Мирсобир Ҳамидқориев унинг ўғирланиши Россия махсус хизматлари томонидан амалга оширилганини иддао қилди

Бу ҳақда ўзбек қочқини ўзининг россиялик адвокати Илларион Васильевга Тошкентдаги суд залида маълум қилган.

Октябрь ойи охирларида бизнинг “Жараён” веб-сайтимиз ўзбек суди россиялик адвокат Илларион Васильевга Мирсобир Ҳамидқориев устидан Тошкентда бўлиб ўтаётган суд маҳкамасида иштирок этишга рухсат бергани ҳақида хабар қилганди.

Ноябрь ойининг биринчи кунлари эса веб-сайтимиз журналистлари адвокат Илларион Васильевдан мактуб олди. Унда Васильев Мирсобир Ҳамидқориев иши бўйича суд маҳкамасида иштирок этиш учун Тошкентга учиб келганини баён қилган.

– Мен Собирни кўрдим, у билан суд залида суҳбатлашдим – судья бунга ижозат берди. Судья Собирга нисбатан ижобий муносабатда. Унинг адвокатига кўра, суд жуда юмшоқ тарзда ўтаяпти. Собирга Ўзбекистон Жиноят кодексининг 216-моддаси (“Ноқонуний жамоат ташкилотлари ёки диний ташкилотлар тузиш”) ва 244-2-моддаси (“Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш”) бўйича айблов билдирилган. 244-2 жуда оғир модда, уни олиб ташланишига эришиш керак. Собир менга суд залида айтиб берганлари бундан аввал ҳеч кимга, жумладан, унинг қариндошларига ҳам маълум бўлмаган, – дея ёзади адвокат Илларион Васильев.

Эслатиб ўтсак, 37 яшар ўзбекистонлик продюсер ва тадбиркор Мирсобир Ҳамидқориев жорий йилнинг 9 июнь куни Москва марказида ўғирлаб кетилганди. Россия ҳудудида у ва унинг турмуш ўртоғи Элеонора Исаева сиёсий бошпана қидиришган.

Ўзбек қочқини Россия ҳудудида ўғирлаб кетилганидан бир неча кун ўтиб унинг адвокати Илларион Васильев веб-сайтимиз журналистларига Ҳамидқориев ўзбек махсус хизматлари томонидан уларнинг Россиядаги ҳамкасблари ёрдамида аввал Қозоғистонга олиб чиқилгани, сўнг эса унинг дараги Ўзбекистондаги Тоштурма қамоқхонасидан чиққанини айтганди.

Тошкентда Илларион Васильев Мирсобир Ҳамидқориевнинг ўзидан қочқин ҳақиқатдан ҳам Россия махсус хизматлари томонидан ўғирлаб кетилганини аниқлашга муваффақ бўлди. Адвокат Васильевнинг айтишича, Ҳамидқориев ўғирланишидан бир кун ўтиб Москвадан Тошкентга самолетда олиб кетилган.

– Уни Россиядан Ўзбекистонга 10 июнь куни самолетда олиб кетишган,яъни бу қочқин ўғирланганидан бир кун ўтиб содир бўлган, биз аввалроқ тахмин қилганимиздек, уни бир ҳафта ўтиб машинада Қозоғистон орқали олиб кетишмаган.Ўғирликни Россия Федерал хавфсизлик хизмати ходимлари амалга оширишган. Улар тўрт киши бўлган. Ҳамидқориев уларнинг икки нафарини таниган, аввалроқ, 2011 йилнинг майида, 2012 йилнинг декабрида ва 2013 йилнинг апрелида улар Ҳамидқориевни у яшаган ва ишлаган жойига бориб қидиришган. Иш ва яшаш жойидаги кишиларга Федерал хавфсизлик хизматининг гувоҳномасини кўрсатишган. Уларнинг исмлари Захар ва Тимур. Қолган иккитаси ҳам рус миллатидаги йигитлар, Федерал хавфсизлик хизматининг ходимларидир.

Улар Мирсобирни ўғирлаб кетишгач, уни роса дўппослашган. Собирни бир сутка давомида бошига қоп кийдириб қўйиб Россиядаги ертўлада сақлашган, қочқинни дўппослашган ва ўлдириш билан таҳдид қилишган. Эртаси куни Россия махсус хизмати ходимлари Мирсобирнинг қўлига кишан тақиб, уни аэропортдаги “яширин йўл” орқали олиб ўтиб, самолет трапига келтиришган. Кейин Ҳамидқориевни уни Тошкентгача кузатиб кетган икки нафар ўзбекка топширишган. Демак, Россия Федерал хавфсизлик ходимлари Ҳамидқориевни 2011 йилдан буён кузатиб келишган, – дея ёзади ўз мактубида адвокат Илларион Васильев.

Мирсобир Ҳамидқориев Москвада ўғирлаб кетилганидан сўнг адвокат Илларион Васильев бу ҳақда Страсбургдаги Инсон ҳуқуқлари Европа судига маълум қилган ва Ҳамидқориевнинг Россиядан Ўзбекистонга бериб юборилишини тўхтатиб қолиш учун суддан суд Регламентининг 39 Қоидасини қўллашни сўраганди.

Жорий йилнинг август ойи охирида Страсбург суди ўзбек қочқини Мирсобир Ҳамидқориевнинг ишини кўриб чиқиш ва Россия ҳукуматига саволлар бериш бошлаганини маълум қилганди. Васильевга кўра, бу Инсон ҳуқуқлари Европа судида ўзбек қочқини Мирсобир Ҳамидқориевнинг иши бўйича суд бошланганидан дарак беради.

Ҳамидқориев 2011 йилдан буён Ўзбекистонда халқаро қидирувда бўлиб, Ўзбекистон томони уни таркибида таниқли ўзбек спортчилари, зиёлилари ва тадбиркорлари бўлгани айтиб келинадиган “Ислом жиҳодчилари” каби таъқиқланган диний-экстремистик ташкилотни тузишга алоқадорликда айблаб келади.

Тошкентдаги суд жараёнида адвокат Васильевга ўзбек қочқини ўз айбини қисман тан олгани маълум бўлган.

– Собир ўз айбини қисман тан олган, яъни дам олиш кунлари синфдошлари билан гапда қатнашганини айтган. Аммо бу учрашувларда таъқиқланган мавзуларда гаплашилмаган. Гапда йиғилган йигитлар Ислом ва аёллар рўмол ўраб юришлари кераклиги ҳақида суҳбатлашишган. Айнан рўмол, ҳижоб эмас. Бу масала судда ўрганилган ва судья гувоҳларни сўроқ қилишда эътиборни йигитлар айнан рўмол ўраб юриш ҳақида гапирганлари, ҳижоб кийиш ҳақида сўз очмаганларига қаратган. Мирсобирнинг гапда йиғилган синфдошларининг бир қисми жиноий жавобгарликка тортилган, аммо кейинчалик уларнинг ҳаммасини қўйиб юборишган. Тошкентдаги судда на Гулнора, на Фаррух Соипов (Мирсобир Ҳамидқориев ўзбек киноактери Фаррух Соипов томонидан суратга олинган Ўзбекистонда намойиши таъқиқланган “Нафс” фильмига продюсерлик қилган – “Жараён”), на фильмлар ва на мухолифат ҳақида гап кетмаяпти. Шунингдек, судда Мирсобирнинг Россиядан ўғирлаб кетилгани ҳақида ҳам лом-мим дейилмаган, – дея ёзади Илларион Васильев.

“Жараён”га маълум бўлишича, Тошкентда бўлиб ўтган терговда Мирсобир Ҳамидқориевга нисбатан қийноқ қўлланилган. Аммо ўзбек қочқинига бу ҳақда судда гапириш ман қилинган.

– Тошкентга олиб келингач Собир Тоштурмада сақланган ва уни у ерда икки ой давомида дўппослашган. Уни доимо қўллар билан уришган, оёқлар билан тепишган, бу ҳолат нафақат қамоқда, балки Ички ишлар вазирлиги ертўласида ҳам содир бўлган. Собирнинг бошига қон қуйилиши учун уни оёғидан осиб қўйишган. Унинг олтита тишини, иккита қовурғасини уриб синдиришган. Собир бўйнига юклашмоқчи бўлган айбни тан олмаган. Собирдан судда Ўзбекистондаги қийноқлар ва Россиядан ўғирлаб кетилгани ҳақида сўз очмасликни талаб қилишган, – дея ёзади адвокат Илларион Васильев.

Унинг сўзларига кўра, Мирсобир Ҳамидқориев устидан олиб борилаётган суд маҳкамаси жорий йилнинг охирларига бориб тугаши керак. Сўнг эса Ҳамидқориевга билдирилаётган айбловларни юмшатиши мумкин бўлган апелляция суди бўлиб ўтиши керак.

– Агар 244-моддани олиб ташлашса, 216-модда амнистияга тушиши мумкин. Собирни 10 йилга ҳукм қилиб, қамоққа жўнатишса, у уни у ерда йўқ қилиб юборишларидан хавотирланаяпти, – дея ёзган мактуби сўнгида адвокат Илларион Васильев.

“Жараён” ўзбек қочқини Мирсобир Ҳамидқориевнинг тақдирини кузатишда давом этади.

 

Мубина САФАРОВА

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.