, Ўзбекистонда гапда иштирок этган ёш йигитлар кейинчалик жиноий жавобгарликка тортилгани бўйича бир нечта ҳолатлар кузатилган.
Ана шундай шов-шувли воқеаларнинг бири 2011 йили Тошкентнинг Учтепа туманида рўй берган. Ўшанда 15 нафар синфдош – ҳаммаси йигитлар Ўзбекистон махсус хизматлари томонидан ҳибсга олинганди. Қўлга олинганларнинг қариндошларига кўра, йигитлар биргаликда йиғилиб, гап ейишган, унда ош тайёрлаб, тинчгина ўтириб, суҳбатлашишган. Ана шундай гапларнинг бирида йиғилган синфдошлардан бири дўстларини намоз ўқиш ва Ислом фарзларига амал қилишга даъват қилган. Маълум вақт ўтгач гапда иштирок этган йигитларнинг деярли ҳаммаси ҳибсга олинган, дин ҳақида сўз очган йигит эса мамлакатдан қочишга мажбур бўлган.
Бу ерда бир савол туғилади – агар синфдошларнинг гапида бегона иштирок этмаган бўлса, у ҳолда ўзбек махсус хизматлари гапдаги суҳбат чоғида кўтарилган мавзудан қандай қилиб хабар топишган?
Бу саволимизга жавобни айни пайтда Францияда истиқомат қилаётган ўзбекистонлик сиёсатшунос Камолиддин Раббимовдан топдик. “Жараён” журналисти билан суҳбатда сиёсатшунос бундай воқеалар Ўзбекистонда жуда кенг тарқалган ҳолат экани ва ўзбек махсус хизматлари асосан мусулмонлар иштирокида ўтадиган гапларни назорат қилиб боришларини қайд этди.
– Мен Ўзбекистонда истиқомат қилган Самарқанд вилоятининг Иштихон шаҳрида бундай ҳолат 2002 йили содир бўлганди, ўшанда бирваракай 15 кишини қамоққа олишганди. Уларнинг барчаси оддий ёш мусулмон йигитлар эди, – дейди Камолиддин Раббимов.
Унинг айтишича, Ўзбекистон раҳбарияти аҳолининг диндорлашиб кетишидан хавотирланади ва шунинг учун ҳам ҳукумат учун ҳеч қандай таҳдид солмаган оддий мусулмонлар махсус хизматларнинг асосий объектига айланиб қолган.
– Буларнинг барчаси, расмийлар таъкидлаганидек, терроризм ёки экстремизмга қарши-кураш мақсадида олиб борилаётган иш эмас. Бугунги кунда оддий мусулмонлар СНБ ходимларининг асосий объектига айланганлар, улар “Ҳизб-ут-Таҳрир” аъзолари ёки салафийлар бўлиши шарт эмас.
Ўзбек махсус хизматлари Қуръон ва пайғамбаримиз суннатига амал қилган ҳар қандай мусулмонни диққат билан ўрганиб борадилар. Баъзан улар мусулмонларнинг гап йиғилишларига ўзларининг одамларини киритишади, баъзан эса уларнинг телефон сўзлашувларини олдинлан эшитиб боришади. Кейин эса гапда иштирок этган йигитлардан бирини қамаб, унга нисбатан қийноқ қўллашади ва гапнинг бошқа иштирокчиларига қарши кўрсатма беришга мажбур қилишади. Натижада Ўзбекистонда дўстлар даврасида йиғилиб, шунчаки ош еб, дин ҳақида гаплашган бегуноҳ инсонларни оммавий қамашлар содир бўлмоқда, – деди сиёсатшунос Камолиддин Раббимов.
Тимур РАСУЛОВ
Fikr bildirish