Мўътабар Тожибоева: Аъзам Фармоновнинг озод қилиниши учун бирлашишга чақирамиз
“Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилотининг
БАЁНОТИ
Президент Ислом Каримов бошчилигидаги Ўзбекистон ҳукумати режими ўзининг ғоят чиркин ва жирканч башарасини яна бир марта кўрсатди.
Жиноят ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот тумани суди Жаслиқ лагерида сақланаётган сиёсий маҳкум, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Сирдарё вилояти бўлими раҳбари Аъзамжон Фармоновнинг жазо муддатига 5 йилу 26 кун қўшиб бериш ҳақидаги режимнинг сиёсий қарорини қонунлаштирди.
Халқаро ташкилотлар, Аъзамжоннинг оиласи ва дўстлари, ҳамкасблари, жамоатчилик режим ўзининг зулм ва қабоҳатга асосланган сиёсатини яна-да мустаҳкамлаган, дўстимизни қамоқда сақлаётган 9 йилдан бери унинг бегуноҳлиги, ҳеч бир шартларсиз озод қилиниши кераклиги ҳақида бонг уриб келди.
Қўнғирот суди ўзининг Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 221-моддаси асосида чиқарган ҳукми билан овози ўчмаган ана шу кишилардан сиёсий интиқом олди. Ҳолбуки, у Ўзбекистон Республикасининг миллий қонунчилиги, халқаро ҳуқуқий нормаларга мувофиқ, аллақачон озодликка чиқарилиши керак эди.
Аъзамжон Фармонов мустақилликнинг дастлабки кунларидан бошлаб, сиёсий режимнинг кирдикорларини фош этиб келган таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Толиб Ёқубовнинг куёви, мазлума ўзбек аёли тимсолларидан бири бўлган Озода Ёқубованинг турмуш ўртоғи бўлгани, ва энг асосийси, ўз тақдири билан жаҳон ҳамжамиятига Ўзбекистон раҳбариятининг юзини кўрсатиб келаётгани учун ҳам Жаслиқ лагерида қолдирилди.
Бинобарин, жазо муддатини тўлиқ БМТнинг қийноқлар бўйича Олий комиссари Тео Ван Бовен 200 йилдаёқ ёпишни талаб этган Жаслиқ лагерида ўтаётган Аъзамжон Фармоновга ўз вақтида лагер бошлиқлари: “Сен Толиб Ёқубовнинг куёви бўлгани учун ҳам бу ердан ўлигинг чиқади” дейишганди.
Оқсарой номидан янграган бу таҳдид ажабки ўз тасдиғини топмоқда. Виждон тутқунлари қаторида умрининг энг гуллаган даврини лагерда ўтказаётган Аъзамжон фуқаролик жамияти вакиллари орасида жазо муддатини тўла Жаслиқда ўтаётган ҳамкасбимиздир.
Аъзамжон Фармонов 2006 йилнинг 6 июнидаги жиноят ишлари бўйича Янгиер шаҳар суди ҳукми билан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 165-моддаси (Товламачилик) билан 9 йилга озодликдан маҳрум қилинганди.
Унга берилган жазо муддати шу пайтгача чиқарилган умумий авф ва амнистиялар қўлланлмагани, унга айрича муносабатда бўлинганига қарамай шу йилнинг апрелида ниҳоясига етган, у сўзсиз озодликка чиқарилиши лозим эди. Аммо Ўзбекистондаги қонхўр сиёсий режим бунга қарор бермади.
Биз Аъзамжон Фармоновнинг узоқ муддатга яна Жаслиқ лагерига қайтарилгани, унинг мамлакатимиз қонунчилигида жазони ижро этиш муассасалари тартибини бузганлик бўйича санкцияларнинг энг юқори қисми билан “тақдирланганини” кескин қоралаймиз.
Миллат, юрт тақдирига бефарқ бўлмаган ҳар бир юртдошимиз, қолаверса, халқаро ташкилотлар, дипломатик корпуслар ва оммавий ахборот воситаларини Аъзам Фармоновнинг озод қилиниши учун бирлашишга чақирамиз.
“Ўтюраклар” клуби“ инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоева
Париж. 21 май 2015 йил
Fikr bildirish