Мўътабар Тожибоева: Илҳом Ибодов ён дафтарчаси учун ўлдирилди


13129

Бухоро шахрида “Таниқли тадбиркорлар ака-ука Илҳом ва Рахим Ибодовлар қамоққа олинибдилар, уларни ваҳобийлик диний экстремистик оқимига алоқадорликда айбланяптилар экан” деган миш-миш болалагандан болалади.

Ушбу аянчли фожеанинг  сабабчилари ҳам, қурбонлари ҳам ака ука ишбилармон, тадбиркорлар — 1972 йил 16-июнда туғилган, Бухоро вилояти Бухоро шахри Элобод кўчаси 17-уйда яшаган, Бухоро шахридаги 2008 йилда ташкил этилган “Ал Ражаб автоглобал Сервис” хусусий корхонаси рахбари Ибодов Илҳом Ражабович ва 1968 йил 31-августда туғилган,  Бухоро вилояти Бухоро шахри Элобод кўчаси 15-уйда яшовчи “Ал Ражаб автоглобал Сервис” хусусий корхонаси бош хисобчиси Ибодов Рахим Ражабовичлардир..

Бу ака ука ишбилармон тадбиркорлар Бухоро шахридаги “Ситора” автомобиль бозори маъсулияти чекланган жамияти худудида жойлашган савдо павильонларидан сотиб олинган ва ижарага олинган № 153, № 154, № 172 ва № 173-сонли савдо дўконларда  фаолиятларини юритиб келганлар.

Бухоро вилоятидаги маъмурий органларда ишловчи ва жиноий фаолият билан шуғулланувчи бир нечта амалдорлар ва уларнинг қўл остида ишловчи ходимлари бу ака-укаларга қарши тузоқ қўйиш режасини обдон ишлаб чиқдилар. Режа кўнгилдагидек амалга ошди.

2015 йилнинг 16-август куни ака-ука Ибодовларни савдо қоидаларини бузганликда айблаб, маъмурий жавобгарликка тортиб, хибсга олганлар. Уларни хибсга олганларидан кейин уларга қарашли дўконларни тинтувдан ўтказиш пайтида тасодифан қалбаки АҚШ доллари “топиб олганлар” ва шу баҳона билан барча дўконларни шип-шийдам қилиб, дўконлардаги барча махсулотларни олиб кетганлар.

Уларни Жиноят ишлари бўйича Бухоро шахар судида уларни суд қилиб, маъмурий жавобгарликга тортдилар ва 10 суткага қамоқ жазоси берганлар. Ака ука Ибодовларнинг Бухоро вилояти Ички Ишлар Бошқармаси Вақтинчалик сақлаш хибсхонасига – ертўлага қамаганлар. Уларни тўлиқ ташқи дунёдан узиб қўйганлар.

Хибсга олинган куниданоқ ўзи ва акасининг хибсга олиниш сабабларини баён қилиб, Илҳом Ибодов Бухоро вилояти Ички Ишлар Бошқармаси бошлиғи Шокир Ботирович Ўринов номига шикоят аризаси ёзиб, ИИБнинг бир ходимига топширган. Унинг шикоят аризасида қайси амалдорларга қачон ва нима сабабдан, қанча миқдорда поралар бериб келишга мажбур бўлганлиги ва хозирда қамоққа олиниши сабабларини батафсил баён қилинганди.

Ушбу шикоят аризани ўз ходимлари томонидан тайёрланган рапорт билан бирга қабул қилиб олган Шокир Ўринов ушбу шикоятда номлари келтирилган жиноий гуруҳнинг вакили Бухоро вилояти МХХ Бошқармаси ИСБ (Инспекция Служба Безопасности – миллий хавфсизлик инспекцияси) бошлиғи Юнусов Азим Исоқжонович билан боғланиб, қафасдаги қуш сайрашни бошлаганини айтганди.

Ака укаларни сохта айбловлар билан маъмурий жавобгарликка тортиб, Вилоят ИИБ ВСХ ертўласига қамаганларидан кейин ҳам Илҳомнинг тинчланмаётганидан хавотирланган бу кимсалар уни ўлдиришга қарор қилганлар.

Шу мақсадда 2015 йил 20-август куни Бухоро вилоят Давлат солиқ департаменти амалдорларидан бири Ражабов Равшаннинг кўмаги билан Қоровулбозор туманидаги УЯ 64/25 ЖИЭМда жазо муддатини ўтаётган, маъмуриятнинг топшириғи билан қамоқхонадаги махкумларга қийноқ қўллаш билан узлуксиз шуғулланиб келувчи бир неча мартадан судланиб, судларнинг хукми билан “ўта хавфли рецедевист” деб танилган “лахмачлар” Джумаев Рустам ва Иноғомов Умидларни Бухоро вилоят ИИБ ВСХга келтирганлар.

Джумаев Рустам ва Иноғомов Умидлар ВСХнинг 7-камерасида 28-августгача Ибодов Рахим билан ёлғиз ўзлари ўтирганлар ва шу 7 кун мобайнида Рахимни узлуксиз азоблаганлар ва қийнаганлар.

26-август куни ака-укаларни озодликка чиқариш ўрнига. ВСХда сақлаб туриш қонун қоидаларини бузганликда айблаб, уларни яна маъмурий жавобгарликка тортиш учун қалбаки хужжатлар расмийлаштирганлар ва яна Жиноят ишлари бўйича Бухоро шахар судининг қарори билан Ибодовлар 15 суткадан маъмурий қамоқ жазосига тортилганлар.

Шу орада Ибодов Илҳом қамалишларига сабаб бўлган омиллар ва бунинг айбдорлари ҳақида ташқарига яна бир амаллаб хабар чиқариш мақсадида қоғоз қоралаб, 4 вароқдан иборат маълумотни ёзган. Ёзган маълумотини қўлга олинганида айнан маъмурий органлар томонидан тақдим этилган ёлланма адвокат Жумаев Жалилнинг қўлига берган ва бу хужжатни кимга етказиб бериши кераклигини уқтирган. Адвокат бу маълумотни айтилган одамга эмас, жиноятчи амалдорлар қўлига топширган. Янги маълумотни қўлга киритган жиноятчи мансабдорлар Ибодов томонидан жўнатилган маълумотни олиши керак бўлган инсоннинг хонадонига ҳар эхтимолга қарши кечаю кундуз назорат ўрнатганлар.

Ибодовларни ҳимоя қилишга оила аъзолари у билан шартнома тузмаган Жумаев Жалил нафақат адвокатлик ваколатини суисътемол қилган, балким ўз ҳимоясидаги махбусларнинг қонуний ҳаққи-ҳуқуқлари бузилаётгани, оёқ-ости қилинаётганини кўра била туриб, ўзига ишонч билдириб, ҳимоя қилишидан умидвор бўлган инсонларнинг қийноқларга солишига хисса қўшган. Охир оқибат Илҳом Ибодовнинг ўлимига ўша уни қийнаб ўлдирган қотиллар билан тенг ўша ёлланма адвокат ҳам айбдордир. Жумаев Жалилнинг фақатгина жиноятчи мансабдорлар манфаатини учун ишлаётганини билиш учун оила аъзоларига анчагина вақт кетган. Бу орада Илҳомни қора тупроққа қўйганлар.

28-август куни Ибодовлар яшаган хонадонларга 50дан ортиқ кимсалар бостириб кириб, тинтув ўтказганлар. Улар Илҳом Ибодовнинг вилоят МХХда ишловчи Юнусов Азим ва унинг шерикларига ўзи ва бошқа тадбиркорлар томонидан берилган пораларни ёзиб борилган компрамат хужжатларни қидирадилар. Синглиси Дилфузага акаси Илҳом айтиши бўйича акасига қарашли юз қисмига “Доллар S хужжат» деб ёзилган блокнотни қаердалигини синглиси биларкан ва ўша блокнотни топиб бериши шарт экан. Блокнотни қидириб, тополмагач уйларида сақланаётган дўконга қарашли запас махсулотларни барчасини олиб чиқиб кетганлар.

Шу куни кечки 18дан 24гача давом этган тинтув пайтида ҳеч қандай хужжат ва блокнотни тополмасдан қайтиб кетганларидан кейин ярим кечаси яна қайтиб келиб, Илҳом Ибодовнинг енгил автомашинасини тинтувдан ўтказганлар. Лекин қидирганларини яна топа олмаганлар ва уни қаердалигини айтишга мажбурлаб Илҳомнинг ўзига босимни кучайтирганлар.

Бундан ташқари ака ука Ибодовларни диний экстремизмда айблаш мақсадида уларнинг уйларида ўтказилган тинтув пайтида олиб чиқиб кетилган араб тили алифбосидаги 4 та китобни Ўзбекистон Республикаси худудида фаолияти таъқиқланган диний экстремистик оқимларга мансуб ғояларни тарғиб қилувчи, «хижрат», «жиход» «шаҳид»ликка чорловчи чақириқлар бор дея талқин қилишга, Ибодовларнинг зиммасига диний экстремистик, терроризмга алоқадор ташкилотларга, аниқроғи ИШИДга алоқадорликда айблашга уринганлар.

28-август куни Вилоят ИИБ ВСХда сақланаётган Рахим Ибодовни бошқа камерага чиқариб, ўта хавфли рецидивистлар Рустам Джумаев ва Иноғомов Умидлар ўтирган 7-камерага Илҳом Ибодовни киритганлар.

Қотиллик ва бошқа ўта оғир жиноятларни содир этганлиги учун 3 марта судланиб, охирги марта 2011 йилнинг 9-март кунги суднинг хукми билан 22 йилга қамоқ жазосига хукм қилинган Рустам Джумаев ва наркотик моддалар савдоси ва бошқа оғир жиноятлар содир этганликда айбланиб, 6 марта судланиб, қамалган Иноғомов Умид сингари қамоқхоналарнинг “лахмач”лари учун рўпарасида турган инсон ким эканлигини фарқи йўқ, улар худди қутурган итдек “бос” деган командани кутиб турадиган кимсалардир. Ўзбек қамоқхоналарида бунингдек кимсалар истаганча топилади ва уларнинг қўли билан қийноқларга солиб, ўлдирилаётган диний ва сиёсий махкумларнинг мурдалари қамоқхоналардан чиқаётгани бежизга эмас.

2015 йилнинг 24-декабрь кунги Жиноят ишлари бўйича  Бухоро туман суди Рустам Джумаевни ва Иноғомов Умидни “Муттасил равишда дўппослаш ёки ожиз аҳволдалиги аёбдорга аён бўлган шахсни бошқача харакатлар билан қийнашида ифодаланган Ўз.Р. ЖКнинг 110-моддаси 2-қисмининг “а” банди билан  айбдор деб топиб, жазони ўташ колониясидан яхши характериска (!!!) берилганини инобатга олиб, уларга 3 йилдан озодликдан махрум қилишга хукм қилганлар.

Ушбу суд жараёнида Рустам Джумаев ва Умид Иноғомовлар Илҳом Ибодовни қийнашни 29-август куни кечасидан бошлаганликларини, кечаси билан уни қийнаб, қўл оёқларини ечмасдан тонггача азоблаганликларини терговда ва судда ўз оғизлари билан тўлиқ тасвирлаб берганлар.

28-августдан 31-августгача 7-сонли камерада ёлғиз қолиб Илҳомни тинимсиз қийнаган Рустам ва Умидларни Илҳом билан бирга 31-август куни 5-камерага, бошқа махбуслар ҳам сақланаётган камерага кўчирганлар. 9-сентябрдан 10-сентябрга ўтар кечаси бу икки хавфли жиноятчилар бошқа махбусларнинг кўзи ўнгида Илҳомни хўрлаганлар, қийноқларга тутганлар, лекин бу сафарги қийноқлари кейинчалик судда уни ўлдирадиган даражада азобламаганликларини исботлаш учунгина гувоҳлар олдида сахна кўриниши бўлган.

Бу “лахмач”лар 10 сентябрда вазифаларини бажариб бўлганларидан кейин Қоровулбозор қамоқхонасига қайтариб юборилганлар. Шу куни 15 суткалик маъмурий қамоқ жазоси муддати тугаган Ибодовларни ҳеч қандай қонуний асосларсиз Бухоро вилояти МХХ Бошқармаси Тергов Изоляторига олиб борганлар ва бу ертўлада 12 сентябргача ушлаб турганлар.

Шу кунларда Юнусов Азим бошчилигидаги МХХ вакиллари Илҳомдан ўзи тўплаган компрамат материалларни қаердалигини айтишини талаб қилиб тинимсиз қийнаганлар. Уларнинг талабларини бажармагандан кейин бошқача усулга ўтганлар, Илҳомнинг кўзи ўнгида Раҳимни, Раҳимни кўзи  ўнгида Илҳомни ўта вахшийларча қийнаганлар, азоблаганлар.

Аёвсиз қийноқларга солинган, хўрланган Илҳом Ибодовнинг аҳволи оғирлашиб, ўлиши аниқ бўлиб қолганидан кейин 2015 йилнинг 12-сентябрь, шанба дам олиш куни соат 15да Жиноят Ишлари бўйича Бухоро шахар судига олиб келганлар. Илҳомни судга олиб келганларида иккита милиционер уни икки қўлтиғидан кўтариб, оёғини судраб келтирганлар, ўзи оёқда тура олмайдиган оғир аҳволда бўлган.

У шунчалар ҳолсиз бўлганки судда хозир бўлган онаси, синглиси ва оила аъзоларининг унинг аҳволини суд биносига олиб кириб кетаётганларида кўриб дод-вой қилиб, йиғлаганларида, уни чақириб хайқирганларида ҳам бошини кўтариб қарашга мажоли бўлмаган. Суд жараёни ёпиқ тарзда бўлиши ҳақида эълон қилиб, оила-аъзоларини суд залига киритмаганлар.

Судья Илҳом Ибодовнинг аянчли аҳволини кўра била туриб, адвокатларнинг уни аҳволи оғирлигини инобатга олиб гаров пули эвазига озодликка чиқаришни, зудлик билан малакали медицина ёрдами кўрсатишни  сўраб қилган илтимосномаларини қаноатлантирмаган.

Шу дам олиш кунида зудлик билан ташкилланган суд якунига кўра ака-ука Раҳим ва Илҳом Ибодовларни Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 189-моддаси – Савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш, 243–модда – Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ҳамда 177–моддаси – Валютани қонунга хилоф равишда олиш ёки сотиш жиноятларини содир этганликда айбли деб топиб, эхтиёт чораси қамоқда қолишларига ажрим қилинган.

12-сентябрь кунги суднинг Ибодовларни қамоққа олиш ҳақидаги ажрими чиққанидан кейин ака ука Ибодовларни яна қайтариб Вилоят МХХ Бошқармасининг тергов изоляторига олиб келганлар. Шу куни МХХ Бошкармасининг тергов изоляторига  вилоят МХХ Хавфсизлик хизмати инспекцияси раҳбари Юнусов Азим, унинг қўл остидаги ходимлари Инъом ва Баходирлар кириб акаси Рахимнинг кўзи ўнгида Илҳомни вахшийларча қийнаб, азоб бериб, хўрлаб ўлдирганлар. Илҳомнинг қийноқларга дош бера олмай додлашларини қўшни камерадаги акаси Раҳим эшитиб Илхомни урмасликларини, қийнамасликларини ўтиниб сўраб бақирган. Лекин унинг фарёдига ҳеч ким қулоқ солмаган. Орадан анча вақт ўтиб Илҳомнинг овози буткул ўчган.

13-сентябрь якшанба куни кечга яқин оила аъзоларига Илҳомнинг вафот этганлигини маълум қилганлар. Унинг мурдасини келтириб, улар яшаб турган хонадоннигина эмас, кўчани ҳам қўриқлаб, ўраб туриб дафн маросимини ўтказганлар. Дафн маросимига келган одамларга босимлар ўтказиб, мархум билан уларнинг қандай танишлиги борлигини сўраб суриштириб, оила бошига тушган кулфатга, жудоликка ҳамдардлик билдириш учун келган инсонларга ҳам зуғумлар қилганлар.

Тинимсиз қилинган талаблар ортидан ўлимидан бир ой ўтгач, Илҳом Ибодовни юрак хуружидан ўлганлиги ҳақидаги суд тиббий экспертизаси хулосасини оила аъзоларига берганлар. Унинг ўлими сабаби юрак хуружи деб айтаётган бўлсаларда Илҳомнинг танаси қийноқлар – куйдиришлар, танасини кесиш, терисини шилиб олиш, танасига бигиз тиқишлар ва бошқа натижасида пайдо бўлган жарохатлар яққол кўриниб турибди.

Рахим Ибодов укасини кўзи ўнгида қийнаб ўлдирганларига дош бера олмай, бу ҳақда хабарни оиласидагиларга бир амаллаб етказганидан кейин онаси Ражабова Хурсанд бошчилигида Республика давлат органларга шикоятлар йўллаб, қабулхоналарга бориб Илҳом Ибодовнинг ҳақиқий қотилларига қонуний чора кўришни талаб қилишни бошлаганлар.

Шикоятлар оқими ортиб бориши ортида Раҳимнинг “айбдорлигини” хис қилган погонли махлуқлар Рахимнинг 3 нафар қизларини 12-ноябрь куни Бухоро вилоят ИИБга чақиртириб, у ердаги бўлим бошлиғи Бахтиёр Эгамбердиев бошчилигида вояга етмаган қизни педагог иштирокисиз сўроқ қилиб, қизларни 5-ноябрь куни Вилоят МХХ Бошқармаси деворига туташ бўлган болалар боғчасининг деворига “Биз Сурияликлар сизларни ўлдирамиз” деган ёзувларни ёзганликда айблаб, бу ёзувни айнан улар ёзганликларини исботловчи видеолавҳа уларда мавжудлигини айтиб, уларга нисбатан ҳам жиноят иши қўзғатишга харакатлар қилишган.

Вояга етмаган қизга ва унинг опаларига тухмат қилаётганларини айтишганда Бахтиёр Эгамбердиев  онахонга “Агар набираларимга тегишмасин десангиз, унда шикоятбозликни бас қилинглар” дея ўдағайлаган.

Биз Бухородаги Ибодовлар оиласи бошига солинган кулфатларни, Илҳом Ибодовнинг ўлимига алоқадор бўлган холатлар билан атрофлича танишиб, хужжатларни ўрганиб билганларимиз бўйича ўз муносабатимизни билдиришга қарор қилдик.

Илҳом ва Раҳим Ибодовларни ғайриқонуний равишда хибсга олиб, уларга нисбатан вахшиёна қийноқлар қўллаган, натижада Илҳом Ибодовни Бухоро вилояти МХХ ертўласида қийнаб ўлдирганларгина эмас, уларнинг бунингдек жиноятларни содир этишларига панжа ортидан қараб келаётган, қонун ҳимоячиси жандасига ўранган бу жиноятчиларнинг кирдикорларига  сукут сақлаб розилик берганлар ҳам ўша қотиллар қатори ушбу жиноятга айбдор деб хисоблаймиз.

Зероки, БМТнинг 1984 йил 10–декабрда қабул қилган «Қийноқларга солишга ва муомалада бўлиш ва жазолашнинг бошқа шавқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматини таҳқирловчи турларига қарши конвенцияга кўра «қийноқ» ҳар қандай тусдаги шундай харакатни англатадики, у билан қандайдир шахсга ундан ёки учинчи шахсдан маълумотлар ёки эътироф олиш, уни у ёки учинчи шахс содир этган ёки содир этишда у гумон қилинадиган харакат учун жазолаш, шунингдек уни ёки учинчи шахсни қўрқитиш ёки зўрлаш мақсадида ёки бундай оғриқ ёки азоб давлатнинг мансабдор шахси ёки расмий сифатдаги бошқа шахс ёки уларнинг гижгижлаши билан ёки уларнинг хабардорлигида ёки индамай розилиги билан ҳар қандай тусдаги камситишга асосланган ҳар қандай сабаб бўйича қасддан кучли оғриқ ёки жисмоний ёхуд маънавий азоб берилади.

(Давоми бор)

Мўътабар Тожибоева

«Ўтюраклар клуби» Инсон Ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти рахбари, мустақил журналист

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.