Муҳаммадсолиҳ Абутов: Имонига лойиқ синалганлар

 

Абдували-мирзаев-272x30

(Абдували қори Мирзаев ўғирлаб йўқ қилинганининг 20 йиллиги муносабати билан)

Бисмиллоҳир роҳманир роҳим

Имонга лойиқдир синовнинг бари,
Буни хабар берди Ҳақ пайғамбари,
Шундай бўлиб келган доим илгари,
Ўзига маълумдир ҳикмат, устозим!
Азалдан битилган қисмат, устозим!

Саҳвий

Бу дунё қуръони каримда синовлар дунёси экани айтилади.

Одамлар: «Иймон келтирдик», дейишлари билангина, имтиҳон қилинмаган ҳолларида, қўйиб қўйилишларини ўйладиларми?!

Ҳолбуки Биз улардан аввалги (иймон келтирган барча) кишиларни имтиҳон қилган эдик-ку!

Бас (шу имтиҳон воситасида) албатта Аллоҳ («Иймон келтирдик» деб) рост сўзлаган кишиларни ҳам, ёлғончи кимсаларни ҳам аниқ билур.

(Анкабут сураси 2, 3 оятлар)

Синовлар эса турлича оғир машаққатларга учраб, қамоқда калтаклар еб, оч юпунлик, хору зорлик билан бўлиши ёки, егани олдида емагани орқасида бўлиши мумкин. Кимга қайси хил синов келишини қуйидаги ҳадиси шарифдан англаб олиш мумкин.

Саъд ибн Аби Ваққос разияллоҳу анҳу Наби САВдан «Ё Расуллоҳ САВ қайси тоифа одамлар оғир балоларга гирифтор бўлишади?» деб, сўради. Пайғамбар САВ; «Пайғамбарлар ва кейин солиҳ бандалар ва кейин уларга ўхшаганлар ва уларга ўхшаганлар» дедилар.

Аллома Қарзовий бир мақоласида бу ҳақида шундай ёзади; «Қайси бир банда Аллоҳга ва Унинг расулига (САВ) имон келтирганликни иддао қилар экан, албатта, унинг имони баробарида унга балолар келади»

Қуръони каримда бу каби оғир меҳнат машаққатлар мўмин мусулмонларга бўлишлигини ва уларнинг ажру мукофотлари шу туфайли улуғ бўлишлигини хабари берилган.

«Бас, ватанларидан ҳижрат қилган, диёрларидан қувилган, менинг йўлимда азиятлар чеккан ва (менинг йўлимда) жанг қилиб, қатл этилган зотларнинг қилган гуноҳларини ўчиргайман ва уларни Аллоҳ ҳузуридан савоб — мукофот қилиб тагларидан дарёлар оқиб турадиган боғларга (жаннатларга) киритурман. Ва энг гўзал савоб — мукофот Аллоҳнинг ҳузуридадир».

(Оли Имрон сураси 195 оят)

Албатта, бунга тарихда ҳам ва шу кунимизда ҳам етарлича мисоллар бор. АбуҲанифа Халифалар томонидан калтакланиб зиндонда ўлганди. Имоми Молик ҳам ҳақ сўзи фатвоси туфайли халифа Мансур томонидан калтакланган. Имоми Аҳмад ва Шофиий қамалган. Имоми Бухорий қариганда юртига қайтиб келганида Бухоро Амири уни юртидан чиқиб кетишга буюради. Аллоҳга вафотини сўраб дуо қилганларида дуолари ижобат бўлиб, вафот этадилар. Давримиз уламоларидан Албоний, Саид Қутб, Ҳасан ал Банно, Абдуллоҳ Аззом, Имоми Қарзовийлар юртидан бадарға қилиндилар ва баъзилари қатл қилиндилар.

Қуръонда кўплаб пайғамбарларни ва уларга эргашган солиҳ кишиларни золимлар тарафидан ноҳақдан қатл қилингани хабари берилади.

«Уларга (золим яҳудларга) хорлик ва мискинлик ёзиб қўйилди ва Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлдилар. Бунга сабаб уларнинг Аллоҳ оятларини инкор қилганлари ва Пайғамбарларни ноҳақ қатл қилганларидир. Бунга сабаб итоат қилмай тажовузкор бўлганларидир.

(Бақара сураси 61 оят)

Бу ҳақ йўлдаги синовлар, ҳақ йўлдаги уламоларга оғир бўлиб келган эди. Бугун улар сафига ўлкамиз уламоларидан 1995 йилда ўғирлаб йўқ қилинган Абдували қори Мирзаевни, ватанидан ва ўғлидан жудо бўлиб, Швецияга келиб яшаётганда золимлар тарафидан суиқасдга учраган Обид қори Назаровни, 24 йилдан бери қамоқда ётган Муҳаммад Ражаб акани ва 1992 йил декабр ойида ўғирлаб кетиб йўқ қилинган Абдуллоҳ Ўтаевни ва бошқа ўнлаб ёки юзлаб мусулмонларни қўшиш мумкин. Буларнинг имонлари улуғ эканки, валлоҳу аълам, буларга имонлари баробарида улуғ синовлар келди.

Баъзилар қуйидаги оятни пул ва молга нисбатан тушунишади.

«Суйган нарсаларингиздан инфоқ-эҳсон қилиб бермагунингизча ҳаргиз яхшиликка (жаннатга) етмагайсиз. Ҳар қандай нарсани инфоқ қилсангиз, албатта Аллоҳ уни билур.»

(Оли Имрон сураси 92 оят)

Аслида эса, инсон учун дунёда пул ва молдан ортиқ суядиган нарсалари бўлади. Булар эса, фарзандлари, аҳли аёли, ота онаси ва албатта ширин жонидир.

Нега Иброҳим алайҳиссаломга ўғли Исмоилни қурбон қилишлик буюрилди? Гарчи пайғамбар бўлсада, у киши ҳам қаттиқ синалган эди. Иброҳим алайҳиссалом ўғлини қурбонлик қилишга ҳозирланганда, унинг ўрнига қурбонликка қўчқор туширилди.

Шунинг учун ҳам синовнинг каттаси Аллоҳ учун ширин жонни қурбонлик қилишлик экани қуръонда кўп таъкидланади.

«Одамлар орасида Аллоҳ ризолиги йўлида ўз жонини берадиган зотлар ҳам бор. Аллоҳ бандаларига ғамхўр, меҳрибондир.

(Бақара сураси 207 оят)

Бу жонфидолар, бошқалар каби, мол дунё, пул топаман деб жонини хатарга қўйган одамлар эмаслар. Булар одамларга ҳақ йўлни етказаман ва уларни жаҳаннамнинг мангу азобидан қутулишларига сабаб бўламан деб, ҳаракат қилган ва шу туфайли ўша одамлар тарафидан хорликка учраган кишилардир.

Албатта, дин олимлари пайғамбарларнинг ворисларидир.

«Олимлар пайғамбарларнинг ворисларидир» деган, ҳадиси шариф бор.

(Термизий ривояти)

Динни ҳақиқатини етказишлик учун жони фидо бўлаётган кишилар билан бир қаторда динфурушлик қилиб, шунинг эвазига иззату ҳурматда яшаётганлар ҳам кўплаб топилади. Улар шу дунё эвазига охиратини сотган кимсалардир.

Бундайлар дунёда бор ва қиёматгача бўлиши мумкинлигини қуръонда хабари берилган.

Ким (фақат) шу ҳаёти дунёни ва унинг зебу зийнатларини истайдиган бўлса, уларга қилган амалларини(нг ажр-мукофотини) шу дунёда комил қилиб берурмиз ва улар бу дунёда зиён кўрмайдилар. Ундай кимсалар учун охиратда дўзах ўтидан ўзга ҳеч қандай насиба йўқдир. Уларнинг бу дунёда қилган барча яхшиликлари беҳуда кетур ва қилиб ўтган амаллари бефойдадир.

(Ҳуд сураси 15, 16 оятлар)

Улар дин ҳақиқатини била туриб, золимларга айтмайдилар. Айтишдан қўрқадилар. Аксинча, золимларни мақтаб, улар истаган фатволарни чиқарадилар. Бундай илмни ва дин ҳақиқатини яширувчилар ҳам дунёда доим бўлишлигини қуръони каримда хабари берилган.

Биз нозил қилган ҳужжатлар ва ҳидоятдан иборат нарсаларни одамларга Китобда равшан қилиб берганимиздан кейин беркитган кимсаларни шубҳасиз Аллоҳ лаънатлагай ва лаънатловчи зотлар лаънатлагайлар.

(Бақара сураси 159 оят)

Демак, бундайлар малъун кимсалардир. Аллоҳ лаънатлаган кимсалардир.

Магар қайсилари тавба қилиб, ўзларини ўнглаб, (одамларга ҳақиқатни) очиқ айтсалар, бас, уларнинг тавбаларини қабул қиламан. Ва фақат Менгина тавбаларни қабул қилгувчи, раҳмлидирман.

(Бақара сураси 160 оят)

Булар туфайли холис имомлар бадном бўлдилар. Минглаб мусулмонлар турмаларга қамалдилар. булар динни ўз томорқаси қилиб олдилар. Турли бидъат тўйу маъракаларга бориб, пул олганлари етмагандек, қуръону ҳадисни сотиб пул ишлашга ўтдилар.

Китоблар ёзиб «бу китоб муаллифлик ҳаққим, менинг китобимни ҳеч ким мендан берухсат сотмасин» деб, бошқаларга шу китобларни чоп қилиб сотишни маън қилдилар. Агар бошқа китобфурушлар сотсалар ҳам халқ олиб ўқиса, муаллифга ажру савоб бўлардику?!

Лекин, улар фойдадан қуруқ қолишни истамасдилар. Савоб эса, унчалик муҳим масала эмасди.

Қуръону ҳадис ҳақиқатини одамларга айтиш, яширмасдан етказиш эвазига калтак еб, хорликка учраган имомларни бадном қилиб, «адашганлар» деб, фатволар беришди.

Ўзлари эса, китобу суннатни сотиб, золимларга маддоҳлик қилиб, иззату ҳурматда ошини ошаб, ёшини яшаб, халқни золимга мутеъ қилиб, бидъату хурофотларни «мазҳаб амалидан» деб, жар солиб, одамларни ўз шахсига қул қилиб, ўтиб кетдилар.

Пайғамбарлар Аллоҳдан келган ҳақиқатни сотган эмаслар. Буни одамларга ҳеч бир эвазсиз етказиш, зиммаларидаги вазифа деб, тушунганлар. Бу даъвати учун, одамлардан ажру мукофот сўрамаганлар.

Қуръони каримда Нуҳ алайҳиссалом тилидан шундай дейилади;

Мен сизлардан бу (даъватим) учун ажр-мукофот сўрамайман. Менинг ажр-мукофотим фақат барча оламларнинг Парвардигори Аллоҳнинг зиммасидадир.

(Шуаро сураси 109 оят)

Ҳуд алайҳиссалом тилидан шундай дейилади;

Мен бу (даъватим) учун сизлардан ажр-мукофот сўрамайман. Менинг ажр-мукофотим фақат барча оламларнинг Парвардигори зиммасидадир.

(Шуаро сураси 127 оят)

Солиҳ алайҳиссалом тилидан шундай дейилади;

Мен бу (даъватим) учун сизлардан ажр-мукофот сўрамайман. Менинг ажр-мукофотим фақат барча оламларнинг Парвардигори зиммасидадир.

(Шуаро сураси 145 оят)

Лут алайҳиссалом тилидан шундай дейилади;

Мен бу (даъватим) учун сизлардан ажр-мукофот сўрамайман. Менинг мукофотим фақат барча оламларнинг Парвардигори зиммасидадир.

(Шуаро сураси 164 оят)

Шуайб алайҳиссалом тилидан шундай дейилади;

Мен бу (даъватим) учун сизлардан ажр-мукофот сўрамайман. Менинг ажр-мукофотим фақат барча оламларнинг Парвардигори зиммасидадир.

(Шуаро 180 оят)

Аллоҳу Таъоло Муҳаммад алайҳиссаломда ҳам шундай сифатлар борлигини зикр қилиб айтади;

Сиз улардан бу (даъватингиз) учун бирон ажр-ҳақ сўрамайсиз. Бу (Қуръон) фақатгина барча оламлар учун бир эслатмадир, холос.

(Юсуф сураси 104 оят)

Пайғамбарлар ва уларга эргашган уларнинг ҳақиқий ворислари бўлган олимлар дин ҳақиқатини одамларга бепул беминнат, тугун олмасдан, холисона етказишган ва яна шу етказиш йўлида кўп озору машаққатлар тортишган. Бугунги динфурушлар ўзларини «Пайғамбарларнинг ворисларимиз» деб, иддао қиладилару, китобфурушликдан бошқа иш қилмайдилар.

Улар қуръондаги «Оятларимни оз пулга сотманглар ва Мендангина қўрқинглар. (Бақара сураси 41 оят) оятини ҳам таржима қилиб сотишмоқда.

Имону исломни, бепулу беминнат етказиб, шу йўлда қатл қилинганларни эса, ҳеч андиша қилмасдан «адашганлар» дейишади.

Модомики, синов имон баробарида келар экан, кимларга оғир синовлар келди?

Кимлар бу йўлда қатл қилиндилар, қамалдилар, ватандан бадарға бўлдилар?

Кимлар эса, қўлини совуқ сувга урмасдан иссиқ ўрнини совутмасдан яшаб ўтишди ёки ўтмоқдалар?!

Кимнинг имони қанақа бўлганлигини, мана шундан ҳам қисман тасаввур қилишимиз мумкин.

Валлоҳу аълам!

……………

Муҳаммадсолиҳ Абутов

27 июл 2015 йил

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.