Виртуал сайлов комиссияси ва рўйхатга олинган номзодларга очиқ хат
ҚАДРЛИ ДЎСТЛАР!
25 йилдан бери Ўзбекистон демократик мухолифати вакилларини ва мустақил шахсларни Ўзбекистон Президентлигига сайловларда қатнашишига шахсан Ислом Каримовнинг ўзи ва унинг танловига биноан сайланган депутатлар қаршилик қилиб келишаяпти.
Бунга ягона сабаб бу Ислом Каримовнинг яккаҳокимликка ўчлигидир.
Шу учун ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ КОНСТИТУЦИЯСИнинг 90-МОДДАСИ қуйидагича қабул қилинган:
“Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган, давлат тилини яхши биладиган, бевосита сайловгача камида 10 йил Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси, сайланиши мумкин”.
Бу Ўзбекистон ҳукуматининг мухолифатга қарши репрессияси энг авжига чиққан пайтда(9 декабрь 1992й.), қабул қилинган ва мазмунан репрессив характерга эга бўлган моддадир (ўша кунларда мен, Бобир Шокиров, Абдуманноб Пўлатов, Олим Каримов, Абдулла Ўтаев ва яна бир қанча мухолифат фаоллари ва раҳбарлари қамоқларда ўтирган эдик).
Ўша пайтга келиб кучга тўлган Ўзбекистон “Бирлик” Халқ Ҳаракати, “Эрк” демократик партияси, Демократик Форум, “Озод деҳқонлар” партияси, “Миллий Мажлис” ташкилий қўмитаси, “Ислом Уйғониш” партияси ва яна бошқа турли туман ташкилотларга қарши Каримов ҳукумати том маънода, коммунистик рўҳдаги қизил террорни бошлаб юборди.
Мухолифатнинг айрим раҳбарлари ва кўплаб фаоллари қамоқларга олинди, улгурган ва эплаганлари чет элларга чиқиб кетишга мажбур бўлишди, бошқалар эса ўз фаолиятларини яширин ҳолатга ўтказа бошладилар, айримлар эса ўз фаолиятларини вақтинча тўхтатишга мажбур бўлдилар.
Ана шундай шароитда тўпланган Парламент ўшанда кўпчилик овоз билан ана шу репрессив характерга эга бўлган моддани илк бора қабул қилишди.
Бундан мақсад мухолифат вакилларига президент сайловларида қатнашишга ҳеч қачон имкон бермаслик каби мудҳиш ва жиноий маъно бор эди.
Бу репрессив моддани ўз кучида сақлаб қолиш учун Каримов ҳокимияти мухолифат вакилларини Ватанга қайтиб кела олмаслик чораларини кўриб келди. Мухолифат фаолларини репрессия қилиш етмаганидек Ҳукумат уларнинг оила аъзоларига ҳам қарши ўз репрессия сиёсатини юргиза бошлади.
Каримов Ҳукумати Президент сайловларида бу одамга сал бўлсада қарши тура оладиган ҳар қандай сиёсий рақибдан ўлгудек қўрқишади.
Халқ ўз ҳаётидан норози бўлиб Каримовдан бошқа истаган одамга овоз бериб юбориши мумкинлиги хавфини сезган ҳукумат бирор бир мустақил фуқарони ёки мухолифат вакилини Президент сайловларида қатнашмаслик чора тадбирларини кўриб келмоқда.
Мухолифат вакилларини чет элларга чиқиб кетишга мажбур қилгандан сўнг бу ҳукумат ўзининг репрессив моддасига “…бевосита сайловгача камида 10 йил Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси сайланиши мумкин” деган жумлани киритишди ва бу билан ўзларини мухолифатдан янада қаттиқроқ ҳимоя қилишди.
Мен ва Рустамов Шуҳрат ВСК сайловларида ғолиб чиққан номзодни Марказий Сайлов Комиссиясидан рўйхатга олишни сўраш лозимлиги ҳақида таклиф киритганимизда ВСК бизга “” ВСК томонидан уюштирилган сайлов ғолибларини жорий расмий сайловларда иштирок этишини мутлақ имконсиз деб баҳолайди. Ўзбекистон қонунчилигига кўра, Президентликка номзодлар фақатгина сиёсий партиялардан кўрсатилиши ва ушбу сиёсий партиялар сайлов кампанияси бошланишидан камида олти ой олдин рўйхатга олинган бўлиши ва ҳ.к. ҳуқуқий талаблар мавжуд. Ўзбекистонда шаклланган нодемократик анъаналарга кўра, қонунчилик – жамият учун ҳуқуқий баръер вазифасини ўтаб келади” деб жавоб берди.
Қонунга риоя қилиш албатта тўғри ва мўҳим масаладир.
Аммо бордир бунда бир муаммо.
У ҳам бўлса шуки, биринчидан, бу жавоб Ўзбекистон диктатураси вакиллари қабул қилган қонундаги репресссив характерга эга бўлган моддаларга асосланиб айтилаяпти.
Иккинчидан, айни кунларда Ўзбекистон ҳокимияти ўз бошидан оғир инқирозни бошидан кечираяпти. Мамлакатдаги сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий вазият борган сари таранглашмоқда.
Бу вазиятни бироз бўлсада юмшатиш учун Ҳукумат таниқли сиёсий маҳбуслар Мамадали Маҳмуд ва Хайрулло Ҳамидларни қамоқдан озод қилди. Таниқли журналист Шароф Убайдуллаевнинг мафия, Каримов оиласи аъзоларининг(жумладан Каримовнинг қайноғаси Акбарали Абдуллаевнинг) миллиардлаб доллар ҳажмидаги ўғирлик ва талончилиги, амалдорларнинг ҳаддан ташқари порахўрликлари, ҳокимият ва мафия ўртасидаги алоқалар, улар томонидан халқдаан ўғирланган миллиардлаб доллаарлаар чет эллардаги банкларга яширилганлиги ҳақида “Озодлик” Радиосида кескин чиқишларини индамай ютиб юборишмоқда.
Бундан хулоса шуки, ҳукумат мамлакатдаги вазият ўта қалтис ҳолатга тушиб қолганини сезиб туришибди, ҳукумат вакиллари ўзларини сирпанчиқ муз устида шиппакда турган одамлардек сезишмоқда ва бу музликнинг қуруқлик бўлган томонида халқ ва мухолифат турибди, тескари томонда эса жар турибди. Ҳукумат ҳозир ё халқ тарафга қараб интилиши ёки бўлмаса жарга қараб сирпаниб кетавериши хавфи остида, қаттиқ хавотир ва қўрқувда яшамоқда.
Ўзбекистон ҳаётидаги ана шундай оғир ва қалтис вазиятда Ўзбекистон демократик мухолифати жарга қараб сирпаниб кетаётганларга, улар ашаддий рақиблар бўлсалар ҳам, уларга қўл узатиши керак. Бу қўл узатиш ўртадаги ҳар қандай қарама қаршиликларга қарамасдан, ҳаётдаги оғир вазиятда инсонийликни йўқотмасдан ўзини мардларча тутиш ва бу ҳаракатларни мўҳим ва ижобий таклифлар сифатида таклиф қилишдадир.
Бугунги оғир вазиятда бизнинг таклифларимиз маьлум бир кўринишда ўзининг таъсир кучига эга.
Бугун бизнинг турли ечимлар ва таклифлар билан майдонга чиқишимиз тарихий вазифадир!
Бизнинг таклифларимиз халқнинг сиёсий фаол қисмини вакиллари номидан аросатда қолган Ҳокимиятга бир маъсулият сифатида топшириладиган вазифалардир. Узатилган қўлни олиш, бизнинг таклифларимизга қулоқ солиш, уларни бажариш ёки бажармаслик ҳукуматнинг виждонига ҳавола.
Мавжуд қалтис вазиятда Ҳукумат ўзини қандай тутишидан қатъий назар, бугун биз қўлимиздаги барча имкониятларни ишга солиб халқнинг сайлаш ва сайланиш ҳуқуқини, у ўзи истаган номзодларни сайловларда қатнашиш ҳуқуқини қаттиқ туриб ҳимоя қилишимиз керак.
Бундай имконият халққа яна 4..5 йилдан, балки ундан ҳам кечроқ қайтиб келади.
Халқнинг бугунги аҳволидан келиб чиқиб унинг сабру тоқатлари ўз аҳволини яхшиланишини яна бир неча йиллар кутишга етиши амри маҳол деб айтиш мумкин.
Мавжуд қалтис вазият тўсатдан портлаб кетмаслигини олдини олиш ва уни секин аста йўлга солишнинг бугунги ягона тўғри имконияти бу Президентликка сайлов ҳақидаги қонунни ва Конституциядаги шу ҳақдаги моддани Олий Мажлис қайта кўриб чиқиши ва унга керак бўлган ўзгартиришлар киритиб, сайловда сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий масалаларда кучли тажриба, билим ва салоҳиятга эга бўлган кишиларни, жумладан Ўзбекистон демократик мухолифати вакиллари ва мустақил номзодларни, улар қаерда яшашларидан қатьий назар, ушбу сайловларга қатнашишларига имкон берадиган моддалар қабул қилишлари керак.
Тарихда бунга ўхшаш мисоллар бор, масалан, Эронда Хомейни, Литвада Адамкус чет элдан қайтиб келиб сайловларда қатнашишган ва ғолиб чиқишган.
Қиссадан ҳисса шуки, биз шу гапларни Ўзбекистон Ҳукуматига ва хусусан Олий Мажлис ва Марказий Сайлов Комиссиясига етказайлик. Улар эса бу ҳақда обдон ўйлаб кўрсинлар. Бу билан биз ўз тарихий маъсулиятимизни бажарган бўламиз ва Ўзбекистон ҳукуматидан бунга жавоб кутамиз.
Уларнинг ҳар қандай кўринишдаги жавоби ва ҳатто сукути ҳам барибир, маълум маънога эга натижа бўлади.
Илм соҳасида айтиладигандек, натижанинг ижобий ёки салбий томони эмас балки натижани ўзи мўҳимдир. Чунки ҳар қандай натижага у кейинги изланишларни янада самаралироқ олиб боришга хизмат қиладиган бир фактор деб деб қараш керак.
Ҳурмат ила
Ҳазратқул Худойберди
2015-02-19
*****
ВСК изоҳи: Жаноб Ҳазратқул Худойбердининг юқоридаги Очиқ хати мазмунида бир қатор Президентликка номзодлардан ВСКга куни кеча таклифлар келиб тушган.
Бу таклифларни ВСКнинг навбатдаги йиғилишида атрофлича мухокама қилиб, бир тўҳтамга келинган ва ВСК бу таклифларга ўз муносабати (қарорини) матбуотда эълон қилган.
Мазкур ҳужжат билан http://virtualuzbekistan.org/2015/02/315 манзилда танишишингиз мумкин.
*****
Fikr bildirish