Андижон қатлиоми қурбонларини хотирлашимиз учун кўмагингизни аяманг!
Қадрли дўстим!
Бугун мен сизга ноанъанавий илтимос билан мурожаат қилмоқдамиз. Бугун биз сизнинг қўлловингизга муҳтож бўлиб қолдик. Бугун сиздан ўзга қўлловчимиз қолмади!
Биз “Қонли Андижонга 10 йил” шиори остида бундан 10 йил муққадам содир этилган инсониятга қарши жиноятнинг қурбонларини хотирлаш ва ушбу оммавий қирғинга сабабчи бўлган кимсалар хали хануз ғарб сиёсатчиларининг эркатойи бўлиб ялло қилиб юрганларига қарши ўз исёнимизни билдириш мақсадида 12 май куни Брюсселда, Евро Парламент биноси рўпарасида, 13 май куни Парижда ва 15 май куни Вашингтонда норозилик акциялари ўтказмоқчи эдик.
Лекин бизни ҳеч ким, ҳеч бир жамғарма қўллашни истамади. Шунинг учун ҳам мен гадойлардек, рангим сарғайиб мурожаат қилмаган ташкилотим қолмади хисоб.
Хаттоки “Андижон фожеасини унутишларига йўл қўйишимиз қурбонлар ҳаққига хиёнатдир!” номли баёнотни ҳам эълон қилиб ҳам кўмак сўрадик. http://alteruz.info/2015/04/1174
Бугун менга умуман бегона бўлган бир инсон Америкадан қўнғироқ қилди ва ўзбек ҳалқининг, бутун бошли бир миллатнинг бошига тушган кулфатлар, балолардан хабари борлиги ва Андижондаги қатлиомнинг 10 йиллигида унинг қурбонлари ва бу жиноятниннг айбдорларини албатта эслаш ва эслатиш кераклиги, бу мақсадда ўтказилажак норозилик акцияларини қўллаш учун маблағ жўнатишга қарор қилганлигини айтди.
У менинг хисоб рақамимга пул ижўнатиши учун ва бошқаларнинг ҳам жўнатишлари осон кечиши учун электрон почтамга https://www.paypal.com хисоб рақами очишим кераклигини айтди ва fieryheartsclub@gmail.com электрон адресимга хисоб рақами очишга кўмаклашгач, дарҳол 100 евро жўнатди.
Ушбу бегона инсоннинг кўмагидан кейин менда ўзбек ҳалқининг тақдирига бефарқ бўлмаган бошқа инсонларнинг ҳам бу муҳим санани муносиб нишонлашимиз учун кўмак беришларига умидим пайдо бўлди. Ахир улар ҳам қўллашлари мумкинку бизни, нахотки улар бир хафта давомида бир марталик ресторанга киришдан воз кечиб, ўша суммани бизни қўллаш учун жўната олмасалар деган саволга жавоб топишга интилдим.
Азиз дўстим, мен бугун сизга умид ила мурожаат қилмоқдаман! Сиз бизга ёрдам қўлини чўзишга тайёрмисиз?
Сиз дўстларимиз жўнатган маблағлар Американинг турли худудларида яшовчи фаолларимизнинг Вашингтонга етиб келишларига, Европа давлатларида яшовчи фаолларнинг эса Брюсселга ва Парижга етиб келишларига транспорт харажатларига, плакатлар чоп қилдириш, гуллар ва шарлар сотиб олишга ишлатилади ва барча сарфланган маблағлар хисоботи интернет нашрида чоп қилинади.
Режалаштирилаётган тадбирлар:
1. Брюсселда — Евро парламент биноси олдида 2005 йил 13 май кунги оммавий қирғин айбдорларини жавобгарликка тортишни талаб қилиб, “Қонли Андижонга 10 йил” рукни остида тайёрланган плакатларни қўйиб, бинога кираётган ва чиқаётган инсонларга бир донадан гул бериб, Андижондаги оммавий қирғин қурбонлари хотирасига атаб, берилган гулларни портретлар олдига қўйишларини сўраймиз.
Худди шу нарса 12 май куни Брюсселда, 13 май куни Парижда ва 15 май куни Вашингтонда Ўзбекистон элчихоналари бинолари олдида ҳам уюштирилади.
2. 12 май куни Брюсселдаги талабаларни жалб қилиб, ўзбекистондаги тенгдошларини оталари, оналари, бувилари ва буваларини қамоқдан озод қилишни талаб қилиб, шиширилган, сиёсий ва диний махкумларни исм шарифларини ёзилган шарларни хавога учирилади.
Бундай тадбир 13 май куни Парижда, 15 май куни Вашингтонда Ўзбекистон фуқаролик жамияти вакилларининг фарзандлари ва набиралари иштирокида ҳамда ўзбек миллатини кулфатларига сукут сақламасликка чақирувчи, ўзбек миллатини қўлловчи инсонларни фарзандлари ва набиралари иштирокида ҳам уюштирилади ва тадбир иштирокчилари «мени отамни қайтариб беринг», «Мени бобомни қамокдан озод қилинг!», “Мен онамни соғиндим, онамни менга қайтаринг!” каби шиорларни кўтариб туришади.
3. Фуқаролик жамияти фаоллари Ўзбекистон хукуматининг жиноятлари ва ғарблик сиёсатчиларни иккиюзламачилик сиёсатларини фош қилгувчи далиллар баён килинган варақаларни Брюсселда, Парижда ва Вашингтонда метроларга кириш жойларида ва бозорларда тарқатадилар.
Умид қиламизки қаттол диктаторнинг режими сабаб дунёнинг турли бурчларига тарқалиб кетган ўзбек миллатдошларимиз ҳам Андижон қирғинининг 10 йиллигига атаб ўз сўзларини айтиш учун ўзларида қудрат ва шижоат топа оладилар.
Хурмат ила Мўътабар Тожибоева
http://alteruz.info/2015/04/1174
Андижон фожеасини унутишларига йўл қўйишимиз қурбонлар ҳаққига хиёнатдир!
Қонли Андижон фожеасининг 10 йиллиги арафасида ўзбек халқининг тақдирига бефарқ қарамаган, сукунатга рози бўлмаган барча юртдош ва миллатдошларимизга
Ўзбекистон фуқаролик жамияти фаоллари номидан
М У Р О Ж А А Т Н О М А
Ҳурматли юртдошлар, қадрли миллатдошлар!
Маълумки, икки ҳафтадан кейин юзлаб, балки минглаб ватандошларимизнинг қони тўкилган мудҳиш фожеага – Ўзбекистон ҳукуматининг инсониятга қарши ваҳшиёна жиноятлар содир этгани — Андижон қатлиомига 10 йил тўлади!
Ўтган 10 йил мобайнида мазкур фожеанинг асосий айбдорлари бўлганлар, нафақат жазоланмади, балки дунёдаги энг демократик давлатларнинг раҳбарлари томонидан геосиёсий манфаатлар сабабли қўллаб-қувватлаб келинмоқда.
Ўзбекистон ҳукумати армияси томонидан ёмғирдек ёғилган ўқлар остида ҳалок бўлган юзлаб аёллар, ҳомиладор келинчаклар, мурғак гўдаклару, нуроний отахонлар, муниса онахонлару, қурол ва ўқ нималигини билмаган, ўлим нелигини хаёлига ҳам келтирмаган қизчалару, ўспирин йигитлар ҳаққи ҳурмати айтамизки: Андижон фожеасининг қурбонларини унутишга ўзини “МЕН ЎЗБЕКМАН”, дейдиган ҳеч бир миллатдошимизнинг ҳаққи йўқ!
Ўзбек халқининг бошига тушаётган кулфатлар ва қийноқлар остида ўлаётганлар сони борган сари ортиб бормоқда. Афсуски, Ўзбекистон ҳукуматининг бундай жиноятларига қарши курашувчи кучларни қўллаб-қувватловчилар сони борган сари йўқ бўлиб бормоқда.
Ўзларини инсон ҳуқуқлари ва демократияни қўлловчилар, дея тарғиб қилишни хуш кўрадиган жамғармалардан ҳамда бир қатор халқаро ташкилотлардан мазкур ташаббусни қўллаб-қувватлашларини сўраб ёзган барча мурожаатларимизга улар жавоб беришни ҳам лозим кўрмадилар.
Масалан, жорий йилнинг 12-13 май кунлари Брюссельда, Европарламентда Андижон фожеасининг 10 йиллиги муносабати билан ўтказилиши режаланаётган йиғинда ҳамда ушбу санага бағишлаб ўтказилиши режалаштирилаётган норозилик намойишида иштирок этмоқчи бўлган бир неча нафар фуқаролик жамияти фаолларининг мазкур тадбирларда иштирок этишлари учун уларнинг сафар ва меҳмонхона ҳаражатларини кўтарадиган ҳомий топа олмаяпмиз.
Ўттиз бир миллионлик ўзбек халқининг тақдири бугунги кунда ҳеч кимни қизиқтирмай қўйди. “Ўзинг учун ўл ўзбек” дейдиган вазият юзага келганига анча бўлди.
Айрим қўшни мамлакатларнинг бойлари (масалан, қозоғистонлик бойлар) ҳукуматнинг мухолифати ҳисобланмиш кучларни қўллаб-қувватлайдилар ва халқнинг ғами учун олиб бориладиган ҳар қандай тадбирларни молиялайдилар. Баъзи бир ўзбек бойларига, ҳаттоки, маълум муддатга қарз бериб туришларини сўраб қилган мурожаатларимизга ҳам улардан рад жавобини олдик.
Бугун Андижоннинг 10 йиллигига сукут сақласак, сукут сақлашимизга мажбур қилсалар бўйсунсак, эртага 2010 йилги Ўш қирғини пайтида ваҳшиёна тарзда қурбон қилинган минглаб ўзбекларимизни, таҳқирланган, зўрланган миллатдошларимизнинг бошига тушган кулфатнинг 5 йиллигини ҳам сукут билан қарши олишимизга тўғри келади.
Ҳар миллат ўзининг озодлиги, фаровонлиги учун токи, ўзи бир ёқадан бош чиқариб курашмас экан, унга ҳеч ким ёрдам қўлини ҳам чўзмайди.
Гарчи шундай экан, бизлар — бир қатор Ўзбекистон фуқаролик жамияти фаоллари Сиз азиз миллатдошларимизга юзланиб, мурожаат қилмоқчимиз.
Ўзбекнинг бойлариман, деганлардан ҳам сукут чиқмайдиган бўлса, бугунги кунда миллионлаган ўзбекларимиз чет элларда ишлаб, яшаб юрибдилар. Биз Сизларга мурожаат қилябмиз, қадрли меҳнат муҳожирлари!
Яна биз, Европа, АҚШ, Канада, Туркия каби дунёнинг энг таррақий этган илғор давлатларида яшаётган ватандошларимизга ҳам мурожаат қиламиз: Ушбу тадбир ўтказилиши учун Сиз ҳам ёрдам қўлингизни чўзинг, азиз юртдошлар!
Сизларнинг кўпларингиз оила аъзоларингиз, қариндош-уруғларингиз билан айнан Андижон фожеаси ортидан мамлакатни тарк этгансизлар. Ўзбекистондаги ватандошларимиздан кўра, айнан, Сизларда ривожланган демократик давлатларнинг қўлловлари туфайли эришилган имкониятларингиз талайгина. Сиз ҳам четда турманг, муҳтарам миллатдошлар!
Ўзбекнинг миллатпарвар, ватанпарвар ойдинлари! Дуогўй эътиқод эгалари! Миллатимизнинг мунавварлари! Азиз зиёлилар! Биз Сизларга ҳам юзланамиз:
Халқимиз ва миллатимизнинг қонли тарихидан муҳим ўрин олган Андижон фожеасининг 10 йиллиги муносабати билан “Муқобил Ўзбекистон” Мувофиқлаштириш Кенгашининг “Қонли Андижонга 10 йил” бир ойлик кампанияси доирасида олиб бораётган ишларимизни амалга оширишимизда ўз ёрдамингизни аяманг! Брюсселда — Европарламентда Андижон фожеасининг 10 йиллиги муносабати билан ўтказилиши режаланаётган йиғин ва норозилик намойишида фаолларнинг иштирок этишини таъминлаш мақсадида, сиз азизларни молиявий кўмак беришга чақирамиз!
Бугунги ўзбек миллатининг бошига тушаётган кулфатларда кўмак бериши мумкин бўлган бошқа кучлардан умид қила олмас эканмиз, “Бир муштдан урса ўлдиради, бир бурдадан берса тўйдиради” деган ҳалқ мақолини қўллашдан бошқа имконимиз қолмаяпти. Ҳар кимни имкони доирасида бизни қўллаш учун ўз ҳиссаларини қўшишларини ва “Ўтюраклар Клуби” Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти ҳисоб рақамига имкониятлари доирасида маблағ ўтказишларини сўраймиз.
Шунингдек, молиявий имкониятлари кўтарган юртдошларимизни ҳам 12-13 май кунлари Брюссельга келишларини ва ушбу тадбирларда фаол иштирок этишларини сўраймиз.
Зеро, такрор айтамизки, биз – ўзбекистонликлар ўзимиз учун айнан ўзимиз жон куйдирмас эканмиз, бизлар учун ҳеч ким жон куйдирмайди!
Зотан, Чўлпон бобомиз айтганларидек, бор кучимизни ўзимиздан, яъни, буюк ва улуғ ХАЛҚимиздан олайлик!
Халқ денгиздир,
Халқ тўлқиндир,
Халқ кучдир,
Халқ исёндир,
Халқ оловдир, халқ ўчдир…
Халқ қўзғалса, куч йўқдирким, тўхтатсин,
Қувват йўқким, халқ истагин йўқ этсин.
Халқ исёни салтанатни йўқ қилди,
Халқ истади, тож ва тахтлар йиқилди…
Халқ истаги: озод бўлсин бу ўлка,
Кетсин унинг бошидаги кўланка,
Бир қўзғалур, бир кўпирар, бир қайнар,
Бир интилур, бир ҳовлиқар, бир ўйнар,
Йўқлиқни-да, очликни-да йўқ этар,
Ўз юртини ҳар нарсага тўқ этар…
Бутун кучни халқ ичидан олайлик,
Қучоқ очиб халқ ичига борайлик!
*****
Брюссельдаги тадбирларга ўз имкони қадар молиявий ёрдам бермоқчи бўлган инсонлар учун банк ҳисоб рақами маълумотлари:
Bank Name: La Banque Postale (France)
Bank Address: 11 Rue Bourxil 75015 Paris, France
SWIFT Code: PSST FR PP
Account Number/IBAN: FR2520041000015767861V02036
Name on Account: Аssociation Internationale de Défense des Droits de l’Homme «Club des Сoeurs Ardents»
Изоҳ: Тўпланган маблағларнинг сарфлангани бўйича Ҳисобот тадбир ўтгандан кейин матбуотда эълон қилинади.
Ҳурмат билан:
Мўътабар Тожибоева, Ўтюраклар Клуби” Инсон Ҳуқуқларини Ҳимоя қилиш Халқаро ташкилоти раҳбари
Тел: +33679233927
Email: mutabartadjibaeva@gmail.com
Камолиддин Раббимов, мустақил сиёсатшунос
Баҳодир Намозов, мустақил журналист, ҳуқуқ ҳимоячиси
Улуғбек Бакиров, мустақил журналист
Камолиддин Йўлдош, мустақил журналист
Бахтиёр Ҳасан, мухолифат фаоли
Улуғбек Ҳайдаров, мустақил журналист
Дилобар Эркинзода, “Қўрқмаймиз” флешмоб иштирокчиси
Моҳира Ортиқова, “Қийноқларсиз ҳаёт учун” ташаббус гуруҳи етакчиси
Қаюм Ортиқов, “Қийноқларсиз ҳаёт учун” ташаббус гуруҳи вакили
Акмал Набиев, фуқаролик жамияти фаоли
Ҳусан Рўзиев, Андижон фожеаси қурбони
Шаҳодат Рўзиева, Андижон фожеаси қурбони
29 апрель, 2015 йил
Париж, Франция
Fikr bildirish