Қийноқлар ороли асираси: Бир кечада оқарган сочлар… ( 5 )
2006 йилнинг 30 май куни аппеляция ажрими ўқилди ва мени 8 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақидаги ҳукм ўз кучида қолдирилди… Шифокорлар қизимнинг кўз ёриш муддатини 1 июнга деб белгилашган эди. Шу сабабли ҳам суднинг то ўша кунга қадар чўзилишини жуда-жуда истагандим, аммо на чора….
Ҳукмни ўз кучида қолдириш ҳақидаги аппеляция ажрими ўқилиши биланоқ, атрофимни қуршаб олган милиционерлар жигарларим, дўстларим, адвокатларим билан хайр-хўшлашиб олишимга ҳам имкон бермай, қўлимга кишан солдилар-да, махсус машина томон судрадилар. Йўл-йўлакай адвокатларим – Муҳаррам опам ва Ҳусан Маҳбубовга: “Эртадан қолмасдан олдимга киринглар” – дея тайинладим.
Улардан: “Эртагаёқ Тоштурмага бориб, сиз билан учрашиш ҳаракатини бошлаймиз” – деган жавобни эшитгач, тинчланишга уринардим. Шу ондан эътиборан нафақат қамоққа, балки кутишга ҳам маҳкум бўлган эдим…
Қамоқда ўтирарканман, ташқаридаги каридордан оёқ товушлари эшитилди дегунча “Ҳозир мени учрашувга олиб чиқади, адвокатларим эса мени набирам билан қутлашади” деган умид ва ҳаяжондан вужудимга титроқ кирарди.
Афсуски, на 1 июнь, на 12 июнь кунлари ҳам мени йўқлаб ҳеч ким келмади… Икки жон қизимнинг тақдирида ёлғиз қолганидан хавотирга тушган юрагим оғриқдан увишар, дарду дунёим зулмат каби зим-зиё эди… Бироқ, ҳасратларимни бўлашай десам, тушунгувчи ҳеч бир зот йўқ ёнимда…
Ташқаридан хабар келавермагач, якка-ю ёлғиз дилпорам соғ-омонмикин деган ҳадик ич-этимни кемира бошлади. Улар ўз ваъдаларида туришди, ягонам, ёлғиз болам орқали ўч олишга маваффақ бўлишди, деган ҳадикли ўй қалбимни аёвсиз ўяр, хавотирларим кун сайин кучайиб борарди. Бу пайтда ғайриқонуний аппеляция ажрими устидан шикоят қилиш, аппеляция судлов жараёнидаги мажлислар баённомаси билан танишиб чиқишни қатъий талаб қилиш ҳам кўнглимга сиғмас эди…
Дастлабки суд мажлиси баённомаси билан танишиб чиқишимга шароит яратиб беришларини талаб қилганимда, улар турли важлар кўрсатишганди. Бироқ, талабимда қатъий туриб олганимдан кейингина суд мажлиси баённомаси билан таништиришга мажбур бўлишганди… Бу сафар ҳам шундай қилишга қурбим етмасди… Улар билан курашишга ўзимда куч топа олмасдим… Аксинча, ўзимни ўзим саволга тутар ва жавобни ўзимдан кутар, ўзимдан эшитишни талаб қилардим…
– Хўш?! Ўзингга қўшиб ёлғизгина қизингнинг ҳам ҳаётини хавфга солаётганингни билмасмидинг? Билардинг! Билиб туриб ҳам йўлингдан қайтмадинг! Энди нима қиласан? Ёлғизингнинг ҳаётига зомин бўлишган бўлса, бу айрилиққа қандай чидайсан? Дош бера оласанми? – дейди бир овоз ич-этимни тирнаб.
– Йўқ, йўқ, якка-ю ёлғизим Маҳлиёмга ҳеч нарса қилмаган. У соппа-соғ! – хавотирларимни рад этишга уринади ич-ичимдан яна бир овоз.
– Бунга ўзинг ишонасанми? Ишонсанг нега бунча ғамгинсан? Нега бунча паришонхотирсан?
– Шусиз ҳам қийма-қийма бўлган қалбимга туз сепишга уринма!
– Нима топдинг, нимага эришдинг шу қайсарлигинг, қатъиятинг билан? Нима топдинг ўзи танлаган йўлингда? Нималар топдинг ўзи?
– Қайдам… Нима топдим-а, нималарни йўқотдим… Билмадим…
– Биласан! Топганингдан йўқотганларинг кўплигини жуда яхши биласан, биласану тан олгинг келмайди, холос. Турмага тиқишлари – бир йўқотишинг бўлса, қизингнинг …. яна бир жудолигинг бўлади, агар билсанг…
Ўзим билан ўзим баҳслашар, тортишарканман, кейинги ўйларимдан ўзим ҳам сесканиб кетдим… ҳа, ҳар куни “ББС” ва “Озодлик” радиоларининг эшиттиришлари бўладиган соатларни интиқлик билан кутардим. Кунларимни радиодан “Қамоққа олинган ҳуқуқ фаоли Мўътабар Тожибоева набиралик бўлди” деган хабар янграб қолармикин деган илинжда ўтказардим.
Радиога умид билан қулоқ тутарканман, бир нарсадан, “Тожибоеванинг ёлғизгина фарзанди туғриқ пайтида нобуд бўлди. Ҳуқуқ фаолини руҳан синдириш илинжида ҳомиладор қизининг жонига тажоввуз қилдилар, бегуноҳ фарзандининг ҳаётига жанг солдилар! Натижада янги туғилган гўдак боқувчисиз қолди. Чунки Тожибоеванинг қизи билан турмуш курганлиги боис ишидан ҳайдалиб, таъқиблар остида қолган куёви тирикчилик илинжида Россияга иш қидириб кетишга мажбур бўлганди” – деган мазмундаги шум хабар эшитиб қолишдан жуда-жуда қўрқардим… Бундай руҳий азобларнинг устига тепгандек – озиқ-овқатларим ҳам тугаган. Очликдан азобланар, нима қилишимни билмасдим. Бу Тоштурмада фақатгина тушлик пайтида берадиган овқатининг ичидаги гўшти ва картошкасини ейиш мумкин, холос. Бошқа егуликларини танаввул қилишнинг умуман иложи йўқ…
…12 июнь ҳам ўтган кунлардек сокин ва рутубатли бўлди… Радиода ҳам менга оид бирор хабар йўқ. Аксига олгандек, аппеяция судининг тугашини кутиб туришгандек, кун ора менинг ишларимга оид хабарлар бериб турган матбуотлар ҳам сукут сақлаётгандек гуё… “Улар Маҳлиёмни ўлдиришган. Бундай қайғули хабарни менга етказишдан чўчиган адвокатим ҳам, Муҳаррам опам ҳам олдимга келишга журъат қилмаётир” – деган тўхтамга келиб бўлгандим… Оз бўлса-да ором олиш илинжида ётдим, аммо қани энди уйқу келса кўзимга… Туни билан тўлғоқ тутган аёлдек тўлғониб чиқдим. Қизим тирикмикин? Ёлғизим эсон-омон қутилиб олдимикин? Нега бунча тўлғоқ тутгандек қорнимда оғриқ турмаса? Тинчликмикин ишқилиб?
Хотиржамлик бўлсин-да, ишқилиб, Худойим! Ана шундай ўйлар ва илтижолар исканжасида хавотирларим тобора ортиб борар, оғриқнинг зўридан ўзимни қўярга жой тополмай, тинимсиз тўлғонар, ожизгина ингрардим. Шконканинг пастида ётган Гуля бошини кўтариб: “Тинчликми?” – деб сўради. “Қорнимда тўлғоқ тутгандек оғриқ бор, дарднинг зўридан чидай олмаяпман” – дедим кўз-ёш қилиб.
“Дод-вой”имни эшитган навбатчи постовойлар шифокор чақиришди. Лекин шифокор келмади. Оғриқ қолдирувчи ва тинчлантирувчи дорилардан бериб юборган экан, уларни ичганимдан сўнг, дард бир оз бўлса-да чекингандек бўлди. Аммо бари бир кўзга уйқу инмади. Камераларда чироқ ўчирилмасди. Айниқса, бизнинг камерамиздаги чироқ айнан менинг рўпарамда бўлганлиги боис, бемалол хат ёзиш мумкин эди. Соат тунги 3.00. Жойимдан секин сирғалиб чиқдим-да, адвокат бўлиб ишлайдиган опамга, барча адвокатларимга ва адвокатлик идораси номига бирма-бир хат ёзишга киришдим. Бироқ туғишганларимга, дийдорини соғинганим – суюкли қизимга ҳам нома битишни нечоғлик истамайин, имконият йўқ эди, афсус… Чунки тергов изоляторида сақланаётган маҳкумаларда фақат адвокатлари билангина хат ёзишиш хуқуқи бор эди, холос:
“Фарғона вилояти Охунбобоев туман ҳуқуқий маслаҳатхонаси адвокати Муҳаррам Тожибоевага
Тошкент шаҳридаги 1-сонли тергов изоляторида сақланаётган, Жиноят Кодексининг 216, 244-чи ва бошқа 11 та моддаси билан судланган маҳкума Мўътабар Тожибоевадан
А Р И З А
Мухтарама ҳимоячим! Танингиз сиҳат, уй ичилар тинчми? Опа, нега бунчалар ҳаяллаб кетдингизлар? Маҳлиёнинг ҳам аллақачонлар кўз ёриши керак эди. Докторлар белгиланган муддат ҳам ўтиб кетди-ку? Нима гап? Ягонам- жигарпорамдан жуда ҳам қаттиқ хавотирдаман. У эсон-омон қутилиб олдими, йўқми? Хабар келмаётганлиги учун ҳам кўнглимни турфа хавотирли ўйлар ўйиб юбормоқда… Ташвишдаман. Нима бўлган тақдирда ҳам, қизимнинг аҳволи ҳақида бор ҳақиқатни ёзишингизни илтимос қиламан. Агарда сиз етказмоқчи бўлган хабар машъум бўлса ҳам, эшитишим шарт. Мени тўғри тушунинг, опа…”.
Айтмоқчи бўлганларимни қоғозга туширарканман, ҳам айрилиқ, ҳам оғриқ, ҳам хавотир азобидан ўзимни тутолмас, ўксиб-ўксиб йиғлардим.
Ҳеч нарсадан бехабар ҳолатда хуррак отиб ухлаётган Гуляни уйғотиб юбормаслик учун, оғзимни чап қўлим билан беркитиб, овозимни чиқармасликка тиришганим сайин, елкам йиғининг зўридан силкиниб-силкиниб кетарди. Бўлмади. Тинимсиз оқаётган кўз ёшларим ёзаётган қоғоз устига томди-да, доғ ҳосил қилди. Уни кўрган одам аччиқ ёш эканлигини билиши қийин эмас. Нима бўлганда тақдирда ҳам яқинларим кўз-ёшимни кўришларини, азобланишларини истамасдим. Шунинг учун намланиб, доғ-дуғ бўлиб қолган хатимни ғижимлаб ташладим-да, ундаги ёзганларимни янги оқ қоғозга кўчиришга киришдим… Хатда бирор бир имкон топиб, мен билан тезроқ учрашишга рухсат олишларини тайинларканман, озиқ-овқатларим аллақачон адоғига етганлигини маълум қилиш билан бирга, кўпроқ турли егуликлар ҳам олиб келишларини сўраб ёзишни унутмадим.
Мен хатимни ёзиб тугатганимда умримизнинг яна бир куни ҳам ортда қолди. Тонг ёришиб келяпти… Не ажабки, тонгги 5 дан ўтганида қорнимдаги тўлғоқли дард ҳам танамни тарк этган эди… Ниҳоят тинчланиб уйқуга кетдим… Эрталаб руҳан эзилган ҳолда ўрнимдан турдим. Бет-қўлимни ювиб қайтганимда рўпарамда ўтирган Гуля менга ҳайратланиб тикиларкан, калта килиб қирқилган сочларимни ушлаб: “Вой, опа” – деди ваҳима билан. “Тинчликми?” – дедиму, жавобини кутмасданоқ тошойнага қарадим. Не кўз билан кўрайки, сочимнинг бир қисми оқариб кетган эди…
Ҳайратини яшира олмаган Гуля эрталабки текширувга келган тезкор бўлим офицерларига ҳам, бошқа камерадаги маҳбусларга ҳам сочларимга бир кечада қиров қўнганини эринмасдан ҳикоя қилар, каридорда бемалол юриш имкониятига эга бўлган маҳбуслар эса Гулянинг олдига келиш баҳонаси билан сочимга қўнган қировга зимдан разм солиб кетишарди. Бир кечада сочларимга оқ оралаб қолганлиги текширувчиларни ҳам таажжубга солганди. Шунинг учун бўлса керак, улар адвокатларим – Муҳаррам опам, Дилафрўз ва Ҳусанларнинг номига ёзган хатларимни тезда керакли манзилларга жўнатиб, рўйхатдан ўтказиб, юборилганлигини тасдиқловчи қоғозни менга дарҳол келтириб беришди…
…Орадан яна бир қанча азобли кунлар ўтган бўлса ҳам ҳануз ҳеч кимдан ҳеч қандай хабар йўқ… Бу вақт ичида мен аллақачонлар қизимни ўлдириб бўлганларига ўзимни ишонтириб бўлган эдим. “Якка-ю ягонам менинг курашларим эвазига кун кўрмасдан жувонмарг бўлиб кетди. Менинг овозимни ўчириш учун қизимни қурбон қилдилар. Лекин мен таслим бўлмаслигим, ғанимларим олдида кўз ёш тўкмаслигим керак. Тўмарис момомизнинг ҳам ёлғиз ўғлини ҳийла билан тузоққа туширишиб, қатл қилишганларида у йиғламаган, аксинча, янада матонат билан ғуссани енгган, янада қатъият билан курашга киришган. “Ожизлигимни билмасин, иродасизлигимдан ёғий бирор бир наф кўрмасин” дея кўз ёшларини ҳеч ҳам кўрсатмаган” – деб ўзимни-ўзим овутишга интилар, аммо ич-ичимдан отилиб келаётган йиғини тўхтата олмасдан, ҳўнг-ҳўнг йиғлар эдим…
Аҳволим шу тақлид кун сайин оғирлашиб борарди. Буни кўрган Тоштурманинг аёллар бўлими вакили Тоштурмани назорат қилувчи прокурор номига ариза ёзишим мумкинлигини айтди. Шундай қилдим. Ёзган аризамда прокурордан қизимнинг ҳаётидан қаттиқ ташвишланаётганимни ва унинг қандай аҳволда эканлигини адвокатларимга қўнғироқ қилиб, билиб беришларини сўрадим…
Аризам бўйича мени қабул қилган прокурор: “Ташвишланманг, қизингиз ҳақида албатта бирор бир маълумот аниқлаб беришга харакат қиламиз”, – деди бепарво оҳангда ва яна қўшиб қўйди,- Бироқ Тожибоева, сиз тергов изоляторидасиз. Тергов изоляторидаги маҳбусларнинг эса оила аъзолари билан хат ёзишишлари мумкин эмас. Шунингдек, қариндошларингиздан озиқ-овқат ҳам қабул қилиш таъқиқланди. Чунки сиз аллақачон аёллар қамоқхонаси ихтиёрига ўтказилгансиз.
– Қачон хат ёза олишим мумкин у ҳолда? – хитоб қилдим хавотир билан.
– Қачонки аёллар қамоқхонасига ўтказилганингиздан кейингина бемалол ёзишаверасиз, – деди у ҳозиржавоблик билан.
– У ҳолда мени тезроқ ўша ерга жўнатишларингизни талаб қиламан, – дедим дангал, – бунинг учун нима қилишим керак?
Мендан бундай талабни кутмаган суҳбатдошим кўзларини катта-катта очганича ҳайратдан қотиб қолди…
…Ниҳоят, 28 июнь кунигина менга дийдорлашиш насиб этди. “Ким билан учрашаман?” – сўрадим сабрсизлик билан. “Чиққанда биласиз” дея жавоб қайтаришди совуққонлик билан… Тоштурманинг узун йўлагидан ўтиб борарканман, югургим, йўқ, қанот қоққудек учгим, қизимнинг соғ-омонлигини тезроқ суриштириб билгим келарди… Аксига олиб оёқ қўлларим титрар, тобора ҳолсизланиб борардим… Камерага кирганимда Муҳаррам опамга кўзим тушди-ю, югургилаб бориб уни қучоқлаганча йиғлаб юбордим. Ҳолсиз танамни қучган опам елкамга қоққанича, мени юпатишга тушди:
– Нимага йиғлайсан, қувонишинг керак. Мана, қарагин, мен сенга кимнинг суратини олиб келдим: кўргин, мана, набиралик бўлдинг. Қизалоқ. Табриклайман, бувиси, – опам нечоғлик хушчақчақ оҳангда гапиришга уринмасин, овозлари титраб кетди, – Исмини Зебохон қўйдик, Мўътабар…
У сумкасидан 5-6 та расмларни оларкан, ҳаяжондан титраётган қўллари билан менга узатди. Опамнинг қўлларидан юлқиб олган суратларга тикилдим ва уни бағримга босганимча уввос солиб йиғлай бошладим. “Она бўлиб ёлғизгина қизимнинг қувончига шерик бўлолмадим, икки дунё оралиғида тўлғанаётган қизимнинг ёнида туролмадим, яхши кунларни кўриш насиб этмади. Шукур, ўзингга шукур, Яратганим” – дея пичирлардим ҳиққиллаб. Аянчли фарёдимни эшитган постовойлар югургилаб келишди:
– Нима гап? Тинчликми? – ўдағайлади улардан бири.
– Ҳеч гап йўқ. синглим набиралик бўлганди. Шу хабарни эшитиб қизини ёнида бўлмаганига ўкинмоқда… Хавотирланманг, бораверинг, – деди опам уларни тинчлантириб. Улар изларига қайтишди. Мен эса янги туғилган чақалоғини опичлаб турган қизим акс этган суратдан кўзимни узолмасдим . Набирам кўзчаларини юмиб ётарди… Уларни кўриб, тинчланиш ўрнига яна эзилиб-эзилиб йиғлай бошладим…
– Хайрият, болагинам тирик экан, нега олдинроқ хабар бермадинглар? Бугун кўзи ёриганига 28 кун бўлди-ку? Наҳотки шунча кун хабардор қилишнинг имкони бўлмаган бўлса? – сўрадим алам билан.
– Йўқ, Маҳлиё дўхтирлар айтган санада туғмади. 13 июнь куни тонгги бешларда кўзи ёриди. 12 июнь куни кечга яқин элтгандик туғруқхонага. То тонггача тўлғоқ тутиб чиқди. Заҳро опам билан Насибахон сенинг йўқлигингни билдирмаслик учун туни билан Маҳлиёни ёнида бўлишди. Тўлғоғи ёмон кечди. Тинмасдан: “Аяжон, қанисиз?” – деб додлаб чиқди ўзиям. Тонгга бориб “аяжон” деб додлаганча кўзи ёриди. Кейин сендан айнан шу кунги число билан ёзилган хат олдик. Опаларим: “Она-да, қаранг, кўнгли сезган экан”, – дейишди. Ҳозир қизинг ҳам, набиранг ҳам соғ-саломат. Кўп хавотирланаверма, биз бормиз-ку, ёлғизлатиб қўймаймиз қизингни,- деди опам кўзлари ёшланиб.
– Қайси куни туғди, дедингиз?
– 12 июнь куни кечга яқин туғруқхонага олиб боришган эди… Лекин эрталабгача дарднинг зўридан тўлғониб чиққан… Тонгги соат бешда кўзи ёриган…
– Наҳотки?!- дедим ҳайратланиб, – наҳотки сиз айтгандек бўлган бўлса?!
– Тинчликми, намунча ҳайратландинг? – сўради опам ажабланиб.
– Айнан шу куни мен ҳам туни билан ухлай олмай, дард тутгандек тонггача тўлғониб чиққандим. Қорнимдаги оғриқнинг зўридан кўзимга уйқу келмаганлиги учун ҳам вақтни ўтказиш илинжида саҳарга қадар сизларга ўша хатларни ёзиб ўтиргандим. Саҳардагина оғриқлар босилиб, бошимни ёстиққа қўйдиму, ухлаб қолдим. Ўшанда, адашмасам, соат бешлар эди. Қаранг, ўшанда Маҳлиёнинг тўлғоқ дардини вужудим сезган экану, аммо унинг айнан шу куни кўзи ёриши хаёлимга ҳам келмаган экан. 13 июнь куни эрталаб қарасам… – дедим опамга пешонамдаги оқариб кетган сочимни кўрсатиб, – Кўраяпсизми? Мана шу савил пайдо бўлибди.
– Вой, ўлмасам, – деди опам таажжубланиб,- ўзинг атай шу бир ҳовуч сочингни оққа бўяб олгансан деб ўйлабман. Сочларинг Маҳлиёни тўлғоқ тутган кун оқариб кетганмиди ҳали?!
– Ҳа-да. Қизим агар 13 июнь куни саҳарда туққан бўлса, демак, тўппа-тўғри, айнан ўша куни сочимга оқ оралаганди. Оралаганда ҳам…,- сўзимни тугатоломадим. Бўғзимга нимадир тиқилгандек бўлди. Йўқ, нимадир эмас, алам аралаш йиғи тиқилиб келди бўғзимга. Ортиқ гапира олмай, опамга мунгли термулдим.
– Мен сенга барча керакли нарсаларни олиб келдим. Озиқ-овқатларни ҳам, – фикримни чалғитиш мақсадида опам гапни бошқа ёққа бурди, – Ҳа, айтганча, сендаги ҳужжатларингни ҳам олиб кетишим керак эди-а? Уларни ҳам олиб чиқавермабсанда? Мен кираётганимда уларга кийим-кечаклар ва ҳужжатларни олиб олиб кетишим кераклигини айтгандим. Улар рози бўлишди. Лекин бугун кийим-кечакларини олиб кетаверинг, эртага эрталаб келсангиз, яна учрашувга рухсат берамиз, ана шунда ҳужжатларни ҳам олиб кетасиз, дейишди.
– Ҳа, сизга бериб юборишим керак бўлган кийимларимни улар аллақачон мендан қабул қилиб олишган, лекин ҳужжатларимни уларнинг кўлига топширишдан чўчидим. Эссиз, бугун айнан сизнинг келишингизни билмагандим-да. Айтишмади. Бошқа адвокатларим бўлганида ҳам олиб чиқардиму, аммо адвокат билан учрашувга чиқасиз, деб ҳам огоҳлантиришмаганди мени. Шунинг учун ҳужжатларимни олиб чиқишга иккиланган эдим… Аттанг…, дедим афсусланиб, – Ҳа, майли, эртага келганингизда олиб чиқаман.
Опам билан узоқ гаплашиб ўтирдик. Аммо бир-биримизнинг дийдоримизга тўймаган эдик. Бироқ, энди мен жуда хотиржам, ҳатто хурсанд ҳам эдим. Қизим соғ-омон, унга зиён етмабди. Боласи бағрида. Менинг ишларимни давомчиси – набирам бор энди. Ғоятда бахтиёрман. Энди менга деса, жаҳаннамга юборишмайдими, барчасига тайёр эдим. Фақат… Фақат шу ҳужжатларим… Уларни ишончли қўлларга топширишим шарт… Ана шу истакда эртаси куни опамни у-з-о-қ кутдим. Жуда кўп… Бироқ…
Fikr bildirish