Ўзбекистон Республикаси Президентлигига Виртуал номзод Моҳира Ортиқова

Mohira-ortiqova

Моҳира Ортиқованинг аризаси, таржимаи ҳоли ва сайловолди дастури

А Р И З А

Аризамнинг мазмуни шундан иборатки, мен 2015 йил Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайловлар муносабати билан ўтказиладиган Виртуал сайловда иштирок этиб, ўз номзодимни илгари суришга қарор қилдим.

Бу қарорим билан Ўзбек халқи тақдирида, шунингдек унинг сиёсий ҳаётида ўзгаришлар бўлишида озгина бўлсада ўз ҳиссамни қўшиш имкониятидан фойдалана олишимга ишонаман.

Президентликка номзодлар рўйхатига киритиш учун аризамни қабул қилишингизни сўрайман.

Ҳурмат билан

Моҳира Мирзаевна Ортиқова

АҚШ, Пенсильвания
штати, Харрисбург шаҳри

02. 01. 2015 йил

*****

ТАРЖИМАИ ҲОЛИ

Ортиқова Моҳира Мирзаевна 1973 йил 30 январда Қашқадарё вилоятининг Касби туманидаги деҳқон оиласида туғилган.

1980 йил шу тумандаги 16-ўрта мактабга бориб, 1990 йилда тугатган. 1990 йилда Тошкент Давлат Университетининг “Ўзбек филологияси” факультетига ўқишга кириб, 1996 йилда тугатган.

1991 йилдан 2001 йилгача Тошкент шаҳридаги “Тошшаҳарйўловчитранс” Давлат Уюшмасида таржимон вазифасида ишлаган.

1994 йилда Қаюмжон Ортиқов билан турмуш қурган.

2001 йилда Чирчиқ шаҳридаги Олимпия ўринбосарлари билим юртида Назорат гуруҳи раҳбари вазифасида ишлаган.

2003 йилда Чирчиқ шаҳар телевидениеси қошидаги “тележурналистика” курсини тугатиб,журналист сифатида фаолият юритган.

2010 йилда Тошкент шаҳридаги “Konsalting inform plus” MCHJ қошидаги “Ҳисобчилар тўлиқ курси”ни тугатиб, 2010 йилдан 2012 йилгача Тошкент шаҳридаги хусусий корхонада Бош муҳосиб (бухгалтер) вазифасида ишлаган.

2009 йилдан турмуш ўртоғи – Тошкент шаҳридаги Британия элчихонасининг собиқ қўриқчиси, сиёсий маҳкум, қийноқ қурбони Қаюм Ортиқовнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиб келаяпти. Шу йилдан бошлаб кўпгина халқаро матбуотлар ва инсон ҳуқуқлари халқаро ташкилотлари билан яқин ҳамкорликда ишлаяпди.

2014 йил 24 мартда “Қурбонлар шаъни ва инсон ҳуқуқлари қўпол равишда бузилишига нисбатан адолатни тиклаш ҳуқуқи” Халқаро куни муносабати билан ташкил этилган “Қийноқларсиз ҳаёт учун” ташаббус гуруҳи раҳбари.

Бир йилдан бери АҚШда оиласи билан истиқомат қилади.

Тўрт нафар фарзанди бор.

Бош фарзанди Саидова Шаҳноза Қаюмовна — 1995 йилда туғилган.

Иккинчи қизи Саидова Моҳина Қаюмовна — 1998 йилда туғилган.

Ўғли Саидов Нурсаид Қаюмович — 2005 йилда туғилган.

Ўғли Саидов Камронмирзо Қаюмович — 2007 йилда туғилган.

Она тили –Ўзбек тили, рус тилида гаплашади, инглиз тилини ўрганаяпти.

*****

Сайловолди Дастури

ХАЛҚ ҲОКИМИЯТ УЧУН ЭМАС, ҲОКИМИЯТ ХАЛҚ УЧУН ХИЗМАТ ҚИЛИШИ ЛОЗИМ.

(Ўзбекистон Республикаси Президентлигига ўтказиладиган виртуал сайлов компанияси учун Президентликка номзод Моҳира Ортиқованинг )

Мен Ўзбекистон Республикаси келажагини Инсон қадри ва ҳуқуқлари олий даражада кўриладиган, ҳар бир ўзбекистонлик ўз ўрни, овози ва келажагига ишонадиган, маҳаллий ва юқори Ҳокимият фақат халқ томонидан сайланадиган Давлат сифатида кўраман.

Шу мақсадда қуйидагиларни амалга оширмоқчиман:

 Сўз ва матбуот эркинлиги, шунингдек Инсон қадри ва ҳуқуқларини Давлат бошқарувининг асоси сифатида қабул қилиш;

Қонунлар ижроси бўйича назорат кучайтирилган тақдирдагина жамиятимизда адолат барқарор бўлади, ҳақ қарор топади ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатланади, шунингдек барча соҳаларда чуқур илдиз отган порахўрликка барҳам берилади. Шундагина халқ фаровонлиги учун қатьий қадам қўйилган бўлади. Шунинг учун “Жамоатчилик назорати” ҳақида Қонун ишлаб чиқиш ва бу қонунни ҳаётга тадбиқ этиш масаласини кўриб чикиш;

Зудлик билан 25 йиллик давр мобайнида сиёсий, диний қарашлари сабабли қамоқда сақланаётган шахсларга алоқадор жиноят ишларини қайтадан кўриб чиқиш учун махсус комиссия ташкил қилиш. Мамлакатдан чиқиб кетишга мажбур қилинган диссидентларни мамлакатга қайтариш ишлари билан шуғулланувчи комиссия тузиш ҳақидаги Фармонни имзолаш;

Махсус комиссиянинг хулосаси асосида адолатсиз судлов, шунингдек қийноқ қурбони бўлган инсонларни реабилитация қилиш, уларга 25 йил мобайнида ўз вазифасига масъулиятсизлик билан ёндошган Ҳокимият вакиллари ҳисобидан компенсация тўлаш усулларини ишлаб чиқиш, адолатсиз суд иштирокчилари ва қийноқ қўллашда иштирок этган шахсларнинг қонун олдида жавоб беришларига эришиш;

БМТ махсус маърузачиларини, HRW , шунингдек халқаро ОАВ вакилларини Ўзбекистонга киришларини таъминлаган ҳолда Андижон, Паркент ва Бўка воқеаларини ўрганиб чиқиш, шунингдек сиёсий қатағон қурбонларини аниқлаш учун махсус комиссия тузиш;

Судларда адолат ва қонун устиворлигини таъминлаш мақсадида уларнинг мустақил фаолият олиб боришлари учун тегишли қонунлар, милиция ҳақидаги қонун, шунингдек МХХ фаолиятини назоратга олувчи қонунлар қабул қилиш;

 Ўзбекистон Республикаси Президентлик ваколати муддатини 4 йилга қисқартириш билан биргаликда бир шахснинг ҳаёти давомида Президентлик лавозимига сайланишини фақат икки муддатгача чегаралаш;

Ҳалқ манфаатлари учун хизмат қилувчи сиёсий ғоялар ва сиёсий кадрлар етишиб чиқишини таъминловчи муҳит яратиш мақсадида мухолиф партияларни рўйхатдан ўтказиш ва уларнинг фаолият олиб боришлари учун кенг имконият яратиш;

Мамлакатдан чиқариб юборилган халқ бойликлари (олтин, қимматбаҳо тош ва қазилма бойликлар, санъат асарлари, қадимий буюмлар, миллий валюта)ни Ўзбекистонга қайтариш ва улардан халқ манфаатлари йўлида фойдаланиш мақсадида Хорижий давлатлар билан ҳамкорлик қилиш;

Фарзанд тарбияси ва чуқур таълим олиши учун ота-она ва Хокимият масъулиятини оширган ҳолда, таълим соҳасини тўлиқ ислоҳ қилиш ва уни Давлат сиёсати даражасига кўтариш;

  Аёллар, оналар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш , уларнинг саломатлигини сақлаш мақсадида қонунларни қайта кўриб чиқиб, уларга тегишли ўзгартиришлар киритиш;

Кам таъминланган оилалар, ногиронлар, кексаларга бепул тиббий ёрдам кўрсатиш имкониятларини кўриб чиқиш, аҳолига тиббий ёрдам кўрсатиш соҳасини ислоҳ қилиш;

 Ўзбекистон Республикасида аҳолининг ижтимоий ва сиёсий ҳаётидаги барча соҳаларида ўз соҳасини яхши тушунадиган, масъулиятли ва билимли мутахассислар ишлашини таъминлаш мақсадида соғлом рақобат муҳитини яратиш чораларини белгилаш;

Тадбиркорликни ривожлантириш учун тадбиркорлик фаолиятларини рўйхатга олиш, бож ундириш ва уларнинг фаолиятини назорат қилиш талабларини оддийлаштириш, кам фойизли ва узоқ муддатли кредитлар бериш, айниқса ишлаб чиқариш ва фермерлик фаолиятларига кенг йўл очиш, уларни ишлаб чиқариш учун маҳсулот танлаш ва сотиш ҳуқуқи билан таъминлаш, хорижий корхоналар билан шартномалар тузиши учун имкониятлар яратиш;

Ўзбекистон ҳудудидаги иш фаолиятини тўхтатган барча йирик корхоналарни(завод ва фабрикалар) қайта ишга тушириш учун хорижий сармоядорларни жалб қилиш;

Ўзбек халқининг иқтисодий, ижтимоий ва маънавий манфаатларини кўзлаган ҳолда қўшни давлатлар билан чегараларни очиш ва хорижий давлатларга чиқиш визасини бекор қилиш.

*****

 

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.