Вадим Курамшинни ҳимоя қилиш қўмитаси унинг бошқа колонияга ўтказилиши юзасидан хавотир билдирди
Вадим Курамшинни ҳимоя қилиш қўмитаси ҳуқуқ фаоли бошқа колонияга ўтказилган тақдирда унга нисбатан қийноқ қўллаш ва таҳқирлаш кучайиши мумкинлигидан хавотир билдирди.
Жорий йилнинг 30 октябрь куни Вадим Курамшинни ҳимоя қилиш қўмитаси қозоғистонлик ҳуқуқ фаоли бошқа колонияга ўтказилиши режалаштирилаётгани ҳақида маълум қилди. Расмий маълумотларга кўра, Шимолий Қозоғистон вилоятида жойлашган ЕС 164/4 колонияси (халқ орасида бу колония “Жаман-Сопка” дея ҳам аталади – “Жараён”) тарқатиб юборилади.
Бироқ ҳуқуқ фаоли Курамшин бошқа колонияга ўтказилиши ҳақидаги хабар унинг ҳамкасблари ва қариндошларини қаттиқ хавотирга солди.
– Мен турмуш ўртоғим ҳаётидан қаттиқ хавотирдаман, чунки сўнгги учрашувимиз пайтида у жуда ғамгин эди ва менга “Жаман” колонияси маъмурияти унинг иродасини синдиришга қанчалик уринмасин, бунинг уддасидан чиқа олмаганларини гапирганди. Аммо Вадим уни бошқа колонияга этап орқали ўтказишса, расмийлар уни йўқотиш учун бирор иш кўришларидан хавотири борлигини ҳам айтди, – дейди ҳуқуқ фаолининг турмуш ўртоғи Екатерина Курамшина.
Вадим Курамшинни ҳимоя қилиш қўмитасининг маълумотларига кўра, айни пайтда Қозоғистонда махсус режимли тўртта колония бор ва улардан бири – бу ҳуқуқ фаоли сақланаётган ЕС 164/4 колониясидир.
Қўмита аъзоларига кўра, Курамшин ўтказилиши мумкин бўлган янги колонияда ҳуқуқ фаолини кўплаб нохуш вазиятлар ва кутилмаган “совғалар” кутиб турган бўлиши мумкин, чунки ўз вақтида Вадим Курамшин бу колонияларда содир этилаётган жиноятларни кенг оммага ошкор қилган.
“Масалан, Қарағанда вилоятида жойлашган ОКА 159/5 колонияси унда кўплаб маҳбуслар ўлдирилгани билан донғи кетган, бу ҳолатларни Вадим кенг ўрганган ва жамоатчиллик эътиборига ҳавола этган. Мазкур колония маъмурияти Курамшинни қандай “меҳмондўстлик” билан қарши олишини тушуниш қийин эмас. Маҳбуслар орасида “машҳур” бўлган яна бир колония бор – бу умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинганлар учун мўлжалланган махсус режимли УК-161/3 колониясидир. Бу колония Қўстанай вилоятида жойлашган, халқ орасида уни “Житиқара” дея аташади””, – дейилади Вадим Курамшинни ҳимоя қилиш қўмитаси тарқатган баёнотда.
Айни пайтда Вадим Курамшин ва унинг адвокатлари “Жаман-Сопка” колонияси ёпилганидан кейин ҳуқуқ фаолини Остона яқинида жойлашган ва Петропавловск шаҳрига энг яқин бўлган ЕЦ-166/5 колониясига (халқ орасида уни “Вишневка” дея ҳам аташади – “Жараён”) ўтказишга ҳаракат қилишмоқда.
“Вадимнинг бошқа колонияга ўтказилиши – унга нисбатан қийноқлар қўлланишини, унинг таҳқирланишини ҳамда қамоқхоналардаги зўравонликларга қарши курашиб келган сиёсий маҳбусга нисбатан провокациялар уюштирилишини англатади”, – дея маълум қилди Вадим Курамшинни ҳимоя қилиш қўмитаси.
Бундан аввалроқ ҳуқуқ фаолининг турмуш ўртоғи Екатерина Курамшина “Жараён”га ЕС 164/4 колониясида Вадимга нисбатан руҳий босим ўтказилаётгани ҳақида маълум қилганди. Шу сабабли жорий йилнинг июнь ойида ҳуқуқ фаоли қамоқда очлик ҳам эълон қилганди.
Эслатиб ўтамиз, Вадим Курамшинни товламачиликда айбдор деб топган Қозоғистон суди мол-мулкини мусодара қилиш йўли билан уни 12 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарган. Бу муддатни у махсус режимли колонияда ўташи кераклиги белгиланган.
Бироқ маҳаллий ва халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари Курамшинга нисбатан очилган жиноий иш қозоқ ҳукумати томонидан сохталаштирилгани ва унинг касбий фаолияти билан боғлиқлигини билдиришганди.
Озодликда Вадим Курамшин мамлакат қамоқхоналарида маҳбусларга нисбатан амалга оширилаётган зўравонликларни кенг жамоатчиликка ошкор қилиб келган.
2013 йили ҳуқуқ фаоли Вадим Курамшин сиёсий маҳбус дея тан олинганди. Ўша йилнинг ўзидаёқ Курамшин Франциянинг инсон ҳуқуқлари бўйича мукофоти – Людовик Трарье мукофоти билан тақдирланганди.
Гўзал АҲМЕДОВА
Fikr bildirish