Яна бир қочқин Ўзбекистонга ноқонуний экстрадиция қилиниш хавфи остида қолмоқда

Баҳодир Каримовнинг яқинлари Россия суди ўзбек қочқинининг ҳибсдасақланиш муддатини яна бир ойга чўзгани ҳақида “Жараён”га маълум қилдилар.

“Жараён” таҳририятига ўзбек қочқини Баҳодир Каримовнинг турмуш ўртоғи Татьяна мурожаат қилди. Ёш аёлнинг айтишича, 7 ноябр куни Самарада бўлиб ўтган навбатдаги суд маҳкамасида турмуш ўртоғи Баҳодир Каримовнинг ҳибсда сақланиш муддати 9 декабргача узайтирилган.

Судья Татьянага турмуш ўртоғи билан суҳбатлашишга ва уни суратга олишга рухсат берган. Татьяна таҳририятимизга тақдим этган суратда Баҳодир Каримовнинг ҳибсдалик пайтида ҳақиқатдан ҳам сочлари оқариб кетгани яққол кўриниб турибди.

– У жуда қариб кетган. Эрим менга соғлиғи ўта ёмон аҳволда эканини айтиб берди, суратда яққол кўриниб турибди: сочларига оқ тушган, етарлича уйқу бўлмагани сабабли кўзлари тагида қора доғлар пайдо бўлган, унга кунига атиги 3-4 соат ухлашга рухсат беришаркан. Эримнинг қон босими бир неча бор кўтарилиб кетган, бунинг оқибатида у хушидан кетган, унинг олдига шифокорни ҳам чақиртиришган экан. Баҳодир тез-тез шамоллаб тураркан, чунки камера жуда совуқ ва унга керакли тиббий ёрдам кўрсатилмас экан. Унинг айтишича, қон босими кўрилиб кетганда, кўзи яхши кўрмас экан, одамларни ғира-шира кўраркан. Душанбадан бошлаб шифокордан справка олишга ва уни эримнинг материалларига қўшишларига ҳаракат қиламиз. Эримнинг руҳий аҳволига келсак – у қаттиқ депрессияда, мен унда аввалги Баҳодирни таний олмадим, – дейди Татьяна Каримова.

Бундан ташқари, ўзбек қочқинининг турмуш ўртоғи Федерал миграция хизмати бошқармаси Баҳодир Каримовнинг унга Россия ҳудудида қочқинлик мақоми берилишини сўраб ёзган аризасига рад жавоб қайтарганини ҳам маълум қилди.

Эслатиб ўтсак, 31 яшар асли Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманидан бўлган Баҳодир Каримов жорий йилнинг 3 июль куни Россиянинг Самара шаҳрида қўлга олинганди.

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари уни мамлакат Жиноят кодексининг 159-1 моддаси (“Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилганлик”) ва 244-1 моддаси (“Жамоат хавфсизлиги ва тартибига таҳдид солувчи диний экстремистик, сепаратистик ва фундаменталистик мазмундаги материалларни тайёрлаганлик ёки тарқатганликда”) айбламоқдалар.

Бироқ Баҳодир Каримовнинг яқинлари ва ҳуқуқ фаоллари ушбу айбловларнинг мутлақо асоссиз эканини таъкидлаб келишмоқда.

– Эрим ҳеч қачон диндор бўлмаган, намоз ўқимаган ва масжидга қатнамаган, – деган эди аввалроқ “Жараён” га берган интервьюсида Татьяна Каримова.

1999 йили Тошкентда содир бўлган портлашлардан кейин Баҳодир Каримовнинг учта акаси диний экстремизм ва терроризмга алоқадорлик каби сохта айбловлар билан узоқ муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилингандилар.

Тергов пайтида ўзбек куч ишлатар тузилмаларининг ходимлари Баҳодир Каримовни ҳам акаларига қарши кўрсатма беришга мажбур қилишган ва уни қийноққа солишган. Ўшанда Баҳодир атиги 15 ёшлик ўспирин бўлган.

2005 йили эса Баҳодир Каримов кичик ўғли ҳам тўнғич фарзандлари каби қамалиб кетишидан қўрққан онасининг қистови билан Ўзбекистонни тарк этган.

Ўзбекистондан қочиб келган Баҳодир Россиянинг Екатеринбург шаҳрига келиб жойлашган, бу ерда у рус тилини ўрганган, ишга жойлашган. 2010 йилнинг апрел ойи охирида Баҳодир Самарага кўчиб ўтган ва шу ерда Россия фуқароси бўлган бўлажак турмуш ўртоғи Татьянани учратган. 2013 йилнинг октябр ойида ёшлар турмуш қуришган.

Баҳодир Каримов Самарада ҳибсга олинган кунидан буён унга ҳуқуқий кўмак кўрсатиб келаётган “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилотининг раҳбари Мўътабар Тожибоева айни пайтда ўзбек қочқини ноқонуний равишда Ўзбекистонга экстрадиция қилиниш, у ерда эса қийноққа солиниш ва сохта айбловлар билан узоқ муддатга қамалиб кетиш хавфи остида қолаётганини айтади.

Шу сабабли ҳуқуқ фаоли Баҳодир Каримов ишида кўмак беришни сўраб, бошқа инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилотларига мурожаат қилиш ниятида эканини гапиради.

– Ҳозир биз Амнести Интернешнл ташкилотига мурожаат қилиб, улардан Баҳодир Каримовни қўллаб-қувватлаш акциясини бошлашларини сўрамоқчимиз, – деди Мўътабар Тожибоева.

Гўзал АҲМЕДОВА

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.