Толиб Ёқубов ва Озода Ёқубовалар Азам Фармоновни ҳимоя қилишни сўраб Ҳалқаро ташкилотларга мурожаат қилмоқдалар

invite Washington DC-page-001Куни кеча бир бир бирига боғлиқ бўлган иккита хабар олдим.

Биринчиси Amnesty International Amnesty International ҳалқаро ташкилотининг Ўзбекистондаги қийноқларга қарши курашиш кампаниясини бошқараётган вакили Светлана Воробевадан, иккинчиси эса 9 йилдан буён Жаслиқ қамоқхонасид қийноқларга солиниб келган сиёсий махкум Азам Фармоновнинг турмуш ўртоғи Озода Ёқубовадан.

Светлана ўз хатида 15 апрель куни Amnesty International ташкилотининг Ўзбекистондаги қийноқларга бағишланган «Сирлар ва ёлғонлар: Ўзбекистонда қийноқ остида тан олинган иқрорликлар” деб номланган хисоботи тақдимоти бўлиб ўтиши шу борада Вашингтонда ва Берлинда ўтказиладиган тадбирлар ҳақида ёзаркан, ушбу ҳисоботни тайёрлашда яқиндан кўмак берганимиз учун миннатдорчилик билдирган.

(http://www.amnesty.de/presse/2015/3/26/amnesty-international-stellt-bericht-zu-folter-usbekistan vor?destination=suche%3Fwords%3DUsbekistan%26search_x%3D0%26search_y%3D0%26form_id%3Dai_search_form_block).

Озода Ёқубова эса ўз хатида турмуш ўртоғи Азам Фармоновни озодликка чиқишига 15 кун муддат қолганида уни қамоқхона ички тартиб қоидаларини мунтазам равишда бузиб келгувчи махкум сифатида Жиноят Кодексининг 221-моддаси билан айблаб, жиноят иши қўзғатилиб Нукусдаги 9 сонли тергов изоляторига олиб кетилгани ҳақида хабар топганини билдирган. Озода ўзининг хатида барча инсон ҳуқуқлари ташкилотларидан, ҳалқаро ташкилотлардан, демократик мамлакатлар элчихоналаридан Азамжон Фармоновни озод бўлишида ёрдам беришларини, унинг ҳаётига бефарқ бўлмасликларини илтимос қилиб сўраган.

AZAM FORMONOVОзода Ёқубова ёзади:

“12 апрел куни тахминан соат 12-13 лар оралиғида уй телефонимизга кимдир эркак одам қўнғироқ қилган. Уйда 10 ёшли қизим Мадина бўлган ва телефон гўшагини у кўтарган. Қўнғироқ қилган одам уйда катталардан ким борлигини сўраган. Қизим эса ҳеч ким йўқлигини айтган. Кейин қўнғироқ қилган одам “Сен кимсан?” деб сўраган. Қизим исмини айтган. “Сен Азамни қизимисан?” деб сўраган трубкани нариги томонидаги номаълум кимса. Қизимдан тасдиқ жавобини эшитгач у одам “Азамни, яъни дадангни Жаслиқдан раскрутка қилинди” деб айтган.

Отаси қамалган пайтида жажжи гўдак бўлган ва отасини уйга қайтишини соат санаб кутаётган қизим бу ёмон хабарлигини тушуниб етган ва мен уйга кириб келганимда “Дадамни озод қилишмас экан” деб дод деб бағримга отилди. Бу хабарни эшитиб мен жуда ёмон аҳволга тушдим. Чунки турмуш ўртоғим Азамжон Формоновни бу йил 29 апрел куни 9 йиллик муддати тугаши керак эди ва у озодликка чиқиши керак эди. Бу кунни унинг оила аъзолари, айниқса 2 нафар ёш болалари интизорлик билан кутишмоқда эди.

Бу хабарни ёлғон бўлишидан умид қилиб, мен 14 апрел куни Тошкентга ГУИНга, яъни Жазони Ижро этиш Бош Бошқармасига бордим. Турмуш ўртоғимни исм, шарифини, қайси зонада эканлигини ёздирдим ва менга билиб беришларини илтимос қилдим.

ЖИЭББ дан 10 минутлардан кейин менга 6 апрел куни турмуш ўртоғимни Жаслиқдан Нукусдаги 9-сонли тергов изоляторига олиб кетишганини айтишди. Нима сабабдан олиб кетишганини, нима учун Нукусдалигини ҳам айтишмади. Шундай қилиб менга аён бўлишича Азамжон Формоновга нисбатан яна навбатдаги уйдирма жиноят иши очиш учун, уни озодликка чиқармаслик мақсадида Нукусдаги тергов изоляторига олиб кетишганлиги аён бўлди.

Мен Озода Якубова Азамжон Фармоновни турмуш ўртоғи барча инсон ҳуқуқлари ташкилотларидан, ҳалқаро ташкилотлардан, демократик мамлакатлар элчихоналаридан Азамжон Фармоновни озод бўлишида ёрдам беришларини, унинг ҳаётига бефарқ бўлмасликларини илтимос қилиб сурайман. Акс ҳолда унга нисбатан яна тазйиқлар, қийноқлар кучайиши мумкин.

Хурмат билан Озода Якубова Толибовна”

2014 йилнинг 3 сентябрь куни Азам Фармоновнинг иши юзасидан Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқларо тўғрисидаги ҳалқаро Пактнинг Биринчи Факультатив протоколи остида кўриб чиқиш учун Америкадаги Fredom Now ташкилоти рахбари Patrick Griffith томонидан шикоят Бирлашган Миллатлар ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари кўмитасига тақдим қилинган. 2 март куни БМТнинг вакили томонидан 3 сентябрь кунги юборилган шикоят № 2577/2015 рақами билан рўйхатга олингани ва кўриш учун жараён бошланганини маълум қилган.

Лекин хеч кимга сир эмаски, Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ўзининг имзолаган халқаро ҳужжатларга риоя қилишига эришиб бўлмаяпти. Хукумат вакиллари фуқароларнинг барча тамал эркинлик ва ҳақларини поймол этишда давом этмоқдалар.

Мамлакатдаги жазони ўташ муассасаларида қийноқлар ва бошқа ноинсоний муносабат турлари каби инсон ҳуқуқларининг қўпол тарзда бузилиши, фуқаролик жамияти вакилларига қарши таҳдид, босим, таъқиб кенг тарқалган.

Инсон ҳақлари бўйича расмий риторика ҳам ўзгарди. Агар 2005 йилларгача Ўзбекистон ҳокимияти инсон ҳуқуқларини очиқчасига бузишга уялмаган бўлса ва хорижий ҳамкорлар билан музокараларда инсон ҳуқуқларининг бузилишини бутунлай инкор этган бўлса, 2005 йил Андижондаги тинч намойишларни қонли бостирилиши сабабли бир неча йилга халқаро ҳамжамиятдан иҳоталаб қўйилгач, хорижий ҳамкорлар билан демократия ва инсон ҳуқуқлари бўйича музокараларда айёрона усул ўйлаб топган бўлдилар.

Ўзбекистон ҳокимияти ўз фуқароларининг ҳуқуқларини ҳурмат қилаётган ва уларга ғамхўрлик кўрсатаётган давлат сифатида кўриниш учун Ўзбекистонда демократлаштириш ва инсон ҳақлари бўйича расмий тарғибот кўламини (маҳаллий ОАВда расмий дастур ва мақолалар, семинарлар ва б.) кескин оширди.

Инсон ҳуқуқлари бузилишини тамоман рад этолмагач, ҳукумат “инсон ҳуқуқлари бузилишининг алоҳида ва саноқли далиллари”, “баъзи бир давлат амалдорларининг инсон ҳуқуқларини бузиш мумкин эмаслигини тушунмаслиги”, “БМТ ва ЕХҲТ, бошқа халқаро ҳамкорлар билан Ўзбек халқининг миллий манфаатларига, анъана ва удумларига зид бўлмаган тақдирдагина тўлиқ ҳамкорлик қилишга тайёр эканликлари” ҳақида гапира бошладилар. Лекин шу бугунги кунгача БМТнинг инсон ҳуқуқлари кўмитаси ва қийноқларга қарши кўмитаси томонидан Ўзбекистон хукуматига берган ўнлаб махкумларнинг тақдирига алоқадор хулосалари ижобий ҳал этилмаган.

Хукуматнинг бунингдек безбетлрча тутишига Ўзбекистоннинг Ғарбдаги ҳамкорларининг риторикаси сезиларли даражада ўзгаргани ҳам сабаб бўлмоқда. Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари бўйича масалалар йиллик музокара ва мунозаралар ўзбек ҳокимияти ва ғарблик ҳамкорлари билан кўпроқ ёпиқ эшиклар ортида ўтказиладиган бўлди. Мамлакатдаги саноқли ва хориждаги фуқаролик жамияти фаоллари ёпиқ эшиклар ортида қандай масалалар муҳокама қилинаётгани ҳақида бехабар қолишмоқда.

Ўзбекистонда сиёсий махкумларни ва диний эътиқоди учун қамалган махкумларни амнистия билан жазодан озод қилмаслик мақсадида тинимсиз равишда сохта айблар билан “интизомий жазога” тортиб турилиши одатий тусга кирган. Бирорта махкум ёки унинг оила аъзолари, адвокатлари қамоқхонадаги қулоқ махкумлар ёрдамида расмийлаштириладиган “интизомий жазолаш” қарорлари ва ушбу қарорларни чиқаришга асос бўлган хужжатларини қонунийлигини аниқлаш учун танишиб чиқиш бахтига муяссар бўлмаганлар. Ушбу расмийлаштирилажак сохта хужжатлар асосида қора рўйхатдаги махкумлар нафақат жазо изоляторларига, карцерларга қамаб, қийноққа тутиладилар, балким “мунтазам ички тартиб қоидани бузувчи” махкум сифатида кейинчалик Жиноят 221-моддасига кўра уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилади ва жазо муддати узайтирилади.

Жиноят Кодексининг 221 моддаси “Озодликдан маҳрум қилиш жойида жазони ўтаётган шахснинг жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг қонуний талабларига бўйсунмаслиги ёхуд маъмуриятнинг ўз фаолиятини амалга оширишига бошқача йўсинда тўсқинлик қилиши, башарти, маҳкумга нисбатан бир йил мобайнида жазони ўташ тартиби талабларини бузганлиги учун жазони ижро этиш колониясининг карцерига ўтказиш тариқасидаги жазо қўлланилганидан ёки турмага ўтказилганидан кейин содир этилса” 3 йилгача қамоқ жазосига хукм қилиниши одатий холга айланган.

Азам Фармоновнинг бугунги кундаги вазияти ҳақида эшитган унинг қайинотаси, Ўзбекистондаги ҳуқуқ ҳимоячиларининг устози  Толиб ака  Ёқубовнинг аҳволи янада оғирлашиб қолди. 9 йилдан буён куёви Азамжонни озодлиги учун тинмасдан курашиб келаётган Толиб ака умидсизликка тушиб қолди.

Азам Фармоновнинг қамоқдаги вазияти ва унга қўлланилаётган қийноқлар ҳақида Толиб ака 2014 йилнинг декабрь ойида қуйидагиларни http://jarayon.com/ сайти журналистларига хикоя қилиб берганди:

“Азам Фармоновни 2006 йил 15 июнь куни Янгиер шаҳар суди товламачиликда айблаб 9 йилга озодликдан маҳрум этди. У ўзининг иш фаолиятида фермерлар, Тожикистондан кўчиб келган оилалар ва диний – сиёсий айбловлар билан қамалган инсонларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланди. Дастлаб 2006 йил Озода Якубова турмуш ўртоғини ноҳақдан қамашганда амнистия актлари билан озод қилишар, деб умид қилган эди. Лекин салкам тўққиз йилда тўққиз марта амнистия эълон қилинган бўлса-да, унга нисбатан бирор марта амнистия актлари қўлланилмади. Ҳар йили амнистия эълон қилиниши арафасида унга нисбатан “тартиббузарлик қилди”, дея қамоқхона ходимлари сохта ҳужжатлар тузиб амнистиядан маҳрум қилишмоқда. 2015 йил 29 апрель куни унинг 9 йиллик жазо муддати бир куни ҳам қисқармаган ҳолда ўз якунига етади.

Азамжон Фармоновнинг айтишича, унга кўп марталаб руҳий ва жисмоний қийноқлар қўлланиб келинган. 2007 йил октябрь ойида 10 кунга жазо изоляторига ташланган. 2008 йил 10 январдан 2 февралга қадар, яъни23 кун,яна жазо изоляторига ташланган. Изоляторга ташланган пайтда унинг устида бўлган ички кийимлари ва пайпоқларини ечиб олишган,уни фақат маҳбуслар кийиб юрадиган кийим, яъни рубада қолдиришган. Ўша пайтда Жаслиқда жуда ҳам қаттиқ совуқ бўлганлиги учун Азамжон Фармоновнинг қулоғи жуда қаттиқ шамоллаган. 2008 йил Озода Якубова учрашувга борганда турмуш ўртоғининг қулоғидан йиринг оқиб турганиникўрган. Озода Якубоватурмуш ўртоғининг соғлиғи ва қамоқхонада сақлашнинг бошқа муаммолари ҳақидаЖИЭББ бошлиғи Абдукарим Шодиевга 10 дан ортиқхатлар ёзди, бироқ ЖИЭББ томонидан фақат битта мазмунда –“турмуш ўртоғингизнинг соғлиғи яхши”– деган мазмунда жавоб хатлари олди, холос. Унга нисбатанқамоқхонатиббий қисми томонидан ҳеч қандай даволаш ишлари олиб борилмади. Қулоқ оғришидан Азамжон Фармонов ҳалигача азият чекиб келмоқда.

2010 йил 18 январь куни Озода Якубова ва қайнонаси Раъно Фармонова учрашувга боришди. Учрашувнинг 1 (бир) куни ўтганда, яъни 19 январь куни, ўша пайтдаги қамоқхона бошлиғи Қурол Бердиев шошилинч равишда шахсан ўзи учрашув хонасига кириб Азамжон Фармоновга учрашув тўхтатилишини айтди ва зудлик билан уни олиб чиқиб кетди. Ўша вақтда Жаслиқда 35 даража совуқ бўлишига қарамасдан уни маҳбусларни олиб юрадиган темир воронок машинада битта робада Нукусга олиб кетишган. Жаслиқ ва Нукус оралиғи салкам 450 км бўлишига қарамасдан унга ҳеч қандай иссиқ кийим беришмаган. Фармоновни олиб борган милиция ходимларинингўзлари шуба кийимларда Нукусгача совуққа зўрға чидашган.

Бир неча марта қамоқхонага борган халқаро ташкилотларнинг вакиллари билан учраштирмаслик учун уни Нукусдаги УЯ 64/ТИ-9 тергов изоляторига олиб бориб яшириб келишди. 2011 йилиОзода Якубова турмуш ўртоғи билан учрашувга 12 августда кириб 14 августда чиқди. Учрашувдан олдин уч кун давомида зона мулозимлари Азамжон Формоновдан “Менда ҳеч қандай муаммо йўқ, тазйиқ ва қийноқлар йўқ, овқатланиш ва медицина хизмати жуда яхши” деб ёзиб беришни талаб қилишган. Вазият бунинг тескариси бўлгани учун Азамжон Фармонов бу талабни рад этган.

Турмуш ўртоғи учрашувга бориш куни яқинлашаётгани сабабли ва бу “хотини орқали ошкор бўлади” деган мулоҳазага бориб, зона мулозимлари мазкур хатни ёздириб олиш учун қийноқ ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашдан ўзларини вақтинча тийиб туришган. Озода Якубованинг уйга жўнаб кетишимни пойлаган зона бошлиғининг тезкор ишлар бўйича ўринбосари, милиция капитани Шавкат Вайсниёзов 15 август куни Азамжон Фармоновни чақиртирган ва яна ўша талабни қўйган. У билан бирга зонанинг тезкор ходими Ҳабиб Абдуллаев ҳам бўлган. Азамжон Фармоновнинг бу бебурд талабни яна рад этиши Шавкат Вайсниёзовни ғазабга келтирган ва у маҳбусни аёвсиз калтаклай бошлаган, қорни, бели ва оёқларига тепган, қўллари билан томоғидан буғган.

Бу ваҳшиёна ҳаракатлар Шавкат Вайсниёзов томонидан ифлос, оғизга олиб бўлмайдиган ҳақорат ва сўкишлар билан амалга оширилган. У икки гапининг бирида “Қайнотанг ҳам, сен ҳам Европанинг малайисанлар, сен халқ душманисан” деб бақирган. Шу ўринда мен айтмоқчиман-ки, Шавкат Вайсниёзов “қайнотанг ҳам” деганда мени, яъни ҳозирда Францияда истиқомат қилаётган Толиб Ёқубовни, назарда тутган. Мен эса ўзимнинг ҳуқуқбонлик фаолиятим учун тазйиққа учрагандан кейин Франциядан бошпана олиб яшашга мажбур бўлдим. Мен, Толиб Ёқубов, Азамжон Фармоновнинг жиноят ишида ҳимоячи бўлиб қатнашганман ва унинг айбсизлигини тўлиқ исботлаганман. Шундан кейин менга нисбатан тазйиқлар кучайиб кетди ва мен ватандан чиқиб кетишга мжбур бўлдим.

Шавкат Вайсниёзовнинг ваҳшиёна уриши, дўппослаши ва ҳақоратларидан кейин ҳам Азамжон Фармонов ғайриқонуний талаб қилинган хатни ёзишдан бош тортган. Шавкат Вайсниёзовнинг кўзи қонга тўлиб, баттар қутуриб, яна дўппослашни бошлаган. У қонунга хилоф руҳий таъсир кўрсатиш мақсадида: “Сенинг ўлиминг менинг қўлимда, сени ўлдириш менга буюрилган, мен шундай қиламан-ки, хотининг ҳам, болаларинг ҳам қамоққа тушади, бу ердан сенинг фақат ўлигинг чиқади, агар тушунтириш хатини ёзиб бермасанг қўлингга наручник тақиб изоляторга олиб бораман ва шипга осиб қўяман, халқ душмани сифатида бир умр қамоқда чирийсан” дея бақирган. Қутурган мулозим олдида Азамжон Фармоновнинг талаб қилинган хатни ёзиб беришдан бошқа варианти бўлмаган ва у ёзиб берган.

Хатни қўлга киритгач Шавкат Вайсниёзов бехосдан: “Мен нима қилай, мендан катта начальниклар талаб қилишган, мен ҳам улардан сўкиш эшитаяпман, мени ҳам қўйишмайди” деб гапирган. Азамжон Фармонов: “Эркак бўлсанг, хатни қандай ёздириб олганингни тан оласанми?” деб сўраганда “Ҳа, тан оламан” деб жавоб берган.

Бу вахшийлик ҳақида Озода Якубова бир неча маротаба ЖИЭББга ва қамоқхона бошлиғига ёзди. Лекин улар унга жавоб хати ҳам ёзишмади. Ҳозирги кунда Азамжон Фармоновнинг танасини без босмоқда. Унинг айтишича, бу узоқ пайт бир ерда ўтиришдан бўлмоқда. Жаслиқ қамоқхонаси камерний система. У ерда бир кунда фақат 1 (бир) соат тоза ҳавога сайрга чиқилади, қолган пайт муттасил ичкарида хонада ўтиришади. Мана шундан унинг оёқ, қўл ва танасида безлар кўпаймоқда. Тишлари ҳам аста–секин ишдан чиқмоқда. Шундай бўлса-да, у ҳамма қийноқ ва босимларга мардонавор чидамоқда….”
http://jarayon.com/ru/index.php/2012-04-04-14-31-53/item/857-segodnya-13-dekabrya-den-rozhdeniya-pravozashchitnika-politzaklyuchennogo-azama-farmonova

Биз умид қиламизки, Инсон ҳуқуқлари Ҳалқаро Федерацияси аъзоси хисобланмиш Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлри Жамиятининг Сирдарё вилояти бўлими раиси, Жаслиқдаги қамоқхона соғлигидан буткул айрилган Азам Фармоновнинг ҳимояси учун Халқаро ташкилотлар сукут сақламайдилар ва унинг ҳимояси учун барча керакли имкониятларни ишга соладилар.

«Ўтюраклар Клуби» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳалқаро  ташкилоти рахбари, мустақил журналист Мўътабар Тожибоева

2577-2015 letter to counsel

HR Committee – Formonov Petition (Uzbekistan) 9.3.14

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.