Ойдин Солиҳни хотирлаб

Истанбулда 71 яшар таниқли биолог олима Ойдин Солиҳ ҳаётдан кўз юмди.

Илк бора мен Ойдин Солиҳ хонимнинг суратини турмуш ўртоғим менга совға қилган “Муҳаббат ҳақида” дея номланган китобда кўрганман, бу Ойдин хонимнинг умр йўлдоши Муҳаммад Солиҳ томонидан суюкли рафиқасига бағишлаб ёзган шеърлар тўплами эди.

Ойдин хонимнинг суратини кўриб, биринчи айтган гапим: “Мен ҳам 70 дан ошганимда мана шу аёлдек кўринишни истардим!”, бўлган.

Ўшанда Ойдин Солиҳ мени ташқи гўзаллиги билан ўзига ром қилганди. Бироқ йиллар ўтиб мен бу ажойиб аёлнинг бошқа сифатлари ва фазилатларини ҳам ўзим учун кашф этдим.

Ойдин Солиҳ дунёнинг турли бурчакларида истиқомат қиладиган минглаб кишиларни даволаган, натижада уларнинг кўпи дардига даво топа олган. Ойдин Солиҳнинг Истамбулдаги клиникасида даволаниб келганлар орасида “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилотининг раҳбари Мўътабар Тожибоева ҳам бўлган. Ҳуқуқ фаоли Ойдин Солиҳ билан бўлиб ўтган учрашуви ҳақида мана буларни ёдга олади:

– Мен Ойдин Солиҳнинг Истанбулдаги клиникасида даволанганман. Бу сафардан ва Солиҳ хоним билан учрашувдан менда фақат ижобий таъсуротлар қолган. Бу аёл инсонларга нисбатан жуда хушмуомала бўлган. Ойдин хоним мен билан дўконларга бориб, қандай озиқ-овқат маҳсулоти, қандай мева-чева ейишим кераклигигача ўрганганди. Ойдин Солиҳ вафот этгани ҳақидаги хабарни ўқигач, дилим қаттиқ оғриди, – дейди Мўътабар Тожибоева.

Турмуш ўртоғининг сиёсий фаолияти сабаб Ойдин Солиҳ оиласи, икки нафар вояга етмаган фарзанди билан Ўзбекистонни тарк этишга ва 21 йил давомида муҳожиратда яшашга мажбур бўлган. Бу йиллар давомида Солиҳ хоним турли шароит ва вазиятларга дуч келган, уларнинг аксари енгил бўлмаган. Бироқ тақдирнинг “совғасига” қарамай, Ойдин Солиҳ доимо турмуш ўртоғининг ишончли, мустаҳкам ва саботли ёрдамчиси бўлган.

– Агар дунёда муҳаббат бўлса, мен уни фақат Ойдин Солиҳнинг турмуш ўртоғига бўлган муносабатида кўрганман. Бу аёлда умр йўлдошига бўлган муҳаббат ва садоқатни мен бошқа ҳеч кимда учратмаганман, – дея хотирлайди Ойдин Солиҳ билан бўлиб ўтган учрашувини мухолифатдаги  “Озод деҳқонлар” партиясининг етакчиси Нигора Ҳидоятова.

Ўтган йиллар давомида Ойдин Солиҳ тиббиёт соҳасида кўп тадқиқотлар ўтказди. Унинг “Ҳақиқий тиббиёт” (йўқотилган шифо изидан) дея номланган китоби дунёнинг кўплаб мамлакатларида катта қизиқиш билан қарши олинди ва  анаънавий тиббиёт соҳасида ҳақиқий кашфиётга айланди.

Ҳурматли Ойдин хоним, дунёнинг турли бурчакларида яшайдиган минглаб кишиларга кўрсатган ёрдамингиз учун катта раҳмат, сиз уларнинг кўпига нафақат жисмоний соғлиқ, балки руҳий таскин ҳам бера олдингиз.

Ойдин хоним, Яратган сизни Ўзининг Жаннатига дохил этсин. Омин. Сиз қалбимизда абадий қолажаксиз.

София

“Жараён” таҳририяти Ойдин Солиҳ хонимнинг турмуш ўртоғи ва фарзандларига ҳамдардлик изҳор этади. 

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.