Қийноқлар ороли асираси. Аёллар қамоқхонаси – Руҳий касалликлар бўлимида!!! ( 9 )
Қамоқхонадаги иккинчи куним ҳам тўс-тўполон, бақир-чақир билан бошланди.
Қаттиқ тарақ-туруқ, қий-чувдан уйғониб кетдим. Эндигина тонг отган бўлишига қарамай ташқи ҳовличада аллақачон икки маҳкума бир-бирини қора қонга бўяб улгурган, қўлларига тушган нарса билан “қуролланган” хонимлар бир-бирига қутирган шердай ҳамла қиларди. “Томошабин” вазифасини уддалаётган Таня менга “жўжа-хўрозлар”ни таништира кетди: “Анави узун супирги билан рақибига қақшатгич зарба бераётгани Гуля, ҳўл сочиғини хивчин қилиб, “душмани”ни аёвсиз савалаётгани эса Хадича. Оғзи-бурни қонга тўлиб муштлашаётганларни ҳузур қилиб кузатаётганлардан бири Катя”.
Танянинг айтишича, бу икки жангари айнан ана шу Катяни талашиб ташлашаётган эмиш. Кимнинг қўли баланд келса, Катя шунга тегишли бўларкан. Уни қўлга киритиш орзусидаги маҳкумалар жондан кечса кечадики, ундан воз кечишмасмиш. Шунинг учун бўлса керак маҳкумалар жанги барҳам топай демасди…
– Айтадилар-ку эр бермоқ, жон бермоқ деб,- деди шу пайт “томошабинлар”дан кимдир. Мавжуд вазиятга тўғри келмайдиган иборанинг ўринсиз қўлланиши ғашимга тегди. “Мақолнинг мағзини билса гапирса-да” – дедим ўз кўнглимда икки қошларимнинг ўртаси норози тугилиб.
– Буларнинг жанжалига ахмоқ одамгина аралашади, Мўътабар, – дея қўшиб қўйди Таня “доно”лигини кўз- кўз қилгандек.
– Аралашиш ниятим йўқ мени, – дедим ювиниш учун сумкамдан сочиқ-совунимни оларканман….
* * *
Мен қамоқхонага келтирилишимдан икки кун олдин узоқ муддатли учрашувга чиққан Мадина бугун каттагина озиқ овқатга тўла сумкани кўтариб учрашувдан қайтди. У палатага кириб келиши билан дарҳол беш-олтита маҳкумалар уни атрофида парвона бўлиб, унга ялтоқлана бошлашди. Сумкасидаги егуликларни кичик идишлар, пиёлаларга солиб, беш-олтита маҳкумага тарқатган Мадина яна тўрт бешта маҳкумага мулозамат кўрсатиб уларни бирга овқатланишга чақирди. Унинг ёнгинасидаги кроватда эса бир маҳкума ҳолсиз ётарди. Унинг шундоққина биқинида эса тўп бўлиб, овқатланишмоқда.
Кўз қирим билан палатани кузатарканман, егулик улашилмаган маҳкумаларнинг мунғайиб қолганларига гувоҳ бўлдим. Улар палатага ҳукмронлик қилган овқат ҳиди димоқларини қитиқлаб, иштаҳаларини очиб юборишларидан чўчиётгандек устма-уст тамаки тутатишарди. Йўқ, аслида паловхонтўранинг хушбуй ҳиди шундайин ҳам оч бўлган бу маҳкумаларнинг аллақачон иштаҳасини карнай қилиб улгурган, улар ана шу бемаврид очилган иштаҳасини бўғиш учун ҳам сигаретни бир–бирига улаб чекардилар.
Уларни кузатарканман, вужудим титраб кетди: Бечоралар… наҳотки мен ҳам ҳали шундай ҳолатга тушиб қолсам, деган қўрқувдан этим увишди. Бир неча кундан кейин егуликларим тугаса, нима қиламан – билмайман. Керакли нарсаларни юборишларини тайинлаб тезроқ уйдагиларга хат ёзиб жўнатишим кераклигини англагандим ўшанда…
Ёнингда очликдан мўлтираб турган маҳкумаларнинг кўзи ўнгида томоғидан овқат ўтадими кишининг? “Зонада очликдан силласи қуриб кетган маҳкумани ёнида бошқа бир маҳкума шериги бемалол овқатланиб ўтираверади. Қамоқда бир дона қандни ёки бир бурда нонни маҳкумалар бир бирига шунчаки мурувват қилиб бермайдилар, беролмайдилар. Чунки маҳкумалар доимо очликдан, йўқчиликдан қийналадилар” деганларида ишонмагандим. Мана ўзим гувоҳи бўлиб ўтирибман.
Шу пайт ичкаридаги палатадан озғинлигидан букчайиб қолган ўрта ёшлардаги бир рус аёл қўлида кичкинагина идиши билан чиқиб келди-да, ошхўрлик қилиб ўтирганлар яқинига бориб, нимадир деб шивирлади. Назаримда,, озгина ошдан беришларини сўраб, очлигини айтди чамаси. Унинг сўрови маъқул келмади, шекилли, узун бўйли маҳкума (кейин билишимча Жайнак лақабли Нилуфар деган лўли қиз экан) шартта ўрнидан туриб, ҳалиги рус аёлни ёқасидан олди-да, силтаб-силтаб: “Йўқол, иштаҳани белига тепмасдан!” – деб ўкирганча, итариб юборди.
Бундай ноҳуш ҳолатни кузатарканман, сумкамдан битта идишга қуритилган нон, битта “«Галина Бланка»”, бир пачка KARVON сигарет ва бир сиқим конфет олиб, қўшни палатага ўтдим. Очликданми, хўрликданми, эзилиб йиғлаётган аёлнинг ёнига бориб, уни ўзимга қаратдим. “Мана бу “«Галина Бланка»”дан суп қилиб, сухари билан ичиб олинг” дедим. Аёл мен келтирган нарсаларга бир зум қараб турди-да, бадтар ҳўрлиги келиб, яна йиғлаб юборди. Мен уни нима деб юпатишни билмай, нарсаларни қолдириб, секингина ундан узоқлашдим. Мен нари кетгач, аёл идишимдаги нарсаларни маҳкам бағрига босди.
Палатадаги меҳмондорчиликдан баҳраманд бўлмай қолган бечоралардан яна бири Муҳаббат келиб мени ёнимга чўкди.
– Мўътабар опа, сиздан бир нарса сўрамоқчи эдим? Рустам ака сизга ким бўлади? Ростдан ҳам қариндошингизми? – сирли шивирлади у.
– Нега сўраб қолдингиз?
– Биласизми, қариндошингизми десам, у лўли, қариндошингиз эмас десам, иккалангизнинг юз тузилишингиз жуда ўхшаб кетади, сочларингиз ҳам бир хил кесилган… бир бирингизга ўхшаш жойларингиз кўп… Ҳаттоки фамилияларингиз ҳам бир хил, – деди Муҳаббат чўкиб кетган кўзларини пирпиратиб, – Биласизми, Рустам акамни хотини бор. Янгамизнинг исмлари Саидахон. Хоразмлик. Айтмоқчи, биласизми, бу ерда кобелларгина сизникидақа калта қирқилган соч билан юришади. Сизнинг бошингизни ҳам иккита қилиб қўяйликми? Кейин сизга исм ҳам қўямиз. Мана, масалан Баҳодир ака. Рустам ва Баҳодир. Қалай?! Зўр-а!? Бўладими?.
– Йиғиштиринг унақа майнавозчиликни! Азалдан сочим шунақа қирқилган бўлса, энди бу ерда кобелларнигина сочи шунақа бўларкан, деб энди кобел бўлайми?
– Нима бўпти?!- дея кулди Муҳаббат, – Биттасига уйланиб оласиз, қарабсизки, ҳамма хизматингизни қилиб юради хотинингиз. Кирларингизни ювади, дазмоллаш дегандек…
– Бас қилинг!;- дея амр қилдим хиринглаётган Муҳаббатга.
– Ҳазиллашдим, опажон, ҳазиллашдим. Сиздан бир нарса сўрамоқчи эдим. Шунга келдим олдингизга.
– Сўранг? Бундан кейин бугунгидек беъмани гапларингизни менга қайтариб гапирманг. Мен бунақа гапларингизни эшитадиган одам эмасман;- дедим гапни қисқа қилиб.
* * *
Ёнимга ўтириб олиб мўлтонилик қилаётган Муҳаббат рўпарамизда қошиқларини чарақ чуруқ қилиб ошни ошалаётганларга ўғринча ютиниб қараб қўйиб, мақсадга ўтди:
– Биласизми опа, мен асли Сурхандарёликман. Оилада икки фарзандмиз. Мен ва синглим. Мана 6 йилдирки қамоқдаман. Оиламдагилар на хат ёзишади, на кўргани келишади. Шу олти йил ичида ҳатто бир мартагина ҳам передача жўнатишгани йўқ. Яхшиямки ВИЧни орттириб олган эканман. Касаллигим учун бериладиган тухум, қанд ва творогларни сотиб кун кўраман. Бир кун носим бўлмаса, жинни бўлиб қолай дейман,- деди Муҳаббат аянчли аҳволини ошкор қилиб, – Гуллола айтди, барча қариндошларингиз сизни яхши кўришар экан. Фарғона турмасида сиз билан маза қилиб ўтирганини гапириб берди. Шундай одам бу ерга запаслар билан келган бўлсангиз керак.
Илтимос, менга биттагина тиш пастаси билан кир совун беринг. Тиш пастам қолмаганига бир ойдан ошди. Сотиб олай десам қиммат. Кир совун берсангиз, ҳозироқ кирларимни ювиб олардим. Хлор топиб берсангиз, сизнинг тўшакпўшнгизни ҳам оқартириб берардим, хоҳлайсизми? Айтмоқчи, тухумми, нонми керак бўлса, менга айтинг, ўзимникини сотаман сизга. Ўзимда бўлмаса, топиб бераман, – тинимсиз сўзлар, гапларини тугатай демасди, – Ҳа, яна, опажоним, хафа бўлмасангиз, яна бир нарса сўрасам… Сизда иккита қора майка бор экан. Кеча нарсаларингизни жойлаётганингизда кўзим тушган эди.
Менинг биттагина мана шу майкам бор, холос,- у азбаройи эскилигидан ранглари ўчиб, титилиб кетган эгнидаги майкасига ишора қилиб, оғир хўрсинди, – Опажон, биттагина майкангизни берсангиз, умримнинг охиригача дуо қилиб ўтардим. Умрим охиригача деганимга, 50 ёшга кирса, шунча йил эсидан чиқармасдан дуо қиларканми мени, алдаяпти, деб ўйламанг яна. Касалим охирги стадиясида. Буёғи ҳам оз қолган, – ич-ичига кириб кетган нурсиз кўзларига ёш тўлди унинг…
Бир пайтлар рисоладагидек қиз бўлган экан у ҳам. Аммо “яхшининг шарофати, ёмоннинг касофати” деганларидек, ёмон одамларга илакишиб, гиёҳвандлик дардига мубтало бўлган экан. У савилнинг бир грамми фалон пул турса, ўз вақтида таъмини тотиб турмаса бўлмайди, олай деса, ҳалигидек, нархи осмонда… Нима қилсин, охири бўлмади, ҳатто ўз уйига ҳам ўғирликка тушиш даражасига бориб етди шунинг дардида.
Ярим тунда ухлаб ётган синглисининг қулоғидан тилло зирагини ечиб олмоқчи бўлиб уринган, бўлавермагач, юлқиб қочган. Зиракни шунчалар куч билан тортганки, оқибатда синглиси бечоранинг қулоғи йиртилиб кетган. Бундай бедодликдан дарғазаб бўлган ота-онаси Муҳаббатни қайтиб кечиришмаган, ундан бутунлай воз кечишган… Муҳаббат аччиқ ўтмишини эслаб ҳикоя қиларкан, аламдан эзилиб йиғлар, кўз ёшини тўхтата олмасди. Шу тобда унга раҳмим келиб кетди. Йиғлашни, кўз ёш тўкишни унутмабдими, демак ҳали одамийлик қиёфасини батамом унутмаган…
Шу ўйлар оғушида унга битта кирсовун ва каттагина тиш пастасини узатдим. “Майка ҳам беринг, опажон”, дея мўлтираган эди, яп-янги қора майкамнинг ҳам биттасини беришга қарор қилдим. У майкани оларкан, фикрим ўзгариб қолишидан қўрққандек, дарҳол эгнидаги жулдурвақо майкани ечиб, янгисини илиб олди. У мени дуо қила-қила мендан узоқлашганди ҳамки, палатага Гуллола кириб келди:
– Опажон, бу нима қилганингиз? Нега нарсаларингизни тарқатиииб ўтирибсиз?- хитоб қилди у ташқарига чиқиб маҳкумаларни майкасини кўрсатиб мақтанаётган Муҳаббатдан кўз узмасдан.
– Бечора олти йилдан бери қамоқда экан. Ортидан ҳеч ким йўқлаб ҳам келмасакан-ку. Йиғлади шўрлик, раҳмим келди,- дедим ачиниш билан.
– Эҳ, опа-ей, ҳали зонага чиқсангиз сон мингта очни кўрасиз. Уларнинг барчасини ҳам таъминлайман, дерсиз ҳали? Шунча одамга қаердан топиб берасиз нарсаларни? Ҳаммаси ҳам бер дейди, мошенниклик қилиб кўз ёши тўкади, раҳмингизни келтириш учун. Сизни қаранг-у, содда бўлманг-да. Нима учун оила аъзолари Муҳаббатдан юз ўгирган, биласизми ўзи? – ғазаб билан пишқирди Гуллола ва жавобимни кутмасдан яна ўзи жаврай кетди, – гера домига тортиб олиб, ўз уйига ўғриликка тушган у. Ухлаб ётган синглисининг қулоғидаги болдоғини ечиб олмоқчи бўлган. Уддасидан чиқолмагач, биласизми, нима қилган?! Ўз синглисининг битта қулоғини балдоғ-палдоғи билан кесиб олган. Оғриқдан уйғониб кетган синглиси опасини таниб қолган.
Шунда Муҳаббат: “Айтсанг, ўлдираман!” – деб қўлидаги пичоқни синглисининг бўғзига тираб қўрқитган-да, оғриқнинг зўрига чирриллаб йиғлаётган синглисини тагига босиб туриб, иккинчи пой зиракни ҳам унинг қулоғидан ечиб олиб қочган. Мана сизга, раҳмингиз келган одамнинг аҳволи! – у кўрсатгич бармоғини ҳавода ўйнатаркан кейинги сўзларига алоҳида урғу берди, – Шуни билиб олинг, опагинам, бу ерда бир-бирини шилишнинг уч хил усули бор: биринчиси – дўқ- пўписа билан тортиб олиш; иккинчиси – мулойим гаплар-у, йиғи-сиғи билан кўнглингизни юмшатиш орқали шилиш. Учинчи тоифадагилар эса на дўқ қилади ва на ялинади. Жимгина ўмаришади.
Сиз эндигина икки хил усулига дуч келдингиз. Агар Самара ҳам сиздан сигаретни ялиниб сўраганида эди, берардингиз. Қўрқитиш йўли билан сиздан нарса ундириб бўлмаслигини билган Муха (Муҳаббатнинг лақаби шундай эди) раҳмингизни келтириб, Самара сўрагандан ҳам кўпроқ нарсаларингизни тортиб олди. Бу ерда деярли ҳамма маҳкумалар бир-бирини мана шундай алдаб-авраб кун кўришади, агар билсангиз.
Менинг бир сўз демай, сукут сақлаб турганимни кўрган Гуллола яна ўз гапларини асослаш мақсадида уқтира кетди, – Ана, тушлик пайтида Муханинг ВИЧ касалларига бериладиган нарсаларидан б-и-и-р сўраб кўринг-чи? Беришга кўзи қиярмикин? Сиз келганингиздан буён бизга шерик бўлиб олган. Сизнинг нарсаларингиз ҳисобига кун кўрмоқда. Лекин ўзига бериладиган тухум, қанд ёки творогидан бирор маротаба ҳам ўртага ташлаганини кўрдингизми? Йўқ. Ўзининг нарсасидан дастурхонга қўймайди, қизғанади, тўғрими? Шунақа, ўзига берилаётган нарсаларини сотади-да, яна уялмай-нетмай сизни нарсангизга шерик бўлади.
– Қайдам… – дедим бирор бир аниқ фикр билдиришга иккиланиб.
– Эсингиздан чиқмасин, албатта, атай сўраб кўринг. Ўшанда биласиз бу раҳмингизни келтириш учун сохта йиғи-сиғи қилган Муханинг ҳақиқий қиёфасини? Сизда тамаки кўплигини билгани учунам кўпроқ сигарет ундиришга ҳаракат қилади сиздан. Ишонмасангиз, б-и-и-р синаб кўринг-а, кейин ўзингиз биласиз…
Тушлик маҳалида палатага кириб келган Муха қўлидаги кичик бир помидорни боши узра кўтариб: “Ким помидор олади? Кимга керак?” – деб кўз-кўз қила бошлади. Гуллола мени туртди-да, “сўранг” дегандек имо қилди.
– Муха, менга бера қолинг шу помидорингизни? – сўрадим синаш учун.
– Қиммат-да, – деди у бошини раққосалардек ликкиллатиб.
– Хўп, қанча?
– Сизга уч пачка Карвон,- деди у кўрсатгич, ўрта ва номсиз бармоқларини кўрсатаркан.
– Йўғ-е? Қиммат эмасми? Келинг, икки пачка Карвонга бера қолинг, – дедим молининг нархини тушириб, – шу ерда ўзимиз бўлишиб еймиз.
– Қўйсангиз-чи, онажон, помидорсиз овқатлансам ҳам тешиб чиқмайди мени. Ундан кўра пуллаганим афзал. Агар сотиб олмоқчи бўлсангиз, айтилган миқдордаги Карвонни чўзинг-да, кейин бемалол дастурхонга кўяверинг, – деди у эшилиб.
Мен у қадар гўл ва содда эмас эдим. Ҳалигина 8-9 пачка PINEнинг нархини қоплайдиган нарсаларимни олган ва бу ерга келганимдан буён нарсаларимни ўртада еяётган Мухани шунчаки, синаб кўргим келганди, холос.
– Майли, розиман, олиб келинг,- дедим.
-Эээ, йўқ, олдин сигаретларни чўзинг, онажон, кейин оласиз помидорни, – деди Муҳаббат.
Сумкамдан 3 пачка Карвон сигаретни олиб унга узатдим. Муҳаббат менга чумчуқнинг тухумидек помидорини берганидан кейин, уни тўртга бўлиб, дастурхонга қўйдим. Не ажабки, помидор бўлагига биринчилардан бўлиб қўл чўзган Муха уни апил-тапил оғзига тақди.
Ўзига тегишли сарёғни нон бўлагига ҳафсала билан суртиб еб тугатгач, яна бир бурда нонга ўзига тегишли бўлмаган сарёғни ҳам олиб, қалин қилиб суркаб танаввул қилишга тушди. Мен уч пачка Карвонга яхшигина сабоқ сотиб олган эдим ўзимга…
Fikr bildirish