Жаслиқ лагерида Азам Фармоновга ноинсоний қийноқлар қўлланилмоқда!

AZAM FORMONOV 

ЎЗБЕК ДИКТАТОРИНИНГ ЖИНОЯТЛАРИГА СУКУТ САҚЛАБ ТОМОШАБИН БЎЛИБ ТУРГАН ҒАРБЛИК ҲАМКОРЛАРИ ҲАМ ТЕНГ ЖАВОБГАРДИРЛАР!

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш Бош бошқармаси тизимидаги 64/71-сонли Жаслиқ лагерида Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Сирдарё вилояти бўлими раиси Азам Фармоновнинг ҳаёти хавф остида қолмоқда.

Ғарб сиёсатчилари Ўзбекистон режими, уни бошқараётган қонхўр ҳукумат билан сиёсий интеграциялар ортидан инсон ҳуқуқларини мутлақо унутган айни кезларда Каримов жаллодлари ҳуқуқ ҳимоячисини аёвсиз қийноққа солмоқда.

Эслатиб ўтамиз: Ҳуқуқ фаоли ўзининг касбий фаолияти сабаб 2006 йилнинг 29 апрель куни ғайриқонуний тарзда хибсга олиниб, адолатсиз ва қонунбузилишлар билан бўлиб ўтган суд хукмига асосан 9 йилга озодликдан махрум қилинди. У жазо муддатини Ўзбекистоннинг энг мудхиш зонаси бўлмиш Жаслиқда ўтади. 2015 йил 29 апрел куни 9 йиллик жазо муддатини тўлиқ ўтаб бўлиб, озодликка чиқиши кутилаётган эди.

Аммо Каримов режимининг танқидчилари бўлмиш сиёсий махкумларнинг тақдири унинг бошида яна такрорланди. Аввало 9 йил давомида турли бахоналар билан расмийлаштирилган сохта айбловлар сабабли Азам Фармонов “қамоқхона ички тартиб қоидасини доимий бузувчи тартиббузарга” айлантирилди, бир неча марта жазо изоляторларига қамаб, қийноқларга солинди ва бунинг натижасида ҳар йилги амнистия қарорлари уни четлаб ўтди.

Қамоққа олинган пайтидан бошлаб қийноқларга солинаётган Азам Фармонов ҳуқуқ фаоли сифатида ўз фаолиятини бирор дақиқа бўлсада тўхтатгани йўқ, аксинча давом эттириб келмоқда. Бир неча марта Жаслиқ қамоқхонасида махкумларга нисбатан қўлланилаётган қийноқлар, қонунбузарликлар ҳақида бонг уриб келмоқда.

Хукумат жаллодларининг сохта айбловларни тан олиб, Президентдан кечирим сўраб имзо чекиб беришини қилган талабларига рад жавоби бераркан Азамжон ўз ҳаётини хавф остига қўяётганини биларди, лекин жаллодларнинг ғалабага эришишларини истамади. Ҳуқуқ ҳимоячиси сифатида ўз принципларига содиқ қолди.

Натижада эса…

Жиноят Кодексининг 221–моддаси: Озодликдан маҳрум қилиш жойида жазони ўтаётган шахснинг жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг қонуний талабларига бўйсунмаслиги ёхуд маъмуриятнинг ўз фаолиятини амалга оширишига бошқача йўсинда тўсқинлик қилиш (башарти, маҳкумга нисбатан бир йил мобайнида жазони ўташ тартиби талабларини бузганлиги учун жазони ижро этиш колониясининг карцерига ўтказиш тариқасидаги жазо қўлланилганидан ёки турмага ўтказилганидан кейин содир этилса) айби билан жиноят иши қўзғатилди.

Оила аъзолари, фарзандлари Азамжонни озод бўлиш кунларини интизорлик билан кутаётган пайтларида мудхиш хабар олдилар. Азамжонга нисбатан қўзғатилган янги жиноят иши бўйича тергов харакатлари олиб бориш учун Нукусга олиб кетилганмиш. Тасодифий хабарнинг қанчалар тўғри нотўғрилигини аниқлаш учун Озоданинг бош уриб бормаган идораси қолмади. Ваниҳоят Азамжонни дараги чиқди.

1-2 июль кунлари турмуш ўртоғи билан узоқ муддатли учрашувда бўлиб Азамжоннинг рафиқаси Озода Ёқубова унинг Жаслиқ легари ва Қорақалпоғистон Ички ишлар вазирлиги ертўласида ваҳшиёна қийноқларга солинганидан хабардор бўлиб қайтди.

Кўз ёшларини тия олмасдан фарёд уриб йиғлаётган Озодани юпатишга тил ожиз, унинг хикоясини эшитиш эса дахшат.

“Мен 29 июн куни Жаслиққа етиб бордим. 1 июл куни турмуш ўртоғим билан 2 суткалик учрашувга кирдим. Мен уни кўриб жудаям ҳайрон қолдим. Чунки мен охирги марта январ ойида кўрганимда унинг аҳволи анча яхши эди. Энди эса у жуда ҳам озиб кетган эди. Мен у билан кўришибоқ нега бунча озиб кетганлигини сўраганимда у яшашни ҳам истамаётганлигини айтди.

Турмуш ўртоғимнинг айтишича охирги 6 ой мобайнида унга нисбатан 3 марта «тартиббузарлик» содир этганликда айбланган.
Биринчи марта 24 январдан 29 январгача 5 кун изоляторда бўлди дея ҳужжатлаштиришган. Аслида у 24 январдан 29 январгача ҳеч қандай изоляторда бўлмаган ва тартиббузарлик содир этмаган бўлсада, уни мажбурлаб, руҳий тазйиқ остида тартиббузарлик содир этганлиги расмийлаштирилган қалбаки қарорга имзо чектиришган.

Иккинчи маротаба расмийлаштирилган сохта айбловлар асосида 9 февралдан 19 февралгача 10 суткага жазо изоляторига қамашган.

Энг даҳшатлиси учинчи марта 9 мартдан 29 мартгача 20 суткага жазо изоляторига умрбодлик қамоқ жазосига хукм қилинганлар сақланадиган махсус муассасадаги карцерга қамашган ва 20 сутка давомида уни ёлғиз ўзини шу камерада сақлашган.

Бундай ўта қўпол қонун бузилишини ким буюрмоқда? Азам Фармоновни учинчи марта изоляторга олиб кетишаётганда бошига қоп кийгизиб, нафас қисувчи махсус резиналик мосламадан фойдаланишган.

Унинг айтишича у бир неча марта ўзини билмай қолган. Бошини ерга теккизгудек қилиб энкайтириб, изоляторга олиб боришган. Қўлига тақилган кишандан қолган излари шу бугунгача сақланиб қолганини ўз кўзим билан кўрдим. Охирги 20 суткалик карцерда сақланиш жараёнида у қўшни камералардан келаётган оҳу-нолаларни эшитиб ўтиришга мажбур бўлган…”.

Бундай усул Ўзбекистон хукумати томонидан кенг кўлланиб келинади ва Азам Фармоновни бунингдек аянчли вазиятдан қутулиш учун ўз жонига қасд қилишга ундаш мақсадида уюштирилган бўлиши ҳам мумкин. Қамоқдалик муддатимда кўплаб жазо изоляторларига қамаган пайтларида мени ҳам ўз жонимга қасд қилишим учун мен олиб кирилган камерага арқонлар киритиб қўйгандилар. Бунингдек хўрликлар ва адолатсизликлардан тўйиб кетган махкумнинг ўз жонига қасд қилиши табиий ҳол. Буни шундай ҳолга тушганларгина яхши хис қила оладилар.

Азам Фармоновни карцердан чиққанининг 4чи куниси, 3 апрелда Жаслиқдан Нукусдаги тергов изоляторига этап қилишган. Суд 1 май куни Жиноят ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот тумани судида бўлиб ўтган. Формоновни айтишича тергов пайтида ҳам, судда ҳам унинг ҳеч қандай қонуний ҳуқуқлари таъминланмаган.

Фармонов тергов жараёнида бир неча марта ўзини ҳимоя қилиш учун адвокат ёллашга имконият буришларини, оила аъзоларига хабар беришни сўраб қилган илтижолари самарасиз бўлди. Тергов якунида ҳам ва суд жараёнида жиноят иши материаллари билан танишиш, малакали юридик ёрдам олиши учун адвокат ёллаш учун оиласидагилар билан боғланиш, бир марта телефон қўнғироғи қилишга рухсат беришни сўраган илтимосномаларининг барчаси рад қилинди.

Ҳаттоки Азам Фармонов бугунги кунгача ўзига кўйилган айбловлар баён қилинган айблов хулосаси билан танишиб чиқмаган.

Суд бошланган пайтида айблов хулосаси олмаганлиги ва жиноят иши материаллари билан танишмаганлигини баён қилиб ушбу қонуний ҳуқуқларини таъминлашни судя Розовдан сўраганида судья унинг барча қонуний талабларини рад қилиш билан чекланган.

Фармонов суд жараёнида ўзининг ҳуқуқларидан фойдаланиши учун шароит яратиб беришларини ва судда унинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун адвокат ёллашга рухсат беришларини сўраганида судда иштирок этаётган Жазони ижро этиш жойларида қонунни назорат қилувчи прокурор Давлат Қиличев Формонов қамалгунча муддатда инсон ҳуқуқлари ташкилотида фаолият олиб борганлигини, унинг ҳуқуқий билими ўзини ҳимоя қилишга етарли эканлиги сабаб судда адвокат иштирок этишига хожат йўқлигини айтиб Фармоновни илтимосномасини рад қилишни судьяга таклиф қилган.

Фармоновга қарши кўрсатма беришга олиб борилган 2 нафар тезкор бўлим ходимлари ва 4 нафар ДПНК ходимлари судда кўргазма берарканлар Фармоновга қарай олмасдан ер чизиб, фақатгина Формоновни ўзи яхши одам эканлигини, охирида озроқ хато қилиб қўйганлигини айтишган. Гувоҳларнинг бунингдек кўргазмаларидан жазавага тушган судья “Яхши одам бўлса нима учун раскрутка қилишга олиб келгансанлар?” дея бақириб ташлаган.

9 йиллик жазо муддатини ўтаб бўлгач, Жиноят ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот тумани судининг сиёсийлаштирилган хукми билан 5 йилу 26 кун муддатга яна лагерга қайтарилган Азам Фармонов тергов жараёнида бошига қоп кийдирилиб, ўлим ҳолатига келтирилгани, камераларда такомиллаштирилаётган қийноқ усуллари билан унга азоб берилгани ҳақидаги кўргазмаларини судья эшитишни ҳам истамаган.

Ваҳоланки суд жараёни пайтида орадан бир ойча вақт ўтганига қарамай ҳуқуқ ҳимоячисининг танасидан қийноқ излари кетмаганди. Бадани моматалоқ бўлган, қийноқлар зарбидан синиққан ҳуқуқ ҳимоячисига нисбатан суд маҳкамаси ҳам ҳарбий дала судларига хос ошиғич ўтказилган. Маҳкамага раислик қилувчи судья Розов ҳатто унинг айблов хулосасини олмаганига ҳам эътибор қаратмай қоғозлардагина мавжуд бўлган гувоҳлар билан ўз ҳукмига якун ясаган.

Ҳимоя ҳуқуқи билан таъминланмаган Азам Фармонов ўзига қарши яна кимлар кўрсатма берганларини ҳам билмаган. Фақатгина қамоқхона вакилларининг берган кўргазмаларидан маълум бўлишича Фармоновга қарши расмийлаштирилган хужжатларда махкум Алишер Абдуллаев жабрланувчи сифатида талқин қилинган ва эмишки Азам Фармонов махкум Алишер Абдуллаевни семиз, чўчқа, бақалоқ деб ҳақорат қилганмиш. Жабрланувчи Абдуллаевни судга келтириб ҳам ўтиришмаган, унинг кўргазмасини суд эшитмаган, расмийлаштирилган сохта хужжатлар асосида Фармоновни 5 йил 26 кун озодликдан махрум қилишга хукм чиқарган.

Суд давомида Азам Фармонов зўрға қўлга киритгани 3 вароқ қоғозни орқа олдини тўлдириб, ўзини айбсизлигини исботловчи ҳимоя нутқи ёзган. Ҳимоя нутқида у ўзини ҳеч қандай айби йўқлигини судга исботлаб берган. Жумладан махкум Алишер Абдуллаевни семиз, чўчқа, бақалоқ деб ҳақорат қилиши умуман мантиққа зидлиги, чунки Алишер Абдуллаев умуман семиз эмас, аксинча озғингина инсон эканлигини ҳам уқтириб ўтган.

Лекин суд Фармоновнинг ҳимоя нутқида келтирган далилларни умуман инобатга олмаган. Судда иштирок этган Жазони ижро этиш жойларида қонунни назорат қилувчи прокурор Давлат Қиличев ўз маърузасида Фармоновга 5 йилу 26 кунлик қамоқ жазоси беришни айтган. Судья Розов прокурор айтган муддатга озодликдан махрум қилишга хукм чиқарган.

Азам Фармонов суддаги охирги нутқида ўзига берилган 9 йиллик жазо муддатни тўлиқ ўтаганлигини, унинг 2 нафар ёш фарзандлари жуда ҳам қийналганлигини, уни жуда ҳам интизорлик билан кутишаётганлигини, лекин унга нисбатан суд яна шафқатсизлик қилганлигини таъкидлаб уларни худога солганлигини ва уларни ҳам ўзи каби адолатсиз суднинг хукми билан қамалишларингни, мазлумларнинг охи ноласи етиб уларни худо уришини айтиб, ўз сўзини якунлаган.

Азамжон Фармоновга нисбатан расмийлаштирилган айблов хулосаси ва хукмни қўлга киритиш ортидан бир ойдан бери Тошкент ва Нукус орасида сарсон қилинаётган адвокат, жамоатчи ҳимоячилиги расмий идоралар томонидан куракда турмайдиган важлар билан эътироф этилмаётган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти фаоли Абдураҳмон Ташановга кўра, мазкур ишнинг сиёсий мотивлар билан мустаҳкамланганига шубҳа йўқ. Бинобарин, “Эзгулик” жамияти вакили июнь ойи бошида қилган мурожаатига орадан қарийб бир ой ўтгач, қониқарсиз жавоб олиши фикримизни исботлаб турибди.

Аъзам Фармонов, Алишер КараматовШунингдек, “Эзгулик” жамиятига 2011 йилнинг 28 ноябрь куни БМТнинг асоссиз қамоққа олишлар бўйича комиссияси вакили Мигель Де Лама жаноблари айнан Азам Фармонов иши кўриш учун қўмита назоратига олингани ҳақида жавоб берганди.

Бироқ орадан шунча вақт ўтганига қарамай иш ҳамон индивидуал тартибда кўрилиб, Ўзбекистон ҳукуматига бу борада таъсир чоралари қўлланилгани, Ўзбекистон ҳукумати делегациясига сўров юборилгани йўқ.

Бундан ташқари 2014 йилнинг 3 сентябрь куни Америкадаги Freedom now (Озодлик уйи) (http://www.freedom-now.org/) ташкилоти томонидан Азамжон Фармоновнинг 43 вароқдан иборат индивидуал шикояти Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг инсон ҳуқуқлари кўмитасига юборилган.

Ўзбекистон хукуматининг индивидуаль шикоят БМТда рўйхатга олинганидан кейин тутган тутуми БМТни ҳам, бошқа халқаро институтларни ҳам назар писанд қилмаслигини исботи ва халқаро мажбуриятларни нафақат бажармаслиги, балким истаганича оёқ ости қилишини белгиси деб қабул қилса бўладиган холатдир. HR Committee – Formonov Petition (Uzbekistan) 9.3.14

Ўзбекистон ҳукумати Абдурахмон Ташанов ва Васила Иноятоваларни Солижон Абдураҳмонов, Дилмурод Саидов ҳамда Аъзам Турғуновларни ҳимоячиси бўлмасаларда АҚШ сенаторлари босими билан билан улар билан учрашувга рухсат бергани ҳолда Аъзам Фармоновнинг турмуш ўртоғи Озода Ёқубова берган ариза ва ишончномага асосан унинг жамоатчи ҳимоячиси бўлмиш Абдурахмон Ташановнинг Азам Фармонов билан учрашиш, унга тегишли бўлган жиноят иши материаллари билан танишиш ва керакли хужжатлардан кўчирмалар олишни сўраб 2015 йилнинг 1 июнь кунги қилган мурожаатига 24 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Ички Ишлар Вазирлиги Жазони ижро этиш Бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Э.Бобоқулов имзоси билан 35/7п сон билан “… Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 49-моддасига асосан, ишда ҳимоячилар сифатида адвокатлар иштирок этишлари мумкин. Гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг яқин қариндошлари ёки қонуний вакилларидан бирининг адвокат билан бир қаторда ҳимоячи сифатида иштирок этишига гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг илтимосномаси бўйича суриштирувчининг, терговчининг қарори ёкилиши мумкин. Сиз мазкур процессуал талабни бажармагансиз” деган жавоб хати берилган.

Адвокатлик ордери билан жиноят иши материаллари билан танишиш, керакли хужжатлардан кўчирмалар олиш учун харакат қилаётган адвокатнинг харакатлари ҳам шу бугунги кунгача зое кетмоқда. Унга судья Розов судьялик муддати тугаб, ишдан кетганлиги, янги судья эса хали ўз вазифасини эгаллаб ишни бошламаганлигини, жиноят иши материаллари билан танишишга фақатгина судья рухсат бериши мумкинлигини айтиб, бахона қилиш билан чекланишмоқда.

Шу ўринда эслатиб ўтиш жоизки Азам Фармонов ҳимояси учун ёлланган адвокатлар ҳам 9 йиллик қамоқ жазоси давомида расмийлаштирилган тартиббузарликлар ва интизомий жавовбгарликка тортиш ҳақидаги қарорлар ва шу қарорларни қабул қилишга асос бўлган хужжатлар билан танишиш имкониятига умуман эга бўлмаганлар.

Қамоқда ўтирган Азам Фармоновга айблов хулосаси ва хукмдан нусха бермаган бир пайтларида, унинг ҳимоя ҳуқуқи билан таъминлашни талаб қилган илтимосномалари асоссиз равишда рад қилинган бир пайтда бугунги кунда унинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга киришган адвокат ва жамоатчи ҳимоячининг фаолиятига тўсқинлик қилишлари кундек равшан бўлиб турибди.

Азам Фармонов ўзига нисбатан сохта айбловлар билан хужжатлар расмийлаштирилаётган бир пайтида кўлга киритгани хожатхона коғозига БМТнинг Бош котиби Пан Ги Мун номига ўзининг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилганлиги учун қамоқда сақланаётгани, тинимсиз қийнокларга солинаётгани ҳақида мурожаатнома ёзиб ташқари яширин йўллар билан чиқарганди.

Ушбу мурожаатномани Халқаро Амнистия, Ҳьюман Райтс Уотч, Ҳуқуқ ҳимоячилари халқаро федерацияси, АСАТ, “Ўтюраклар Клуби” ИҲҲҚТ сингари ўнлаб ташкилотлар Аъзам Фармоновнинг ҳожатхона қоғозига ёзиб, чиқарилган мактуби матнини етказган, бу номи улуғ жанобдан Ислом Каримов ҳузурида унинг масаласини тилга олишни, Азам Фармоновга нисбатан қўзғатилгана жиноят ишини тугатиб, уни зудлик билан озодликка чиқаришни мухокама қилишни сўрашганди. Бироқ БМТ Бош котиби Ўзбекистон ҳукуматидан Аъзам Фармоновни озод қилиш тугул унинг номини тилга олишни ҳам ўзига эп кўрмади.

Мамлакатда ичида фаолият олиб бораётган кам сонли ҳуқуқ фаоллари сафи тобора сийраклашмоқда. Қўрқув, таъқиб исканжасида халқаро ташкилотлардан кўмак сўраётган дўстларимизнинг ҳафсаласи пир бўлган.

Таъкидлаш керакки, бу кетишди яқин орада Ўзбекистонда ҳуқуқ ҳимоячилиги ҳаракати аянчли завол топади, ва энг ёмони, бу ҳеч кимни ташвишлантираётгани йўқ.

Ўзбекистон ҳукумати шу йилнинг 8-9 июль кунлари Женевада “Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлари тўғрисида”ги Пактга асосан навбатдан даврий ҳисоботини БМТ комиссиясига топширади. Номи улуғ бу органнинг масхарабозларча топширилаётган ҳисоботни қабул қилиши, инсон ҳуқуқлари масаласига кўз юмган ҳолда Ўзбекистон билан яна алоқаларни ривожлантиришига шубҳа йўқ. Бироқ ана шу жархбари.аёнда бугунги даврнинг энг муҳим мезони бўлган инсон ҳуқуқлари, фуқаролик жамияти вакилларининг таъқиб қилинишига кўз юмиш халқаро ташкилотларнинг иккиюзламачилигидан бошқа нарса эмас.

“Мен лагердан тирик чиқишимга кўзим етмайди. Болаларим, оилам бағрига қайтишимга заррача умидим қолмади. Бу ерда ҳар бир ўтаётган кун умидсизлик, шулъа кўринмайдиган туйнуксиз қоронғи ғорни эслатади. Агар дунёда инсон ҳуқуқларининг аҳамияти қолган бўлса, фуқаролик жамиятининг оддий бир вакили бўлган каминани эсдан чиқарманглар. Тушкун, умидсиз бўлса-да, қачондир адолатнинг қарор топишига ишонаман” дейди Азам Фармонов.

“Ўтюраклар Клуби” Инсон Ҳуқуқларини Ҳимоя қилиш Халқаро ташкилоти Азам Фармонов ишига панжа ортидан қараётган дунёдаги инсон ҳуқуқлари ғояларининг тарғиботчилари дея аталмиш ғарб сиёсатчиларининг лоқайдлигини кескин қоралайди.

Яна бир бор жамоатчилик, халқаро ҳамжамиятни ҳуқуқ ҳимоячиси дўстимиз озодлиги учун бирлашишга, инсон ҳуқуқлари принципларига хиёнат қилмасликка чақиради!

“Ўтюраклар Клуби” Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилот рахбари, собиқ сиёсий махкума, қийноқ қурбони Мўътабар Тожибоева

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan