Қонли Андижонга 10 йил (2005 — 2015)!

Қонли Андижон

(Андижон фожеасининг ўн йиллигига бағишланган)

Талабалар ўлди, сақладинг сукут,
Жим турдинг Паркентда тўкилганда қон.
Қонли тарихлар ҳеч бўлгайми унут,
Бу одамлар нега бўлдилар қурбон?!
Эй халқим, адолат кутиб интизор,
Кенг олам бўлди-ку, кўзларингга тор!

Ўн учинчи майда, икки минг бешда,
Минг-минглаб одамга тўлганда майдон.
Ўлгани нечта-ю, қочгани нечта,
Яна қонга ботди, кўҳна Андижон.
Ўн йилким, адолат топмади қарор.
Зулму зўравонлик ҳануз устувор!

“От!” деб, буйруқ келди, нақд Юртбошидан,
Қочишга тушдилар мазлум оломон.
Ўқ ёмғири ёғди, элнинг бошидан,
Беаёв отилди, қолмади омон.
Арзини айтишга чиқса чор-ночор,
Ўз элини қирган ёвуз қайда бор?!

Ўз халқин, миллатин отган золим шоҳ,
Уялмай бўлди-ку, яна қаҳрамон.
Мазлумлар зиндонда тортишмоқда оҳ,
Тузуми ўзгармай турибди ҳамон.
Рўшнолик кўрмади бу қадим диёр!
Улуғ бир улусни, қилди хору зор!

Ўн йил ўтмоқдаки, битмади яранг,
Золимда йўқдир ҳеч инсофу иймон?!
Ҳалиям ҳеч вақо ўзгармас, қаранг,
Ёвузлик ҳукмрон , ёлғон ҳукмрон.
Шу сохта сиёсат, шу сохта қарор.
Наҳотки, бу элда тинчлик барқарор?!

Мустабидга қарши, на ғарбу на шарқ,
Бир нарса қилмади, ҳаммамиз ҳайрон.
Қаддофий ИАКдан қилармиди фарқ,
Икки хил ўлчовлар, икки хил мезон!
Қолмади адолат, йўқдир эътибор,
Халқаро қонунлар, ҳаммаси бекор!

Разил хизматида кўп шайху олим,
Гарчи золимларга қаршидир Қуръон.
Мангу қолган эмас, зўравон золим,
Тарихда ўтган кўп, Фиръавну Ҳомон.
Барчаси бедаво дардга гирифтор!
Тез қулар ичидан чириган девор!

Озодлик, ҳуррият, эрк учун доим,
Курашиб, шу йўлда берилгандир жон.
Ҳали ҳар бандадан сўрар Худойим,
Бу дунё биз учун, синов, имтихон.
Зулмга жим қараб турганлар бисёр,-
Бўлсада, сен бунга, жим турма зинҳор!

Бугун сенга аза, қаттолларга тўй,
Сен ғамда, золимлар кулар бемалол.
Келажакка қараб, қадамингни қўй,
Эй халқим, ўзингни яна қўлга ол!
Зулм салтанатин қилиб тору мор,
Адолат устига қургин пойдевор!

Фарқи йўқ кимлигинг, Акромий, Ҳизбий,
Насоро ё яҳуд ёки мусулмон.
Бу кунни эслашга чақирар Саҳвий.
Бўлса гар ҳамият, бўлса гар виждон.
Унутманг бу кунни, бўлса номус-ор.
Буни унутишга қандай ҳаққинг бор?!

Саҳвий

2015. 04. 13.

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.