Мўътабар Тожибоева: Ўзбекистондаги сиёсий қатағонни тўхтатиш ўз қўлимизда

15 ноябр куни Парижда Франциядаги АСАТ-France (Ўлим жазоси ва қийноқларга қарши насронийлар ассоциацияси) “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоевани нуфузли мукофот билан тақдирлади.

Ушбу тадбир арафасида “Жараён”га берган интервьюсида ҳуқуқ фаоли Мўътабар Тожибоева қўлга киритган мукофоти, ўтиб бораётган йил Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятида содир бўлган ижобий ўзгаришлар ва муаммолар ҳамда келажакка бўлган режалари билан ўртоқлашди.

Жараён: Мўътабар опа, жорий йилнинг ноябрь ойида Франциядаги АСАТ-France (Ўлим жазоси ва қийноқларга қарши насронийлар ассоциацияси) Сизни инсон ҳуқуқлари ҳимоясидаги хизматларингиз учун нуфузли мукофот билан тақдирлади. Суҳбатимиз аввалида Сизни бутун жамоамиз номидан яна бир бор ушбу мукофотни қўлга киритганингиз билан табриклашга ижозат берсангиз.

Ўтиб бораётган йил Сиз учун яна қандай хушхабарлари билан эсда қоларли бўлди, нималардан кўнглингиз тўлмади?

Мўътабар Тожибоева: Аввало шуни таъкидлашни истардимки, АСАТ ташкилотининг 40 йиллик юбилейи муносабати билан инсон қадр қиммати ҳимояси йўлидаги фаолият учун таъсис этилган Engel Duterte номли мукофот билан тақдирланган эканман, мен бу мукофотни қамоқдан кейинги фаолиятимга берилган катта баҳо деб биламан. Шунингдек, ушбу мукофот совриндори бўлишимда мен билан елкама-елка туриб фаолият юритаётган сизлар – сафдошларимнинг, фикрдошларимнинг ҳам ҳиссангиз бор ва мен бу мукофотни барчамизнинг инсон ҳуқуқлари муаммоларини бартараф этиш йўлидаги ишларимизга берилган мукофот деб биламан.

Бундан ташқари, 2014 йилда “Чегара билмас мухбирлар” ташкилотининг мени “100 ахборот қаҳрамони” рўйхатига киритганлари ҳам амалга ошираётган ишларимизга берилган муносиб баҳо десак бўлади.

Қўлга киритган ижобий натижаларимиз ҳақида тўхталсам, айнан Ўзбекистондаги қийноқларга қарши фаолиятимиз кучайди. “Жараён” веб-сайтимизда сиёсий маҳкумларнинг тақдирларига алоқадор қатор материаллар чоп қилиб борилдики, бир қатор халқаро ташкилотлар ўз ҳисоботларида бизнинг материаллардан кенг фойдаланганликларини бир неча бора эътироф этдилар. Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазияти юзасидан ҳаққоний ахборот олиш имконияти борган сари чегараланиб бораётган бир пайтда бизнинг ташкилот сайтида уч тилда ёритиб борилаётган таҳлилий материаллар, хабарлар муҳимдир.

Шунингдек, 2014 йилда биз Ўзбекистонда қийноқ қурбони бўлган Қаюм Ортиқов, Андижон фожеаси қурбонларидан бири Ҳусан Рўзиевларнинг индивидуал шикоятларини тайёрлаб, БМТнинг инсон ҳуқуқлари кўмитасига топширишга эришдик. Ҳуқуқ фаоли Азам Фармоновнинг шикоятини БМТга тайёрлаб топширишда Америкадаги Fredom Now ташкилотига яқиндан кўмак бердик. Айнан ўзимнинг номимдан БМТнинг инсон ҳуқуқлари кўмитасига Инсон ҳуқуқлари ҳалқаро федерацияси (ФДШ) ҳамда РЕДРЕСС ташкилотлари томонидан топширилган индивидуал шикоятда келтирилган далил-исботларни йўққа чиқариш мақсадида Ўзбекистон ҳукумати нафақат ёлғон яшиқларга эрк берди, балким бизга қарши турли фитналарни уюштириб, босимни кучайтирди.

2014 йил биз учун ҳар томонлама катта синов даври бўлди десам муболаға бўлмайди. Чунки айнан шу йилда менга қарши, ташкилотимиз ва “Жараён” веб-сайтимизга қарши турли усулларда босимлар, таъқиблар, туҳматлар ва интернет атакалари уюштирилди.

Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Кўплаб инсонларнинг ҳуқуқлари бузилиши бўйича ташкилотнинг баёнотларини, журналистик суриштирув натижаларини ёритиб боришимиз халқаро ташкилотларнинг, халқаро матбуотнинг назарига тушиб, Ўзбекистон ҳукуматини ноқулай ҳолатга солиб қўйиши бир неча бор такрорланиши натижасида ҳукуматни бизнинг фаолиятимизга чек қўйиш мақсадида турли фитналарни уюштиришга мажбур қилди, деб ўйлайман.

Бизнинг қўлга киритган ютуқларимизнинг асосий омили ҳамкорларимиз билан бир сафда туриб, бир мақсад йўлида амалга оширган ишларимиздадир. Масалан, 2014 йилнинг февраль ойида Ислом Каримовнинг Прагага ташрифи бекор қилинишида бизнинг ташкилотнинг ҳам улкан ҳиссаси бор. Чунки Каримовнинг Прагага ташрифи жараёнида Ўзбекистондаги қийноқ қурбонлари бўлмиш қочқинлар билан биргаликда ўтказишни режалаганимиз норозилик намойишининг ҳам таъсири бўлди албатта. Афсуски, Ўзбекистон мисолида бунингдек ғалабаларга эришиш доим ҳам содир бўлавермайди.

Ўтиб бораётган йил хушхабарлардан кўра кўпроқ кўнгил тўлмайдиган, юракни ларзага соладиган ҳодисаларга бой бўлди десам тўғрироқ бўларди.

Масалан, қийноқлар қурбонлари бўлмиш маҳкумларнинг жасадлари оилаларига топширилиб, шошилинч равишда кўмишга мажбур қилингани ҳолатлари, маҳкумларни қийноқларга дучор қилинганлиги фош бўлишидан чўчиб, жасадни оила аъзоларига қайтармай кўмиб юбориш, оммавий равишда диний экстремизмда айбланган инсонларни адолатсиз судловлар билан узоқ йилларга қамоқ жазосига ҳукм қилишлар, муҳожирларга нисбатан кучайтирилган босимлар, уларни очиқ-ошкора ўғирлаб Ўзбекистон ҳукуматига топширишлар…

Бундан ташқари, қамоқдан аллақачон чиқиши керак бўлгани ҳолда сохта айбловлар билан жазо муддати узайтирилаётган сиёсий маҳкумларнинг аянчли вазиятлари, кўп ҳолларда уларга ва уларнинг оилаларига кўмак бера олмаслигимиз мени қийнайди.

Узоқ йиллик қамоқ жазосидан озод бўлган собиқ сиёсий маҳкумларнинг соғликларини тиклаш, уларнинг оила аъзоларини молиявий қўллаб-қувватлашда дуч келаётган қийинчиликларимиз қийнайди. 17 йиллик қамоқ жазосидан озод қилинган 75 ёшли ёзувчи Мамадали Маҳмудовнинг давлат томонидан оладиган нафақаси миқдори 50 долларга етар-етмас экан, унинг фарзандлари эса “халқ душманининг фарзандлари” бўлганликлари сабабидан ҳам бирор жойга кириб ишлаш имкониятидан маҳрумлар. 17 йиллик қамоқ жазосидан кейин қарзи кўпайиб кетгани баҳонаси билан газлари қирқиб ташланган Мамадали Маҳмудов газни уланиши учун пул қидирсинми, оиласининг қора қозонини қайнатиш учунми ёки қамоқда йўқотган соғлиғини имкон қадар тиклаш учун пул қидирсинми?

Қамоқда қолаётган Мурод Жўраевнинг соғлиғи ўта ёмонлашган, оиласининг вазияти ҳам ўта аянчли. 20 йилдан буён турмуш ўртоғининг озодлиги учун курашиб соғлиғини йўқотган Холбика Жўраеванинг соғлиғини тиклашга ким кўмак беради?

Қамоқдан чиққанига 25 кун бўлганида ҳаётдан кўз юмган Абдурасул Худойназаровнинг ортидан қолган фарзандлари, оила аъзоларини ким ҳомийликка олади, ким уларни қўллаб-қувватлайди? Ҳеч ким!!!

Ахир ҳар бир демократия ғояси учун, инсон ҳуқуқлари принципларини ҳимояси учун курашгани сабабли қатағонга учраган инсонларнинг, уларнинг оила аъзолари, яқинлари ҳимояланиши керакмасми? Нима учун уларни тақдирнинг аянчли ва ўта оғир синовлари олдида ёлғиз қолдиряпмиз, ёлғиз қолдиришга мажбур бўляпмиз?

Тез-тез Россиядаги меҳнат муҳожирларининг миллатчилар томонидан ваҳшиёна тарзда ўлдирилаётганликлари, ёлғон айбловлар билан ҳибсга олиниб қийноқларга дучор қилинаётганликлари ҳақида эшитиб ларзага келамиз. Лекин уларни ҳимоя қилишга, меҳнат муҳожирларининг қотилларини топиб, уларни қонун олдида жавоб беришларига эришиш имкониятидан маҳрумлигимиз қийнайди мени. Ўта оғир ва қийин ишларни бажариб иш хақини ололмасдан, оиласини танг ҳолатига дош бера олмай ўз жонига қасд қилаётган муҳожирларнинг тақдири азоблайди мени.

Бугунги кунда бутун дунёга сочилиб кетган ўзбек миллати вакилларининг топталаётган ҳуқуқлари қийнайди мени, уларнинг дардига қулоқ солувчи бир инсоннинг камлиги азоблайди мени.

Ҳақ-ҳуқуқлари аёвсиз топталаётган оддий халқнинг муаммоларига барҳам бериш, уларнинг ҳуқуқларини тиклашга кўмак бериш учун Ўзбекистондан ташқарида яшаётган ўзбек бойлари, тадбиркорлари, ишбилармонлари ёрдам қилишлари керак бўлгани ҳолда, аксинча улар ўз миллати вакилларини ҳимоялашга, диктатура режимига қарши-курашга ҳомийлик килиш ташаббуси билан чиқмайдилар ҳам.

Мени мана шундай муаммолар қийнайди ва бу муаммоларни ечиш йўлини қидириб топишга ожизлигимиз қийнайди мени.

Жараён: Бизга маълум бўлишича, демократия ва инсон ҳуқуқлари йўналиши бўйича нодавлат ташкилотларни молиялаштирувчи донорлар Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ оғир вазият яхши томонга ўзгаришига ишонмай қўйганлар. Бунинг ортидан мазкур йўналишда фаолият кўрсатаётган маҳаллий ташкилотларга молиявий кўмак кўрсатишни қисқартира бошлаганлар. Бундай ҳолатни қандай изоҳлайсиз?

Мўътабар Тожибоева: Мен донорларни Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ оғир вазиятни яхши томонга ўзгаришига ишонмай қўйганликни баҳона қилиб фуқаролик жамияти вакилларини, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларини молиялашни тобора қисқартириб бораётганларини диктатура режимини қўллаш мақсадидаги ҳаракат деб баҳолайман. Чунки улар жуда оз сонли фуқаролик жамияти фаолларини қўллашдан воз кечиб, диктарура режимини қўллашни борган сари кучайтирмоқдалар. Улар буни Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини шакллантириш йўлидаги ҳаракат деб баҳоламоқдалар. Айнан фуқаролик жамиятини қўллашдан бўйин тоблаётган донор ташкилотлар Ўзбекистон ҳукуматининг куч ишлатар тизимларини очиқ-ошкора қўллаб-қувватламоқдалар, турли дастурларни молиялаштирмоқдалар.

Бунга Европа Иттифоқининг ўзбек диктаторининг қизи Лола Каримова-Тиллавага тегишли биргина “Сен етим эмассан” жамғармасини нодавлат ташкилот сифатида молиялаш мақсадида унинг ҳисоб рақамига 3 миллион 700 минг евро ажратганлигини мисол қилиб келтириш мумкин. 2011 йили Франциядаги судда Лола Каримова-Тиллаеванинг адвокати томонидан ошкор қилинган бу маълумот инсон ҳуқуқлари муаммолари билан шуғулланувчи, демократия учун курашувчи инсонларни ҳайратга солганди. Чунки бунингдек ҳотамтойликка фақатгина диктаторнинг қизлари ва инсон ҳуқуқларини аёвсиз равишда паймол қилувчи, қийноқларнинг ташкилотчилари бўлмиш маъмурий органларгина эришиб келмоқдалар, холос.

Лола Каримова-Тиллаева бошқарадиган жамғармани молиялаш масаласи кенг жамоатчилик томонидан муҳокама қилинганидан кейин фуқаролик жамияти фаолларида уларнинг фаолиятлари ҳам молиялаштирилишига умид уйғонганди. Лекин бугунги кунгача ҳам ҳеч қандай ижобий ўзгариш сезилгани йўқ. Ҳанузгача фуқаролик жамияти фаоллари молиявий қўмакдан маҳрумликларича қолмоқдалар. Мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари муаммолари билан шуғулланувчи ташкилотларга молиявий кўмак беришни кескин камайтирилаётгани сабабли уларнинг фаолият юритишида муаммолар борган сари ортиб бормоқда.

Биргина мисол келтираман: “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилотининг 2014 йилдаги бюджети атига 25 минг АҚШ долларни ташкил этди. Бу Европа давлатларида фаолият юритувчи биргина оддий ходимнинг ўртача йиллик маошидан ҳам камроқ суммадир. Мана шу 25 минг АҚШ долларидан ташкилот вакиллари ҳамда веб-сайт билан ҳамкорлик қилувчи журналистларга ойлик маошлар, гонорарлар, таржимонларга ҳақлар тўлашимиз керак эди. Лекин бир йиллик бюджет, яъни 2014 йилга белгиланган грант суммаси – 25 минг АҚШ долларини бир йил муддатга етказиш мақсадида биз билан ҳамкорлик қилувчи кўплаб мутахассислар билан, ҳуқуқшунослар, экспертлар ва журналистлар билан ҳамкорликка чек қўйишимизга тўғри келди. Ташкилотимизнинг молиявий имконияти чекланганлиги сабабли “Жараён” веб-сайти сентябрь ойида умуман фаолият юрита олмади.

Бизнинг ташкилотдаги каби молиявий инқирозни бизнинг ташкилотимиз билан ҳамкорлик қилиб келаётган “Эзгулик” жамияти мисолида ҳам келтириш мумкин.

Одатда донорлар томонидан инсон ҳуқуқлари масалалари билан шуғулланувчи ташкилотларни молиялаштириш ҳақида грантларга буюртма бериш мумкинлиги ҳақида эълон берилади. Ушбу эълонларни берган донорлар билан мулоқотлар олиб борамиз, уларга керакли ҳужжатларни тақдим этамиз. Маълум вақт ўтганидан кейин биз улардан бизнинг Ўзбекистон сингари ёпиқ давлатдаги инсон ҳуқуқлари муаммолари бўйича олиб бораётган ишларимизни юксак баҳолашларини таъкидлай туриб, топширган заявкамизни тасдиқламаганларини афсус билан эътироф этганлари ҳақидаги жавоб хатларини оламиз, холос. Баъзида эса донорлар жавоб беришни ҳам лозим топишмайди.

Мамлакатда инсон ҳуқуқлари вазияти борган сари оғирлашиб бораркан, мен бунда нафақат диктатура режимини, геополитик манфаатлар юзасидан диктатура режимининг жиноятларига кўз юмаётган ғарб сиёсатчилари, балким бугунги кунда оз сонли фуқаролик жамияти фаолларини, инсон ҳуқуқлари муаммолари билан шуғулланувчи ташкилотларни қўллашни истамайдиган турли донорларни ҳам тенг тарзда айбдор деб ҳисоблайман.

Чунки Ўзбекистоннинг қийноқлар мамлакати эканлиги, Ўзбекистон ҳукумати амалдорлари ҳеч қандай халқаро мажбуриятларига бўйсунмаётганликлари ҳеч кимга сир эмас. Бунингдек вазиятда фақатгина фуқаролик жамияти фаолларини қўллаш орқалигина ҳукуматга таъсир ўтказиш мумкин.

2014 йилда ташкилотимизнинг молиявий аҳволи оғирлигини ҳисобга олиб бизга ёрдам қўлини чўзган Инсон ҳуқуқлари Халқаро федерацияси, Бельгиядаги Инсон ҳуқуқлари бўйича Халқаро Ҳамкорлик ташкилоти ва Варшавадаги Хельсенки жамғармасининг молиявий кўмаклари туфайлигина бир қанча акцияларни уюштиришга эришдик.

Венадаги, Варшавадаги ЕХҲТ анжуманлари доирасида ўтказганимиз “Ким айбдор?! Навбатдаги ким?” деб номланган давомли норозилик акцияларимиз шулар жумласидандир. 2014 йил сентябрь ойида ЕХҲТнинг Варшавадаги анжуманида илк маротаба Ўзбекистон фуқаролик жамияти вакилларидан тўққиз нафарининг фаол иштирок эта олишига эришдик. Фуқаролик жамияти вакилларининг фаол иштироки билан бўлиб ўтган норозилик намойиши анжуманда иштирок этган ЕХҲТга аъзо давлатлар вакилларининг эътиборини тортди. Ҳар йилги ўтадиган ЕХҲТ анжумани ва бошқа анжуманларда қатнашишни истаган ўзбекистонлик фуқаролик жамияти фаоллари молиявий кўмак топа олмаганлари сабабли бунингдек тадбирларда иштирок этиш имкониятидан маҳрум эдилар.

Жараён: Мўътабар опа, жорий йили Сиз асос солган “Ўтюраклар клуби” ташкилотига 15 йил тўлди. Ўтган давр мобайнида ташкилотингиз Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятини яхшилаш йўлида кўплаб муҳим ишларни амалга оширди. Кириб келаётган 2015 йилга тузган режаларингиз билан ўртоқлаша оласизми, Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятини яхшилаш учун яна қандай ишларни амалга ошириш ниятидасиз?

Мўътабар Тожибоева: Кириб келаётган 2015 йилга режалаган ишларимиз талайгина.

2015 йили Ўзбекистонда президент сайлови ўтказилиши муносабати билан аҳолига нисбатан босимлар, оммавий қамашлар кучайиш хавфи кучлидир. Энг аввало жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини Ўзбекистондаги сайловларни халқаро талаблар доирасида, сийлов эмас, балки ҳаққоний сайлов тариқасида ўтказилишига қаратишдан иборатдир.

2015 йили ташкилотнинг Низом талабларида кўрсатилган барча фаолият турлари билан шуғулланишда давом этамиз. Фаолиятимизни кучайтиришимизда халқаро ҳамкорлар билан биргаликда амалга оширадиган ишларимиз ҳам катта фойда келтиради. Халқаро механизмлардан фойдаланиб, ҳақ-ҳуқуқлари топталаётган инсонларнинг шикоятларини халқаро ташкилотларга етказиб, Ўзбекистон ҳукуматига босим ўтказишга эришиш йўлида ишларимизни давом эттиришимиз керак. Қийноқларга чек қўйиш, сиёсий маҳкумларнинг озодлигига эришиш – бизнинг асосий шиорларимиздан бўлиши керак.

2014 йилдан бошлаб рўйхатини бошлаганимиз Ўзбекистондаги қийноқларга алоқадор бўлган амалдорлар ва бошқа қийноқ иштирокчиларининг рўйхатларини кенгайтириб борамиз. Шунингдек, Ўзбекистон мустақилликка эришганидан буён таъқиб ва босимларга учраган сиёсий қатағон қурбонлари, қийноқ қурбонлари, ўғирлаб кетилган ва дом-дараксиз кетган инсонлар рўйхатларини кенгайтириб, жамоатчиликка етказиб борамиз.

Бунингдек ишларни амалга ошириш учун эса энг аввало ташкилотнинг фаолиятини кучайтириш, жонлантириш, мамлакат ичидаги фаолларни бундай маълумотларни йиғишга кўмаклашишларига эришишимиз керак, шунинг учун энг аввало молиявий муаммоларни ҳал қилиш даркор. Бизнинг ташкилотимиз ва бизнинг ҳамкорларимиз бўлмиш ўзбекистонлик фуқаролик жамияти фаолларининг фаолиятларини жонлантириш учун эса энг аввало моддий имкониятга эга бўлишимиз керак. Фаолларимизни зарурий техникалар билан таъминлашимиз керак. Бизда ахборот олиш имкониятлари мавжуд. Биз билан ҳамкорлик килишга тайёр бўлган турли соҳа вакиллари ҳам бор.

Бундан ташқари, 2011 йили ташкил этилган “Ўтюракли талабалар” ҳаракатини Парижда, 2014 йилда ташкил этилган “Қийноқларсиз ҳаёт учун” ташаббус гуруҳини Америкада ва “Муҳожирлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш қўмитаси”ни Брюсселда давлат рўйхатидан ўтказиш ва уларнинг фаолиятларини кучайтириш ниятимиз бор. Айнан мана шу янгитдан ташкил қилинадиган ташкилотлар сафларига қўшиладиганлар фуқаролик жамиятининг янги оқими сифатида юзага келмоқда.

“Жараён” веб-сайти фаолиятини ҳам кучайтириб, сайт билан ҳамкорлик қилишга янада кўпроқ журналистлар, экспертлар, ҳуқуқшуносларни жалб қилишимиз керак. Шунингдек, 2015 йили менинг ва Толиб Ёқубовнинг архив блогларини тўлиқ ишга туширишни режалаганмиз.

Ташкилотнинг фаолиятини кучайтириш йўлида нафақат таҳлилий мақолалар, хабарлар ва баёнотлар, балки фильмлар, фотокўргазмалар ташкил қилишни кўзда тутганмиз.

Бундан ташқари, 2011 йилда ёзиб тугатганим ва Инсон ҳуқуқлари халқаро федерацияси ҳомийлигида инглиз тилига таржима қилиниб, чоп этишга тайёргарлик ишлари кетаётган «Қийноқлар ороли асираси» номли асаримни ўзбек ва рус тилларида ҳам чоп қилинишига эришамиз. Айнан мана шу асардан лавҳани франциялик продюссер Lea Samain Raimbault қисқа метражли бадиий фильм яратиш устида иш бошлаган, умид қиламанки, янги йилда ушбу фильмни томошабинлар эътиборига ҳавола қиламиз.

“Ўтюракли талабалар” ҳаракати орқали эса ғарблик талабалар ва ёшларнинг Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ муаммоларга эътибор қаратишларига эришамиз.

Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари муаммолари, қийноқларга қарши курашни кучайтириб, турли кампаниялар ва акциялар уюштирамиз. Бу тадбирларда бугунги кунда Ғарб давлатларида яшаётган қийноқ ва қатағон қурбонларининг фаол иштирокларини таъминлашга ҳаракат қиламиз.

Токи қийноқ ва қатағон қурбонлари Ўзбекистондаги режимнинг жиноятлари ҳақида бор овоз билан жар солмас эканлар, диктатура режимидан қўрқиб яшашни давом эттирарканлар, қийноқлардан ўлим топадиган маҳкумлар сони асло камаймайди, инсон ҳуқуқлари масаласи энг охирги масалалар қаторида қолаверади, бундай вазиятда эса мамлакатда ижобий ўзгаришлар бўлишига эришиш амри маҳолдир.

Мен Ўзбекистондаги сиёсий қатағонни тўхтатиш ўз қўлимизда эканига аминман.

Жараён: Интервью учун катта раҳмат, Мўътабар опа.

Интервьюни София ДАВРОНОВА тайёрлади

Қуйида АСАТ-France (Ўлим жазоси ва қийноқларга қарши насронийлар ассоциацияси)нинг Мўътабар Тожибоевани нуфузли мукофот билан тақдирлаш маросимида ўзбекистонлик ҳуқуқ фаолининг чиқиш матни билантанишишингиз мумкин.

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.