Сайлов комиссияси тўғрисидаги қонун
1-модда. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси (бундан буён матнда Марказий сайлов комиссияси деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайловни, шунингдек Ўзбекистон Республикаси референдумини ташкил этиш ва ўтказиш учун тузилади ҳамда у ўз фаолиятини доимий асосда амалга оширади.
Марказий сайлов комиссияси ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикасининг сайлов тўғрисидаги ҳамда референдум тўғрисидаги қонунларига ва бошқа қонунларига амал қилади.
2-модда. Марказий сайлов комиссияси фаолиятининг асосий принциплари
Марказий сайлов комиссияси фаолиятининг асосий принциплари қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик, мустақиллик, адолатлиликдан иборат.
Марказий сайлов комиссияси ўзининг бутун фаолияти билан сайлов тизимининг демократик принципларини амалга оширишга кўмаклашишга, сайловчиларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириш имкониятини таъминлашга даъват этилган.
3-модда. Марказий сайлов комиссиясини тузиш
Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан камида ўн беш нафар аъзодан иборат таркибда тузилади.
Марказий сайлов комиссияси аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг тавсияси бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати томонидан сайланади.
Марказий сайлов комиссиясининг Раиси комиссия аъзолари орасидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимномаси бўйича комиссия мажлисида сайланади.
Марказий сайлов комиссияси Раисининг ўринбосари ва комиссия котиби комиссия аъзолари орасидан комиссия мажлисида сайланадилар.
Марказий комиссиянинг ваколатлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан тугатилиши мумкин.
4-модда. Марказий сайлов комиссиясига аъзолик
Марказий сайлов комиссиясининг аъзоси бошқа сайлов комиссиясининг ёки сиёсий партиянинг аъзоси бўлиши мумкин эмас.
Қонунда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод этиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод этиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати аъзолигига номзод этиб, ишончли вакил этиб рўйхатга олинган Марказий сайлов комиссиясининг аъзоси комиссия таркибидан чиқиб кетган деб ҳисобланади.
Марказий сайлов комиссияси аъзосининг ваколатлари қуйидаги ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан бевосита ёки уни аъзоликка тавсия этган органнинг тақдимномаси бўйича тўхтатилиши мумкин:
у ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилиш ҳақида ёзма ариза берган тақдирда;
у белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз деб топилган тақдирда;
унга нисбатан суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирган тақдирда;
у ўз вазифаларини мунтазам равишда бажармай келган тақдирда.
Марказий сайлов комиссиясининг янги аъзоси ушбу Қонунда белгиланган тартибда тасдиқланади.
Марказий сайлов комиссиясининг аъзоси комиссиянинг қарорига биноан унда доимий асосда ишлаши мумкин.
5-модда. Марказий сайлов комиссиясининг ваколатлари
Марказий сайлов комиссияси:
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайловни ўтказиш учун тузиладиган сайлов комиссияларининг ҳамда Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказиш учун тузиладиган референдум ўтказувчи комиссияларнинг тизимига бошчилик қилади, Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов ва Ўзбекистон Республикаси референдуми тўғрисидаги қонунларнинг ижросини назорат қилади, уларнинг бир хил қўлланилишини таъминлайди;
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларига сайловлар юзасидан сайлов компанияси бошланганлигини эълон қилади;
Сайлов комиссиялари ва референдум ўтказувчи комиссиялар фаолиятини услубий жиҳатдан таъминлайди, сайлов ва референдумни ташкил этишга оид масалалар юзасидан ўз ваколатлари доирасида қарорлар қабул қилади, йўриқномалар чиқаради ҳамда низомларни тасдиқлайди ва тушунтиришлар бериб боради;
Сайлов округларини, референдум округларини тузади, уларга ном ва тартиб рақами беради, чегараларини, сайловчилар ҳамда референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган фуқаролар сонини кўрсатган ҳолда округлар рўйхатини эълон қилади;
Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида тузилган сайлов участкалари ва референдум участкаларини қайси округларга биркитиш тўғрисидаги масалаларни ҳал этади;
Округ сайлов комиссияларини ва референдум ўтказувчи округ комиссияларини тузади ҳамда уларнинг жойлашган ери тўғрисидаги маълумотларни эълон қилади;
Сайлов комиссиялари ва референдум ўтказувчи комиссиялар таркибига ўзгартишлар киритиш тартибини белгилайди;
Округ сайлов комиссияларининг ва референдум ўтказувчи округ комиссияларининг қарорларини, агар бу қарорлар сайлов ва референдум тўғрисидаги қонунларга зид бўлса, мустақил тарзда ёки Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг тақдимномасига биноан бекор қилади;
Чет давлатларнинг, халқаро ташкилотларнинг кузатувчиларига сайлов ва референдумга мандатлар беради;
Сайловга ва референдумга тайёргарлик кўриш ҳамда уларни ўтказишнинг харажатлар сметасини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди, пул маблағларини сайлов комиссияларига ҳамда референдум ўтказувчи комиссияларга тақсимлайди, бу маблағлардан фойдаланиш тартибини белгилайди, сайлов комиссияларининг ва референдум ўтказувчи комиссияларнинг бинолар, транспорт ва алоқа воситалари билан таъминланишини назорат қилади, сайлов ҳамда референдумни моддий-техника жиҳатидан таъминлашга доир бошқа масалаларни кўриб чиқади;
Сиёсий партияларнинг кузатувчилари, матбуот, телевидение, радио вакиллари, бошқа давлатлар, халқаро ташкилотлар ва ҳаракатларнинг кузатувчиларига мўлжалланган мандат намунасини белгилайди;
Тақдим этилган ҳужжатлар асосида сиёсий партияларнинг сайловда қатнашишига ижозат бериш юзасидан қарор қабул қилади;
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар кўрсатган сиёсий партиялардан тегишли ҳужжатларни қабул қилиб олади.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларни ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодларни рўйхатга олади, рўйхатга олинган номзодларнинг рўйхатлари ва улар ҳақидаги маълумотлар матбуотда эълон қилинишини уюштиради;
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар сайловда иштирок этиши учун тенг шароитларни таъминлайди;
Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари сайловига доир сайлов бюллетенларининг, референдумда овоз бериш бюллетенининг, сайловчилар ҳамда референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган фуқаролар рўйхатларининг, имзо варақаларининг, сайлов комиссиялари, референдум ўтказувчи комиссиялар баённомаларининг ҳамда бошқа ҳужжатларнинг намуна ва шаклларини, овоз бериш қутиларининг ҳамда сайлов комиссиялари, референдум ўтказувчи комиссиялар муҳрларининг намуналарини, ҳужжатларни сақлаш тартибини белгилайди;
Сайлов комиссиялари, референдум ўтказувчи комиссиялар, сиёсий партиялар, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлатнинг бошқа органлари ҳамда бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларининг сайловга, референдумга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш билан боғлиқ масалалар юзасидан ахборотларини эшитади;
Сайловнинг ва референдумнинг якунини чиқаради, Ўзбекистон Республикаси бўйича овоз беришнинг умумий натижаларини аниқлайди ҳамда овоз беришда иштирок этган сайловчилар ёки референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган фуқаролар сони тўғрисидаги, ҳар бир номзодни ёқлаб берилган овозлар сони тўғрисидаги, референдумга қўйилган масалани ёқлаб ёки унга қарши берилган овозлар сони тўғрисидаги ахборотни матбуотда эълон қилади;
Қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда такрорий овоз бериш, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларининг ёки Сенати аъзоларининг такрорий сайлови ва бўшаб қолган ўринларга сайлови ўтказилишини ташкил этади;
Сайланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг депутатларини, Сенатининг аъзоларини рўйхатга олади, шунингдек уларнинг рўйхатини матбуотда эълон қилади;
Сайловдан кейин Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг, Сенатининг биринчи мажлисини қонунда белгиланган тартибда чақиради;
сайланган шахсга Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланганлиги тўғрисида гувоҳнома топширади;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг депутатига ва Сенатининг аъзосига тегишинча Қонунчилик палатаси депутатининг ҳамда Сенат аъзосининг гувоҳномаси ва кўкрак нишонини беради;
Сайлов комиссияларининг ва референдум ўтказувчи комиссияларнинг қарорлари ҳамда хатти-ҳаракатлари устидан тушган ариза ва шикоятларни кўриб чиқади ҳамда улар юзасидан қарорлар қабул қилади;
Ўзбекистон Республикасининг сайлов ва референдум тўғрисидаги қонунлари жиноий жавобгарликка тортишга сабаб бўладиган тарзда бузилганлигига доир материалларни прокуратура органларига оширади;
Сайловни ва референдумни ташкил этиш ҳамда уни ўтказиш билан боғлиқ ҳужжатлар архивга топширилишини таъминлайди;
Марказий сайлов комиссиясининг Регламентини тасдиқлайди;
Қонунларга мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.
6-модда. Марказий сайлов комиссияси Раисининг ваколатлари
Марказий сайлов комиссиясининг Раиси:
Марказий сайлов комиссиясининг фаолиятига раҳбарликни амалга оширади;
Марказий сайлов комиссиясининг мажлисларини чақиради, уларда раислик қилади, комиссиянинг аъзолари ўртасида вазифаларни тақсимлайди;
Марказий сайлов комиссиясининг мажлисларида иштирок этиш учун давлат органлари, сиёсий партиялар ва бошқа жамоат бирлашмаларининг,
Ташкилотларнинг вакилларини ва бошқа мансабдор шахсларни таклиф этади;
Давлат органлари, халқаро ташкилотлар, жамоат бирлашмалари билан муносабатларда Марказий сайлов комиссияси номидан иш кўради;
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов, шунингдек референдум якунлари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталарига ахборот беради;
Тегишинча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг ва Сенатининг биринчи мажлисини очади ҳамда Қонунчилик палатаси Спикери ва Сенат Раиси сайлангунга қадар унда раислик қилади;
Ушбу Қонунда ва бошқа қонунларда назарда тутилган бошқа ваколатларни амалга оширади.
Марказий сайлов комиссиясининг Раиси ўз ваколатларини бажаришининг имкони бўлмаган тақдирда, шунингдек Раис бўлмаганида, Раиснинг вазифалари Раис ўринбосарига ёки Марказий сайлов комиссиясининг қарори билан комиссия аъзоларидан бирига юкланади.
7-модда. Марказий сайлов комиссиясининг мажлислари
Марказий сайлов комиссияси ишининг ташкилий кўриниши унинг мажлислари ҳисобланиб, улар заруратга қараб ўтказилади. Агар мажлисда комиссия аъзолари умумий миқдорининг камида учдан икки қисми иштирок этаётган бўлса, у ваколатли ҳисобланади.
Марказий сайлов комиссиясининг қарорлари очиқ овоз бериш орқали, комиссия аъзолари умумий миқдорининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлиниб қолган тақдирда, Марказий сайлов комиссияси Раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.
8-модда. Марказий сайлов комиссияси мажлисининг баённомаси
Марказий сайлов комиссиясининг мажлисларида баённома юритилиб, у раислик қилувчи томонидан имзоланади.
Марказий сайлов комиссиясининг аъзолари алоҳида фикр билдиришга ҳақли бўлиб, бу фикр ёзма шаклда баённомага илова қилинади.
9-модда. Марказий сайлов комиссиясининг қарорлари
Марказий сайлов комиссияси ўз ваколатлари доирасида қарорлар қабул қилади, бу қарорлар Раис томонидан имзоланади ва матбуотда эълон қилиниши лозим.
10-модда. Марказий сайлов комиссияси қарорларининг мажбурийлиги
Марказий сайлов комиссияси ўз ваколатлари доирасида қабул қиладиган қарорлар округ ва участка сайлов комиссиялари ҳамда референдумни ўтказиш комиссиялари учун, давлат органлари, сиёсий партиялар ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар учун мажбурийдир.
11-модда. Марказий сайлов комиссиясининг мурожаатларини кўриб чиқиш
Марказий сайлов комиссияси сайловга ёки референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ масалалар юзасидан давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг раҳбарларига, бошқа мансабдор шахсларга мурожаат этишга ҳақли бўлиб, улар масалани кўриб чиқишлари ва уч кун ичида жавоб беришлари шарт.
12-модда. Марказий сайлов комиссиясининг қарорлари устидан шикоят бериш
Марказий сайлов комиссиясининг қарорлари устидан Ўзбекистон Республикаси Олий судига шикоят бериш мумкин. Шикоят тушган пайтдан эътиборан уч кун ичида, агар сайлов ёки референдумга олти кундан кам вақт қолган бўлса — дарҳол кўриб чиқилиши лозим.
13-модда. Марказий сайлов комиссиясининг Котибияти
Марказий сайлов комиссиясининг фаолиятини таъминлаш учун унинг Котибияти тузилади.
Котибият ишига Марказий сайлов комиссиясининг котиби раҳбарлик қилади.
Котибиятнинг тузилиши, штатлари ва унинг иш тартибини Марказий сайлов комиссиясининг Раиси тасдиқлайди.
14-модда. Марказий сайлов комиссиясининг Регламенти
Марказий сайлов комиссиясининг фаолият кўрсатиш тартиби унинг Регламентида белгиланади.
15-модда. Марказий сайлов комиссиясини молиявий таъминлаш
Марказий сайлов комиссиясини молиявий таъминлаш давлат маблағлари ҳисобидан амалга оширилади ва Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетини тасдиқлаш пайтида назарда тутилади.
16-модда. Марказий сайлов комиссиясининг муҳри
Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга эга бўлади.
Марказий сайлов комиссияси юридик шахс ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1998 йил 30 апрель,
613-I-сон
———————-
2014 йил 4 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунга имзо чеккан.
Ушбу Қонун асосида 1998 йил 30 апрелда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида»ги Қонунга қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Жумладан, Марказий сайлов комиссиясининг аъзоси бўлиш учун талаб қилинадиган шартлар баён қилинди. Унга кўра, эндиликда йигирма беш ёшга тўлган, қоида тариқасида, олий маълумотга, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ва давлат ҳокимиятининг вакиллик органларига сайловни, референдумни ташкил этиш ва ўтказиш борасида иш тажрибасига эга бўлган, жамоатчилик ўртасида обрў-эътибор қозонган ҳамда камида охирги беш йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаб турган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Марказий сайлов комиссиясининг аъзоси бўлиши мумкин.
Бундан ташқари, Қонун асосида кимлар Марказий сайлов комиссияси аъзоси бўла олмаслиги ҳам белгилаб қўйилди. Унга кўра, қуйидаги шахслар Марказий сайлов комиссиясининг аъзоси бўлиши мумкин эмас:
Оғир ёки ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёхуд судланганлиги олиб ташланмаган фуқаролар;
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматчилари;
Миллий хавфсизлик хизматининг, бошқа ҳарбийлаштирилган бўлинмаларнинг ходимлари;
Диний ташкилотлар ва бирлашмаларнинг профессионал хизматчилари.
Шунингдек, Марказий сайлов комиссиясининг аъзоси тегишли гувоҳномага эга бўлиши белгиланди.
Марказий сайлов комиссияси Раиси ва унинг ўринбосарининг гувоҳномаси Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан, Марказий сайлов комиссияси бошқа аъзоларининг гувоҳномаси эса Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси томонидан имзоланади.
Бундан ташқари Қонунга Марказий сайлов комиссияси фаолиятининг асосий принципларини шарҳловчи қуйидаги нормалар киритилди:
2-1-модда. Мустақиллик
Марказий сайлов комиссияси ва унинг аъзолари ўз фаолиятини ҳар қандай давлат органлари, жамоат бирлашмалари ва мансабдор шахслардан мустақил ҳолда амалга оширади.
Марказий сайлов комиссияси аъзолари қарор қабул қилишда сиёсий мойиллар ва бошқа ёт таъсирлардан ҳоли бўлган ўз нуқтаи назарини билдиради.
Марказий сайлов комиссиясининг фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашув қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.
2-2-модда. Қонунийлик
Марказий сайлов комиссияси ва унинг аъзолари ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, сайлов, референдум тўғрисидаги қонунларга ҳамда бошқа қонунларга амал қилади.
2-3-модда. Коллегиаллик
Масалаларни кўриб чиқиш ва қарорлар қабул қилиш Марказий сайлов комиссияси томонидан коллегиал тарзда амалга оширилади.
2-4-модда. Ошкоралик
Марказий сайлов комиссияси ўз фаолиятини ошкора амалга оширади. Марказий сайлов комиссиясининг мажлислари очиқ ўтказилади.
Марказий сайлов комиссияси мажлисларида сиёсий партияларнинг, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари, бошқа давлатлардан, халқаро ташкилотлардан ва ҳаракатлардан кузатувчилар ҳозир бўлиши мумкин.
Марказий сайлов комиссиясининг қарорлари оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.
2-5-модда. Адолатлилик
Марказий сайлов комиссияси номзодларни, сиёсий партияларни сайлов кампаниясини ўтказиш учун тенг шарт-шароитлар билан таъминлаш, сайловга, референдумга тайёргарлик кўриш ҳамда уларни ўтказиш учун ажратилган бюджет маблағларининг адолатли тақсимланишини, овоз беришнинг ва сайлов, референдум якунларини чиқаришнинг ҳалол бўлишини таъминлаш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўради.
Fikr bildirish