Гулчеҳра Нур: Мўътабархон бардам бўлинг! Мухолифларингизни баттар куйдиринг!
Сизнинг соғлигингиз ёмонлашиб, касалхонага тушганингизни эшитиб, бошингизга ёғилаётган ғаламис гап-сўзлардан хабар топиб, наҳотки миллатимиз ўз қаҳрамонларини оёғидан чалишга шу қадар иштиёқманд бўлса, деган афсус-надоматдан ўртаниб кетдим.
Қолаверса, бундай тошбўрончиларни миллат қаторига қўшишни истамаяпман ҳам. Улар кимларнингдир югурдаги холос, дегим келади. Сизга ўхшаш жасур аёллар – Дилором Исҳоқова ва Галима Бухарбоеваларнинг бошларига бўҳтон тошлари ёғдирилганда ҳам айни шундай ўйга толгандим.
Мўътабархон!
Сизнинг фаолиятингизни анча йиллардан бери кузатиб келаман. Ва фақат қойил қоламан. Жуда ақлли, иродали, фидоий аёлсиз!
Сизга жасур аёл нишонини бергани учун АҚШ маъмурларига минг карра раҳмат!
Ажабо, наҳотки биргина шу фактнинг ўзи ҳам мухолифларингизнинг кўзини очмаса, озгина мулоҳаза юритишга ундамаса-я?!
Махсус топшириқ ижрочилари мулоҳаза юритиб ўтиришмаса керак-да…
Буйруқ муҳокама қилинмаса керак-да… Зотан, Сизга икки-уч йилдан бери тинмай бўлаётган ҳужумлар буйруқ асосида, буюртма асосида эканига зарра шубҳам йўқ.
Мўътабархон!
Сиз миллат ҳақ-ҳуқуқлари учун курашгансиз, курашяпсиз. Халқимиз ҳақ-ҳуқуқларини поймол қилганлар билан эса, муросасиз курашга бел боғлагансиз. Шунинг учун ҳам мухолифларингиз тинчларини йўқотиб оромсизланмоқда, қалбларини босиб кетган қора тошларни сизга отишмокда.
Мен каби минг-минглар эса, Сизни дуо қиламиз ва фахрланамиз.
Бардам бўлинг! Касалликларни ҳайданг, мухолифларингизни баттар куйдиринг!
Сиз айнан шундай йўл тутишингизга, бу — бўҳтону иғволарга зарра парво қилмай, фаолиятингизни давом эттиришингизга ишонаман.
Сизга муҳаббат билан, Гулчеҳра Нур
Тошкент, Ўзбекистон
Fikr bildirish