“Айтсам ўлдирурлар, айтмасам ўлам“. Алишер Илҳомов ким ўзи?!

alisher-ilhamov

Келгуси сонларда, яъни ушбу мақоламнинг давомида Алишер Илҳомовнинг мени қочқинлар муаммоси билан шуғулланишим мумкинмаслиги, бу иш билан шуғулланадиган вакиллари борлиги ҳақидаги тутуруқсиз талаблари ва Гулнора Каримованинг жиноят йўли билан топган ва Швейцарияда музлатилган пулни ўзбеклардан, кенг жамоатчиликдан яширин тарзда тузганлари жамғармага ўтказиш учун қилган уринишларига қаршилик қилганим сабабли, менинг ташкилотимга нисбатан “Молиявий санкция” эълон қилгани, бу санкциядан Сорос жамғармасининг раҳбарлари бехабар бўлсалар-да, бошқа жамғармаларга ҳам менинг ташкилотим Сорос жамғармасининг қора рўйхатига олингани ҳақида ёлғон хабарлар тарқатганликлари, унинг ва шерикларининг бу фитналарига Сорос жамғармасининг 2014-2015 йилларда қисқа муддатда Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари дастурлари бўйича ишлаб, кейинчалик ишдан хайдалган ходимаси Анастасия Хозяинованинг қўшган хиссаси ҳақида баён қиламан.


Тарихга бир назар

“Ўтюраклар Клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти 2000 йил 17 январда Ўзбекистон Республикаси Фарғона вилояти Марғилон шаҳрининг кўп қаватли уйлардан ташкил топган “Зуҳро” маҳалласида ЎзХДП Бошланғич партия ташкилоти қошида 5 нафар маҳалладош аёллар, оналар томонидан маҳалладаги авж олиб бораётган гиёҳвандликка қарши кураш учун ташкил этилганди.

“Ўтюраклар Клуби”нинг фаолияти мамлакат миқёсида кучайиб боришига маҳаллий ва марказий ОАВ билан жамоатчи журналист сифатида олиб борган ҳамкорлигим ҳам катта кўмак берган.

2000 йилдан 2001 йил якунигача Ўзбекистон Ҳалқ Демократик Партияси қошида ташкил этилган бу клубнинг фаолияти ҳар томонлама қўллаб қувватланди, клубнинг иш фаолияти ҳақида махсус кўрсатувлар, эшиттиришлар, мақола ва очерклар ёзилди.

Қачонки 2002 йилнинг февраль ойида “Зухро” маҳалласининг ахлатхонасидан 13 ёшли гиёҳванд Эминчаев Ихтиёрнинг жасади топилгани, Марғилон шахар прокуратураси бу гўдакнинг ўлимини тасодифий ўлим деб жиноят иши қўзғашдан бош тортганида, бу ўлим тасодифий эмас, Фарғона вилояти маъмурий органлари томонидан қўлга олинган ва йўқ қилинди деб расмийлаштирилган наркотик моддаларни қайтадан пуллаш билан шуғулланувчи “барыга” Муҳаббатнинг уйида катта дозада наркота қабул қилиб ўлганлигини, уйида ўлиб қолган гўдакни қишнинг қаҳратон совуғида кўчага аҳлатхонага олиб чиқиб ташланганлигини исботлаб, прокуратуранинг жиноят ишини ёпиш қарорини бекор қилишга мажбур қилганимиздан кейин бизларга, “Ўтюраклар Клуби”га қарши кампаниялар бошланди.

Қачонки Марғилон МХХ вакиллари томонидан қийнаб ўлдириб, кейинчалик мурдаси каналга ташланган Алимуҳаммад Мамадалиев масаласига аралашганим, Мамадалиев яшаган ва қамалда қолдирилиб босимлар ўтказилаётган Дўрмон қишлоғи ҳалқини ҳимоясига отланганим, Америкалик журналист Скотт Петерсенни Дўрмон қишлоғига олиб бориб, жабрдийдалар билан учрашувлар уюштириб берганим натижасида мени “чет эл шпиони”, “Ўтюраклар Клуби”ни эса мамлакатда таъқиқланган ташкилот деган талқинлар бошланди.

Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг 2002 йил 6 июнь кунги айблов хукми билан МХХ Марғилон шаҳар худудий бўлими бошлиғи Ҳамидхўжа Саидов, МХХ инспектори Абдушукур Мирзаевлар 15 йилдан, МХХ инспектори Бобур Фозилов эса 5 йилга қамоқ жазосига хукм қилинди. Ушбу суд жараёнида қишлоқ аҳлининг иштирок этишларига эришиш, Алимуҳаммад Мамадалиев билан биргаликда хибсга олиниб, ваҳшиёна қийноқлар қўлланилган 9 нафар йигитни қутқариб қолишга эришганимиз ва Дўрмон қишлоғилик бошқа жабрдийларнинг матбуотларга очиқ-ошкора интервьюлар беришларига кўмаклашганимдан кейин, хукумат идораларидаги душманларим Республика миқёсига кўтарилди.

Кейинчалик турли ҳил босим ва таъқиблар кучая бордики, ҳар бирини битта мақола тугул, битта китобга жойлашнинг ҳам имкони йўқ.

Лекин 2002 йилнинг декабрь ойида Тошкентда Олий Мажлис биноси рўпарасида ўтказишни режалаганимиз норозилик намойишига тўсқинлик қилиш мақсадида мени қамоққа олмоқчи бўлганларида, Дўрмон қишлоғига яширинишга мажбур бўлган кунларимда мени уйимга бир эмас, икки марта ўғирлик жиноятлари содир этилган ва мен бу жиноятни ўша пайтдаги Фарғона вилояти ИИБ бошлиғи Амин Тошхўжаев томонидан уюштирилганлигини ва улар уйимдаги хужжатларни ўғирлаганликларини баён қилгандим. Амин Тошхўжаев бошчилигидаги “қонун қўриқчилари” эса ўша пайтда 11 ёшда бўлган қўшнимиз Умиданинг Шукрулло исмли ўғли томонидан ўғрилик жинояти содир этилганини “исботладилар”.

Лекин кейинчалик ўғирланган хужжатлардан USAID жамғармасидан олганим 5620 доллар грантга алоқадор барча хужжатлар ва Франция элчихонасидан олиб, ғайриқонуний хибсга олинган ташкилотимиз фаоли Мавжуда Отақулованинг ҳимояси учун адвокат ёллаш учун сарфлаганим 200 долларга алоқадор бўлган хужжатлар жиноят иши материаллари орасида “пайдо бўлди”.

Кейинчалик Андижонлик тадбиркорлар ва ишбилармонларга, уларнинг яқинларига, улар қўлида ишлаган ходимларига оммавий равишда бошланган қатағон ва босимлар натижасида 2004 йилдан бошлаб қийноқ қурбонига айланиб улгурган инсонларни ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулландим.

2005 йилнинг 4 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов номига телеграмма, бошқа давлат идораларига буюртма хатлар орқали Андижонда содир бўлаётган хунрезликлар ҳақида телеграмма юбордим. Телеграммам натижаси шу билан тугадики, 2005 йил 15 апрель куни Тошкентда катта кўчада таксида кетаётган жойимдан тутиб, ўғирлаб кетдилар, таҳқирладилар, хўрладилар…

Ҳали у кунларда Андижонда нима ходисалар бўлишини ҳеч ким билмас, 23 нафар ишбилармоннинг суди эса якунига етаётган эди…

2005 йил 20 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий судида Андижон фожеаларини ташкиллаганликда айбланиб, судланаётган 15 нафар судланувчиларнинг суди бошланган куни Республика Бош прокурорининг биринчи ўринбосари Анвар Набиев ўқиб берган айблов хулосасида мени ҳам қоралаганини эшитганимдан кейин, Олий Судга гувоҳлик бериш ва қўлимдаги мавжуд хужжатлардан нусхаларини судга ашёвий далил сифатида тақдим қилишимни билдириб, Олий Судга бордим. Лекин мени суд биносига яқинлаштирмадилар.

Мен қўлимдаги далиллар ва исботларни судга тақдим қилишим ва гувоҳлик бериш учун судга келганимда, суд биносига яқинлашишимга йўл бермаганликлари ҳақида радиоларга интервьюлар бердим ва расман очлик эълон қилишим ҳақида баёнот бериб уйга қайтдим. Орадан бир хафта ўтиб, Дублинга кетишим арафасида, ҳибсга олиндим ва ташкилотимнинг фаолиятига алоқадор 6 йиллик архив хужжатлари ва фаолиятимга алоқадор бошқа нарсаларнинг барча-барчаси суднинг адолатсиз хукми билан йўқ қилинди. Суднинг хукми билан “Ўтюраклар Клуби” ноқонуний ташкилот деб эълон қилинди.

Алишер Илхомовнинг шубҳали ҳаракатлари

Мен Алишер Илҳомовни у Сорос жамғармасининг Тошкентдаги офисининг раҳбари бўлган пайтдан бошлаб биламан. Лекин Ўзбкистондалик пайтимда у билан умуман мулоқотда бўлмаганман. Инсон ҳуқуқлари муаммолари устидан мониторинглар олиб бориш учун молиявий кўмак сўраб, Сорос жамғармасига мурожаат қилганимда, жамғарма ходимлари ташкилотимни рўйхатдан ўтмагани боисидан ҳам молиявий кўмак бера олмасликларини айтишганди.

Кейинчалик Алишер Илҳомовни ўзи билан учрашиб, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказиш имконсиз эканлиги ва ташкилотим аллақачон хукуматнинг қора рўйхатига тушганлигини тушунтирмоқчи бўлган пайтимда, Алишер Илҳомов мени қабул қилишдан бош тортган ва мен қайтиб уларнинг офисига яқин йўламаганман.

2008 йилнинг 20 ноябрь куни Алишер Илҳомов билан биринчи марта Женевада – Мартин Энналс мукофотини топшириш маросимида учрашдим ва танишдим.

2009 йилнинг 5 август куни Нью Йоркдаги Social Accountability International (SAI) ташкилотининг вакили Jessy Teicher мен билан боғланиб, Ўзбекистондаги болалар меҳнати ва мажбурий мехнат муаммолари бўйича лойиҳани амалга оширишда мени ва ташкилотимни иштирок этишни сўраб хат ёзди. Биз у билан ҳамкорликни қандай йўлга қўйиш масаласида бир неча марта ёзишдик.

Чунки у пайтда, 2009 йилнинг июнь ойида, Надежда Атаеванинг шахсий пулимга сотиб олиб берган компьютерини умуман ишлата олмаётгандим, чунки унинг менга “янги сотиб олиб бердим” деяётган компьютеридаги барча программалар ўчириб ташланган, мутахассисларга қилган мурожаатларим эса натижа бермаётганди. Компьютерни кимга кўрсатмай, ҳаммаси ғарб давлатларида сотиладиган компьютерлар ва бошқа техникаларнинг программалари ичига ўрнатилган ҳолда сотилишини айтишарди. Атаева эса компьютерни программасиз сотиб олишини айтганим учун программасиз компьютер сотиб олиб берганини айтишдан чарчамасди. Компьютерни хужжатларини менга тақдим қилишини ва ўша компьютерни сотиб олган магазин адресини беришини сўраб қилган мурожаатларимга эса турли баҳоналар билан аниқ жавоб бермасди, хужжатларни ҳам шу кунгача олмаганман.

Шундай қилиб, қўлимда янги компьютер бор, лекин яроқсизлиги сабаб кўпинча ишларимда кўмак беришини сўраб, ўша пайтда ҳамкорлик қилаётганим Атаевага мурожаат қилишдан бошқа иложим йўқ эди, ва унга Жессика билан ёзишмамиз юзасидан ҳам ёрдам беришини сўраб, унинг хатини Атаевага жўнатганимдан кейин, Жессика ўз-ўзидан йўқ бўлди ва қайтиб мен билан алоқага чиқмади.

Бу программа асосида кейинчалик Умида Ниёзова ва Надежда Атаевалар ишлай бошладилар. Улар ишлаётган программа айнан Жессиканинг ташкилотига алоқаси борми-йўқми, билмайман. Кейинчалик улар ўз фаолиятларини Ўзбекистондаги болаларнинг мажбурий меҳнатга жалб қилинишига қарши курашувчи Коалицияси сифатида давом эттиришди.

2009 йилнинг декабрь ойидан бошлаб ташкилотим фаолиятини Францияда йўлга қўйишим ва Ўзбекистон хукуматининг жиноятларини фош қилувчи хужжатларни жамоатчиликка етказиш ишлари билан шуғулланмоқчи эканлигимни билдириб, Сорос жамғармасидан молиявий кўмак олиш имкониятлари ҳақида Алишер Илхомов билан мулоқотлар қила бошладим.

Адашмасам, 2009 йилнинг охирларида эди шекилли, у биз вақтинчалик яшаб турган Париждаги квартирамизга ҳам келганди ва мен унга келгусида амалга оширмоқчи бўлаётган ғояларим, ниятларим ҳақида батафсил гаплашгандик. У Сорос жамғармаси томонидан кўмак олишим эҳтимоли катталигини айтди.

Мен у пайтларда “Диктатура режимига қаршиман” деган ҳар қандай инсонга, ҳар қандай кимсага ишонч билан қарардим ва имкон қадар кўпроқ ишларни амалга оширишга кўмак бериши мумкин бўлганлар билан мулоқотлар олиб борардим. Лекин кимнинг кимлигини билиш учун вақт ва яна вақт керак бўларкан. Қўй терисига ёпиниб олган чиябўриларни ҳақиқий башарасини кўриш учун қанча вақт ва асаблар кетмади дейсиз…

maktub

“Андижон фожеасининг 5 йиллиги”ни нишонлаш бўйича Сорос жамғармаси молиялаётгани ҳақида эшитдим. Шу кунларда бу лойиҳанинг ташаббускорларидан бири бўлмиш Алишер Илҳомовга Қирғизистонлик ҳамкорим, ҳамкасбим Толекан Исмоилова ташкилоти ташаббуси билан 2005 йилнинг май ойида Қирғизистондаги Андижонлик қочқинлар ҳақида яратилган ва Қирғизистон хукумати томонидан ўша пайтнинг ўзидаёқ таъқиқланган “Люди, в которых стреляют» номли фильми ҳақида, бу фильмни суратга олган журналистлар ишдан хайдалиб, таъқибга учраганлари ҳақида айтиб, жамоатчиликка маълум қилинмаган ушбу 45 дақиқалик фильмни Брюсселда ўтадиган Андижоннинг 5 йиллигига бағишланган анжуманда намойиш қилиш таклифини қилдим.

Алишер Илҳомов эса бу хатимга жавобан хозир сафарда эканлиги, кейинчалик бу масалани мухокама қилишимиз мумкинлигини билдириб, жавоб бериш билан чекланди холос. Кейинчалик бу лойихани амалга ошираётганларнинг барчасига бу фильмни Андижон фожеаларининг 5 йиллигига бағишланган анжуманда намойиш қилишни сўраб қайта-қайта қилган мурожаатларим жавобсиз қолиб кетди.

Аслида бу фильм Андижон фожеасининг асл моҳиятини очиб берувчи муҳим далиллардан бири эди. Бу фильмни Андижон фожеасининг 5 йиллигига бағишланган анжуманда намойиш этилиши учун ҳеч қандай маблағ сарфланмасди ҳам.

Лекин 2010 йилнинг 4 май куни Брюсселда, Европарламентда бўлиб ўтган ва ҳалқаро ташкилотлар, ҳалқаро матбуот вакиллари иштирок этган анжуманда Андижон фожеасининг сохта “қурбони”нинг ҳикоясидан иборат бўлган фильм намойиш қилинди. Кейин маълум бўлишича, бу сохта “жабрдийда”нинг тўқиган эртакларига асосланиб, фильм суратга олиш билан чегараланмасдан, каттагина хисобот ҳам ёзилиб, дунё жамоатчилигини алдаш учун тарқатилган экан.

Кейинчалик бу сохта “қурбон”ни Андижон фожеасининг жабрдийдаси эканлигига ишонган баъзи бир нуфузли ҳалқаро ташкилотларнинг раҳбарлари ва бошқа таниқли шахслар қўллов хатлари ёзиб, унга Ғарб давлатларидан қочқинлик мақоми олишига ҳисса қўшибдилар. Хозирда бу сохта “жабрдийда” Европа давлатларидан биридан бошпана олган. Унинг оила аъзоларини мамлакатда қолишлари хавфли дея ваҳима қилиб, мамлакатдан олиб чиқиш учун, кейинроқ эса ҳаммаёқ тинчигач, унинг оила аъзоларини яна мамлакатга қайтариб юбориш учун, шунингдек, бошқа ҳаракатлар учун кетган сарф-харажатлар ҳақида-ку ёзмасам ҳам ҳамма тушунар.

Алишер Илҳомов учун Ўзбекистон хукуматининг жиноятларини фош этувчи ҳаққоний далилларни жамоатчиликка ошкор қилмаслик ва ёлғон маълумотлар учун Сорос жамғармасининг маблағларини ҳавога совуриши нима учун кераклигини тушунмайман. Балким, Толиб Ёқубов айтганидек, Алишер Илҳомов Ўзбекистон махсус хизматлари учун ишлар??

Бу саволларга жавоб топиш ўзбек жамоатчилиги учун муҳимлиги сабабли ҳам, мен ўзим билган, кўрган ва гувоҳи бўлган воқеаларни баён қилишга қарор қилдим. Хулоса бериш эса сиз азиз ўқувчиларга ҳавола.

Келгуси сонларда, яъни ушбу мақоламнинг давомида  Алишер Илҳомовнинг мени қочқинлар муаммоси билан шуғулланишим мумкинмаслиги, бу иш билан шуғулланадиган вакиллари борлиги ҳақидаги тутуруқсиз талаблари ва Гулнора Каримованинг жиноят йўли билан топган ва Швейцарияда музлатилган пулни ўзбеклардан, кенг жамоатчиликдан яширин тарзда тузганлари жамғармага ўтказиш учун қилган уринишларига қаршилик қилганим сабабли, менинг ташкилотимга нисбатан “Молиявий санкция” эълон қилгани, бу санкциядан Сорос жамғармасининг раҳбарлари бехабар бўлсалар-да, бошқа жамғармаларга ҳам менинг ташкилотим Сорос жамғармасининг қора рўйхатига олингани ҳақида ёлғон хабарлар тарқатганликлари, унинг ва шерикларининг бу фитналарига Сорос жамғармасининг 2014-2015 йилларда қисқа муддатда Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари дастурлари бўйича ишлаб, кейинчалик ишдан хайдалган ходимаси Анастасия Хозяинованинг қўшган хиссаси ҳақида баён қиламан.

Мўътабар Тожибоева

Давоми бор

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

2 Responses to “Айтсам ўлдирурлар, айтмасам ўлам“. Алишер Илҳомов ким ўзи?!

  1. haydar izohi:

    Узбеглигимдан фахрланардим ёшлигимда секин-секин йиллар кезиб рахматлик опокимни сузлари эсимга келадиган булди.(Ухбегистонди орзу этма) энди эса нафратланаман. Узбегни мелисасидан харромкор оламда йук!!!

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.