Миллий адибимиз Эмин Усмон ИИВ ертўласида қийнаб ўлдирилганига 15 йил бўлди

“TUG’YON” радиосининг «Қатағон қурбонлари» ҳақидаги дастурининг бугунги сони бундан 15 йил аввал Ўзбекистон Ички Ишлар Вазирлигига қарашли ертўлада шафқатсиз қийноқларга солиниб, 17 кун ичида ҳалок бўлган марҳум ёзувчи Эмин Усмоннинг ёрқин хотирасига бағишланди.

2001 йилнинг 28 февраль куни Ўзбекистон Ички Ишлар Вазирлигига қарашли тергов изоляторида ёзувчи Эмин Усмон 56 ёшида оламдан ўтган.

Уйғур-ўзбек ёзувчиси Эмин Усмон 1945 йили Шарқий Туркистоннинг Ғулжа шаҳрида таваллуд топган.

Болалик даврида ота-онаси билан Ўзбекистонга кўчиб келган Эмин Усмон, аввалига СССР, сўнгра, 1992 йилда Ўзбекистон фуқаролигини олган.

Тошкент Педагогика институтининг филология факультетини тамомлаган.

Собиқ СССР ва Ўзбекистон Ёзувчилари Уюшмаси аъзоси бўлган.

Ўзбек, уйғур ва рус тилларида нашр этилган 20 дан зиёд асарларнинг муаллифидир.

Ўзининг “Ёлқин”, “Телба”, “Томир”, “Меҳригиё”, “Тилла тақинчоқ”, “Кўнгил кўзи” каби роман ва қиссалари билан Ўзбекистонда кенг оммага танилган.

Дунё уйғурлари орасида ҳам катта ҳурмат ва эҳтиромга сазовор бўлган, Эмин Усмон, Тошкентдаги Уйғур Маданият Марказининг етакчиси бўлган.

Ёзувчининг уч фарзанди бор.

Эмин Усмон ҳамиша Шарқий Туркистонлик қариндошлари билан доимий алоқада бўлган.

Эмин Усмон умр бўйи Шарқий Туркистон озодлиги учун курашган етук маърифатпарвар, жамоат арбобидир.

Эмин Усмон 2001 йилнинг 11 февраль кундуз куни ўз уйидан унча узоқда бўлмаган Тошкент туманидаги Навоий жамоа ҳўжалиги ҳудудида ўзи бошқариб кетаётган машинасида милиция томонидан тўхтатилиб, ҳибсга олинади.

Ҳибсга олинган заҳотиёқ, Ўзбекистон Ички Ишлар Вазирлигига қарашли, «шафқатсиз қийноклар макони» деб танилган, Тошкент шаҳар Ишчи Ишлар Бошқармасининг ертўласига ташланади.

Ёзувчининг адвокати Аҳмаджон Саутов ўз мижози ҳибсга олинганидан беш кун ўтиб, фақат бир мартагина у билан учрашишга эришади.
ИИВ терговчиси Абдумутал Закруллаев адвокатга, Эмин Усман Ўзбекистон Жиноят Кодекснинг 244 моддаси, 1 қисми, жамоат ҳафсизлигига хавф солувчи материалларни тарқатиш билан айблов очилганлигини маълум қилади. Кейинчалик ёзувчига яна бошқа моддалар, жумаладан, 159 чи, Конституциявий тузумга тажовуз қилиш моддалари ҳам киритилади.

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари «Эзгулик» жамияти раиси Васила Иноятовага кўра, ўзбек, рус, уйғур, араб ва инглиз тилларини биладиган Эмин Усмон «Ҳизбут таҳрир» диний партиясининг нашрларини мунтазам равишда таржима қилиш билан гумонланиб, ички ишлар ходимлари томонидан ҳисбга олинган. Бир қатор уйғур ташкилотлари эса, ёзувчининг «Ҳизбут таҳрир» га алоқаси йўқлигини айтишади.

Эмин Усмон ҳибсга олинганидан 17 кун ўтиб, 2001 йилнинг 28 февралида ёзувчининг ўз жонига қасд қилганлиги хабари қариндошларига етиб келади.

1 март, тонгги соат 4 яримлар чамасида ҳуқуқ тартибот ходимлари Эмин Усмоннинг жасадини уйига олиб келишади ва дарҳол, эллик, олтмиш нафар милиция ҳодимлари тамонидан йўл ҳаракатини беркитган ҳолда, маҳаллани қуршаб олиб, ҳеч кимни марҳумнинг уйига яқинлаштирмайдилар, майитни ювиш ва жасадни кўришга ҳам руҳсат бермайдилар.

Марҳумнинг жасадини кўришга эришган қариндошининг айтишитча, майитнинг бош чаноғининг орқа тарафида қон сизиб турган чуқур жароҳат борлигини кўрган. Яна бошқа бир хабарга кўра, майитнинг танаси кўкарган жойлар билан қопланган.

Тергов давомида Эмин Усмонга нисбатан шафқатсиз қийноқлар қўлланилганлиги жасаднинг танасида яққол кўринган.

Милициянинг қатъий талабига биноан, дафн маросими қаттиқ назорат остида, тезкорлик билан тонгги соат 6 гача бўлиб ўтади.

“ Эмин Усмонни милиционерларнинг ўзлари дафн қилишди- дейди, дафн маросимида қатнашганлар. Дафн пайтида қабристон милиция ва фуқаро кийимидаги махсус хизмат ходимлари тарафидан қалин ҳалқа шаклида қуршаб олинган. Миршаблар ҳаттоки, марҳумнинг дўстлари ва қариндошларини қабрнинг ёнига ҳам йўлатмаганлар.

Маълумотларга кўра, ёзувчи Эмин Усмон уйғурлар жамиятидаги фаолияти ва диний эътиқоди учун бундан аввал ҳам ҳибсга олинган.

Биринчи маротаба у, 1999 йили 22 февралда, Тошкентдаги февраль портлашларига алоқадорликда гумонланиб ҳибсга олинган, ИИВ ертўласига ташланган.

Лекин, бир қатор таниқли ўзбек ёзувчилари, жумладан, Шукрулло домланинг аралашувлари туфайли Эмин Усмон қўйиб юборилган.

Аммо, 1999 йилнинг августида Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Шайҳонтоҳур туман суди Эмин Усмоннинг ишини қайта терговга юборади ва 2000 йилнинг февралида суд ЖК 177 моддаси, ноқонуний валюта операцияси айби билан уни 3 йилга озодликдан маҳрум қилади. Амнистия қўлланиши муносабати билан ёзувчи суд залидан озод қилинади.

Ўзбек фуқаролик жамияти фаоллари, Эмин Усмонни навбатдаги сиёсий қатағонлар қурбони бўлганлигини таъкидлайдилар.

Ўзбекистонлик таниқли шоира, мухолифат фаоли Дилором Исҳоқова ёзувчи Эмин Усмон ҳақида «Туғён» радиоси учун ёзган бугунги хотира, мақоласида шундай дейди:

Мазкур мақолани бошлашдан олдин, Эмин Усмонни яхши билган, у билан ошначилик қилган, дўст бўлган ижодкорлар билан боғланиб, Эмин Усмон шахсияти билан боғлиқ хотиралари ёки асарлари ҳақида мухтасаргина мақолалар ёзиб беришларини илтимос қилишни режалаштириб қўйдим.

Очиғи, улар менинг бу таклифимга рози бўлиш ё бўлмасликлари ҳақида ўйладим, аммо, “Наҳотки, Эмин Усмон ижоди ҳақида гапиришдан чўчишса? Ахир Эмин Усмон 20 га яқин асарлар муаллифику. Ҳеч бўлмаса шу асарлар ҳақида сўз юритишар”, деб умид қилгандим. Умид қилишимда ҳам асос бор эди: Эмин Усмон 2000 йилда ноқонуний олтин савдосида айбланиб, қамалганда, унинг ҳимоясига ўнлаб ижодкорлар шайланганди.

Президент номига Эмин Усмонни ҳимоялаб ёзилган хатга 15га яқин адиблар имзо чекишганди. Имзо чекканлар орасида ҳалқ ёзувчиси ва халқ шоирлари ҳам бор эди. Ўшанда Эмин Усмон суд залидан озод қилинган ва барча айбловлар олиб ташланганди.

Шундай ўй-ҳаёллар билан Эмин акани яхши билган ижодкорларга қўнғироқ қилишни бошладим. Баъзиларининг уйига ҳам бордим. Аммо биронтаси на Эмин ака ҳақида хотира, на унинг ижоди ҳақида мақола ёзишга розилик бермади, орадан анча вақт ўтиб кетди, “Эмин ҳақида ҳеч нарса эсимда йўқ” деганлар ҳам бўлди. Қарангки, Конституцияда кўрсатилган барча узвий ҳуқуқларидан махрум қилинган бу бечора миллатнинг бечора зиёлилари хотира ҳуқуқидан ҳам маҳрум бўлган экан.

Уларга замонананинг зайлига ёқадиган, режимнинг вафодор хизматчиси бўлганлар ҳақида хотира сақлаш ва ижоди ҳақида фикрлаш ҳуқуқи қолдирилган бўлса керак.

Аммо у хотираларни ҳам исталган пайтда ўчириш, ”эсимда йўқ” деб туриш мажбурияти ҳам юклатилган кўринади. Ахир яқиндагина ҳамма фахрланиб тилга оладиган, бирга ўтирган, бирга юрган даврларни мароқ билан хотирланадиган Абдулла Орифни ҳеч ким эсламай қўйди. ”Юқоридан” буйруқ келди ва унутилди. Бугун у ҳақида гапириш ҳам Эмин Усмон ҳақида гапириш ва ёзиш каби хавфли.

Ўзбекнинг катта бир ёзувчиси мархум Эмин Усмон ва буюк шоири Абдулла Ориф орасидан паралел ўтказарканман, бир ривоят ёдимга келди:

Бир чўпоннинг икки қўйи бор экан. Унинг уйига оч бўри бостириб кирибди. “Семиз қўйимни берсам бўри обдон тўяди ва қайтиб биз томонларга келмайди”, деган ҳаёлга бориб семиз қўйни бўрига ем қилибди. Бўрини даф қилишга, ҳар икки қўйини ҳам асраб қолишга харакат ҳам қилиб кўрмабди.

Ҳақиқатдан ҳам, бўри анча вақт йўқ бўлиб кетибди, аммо қорни очгач, яна қайтиб келибди. Чўпон бу сафар ҳам индамай иккинчи қўйини ҳам бўрига берибди. Орадан бир фурсат ўтиб, бўри қўйлари тугаган чўпонни ўзини егани келибди. Қўрқиб кетган чўпон додлаганча қўшниларни ёрдамга чақирибди. Аммо қўйлари тугаган қўшнилар ҳам унга ёрдамга келолмабдилар.

Бу ривоятни бир дўстимга айтиб бергандим. Дустим ўзга бир манбаъда бу ривоят салгина бошқачароқ эканини айтди. Дўстим ўқиган ривоятда, чўпоннинг аҳволи эмас, қўйларнинг аҳволи ибрат сифатида келтирилган экан: бўридан омон қолган қўй роса қувонган экан. Ўзига навбат келганда бўрига шундай деган экан “Сен шеригимни олиб кетганингда мен маъраб, чўпонни уйғотсам бўларди, аммо мен сенинг ҳурматингдан ундай қилмадим. Шу хизматларим учун мени омон қолдир, ема” деб ялинган экан…

Бу икки ривоятни эслар эканман, негадир Чўлпон ёдимга тушди, Қодирий ёдимга тушдилар…

Бу мақола эса, марҳум ёзувчимиз Эмин Усмон ҳақида эди.. Аммо шу 5-6 кун ичида у киши ҳақида дўстларининг хотираларини тўплайман деб кўплар билан сўзлашдим. Натижада мақола тириклар ҳақида бўлди.

Аслида бу мақола Эмин Усмон ҳақида эди..

Бундан 15 йил аввал ИИВ ертўласида қийноқларга солиниб, бош чаноғи ёрилиб, суяклари майда- майда қилиниб, ваҳшийларча ўлдирилган Эмин Усмон ҳақида эди…

Лекин, мен Эмин Усмон ҳақидаги ўз билганларимдан айримларини сизлар билан ўртоқлашмоқчиман.

Бугун, 28 февраль куни Эмин Усмон ўлдирилганига 15 йил бўлди. 21 аср бошларида коммунистлар томонидан ўлдирилган адиблар рўйхатини биттага кўпайганига 15 йил бўлди.

Орадан шунча йил ўтган бўлсада, комунистлар йўқ бўлсада, Ўзбекистон мустақил бўлсада, айнан ўша рўйхатга кирди Эмин Усмон ҳам.. Миллат рухига туртки берувчи битта қувват камайганига, Миллат йўлини ёритувчи яна бир зиё ўчганига 15 йил бўлди…

Эмин аканинг бу ёруғ дунёдаги сўнгги кунида нималар бўлди? Шу тун ухладими, ёки мижжа қоқмадими? Кўзи илинган бўлса туш кўрдими, эртанги тонгга етмаслигига бир ишорат, бир белги берилдими? Ё метин иродаси қуввати билан сокин ва хотиржам бўлдими?.. Жавоби йўқ саволлар ва ҳеч тугамас ўйлар ва оғриқлар. Айниқса ёш ўтган сари оғриқсиз кечмайдиган хотиралар..

Эмин Усмон билан қачон танишганим ёдимда йўқ. Аммо у киши билан боғлиқ кўпгина хотиралар бор экан.

1994 йилнинг қиш ойлари эди. Бир мухолифатчига ватанда катта хавф борлиги учун уни Қозоғистонга қочиришимиз керак эди. Аммо унинг уйи атрофини 3 та машинада ўтириб кузатаётганларга кўринмай чиқиб кетишнинг иложи йўқ эди.

Тасодифан Эмин акани кўриб қолдим, унга шароитни тушинтирдим. Эмин аканинг топқирлиги туфайли ўйланган режа амалга ошди – аёл кишининг пальтосини кийиб, бошига рўмол ўраган дўстимизни Эмин ака ҳеч қийичиликсиз қуршовдан ўз машинасида олиб ўтди.

Яна ёдимда қолган воқеалардан бири америкалик журналистларнинг Ўзбекистонга келиши. Улар Ўзбекистондаги уйғур, тожик ва қозоқларнинг аҳволини ўрганиб материал тайёрлашмоқчи экан. Мен дарҳол Эмин акага қўнҳироқ қилдим. Эмин ака учрашувга рози бўлдилар. Белгиланган вақтда журналистлар билан бирга Эмин аканикига етиб бордик.

Суҳбат узоқ давом этди. Эмин аканинг рафиқалари уйғурча лағмон тайёрлаган эканлар, лағмонни мазза қилиб едик. Уй бекасига қарашиб юбориш мақсадида, идишларни йиғиштириб ошхонага олиб чиқдим. Ошхонада келинойи билан суҳбатлашиб қолдим.

Шунда келинойи уйларига тонгда туман ички ишларидан икки киши келганини, Эмин акани чақириб нимадир дейишганини ва шундан кейин Эмин аканинг кайфияти тушкун бўлганини айтиб қолдилар.

Ичкарига қайтиб киргач Эмин акадан нима бўлганини сўрадим. Эмин ака милиция ходимлари журналистлар билан учрашмасликни талаб қилишганини, чет эллик “шпион”лар билан учрашиш акага ҳам, оиласига ҳам муаммо яратиши мумкин-, деб пўписа қилишганини гапириб бердилар. Мен уларни шу аҳволга солиб қўйганимдан қаттиқ хижолат бўлдим.

Кайфиятим жуда тушиб кетганини сезган Эмин ака кулиб юбордилар.

– Дилором, мехмонларимиз сизга хайрон бўлиб қарашяпти, уларнинг шпион экани фош бўлганини билдириб қўймайлик,- деди. Иккаламиз мириқиб кулдик. Кўнгилдаги хижиллик кўтарилди, сухбат қизигандан қизиди.

Шундан кейин Эмин акани қайтиб кўрмадим. Орадан уч-тўрт йил ўтиб нохуш хабар эшитдим. У билан якин бўлган танишларга телефон қилиб унинг ўлими билан боғлиқ тафсилотларни эшитдим.

Орадан кўп ўтмай Тошкентда Эмин Усмон ўлими атрофида турли гап-сўзлар урчиб кетди. Эмишки, Эмин Усмон ҳақиқатдан ҳам қандайдир диний-экстремистик ташкилотга аъзо бўлган экан. Эмишки, Эмин Усмон Қуръон китобини чоп этиш учун чет элдан юборилган пулни “еб” кетибди.

Бу миш-мишлар негизида унининг қамалиши асоссиз эмас,-деган иддао бор эди. Аслида эса бу иддао мутлақо асоссиз эди. Эмин ака ҳеч қандай диний–экстремистик ташкилотга аъзо бўлган эмас ва ҳеч кимнинг пулини еган эмас.

Бир кун келиб Эмин аканинг жиноят содир этмагани, аксинча, содир этмаган жиноятни бўйнига қўйиш учун қийноққа солингани ва ўлдирилгани ошкор бўлади, хужжатлар, гувоҳлар тилга киради, қотиллар топилади ва жазоланади.

Фақат ўша кунга етсак бўлгани… Ҳаммага омонлик тилайман.

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.