«Илҳом акамни Бухоро СНБси қийнаб ўлдирган» (Дилфуза Ибодова билан 1-cуҳбат)
“TUG’YON” радиосининг бугунги дастури Бухоро вилоятининг Бухоро шаҳри Элобод кўчаси 17-уйда яшовчи 67 ёшли нафақадаги фуқаро Хурсанд Ражабованинг ўтган ҳафта “Ўтюраклар” клуби инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Халқаро ташкилотига йўллаган мактуби асосида тайёрланди.
Таҳририятимизга келган мактубга кўра, 67 ёшли Хурсанд Ражабованинг икки ўғли: 1968 йилда туғилган Раҳим ва 1972 йилда туғилган Илҳом Ибодовлар ўтган 2015 йилнинг 16 августида Бухоро вилояти Миллий Хавфсизлик Хизмати томонидан савдо қоидаларини бузганлик ва ноқонуний валюта олди-сотдисини ташкил қилганликда айбланиб, ҳибсга олинган.
Ака-ука: Раҳим ва Илҳом Ибодовлар ҳибсгача Бухоро шаҳридаги “Ситора” автомобиль бозорида тадбиркорлик билан шуғулланиб келганлар.
Ака-укалар ҳибсга олинганларидан 28 кун ўтгач, 2015 йилнинг 13 сентябрида, 44 ёшли кенжа ўғил Илҳом Ибодовнинг таҳқирланган мурдаси қамоқдан уйига келтирган.
Марҳум Илҳомнинг 48 ёшли акаси Раҳим Ибодов эса, Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 189-моддаси – Савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш, 243-модда – Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш¸ ҳамда 177-моддаси – Валютани қонунга хилоф равишда олиш ёки сотишда айбли топилиб, саккиз йилга озодликдан маҳрум этилган.
Қамоқдан ўлиги чиққан Илҳом Ибодовнинг онаси бундан бир ҳафта аввал бизларга юборган суратларидан мурданинг қорин ва биқин қисмларида кўкарган жойлари ва оёғида турли жароҳатларни кўриш мумкин. Жумладан, жасаднинг оёқларида ип билан боғланганда қоладиган қора доғ излари, оёғида куйдирилгандан кейинги қолган жароҳатлар, оёғининг пастидаги териси шилинган жойларни ҳамда оёғи тирноқлари остига игна санчилган изларни марҳумнинг яқинлари ўз кўзлари билан кўришиб, жасадни видео ҳамда фото суратларга олишган. Олинган видео ва фото суратлар бизларгача етиб келган.
Онахон Хурсанд Ражабовага кўра, ўғли Илҳом Ибодовни Бухоро вилояти Миллий Хавфсизлик Хизмати бошлиғи Юнусов Азим Исокжонович ҳамда Бухоро вилоят Ички Ишлар Бошқармаси бошлиғи Ўриновлар бошчилигидаги бир гуруҳ погонлилар қийнаб ўлдирганлар.
«Бу қотилликни Бухоро прокуратураси терговчиси Расул Юлдашев беркитиб, ишни бости-бости қилмоқда», дейди, биз билан суҳбатда марҳум Илҳомнинг синглиси Дилфуза Ибодова…
Fikr bildirish