ВСК раиси Мўътабар Тожибоеванинг ТАНТАНАЛИ НУТҚИ
Виртуал Сайлов Комиссияси раиси, “Ўтюраклар клуби” Инсон Ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Халқаро ташкилотининг раҳбари Мўътабар Тожибоеванинг сайловчилар овоз бериш жараёни очилиши муносабати билан қилган
ТАНТАНАЛИ НУТҚИ
1 март, 2015 йил. Париж, Франция
Ассалому алайкум муҳтарам юртдошлар, ҳурматли миллатдошлар!
Бугун, Виртуал Сайлов Комиссияси ташкил этган, Ўзбекистон тарихида илк маротаба эркин, шаффоф, демократик сайловларда овоз бериш жараёни бошланишига саноқли дақиқалар қолган тарихий кун бўсағасида турар эканмиз, ушбу айём билан барча ўзбекистонлик ватандошларимизни қизғин муборакбод этаман!
Инсон ҳуқуқларининг фунтаментал қадрияти бўлмиш, сайлаш ва сайланиш ҳуқуқи, афсуски, мамлакатимизда нафақат мустақиллик йилларида балки ватанимиз тарихида ҳеч қачон бўлмади.
Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 24 йиллиги яқинлашишига қарамай, юртимизда ҳануз демократия йўналишида ислоҳатлар қилинмай келаётир.
Демократиянинг асосий устуни – эркин сайловдир. Эркин ва шаффоф сайлов йўқ жамиятда демократия ҳақида сўз ҳам бўлиши мумкин эмас!
Виртуал Сайлов Комиссияси ташкил этилишидан асосий мақсад ҳам Ўзбекистонда адолатли, эркин сайловлар ўтказилиши учун курашишдир. Бу йўлда, Виртуал Сайлов Комиссияси ўз мақсадига эришмоқда, десак асло муболаға қилмаган бўламиз.
Қадрли ватандошлар!
Виртуал Сайлов Комиссиясининг Ўзбекистон келажаги йўлида эзгу мақсадлар билан қилаётган хайрли ишида, Сизларни, демократик сайловларда муносиб иштирок этишга, ўзингиз истаган номзодларга ОЗОД ва ЭРКИН овозингизни беришга чақираман!
Унутманг, бугунги овозингиз, эртанги келажагимиздир!
Асрлардан буён, зулм ва ноҳақлик қурбони бўлиб, зулмат ичра кун кўраётган жафокаш миллатимизни том маънодаги ҳуррият ва зиёга олиб чиқишга бел боғлаган барча Президентликка номзодларимизга улкан муваффақиятлар тилайман!
Яшасин, азиз Ўзбекистонимиз!
Виртуал Сайлов Комиссиясининг Ўзбекистон Республикаси Президентлиги сайловининг овоз бериш жараёнини очиқ деб эълон қиламан!
*****
Fikr bildirish