Андижон фожеасини унутишларига йўл қўйишимиз қурбонлар ҳаққига хиёнатдир!

Қонли Андижон фожеасининг 10 йиллиги арафасида ўзбек халқининг тақдирига бефарқ қарамаган, сукунатга рози бўлмаган барча юртдош ва миллатдошларимизга

Ўзбекистон фуқаролик жамияти фаоллари номидан
М У Р О Ж А А Т Н О М А

Ҳурматли юртдошлар, қадрли миллатдошлар!

Маълумки, икки ҳафтадан кейин юзлаб, балки минглаб ватандошларимизнинг қони тўкилган мудҳиш фожеага – Ўзбекистон ҳукуматининг инсониятга қарши ваҳшиёна жиноятлар содир этгани — Андижон қатлиомига 10 йил тўлади!

Ўтган 10 йил мобайнида мазкур фожеанинг асосий айбдорлари бўлганлар, нафақат жазоланмади, балки дунёдаги энг демократик давлатларнинг раҳбарлари томонидан геосиёсий манфаатлар сабабли қўллаб-қувватлаб келинмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати армияси томонидан ёмғирдек ёғилган ўқлар остида ҳалок бўлган юзлаб аёллар, ҳомиладор келинчаклар, мурғак гўдаклару, нуроний отахонлар, муниса онахонлару, қурол ва ўқ нималигини билмаган, ўлим нелигини хаёлига ҳам келтирмаган қизчалару, ўспирин йигитлар ҳаққи ҳурмати айтамизки: Андижон фожеасининг қурбонларини унутишга ўзини “МЕН ЎЗБЕКМАН”, дейдиган ҳеч бир миллатдошимизнинг ҳаққи йўқ!

Ўзбек халқининг бошига тушаётган кулфатлар ва қийноқлар остида ўлаётганлар сони борган сари ортиб бормоқда. Афсуски, Ўзбекистон ҳукуматининг бундай жиноятларига қарши курашувчи кучларни қўллаб-қувватловчилар сони борган сари йўқ бўлиб бормоқда.

Ўзларини инсон ҳуқуқлари ва демократияни қўлловчилар, дея тарғиб қилишни хуш кўрадиган жамғармалардан ҳамда бир қатор халқаро ташкилотлардан мазкур ташаббусни қўллаб-қувватлашларини сўраб ёзган барча мурожаатларимизга улар жавоб беришни ҳам лозим кўрмадилар.

Масалан, жорий йилнинг 12-13 май кунлари Брюссельда, Европарламентда Андижон фожеасининг 10 йиллиги муносабати билан ўтказилиши режаланаётган йиғинда ҳамда ушбу санага бағишлаб ўтказилиши режалаштирилаётган норозилик намойишида иштирок этмоқчи бўлган бир неча нафар фуқаролик жамияти фаолларининг мазкур тадбирларда иштирок этишлари учун уларнинг сафар ва меҳмонхона ҳаражатларини кўтарадиган ҳомий топа олмаяпмиз.

Ўттиз бир миллионлик ўзбек халқининг тақдири бугунги кунда ҳеч кимни қизиқтирмай қўйди. “Ўзинг учун ўл ўзбек” дейдиган вазият юзага келганига анча бўлди.

Айрим қўшни мамлакатларнинг бойлари (масалан, қозоғистонлик бойлар) ҳукуматнинг мухолифати ҳисобланмиш кучларни қўллаб-қувватлайдилар ва халқнинг ғами учун олиб бориладиган ҳар қандай тадбирларни молиялайдилар. Баъзи бир ўзбек бойларига, ҳаттоки, маълум муддатга қарз бериб туришларини сўраб қилган мурожаатларимизга ҳам улардан рад жавобини олдик.

Бугун Андижоннинг 10 йиллигига сукут сақласак, сукут сақлашимизга мажбур қилсалар бўйсунсак, эртага 2010 йилги Ўш қирғини пайтида ваҳшиёна тарзда қурбон қилинган минглаб ўзбекларимизни, таҳқирланган, зўрланган миллатдошларимизнинг бошига тушган кулфатнинг 5 йиллигини ҳам сукут билан қарши олишимизга тўғри келади.

Ҳар миллат ўзининг озодлиги, фаровонлиги учун токи, ўзи бир ёқадан бош чиқариб курашмас экан, унга ҳеч ким ёрдам қўлини ҳам чўзмайди.

Гарчи шундай экан, бизлар — бир қатор Ўзбекистон фуқаролик жамияти фаоллари Сиз азиз миллатдошларимизга юзланиб, мурожаат қилмоқчимиз.

Ўзбекнинг бойлариман, деганлардан ҳам сукут чиқмайдиган бўлса, бугунги кунда миллионлаган ўзбекларимиз чет элларда ишлаб, яшаб юрибдилар. Биз Сизларга мурожаат қилябмиз, қадрли меҳнат муҳожирлари!

Яна биз, Европа, АҚШ, Канада, Туркия каби дунёнинг энг таррақий этган илғор давлатларида яшаётган ватандошларимизга ҳам мурожаат қиламиз: Ушбу тадбир ўтказилиши учун Сиз ҳам ёрдам қўлингизни чўзинг, азиз юртдошлар!

Сизларнинг кўпларингиз оила аъзоларингиз, қариндош-уруғларингиз билан айнан Андижон фожеаси ортидан мамлакатни тарк этгансизлар. Ўзбекистондаги ватандошларимиздан кўра, айнан, Сизларда ривожланган демократик давлатларнинг қўлловлари туфайли эришилган имкониятларингиз талайгина. Сиз ҳам четда турманг, муҳтарам миллатдошлар!

Ўзбекнинг миллатпарвар, ватанпарвар ойдинлари! Дуогўй эътиқод эгалари! Миллатимизнинг мунавварлари! Азиз зиёлилар! Биз Сизларга ҳам юзланамиз:

Халқимиз ва миллатимизнинг қонли тарихидан муҳим ўрин олган Андижон фожеасининг 10 йиллиги муносабати билан “Муқобил Ўзбекистон” Мувофиқлаштириш Кенгашининг “Қонли Андижонга 10 йил” бир ойлик кампанияси доирасида олиб бораётган ишларимизни амалга оширишимизда ўз ёрдамингизни аяманг! Брюсселда — Европарламентда Андижон фожеасининг 10 йиллиги муносабати билан ўтказилиши режаланаётган йиғин ва норозилик намойишида фаолларнинг иштирок этишини таъминлаш мақсадида, сиз азизларни молиявий кўмак беришга чақирамиз!

Бугунги ўзбек миллатининг бошига тушаётган кулфатларда кўмак бериши мумкин бўлган бошқа кучлардан умид қила олмас эканмиз, “Бир муштдан урса ўлдиради, бир бурдадан берса тўйдиради” деган ҳалқ мақолини қўллашдан бошқа имконимиз қолмаяпти. Ҳар кимни имкони доирасида бизни қўллаш учун ўз ҳиссаларини қўшишларини ва “Ўтюраклар Клуби” Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти ҳисоб рақамига имкониятлари доирасида маблағ ўтказишларини сўраймиз.

Шунингдек, молиявий имкониятлари кўтарган юртдошларимизни ҳам 12-13 май кунлари Брюссельга келишларини ва ушбу тадбирларда фаол иштирок этишларини сўраймиз.

Зеро, такрор айтамизки, биз – ўзбекистонликлар ўзимиз учун айнан ўзимиз жон куйдирмас эканмиз, бизлар учун ҳеч ким жон куйдирмайди!

Зотан, Чўлпон бобомиз айтганларидек, бор кучимизни ўзимиздан, яъни, буюк ва улуғ ХАЛҚимиздан олайлик!

Халқ денгиздир,
Халқ тўлқиндир,
Халқ кучдир,
Халқ исёндир,
Халқ оловдир, халқ ўчдир…
Халқ қўзғалса, куч йўқдирким, тўхтатсин,
Қувват йўқким, халқ истагин йўқ этсин.
Халқ исёни салтанатни йўқ қилди,
Халқ истади, тож ва тахтлар йиқилди…

Халқ истаги: озод бўлсин бу ўлка,
Кетсин унинг бошидаги кўланка,
Бир қўзғалур, бир кўпирар, бир қайнар,
Бир интилур, бир ҳовлиқар, бир ўйнар,
Йўқлиқни-да, очликни-да йўқ этар,
Ўз юртини ҳар нарсага тўқ этар…

Бутун кучни халқ ичидан олайлик,
Қучоқ очиб халқ ичига борайлик!

*****

Брюссельдаги тадбирларга ўз имкони қадар молиявий ёрдам бермоқчи бўлган инсонлар учун банк ҳисоб рақами маълумотлари:

Bank Name: La Banque Postale (France)
Bank Address: 11 Rue Bourxil 75015 Paris, France
SWIFT Code: PSST FR PP
Account Number/IBAN: FR2520041000015767861V02036
Name on Account: Аssociation Internationale de Défense des Droits de l’Homme «Club des Сoeurs Ardents»

Изоҳ: Тўпланган маблағларнинг сарфлангани бўйича Ҳисобот тадбир ўтгандан кейин матбуотда эълон қилинади.

Ҳурмат билан:

Мўътабар Тожибоева, Ўтюраклар Клуби” Инсон Ҳуқуқларини Ҳимоя қилиш Халқаро ташкилоти раҳбари

Тел: +33679233927

Email: mutabartadjibaeva@gmail.com

Камолиддин Раббимов, мустақил сиёсатшунос

Баҳодир Намозов, мустақил журналист, ҳуқуқ ҳимоячиси

Улуғбек Бакиров, мустақил журналист

Камолиддин Йўлдош, мустақил журналист

Бахтиёр Ҳасан, мухолифат фаоли

Дилобар Эркинзода, “Қўрқмаймиз” флешмоб иштирокчиси

Моҳира Ортиқова, “Қийноқларсиз ҳаёт учун” ташаббус гуруҳи етакчиси

Қаюм Ортиқов, “Қийноқларсиз ҳаёт учун” ташаббус гуруҳи вакили

Акмал Набиев, фуқаролик жамияти фаоли

Ҳусан Рўзиев, Андижон фожеаси қурбони

Шаҳодат Рўзиева, Андижон фожеаси қурбони

29 апрель, 2015 йил

Париж, Франция

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.