Виртуал Сайлов Комиссиясининг хабарномаси (№ 01-Х)

сайлов

Муҳтарам юртдошлар, қадрли миллатдошлар!

Маълумки, жорий 2015 йилнинг 29 март, якшанба куни Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови куни, деб белгиланган.

Шу кунгача Ўзбекистон Марказий Сайлов Комиссияси (МСК) томонидан расман тўрт номзод рўйхатга олинган:

Ўзбекистон Либерал-демократик партияси томонидан: Ислом Каримов;

“Миллий тикланиш” демократик партияси томонидан: Акмал Саидов;

Ўзбекистон Халқ демократик партияси томонидан: Ҳотамжон Кетмонов;

“Адолат” социал-демократик партияси томонидан: Наримон Умаров.

Ўзбекистонда расман рўйхатдан ўтиб, фаолият олиб бораётган мазкур тўрт сиёсий партиялар аслида президент И.Каримовнинг “чўнтак партиялар”и эканлиги дунё ҳамжамиятига ҳамда Ўзбекистон Фуқаролик жамияти фаолларига сир эмас.

1990 йилдан эътиборан, И.Каримов Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимини Ўзбекистон Республикаси Коституциясига хилоф равишда, ноқонуний тарзда эгаллаб келмоқда.

Яъни,

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 90-моддасига мувофиқ, “Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган, давлат тилини яхши биладиган, бевосита сайловгача камида 10 йил Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси сайланиши мумкин”. (ВСКнинг бу моддага нисбатан муносабати ва изоҳи тез кунда матбуотда очиқланади).

Мазкур моддада “айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Ўзбекистон Республикасининг Президенти бўлиши мумкин эмас”лиги ҳам қайд этиб қўйилган.

2015 йилнинг 30 январида 77 ёшга тўладиган Ислом Каримов деярли 26 йилдан буён Ўзбекистонда давлат раҳбари лавозимини эгаллаб келади.

И.Каримов мамлакат бошқарувига 1989 йил 23 июнда Ўзбекистон Коммунистик партияси бош котиби сифатида келган. 1990 йил 24 мартда Ўзбекистон ССР Олий Совети сессиясида у Президент этиб сайланган.(Ўша даврдаги амалдаги қонунларга асосан).

1991 йилнинг декабрида ўтказилган мустақил Ўзбекистон президентлиги сайловларидан бери бу лавозимни ҳеч кимга бермай келаëтган собиқ ЎзКомпартия Бош котиби Ислом Каримов¸ мустақил ҳуқуқшуносларга кўра¸ ҳозирга қадар Конституцияга хилоф равишда ҳокимиятда қолмоқда.

1995 йилда Ўзбекистонда Ислом Каримов президентлик ваколатларини 2000 йилга қадар узайтиришга оид умумхалқ референдуми ўтказилди ва расмий-ҳисоб китоб бўйича¸ ўзбекистонликларнинг 90 фоиздан кўпроғи Каримовнинг қолишини ëқлаб овоз берди.

Шу тарзда¸ гўë Конституцияда белгиланган бир шахснинг икки муддатдан ортиқ президентликка сайланмаслигига оид моддани бузмаган ҳолда¸ Каримов 2000 йилга етиб келди ва яна 91 фоиз овоз билан иккинчи бор президентликка сайланди.

Конституциявий чекловни айланиб ўтиш мақсадида, 2002 йилда мамлакат Конституциясига президентлик муддатини 5 йилдан 7 йилга узайтиришга оид яна бир умумхалқ референдуми ўтказилди ва бу таклиф ҳам халқ томонидан гўë маъқулланди.

Ўзбекистон сайлов қонунлари муаллифлари¸ бундай ўзгартиш ортидан¸ Ислом Каримовнинг яна икки муддат президентликка даъво қилишга ҳақли экани иддаоси билан чиқдилар ва 2007 йилги сўнгги президентсайловида Каримов 2014 йилга қадар ҳокимиятда қоладиган президент этиб сайланди.

Шундай йўллар билан И.Каримов шу бугунги кунгача Президент сифатида етиб келди.

2015 йил 29 мартида бўладиган Президентлик сайловида И.Каримов ўз номзодини яна қайтадан қўйишига, мустақил маҳаллий ва халқаро ҳуқуқшуносларга кўра, мутлақо мумкин эмас.

Зеро, амалдаги қонунлар ва Конституцияни айланиб ўтиш учун ҳам айни дамда Каримовда ҳеч қандай асос ва имкониятлар қолган эмас. Бугун (26.01.2015 й.)гача амалдаги мамлакат Конституциясига бу йўналиш бўйича ҳеч қандай ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмади.

Юқоридагиларга асосан, Ислом Каримовнинг 2015 йил 29 мартга мўлжалланган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида ўз номзодини яна бир муддатга қўйиши, соҳа мутахассислари томониданНоқонуний — Жиноят, деб баҳоланди.

Виртуал Сайлов Комиссияси демократик принципларга содиқ қолган ҳолда, Ислом Абдуғаниевич Каримовни мамлакат Асосий Қонуни — Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг бир қанча моддаларини фундаментал равишда сурункали бузишини кескин қоралаб, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси томонидан номзоди қўйилган И.Каримовни Виртуал Президентлик Сайловида номзодлар рўйхатига киритмаслик тўғрисида қарор қабул қилди.

Ўзбекистон Марказий Сайлов Комиссияси (МСК) томонидан рўйхатга олинган сиёсатчилар: Акмал Саидов, Ҳотамжон Кетмонов ваНаримон Умаровларнинг Виртуал Президентлик Сайловида  номзодлари қўйилишини  ВСК мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайди.

Айни дамда, ВСК бошқа мустақил номзодларни рўйхатга олиш жараёни устида ишламоқда. (Махсус маълумотлар тез вақт ичида матбуотда ёйинланади).

ВСКни тузиш ва фаолият олиб боришидан асосий МАҚСАД:

  • Ўзбекистон фуқароларини эркин, шаффоф, демократик сайловларда қатнашиш кўникмасини шакллантиришдан;
  • узоқ йиллардан буён фаолият олиб бораётган бир қатор давлат ва сиёсат арбобларини ҳамда тажрибали мухолифат фаолларини виртуал равишда Президентлик сайловида иштирок этишига, ўз номзодларини сайловда қўйишига имконият яратишдан иборат.

ВСКнинг асосий ВАЗИФАЛАРИ:

  • виртуал равишда сайловчиларнинг овозини тўплаш;
  • овозларни санаш ва кенг жамоатчиликка тақдим қилиш;
  • эркин сайлов ўтказишни йўлга қўйиш учун изланиш;
  • фаолияти давомида тўпланган барча ҳужжат ва бошқа материалларни архив учун сақлаш каби бир қатор турли вазифалардан иборат.

Зотан, Ўзбекистон фуқаролик жамияти фаоллари, давлат ва сиёсат арбоблари, мухолифат номоёндаларининг Ўзбекистондаги реал Президентлик сайловида ўз номзодларини қўйиши ва иштирок этиши учун айни дамда имконият, сиёсий майдон мутлақо мавжуд эмаслигини инобатга олган ҳолда, ВСК Виртуал Президентлик Сайловини ўтказишга зарурат бор, деган қатъий қарорга келди.

Барча ватандошларимизни Виртуал Президентлик Сайловида фаоллик билан овоз беришга чақирамиз!

Виртуал Сайлов Комиссияси

Мурожаат учун эл.манзил:

saylov2015@gmail.com
ubakirov@gmail.com

Тел: +4796805096

26 январь, 2015 йил

 

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.