Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 533 йиллигига (адабий-бадиий-мусиқий дастур)
“TUG’YON” радиосининг бугунги дастури буюк бобокалонимиз, ўзбек мумтоз адабиётининг йирик вакили, тарихчи, давлат арбоби, истеъдодли саркарда, бобурийлар сулоласи асосчиси, темурий шаҳзода, шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 533 йиллигига бағишланди.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур Ўрта аср Шарқ маданияти, адабиёти ва шеъриятида ўзига хос ўрин эгаллаган адиб, шоир, олим бўлиш била…н бирга йирик давлат арбоби ва саркарда ҳамдир. Бобур кенг дунёқараши ва мукаммал ақл-заковати билан Ҳиндистонда Бобурийлар сулоласига асос солиб, бу мамлакат тарихида давлат арбоби сифатида номи қолган бўлса, сержило ўзбек тилида ёзилган «Бобурнома» асари билан жаҳоннинг машҳур тарихнавис олимлари қаторидан ҳам жой олди.
Унинг нафис ғазал ва рубоийлари туркий шеъриятининг энг нодир дурдоналари бўлиб, «Мубаййин» «Хатти Бобурий», «Ҳарб иши», Аруз ҳақидаги рисолалари эса ислом қонуншунослиги, шеърият ва тил назарияси соҳаларига муносиб ҳисса бўлиб қўшилди.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур 1483 йилнинг 14 февралида Андижонда, Фарғона улусининг ҳокими Умар Шайх Мирзо оиласида дунёга келди. Бу даврда Марказий Осиё ва Хуросонда турли ҳокимлар, ака-укалар, тоға-жиянлар, амакиваччалар ўртасида ҳокимият — улуғ боболари Амир Темур тузган йирик давлатга эгалик қилиш учун кураш ниҳоят кескинлашган эди…
Fikr bildirish