Хўш ушбу мурожаатдан кейин нимадир ўзгардими, кимдир бизга ёрдам қўлини чўзишга харакат қилдими???…
Афсуски, йўқ! Биргина мен танимаган ҳамюртимиз электрон почтамга мана бу хатни ёзиб қолдирибди: “Mo’tabar opa men sizni MUROJATNOMA ngizni o’qidim afsus men sizlarga moddiy tarafdan yordam berolmayman. Lekin sizlarni Xaqqingizda Allohga duo qilaman! Haqiqat uchun qilayotgan say xarakatlaringizni ajrini dunyoyu oxiratda bersin! Sizlardek fidoyi vatandoshlarim borligidan fahirlanaman hurmat bilan ….”
Шунчалик имконсизлигини айтиб, бизни саъйи харакатларимизни қўллаб қувватлааб, дуода бўлишини етказган нотаниш ватандошимизга ўз миннатдорчилилигимни билдириб қоламан.
Шу билан биргаликда Мухаммадсолиҳ Абутовнинг радиоблогида Андижон фожеасининг 10 йиллиги муносабати билан интервью берган журналист Улуғбек Ҳайдаровни (https://soundcloud.com/blogsahwii/5a-1) мана шу Брюссел намойиши бўйича мурожаатномамиз юзасидан берган фикрига ўз муносабатимни билдириб ўтишни лозим топдим.
Улуғбек: “… Мени ерда ажаблантирган битта нарса, ажаблантирган эмас ачиндим шу нарсага, Европа жуда ҳам катта жой эмас, кичкинагина жой. Бизникилар асосан Швецияда, Францияда, Голландияда, Норвегияда истиқомат қилишади, Швейцарияда бор озроқ.
Буларни Брюсселга етиб келишлари учун унчалик кўп нарса кетмайди. Масалан “Қайси бир ташкилот йўл кирамни тўласин” деб туриш холатига келдикми, демак билмадим, мен бугунги мурожаатни ўқиб ачиндим, ўзимизни бугунги холатимизга.
Хўп биз Канадада яшаймиз. Канададан анчагина бўлади бориб келиш Брюсселга. Шундай бўлса ҳам мен Брюсселда июнь ойида бўладиган қийноқлар бўйича муҳокама бор экан, бориш ниятим бор, хозир режа қилиб қўйдим, бораман шунга. Бунисига етиб бора олмасам ҳам, чунки виза олиш керак, менга кечроқ хабар беришди.
Демак ўша “Жамоатчилик вакилларининг етиб келишлари учун маблағ лозим” деб мурожаат қилишибди.
Мен шуни дедимки, хўп ўша одамлар ўзлари ўйламасмикин, масалан йил бошида дейлик, бу йил Андижон фожеасини 10 йиллиги бўлади, ўша ерда шунақа нарсалар бўлса керак, масалан озгинадан 10 доллар 15 доллардан олиб олиб йўлкирасини чиқариб қўйса ҳам бўларди демоқчимманда йил бошидан бери 5 6 ой ичида. Нимагадир биз олдинга қарамаймиз, баъзи бир саналарни олдиндан хисобламаймиз, олдиндан режалаштирмаймиз ва натижада шунақа канфузлар келиб чиқади…”
Мен дўстим Улуғбек Ҳайдаровга жавоб тариқасида шуни айтмоқчиманки Виртуал сайлов кампаниясини ўтказиш ҳам осонлик билан бўлгани йўқ. Бизга хеч ким сайт хостинги ва доменини сотиб олиб бермади, хеч ким бизга виртуал сайлов комиссияси учун радиоблог ва онлайн овоз тўплаш программасини сотиб олиб бермади. Буларни барчасини биз – Виртуал сайлов комиссиясининг вакиллари ўз ёнимиздан сотиб олдик ва кечаю кундуз тиним билмай ишладик.
Қайсидир бир тадбир ўтказишга “йўл кира ҳақи ва мехмонхона тўловига ёрдам беринглар” дейишни нимаси уятли, нимадан биз хижолат бўлишимиз керак?? Ўзингиз ғарб давлатларидан биридан яшайсиз ва яхши биласизку, ҳар қандай тадбирни ўтказишни бирор бир ташкилот ўз зиммасига олади ва ўша ташкилотнинг белгиланган суммада маблағи бўлади сарфлаш учун. Шахсан мен бирор бир давлатда ўтадиган тадбирни фуқаролик жамияти вакиллари ўз чўнтакларидан сарфлаб ўзтказганларини билмайман, бундай воқеа умуман бўлмаган ҳам.
Ўзингиз аъзо Ўзбекистон Ҳалқ харакатининг ҳам ҳамма йиғинларию, уларга боғлиқ сарф харажатларларни бир томондан Акромийлар таъминлаб келган бўлсалар, иккинчи томондан Ўзбекистонлик ва мамлакатдан ташқарида яшовчи бойлар таъминлаб келганлари ҳеч кимга сир эмаску.
Бизку бошқа бировлардек бешала панжамизни оғзимизга тиқмабмиз, чет давлатда яшаётган Андижон фожеаси сабаб чиқиб кетган оилалаларнинг вояга етмаган болаларига бериладиган ижтимоий кўмак маблағидан ҳам Ўзбекистон Ҳалқ Харакати фаолияти учун маблағ беришга мажбур қилиб, оилаларни бузилиш даражасига олиб келмабмиз. Биз фақатгина юртдошларимиздан Андижон фожеаларининг 10 йиллигини нишонлаш бир нечта фаолларни Бюсселга боришлари ва уларга бир суткалик меҳмонхона харажатларини тўлашга кўмак беришларини сўрабмиз холос.
Дўстим Улуғбек. Агар мендан сўрасангиз Андижоннинг 10 йиллигини кечагина эслаб қолмадим. Лекин мени ташкилотимнинг молиявий аҳволи ўта оғирлиги, яъни охирги бир йил – 2014 йилнинг апрель ойидан бошлаб бу йилнинг апрель ойигача ташкилотимининг бир йиллик бюджети атига 15 минг долларни ташкил этгани ва бу сумма 2014 йилнинг сентябрь ойигача сарфлангани, бугунги кунгача олиб бораётган фаолиятим менга Францияда яшашим учун берилиб келаётган атига 452 евро хисобидан бўлаётганини айтишга мажбур қилдингиз мени. Ейиш ичишдан қисиб қилаётирман фаолиятим учун харажатларни. Мен билан ҳамкорлик килаётган фикрдошларим ҳам худди шундай.
Кечирасиз дўстим, ҳар қанча ҳохламай, 5 ой 6 ой давомида харакат қилиб ҳам маблағ тўплай олмасдим Брюссел сафари учун. Мен каби Брюсселда ташкил қилмоқчи бўлганимиз намойишда иштирок этиши кўзда тутилган фаолларнинг асосий қисми Виртуал сайлов комиссиясининг вакиллари бўлишади ва мени бир савол қийнайди, нима учун ўзбек миллатимизнинг кулфати юзасидан бирор бир тадбир ўтказиш айнан бир нечтагина инсонларнинг вазифаси бўлиши керак, бир нечтагина одам ўзини ёнидан сарфлашлари керак? Имкониятимиз кўтарганида эди яна ёнимиздан сарфлашни давом эттираверардик, лекин дўстим мен қандли диабет ва яна бир нечта касалликларни ўзимга мехмон қилиб олганман ва бир ойлик 452 еврони ҳаммасини истаганимда ҳам сарфлай олмайман фаолиятим учун!
Йиллар давомида “Эрк” мухолифот партиясини ва кейинчалик Ўзбекистон Ҳалқ Харакатини “Ўзбекистондаги диктатура режимига қарши кураши учун” харажатларини молиялаб келган ЎЗБЕК БОЙЛАРИ (!!!) ҳам ҳеч бўлмаса бир неча ойга қарз бериб туришларини сўраб қилган мурожаатимга рад жавоби беришди. Биласизми нимага? Чунки улар “сенга маблағ бердик, энди йўриғимизга юрасан. Биз айтганни сўзсиз бажарасан” дея олмайдилар ва бурнимизга сим ўтказа олмайдилар.
Чунки уларга ҳам, улар йиллар давомида молиялаб келган кимсаларга ҳам ҳалқ дарди ташвиши буткул бегона. Уларни барчаси учун шахсий манфаат ҳар нарсадан устун туради!!
Балким бир нечта фуқаролик жамияти фаолларининг Брюссель сафарига боришлари ва намойишда иштирок этишлари учун маблағ топа олармиз, балким йўқ. Агар маблағ топа олмасак биргина ўзим Брюсселда Европарламент биноси олдида очлик эълон қилиб ўз кулфатлари билан ёлғизланиб қолган миллатимиз тақдирига берфарқ бўлмасликларини сўраб очлик эълон қиларман, буни вақт кўрсатади.
Хурмат билан Мўътабар
Fikr bildirish