Дилмурод Саййид онасининг қазо топганидан бир ой ўтиб бу ҳақда хабар топди

Жорий йилнинг 8 ноябр куни мустақил журналист Дилмурод Саййиднинг укаси Обид Саидов Қаршидаги колонияда сақланаётган акасини бориб кўриб келди.

Бу ҳақда “Жараён”га мустақил журналист Дилмурод Саййиднинг укаси маълум қилди.

– Мен 8-9 ноябр кунлари акам Дилмуродни бориб кўриб келдим.Акам билан мижжа қоқмай гаплашиб чиқдик. Соғлиқлари, ранг-рўйлари ўртача, гоҳида йўталиб турибди, сўрасам: «Сал шамолладим шекилли», деди. Руҳан анча эзилган. Акам унинг озод қилиниши учун ёрдам қилаётган барча кишиларнинг заҳматли ишлари  учун ўз миннатдорчилигини билдирди. Энг катта миннатдорчиликни акам ҳуқуқ фаоли Мўътабар Тожибоевага етказишимни илтимос қилди. “Шу ерлардан омон чиқиб кетсам, онамларни, аёлимни ва қизчамнинг қабрларини зиёрат қиламан, кейин энг биринчи режам – шу бебаҳо аёл (Мўътабар Тожибоевани назарда тутаяпти – “Жараён”) билан учрашиш менинг фарзим бўлади”,  деди – дейди Обиджон Саидов.

Айни пайтда хориждаги “Чегара билмас мухбирлар” матбуот вакилларини қўллаб-қувватлаш билан шуғулланадиган халқаро ташкилот қамоқда сақланаётган журналист ва унинг яқинларига ҳам ҳуқуқий, ҳам моддий ёрдам кўрсатиб келмоқда. Шу ташкилот ёрдами туфайли Обиджон Саидов қамоқдаги акасини зарурий барча озиқ-овқат ва кийим-кечак билан таъминлаб туриш имконига эга бўлмоқда. Мустақил журналист ва унинг қариндош-уруғлари бундай беғараз ёрдам кўрсатиб келаётган “Чегара билмас мухбирлар” ташкилотига ўз миннатдорчиликларини айтишмоқда.

Эслатиб ўтсак, жорий йилнинг 10 октябрь куни Тошкентда Дилмурод Саййиднинг онаси Ҳамди Толипова 89 ёшида оламдан ўтди. Кекса онахон умрининг сўнгги йилларини ўғли Дилмуродни қамоқдан озод қилиш ишига бағишлаганди. Бироқ, афсуски, онахон ўғлининг қамоқдан чиқиш кунига етмай, ҳаётдан кўз юмди.

Кеча журналист Дилмурод Саййиднинг волидаи муҳтарамаси вафот этганига роппа-роса бир ой бўлди. Обиджон Саидов бу хабарни акасига қандай етказиш устидан кўп бош қотирганини айтади.

– Ёши катта қариндош-уруғларим секин, ётиғи билан тушунтир, айтмасанг бўлмайди, кейин хафа бўлиб юрмасин, деб маслаҳат қилишганди. Лекин кечқурун автовокзалга олиб чиқиб қўйган ўғлимнинг ўртоғи: “Обид ака, мен онам ва сингилчам учун ҳам яшайман, Дилмурод аканинг аёллари, қизлари ўтиб кетишган, энди онани ҳам айтсангиз…, яна билмадим”, деб мени иккилантириб қўйди. Учрашувга ариза бериб кутиб ўтирганимда ўша ерда андижонлик ёшлари улуғ, истаралари иссиқ бир онахон бор эдилар, анча кузатиб ўтирдим, кейин олдиларига бориб, рухсат сўраб, узримни айтиб, маслаҳат солдим. Онахон айтганларимни эшитиб ўтирдилар, улар билан анча суҳбатлашдик, кейин улар менга: “Айтмасангиз бўлмайди, болам”, дедилар, – дейди “Жараён”га Обиджон Саидов.

Унинг айтишича, қамоқда у кун бўйи акаси Дилмуродга онасининг вафот этгани ҳақида гапиролмаган.

– Учрашувга киргандан кейин кечгача айтолмай, акамни алдаб ўтирдим, кечки маҳал: “Кел, укам, ўтир энди, ошхонада юраверасанми”, деб қолди. Юраги сезган ёки кўзимдан билгандек. Акам онамиз ҳақларида саволларга тутиб ташлади мени. Шундан кейин бор гапни айтиб бердим, анча вақт жим ўтирди. Кейин онамиз руҳларига тиловат қилди, -дейди Обиджон Саидов.

Йил сайин Ўзбекистон ҳукумати сўнгги беш йил давомида қамоқда қолаётган мустақил журналист Дилмурод Саййидни республикада ҳар йили эълон қилинадиган амнистиядан фойдаланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиб келади. Бунга қамоқ маъмурияти журналистга ҳар сафар турли баҳоналар билан эълон қиладиган хайфсани сабабдир.

– 30 октябр куни акамга яна хайфсан ёзишибди, нима учунлигини ўзим ҳам тушунмадим, деб айтди, – дейди Обиджон Саидов.

Ўзбекистонлик мустақил журналист Дилмурод Саййид 2009 йили 12,5 йилга озодликдан маҳрум қилинганди. Расмийлар уни Ўзбекистон Жиноят кодексининг товламачилик, ҳужжатларни сохталаштириш, қалбаки муҳрлар тайёрлаш, қалбаки имзолар қўйишда айблаганлар. Маҳкама чоғида журналист ўзига қўйилган айбловларни батамом инкор қилган.

Маҳаллий ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Дилмурод Саййидга нисбатан қўзғатилган жиноий иш уйдирилгани ва у касбий фаолияти туфайли қамоққа олинганини айтиб келадилар. Чунки Дилмурод Саййидга қарши гувоҳлик берган кишиларнинг бир қисми ҳукм ўқилгач, ўз кўрсатмаларидан воз кечган бўлсалар, бошқа бир қисми кўрсатмаларни ўзбек махфий хизматлари босими остида берганларини маълум қилганлар.

2009 йили Дилмурод Саййид жазо муддатини ўтаётган пайтда унинг 34 ёшли рафиқаси Барно Жуманова ва 6 яшар яккаю ягона қизи Рухшона автоҳалокат туфайли нобуд бўлганлар.Ўшанда журналистнинг хотини ва қизи у билан учрашиш учун Тошкентдан Навоийдаги сил билан касалланган маҳбуслар сақланадиган колонияга кетаётган бўлганлар.

Ўзбекистон расмийлари журналист Дилмурод Саййидга турмуш ўртоғи, қизи ва онасини кўмиш маросимида иштирок этишига изн бермадилар, бу эса амалдаги режимнинг қанчалик ғайриинсоний ва шафқатсиз эканидан яна бир бор далолат беради.

 

София ДАВРОНОВА

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.