«Отувга ҳукм қилинган ўғлимнинг тириклигига ишонаман» (Башорат Эшова билан 2-суҳбат)
“TUG’YON” радиосининг бугунги дастурида Швейцарияда сиёсий муҳожирликда яшаётган ўзбекистонлик ватандошимиз Башорат Эшова иштирок этдилар.
Башорат Эшова узоқ йиллардан бери тўнғич ўғли Улуғбекнинг дом- дараксиз йўқ бўлганидан қаттиқ изтироб чекади. Онаизорнинг дарду фиғонлари бу оламга сиғмайди.
Онахоннинг 1975 йилда туғилган ўғли Улуғбек Эшов, 1993 йили 18 ёшида бир қатор ўртоқлари билан Тошкентдаги хонадонлардан бирига ўғирликка тушади. Ўғирлик билан ҳибсга олинган Улуғбекка суд 7 йиллик қамоқ жазо тайинлайди. Кейинчалик Ўзбекистон қонунчилигига киритилган ўзгартиришларга асосан, бу муддатга яна 3 йил қўшилиб, жами 10 йилга озодликдан маҳрум этилади.
Лекин, орадан бир мунча вақт ўтгандан кейин Улуғбек ўтирган қамоқхонада қотиллик юз беради ва бу қотилликда Улуғбек Эшовни ҳам суд айбдор деб топиб, ўша пайтдаги Ўзбекистон Жиноят кодексининг керакли моддаларига биноан, уни олий жазо, яъни, ўлим жазоси бўлган отувга ҳукм қилади.
Улуғбекнинг онаси Башорат опага негадир, ўғли отилганлиги ҳақидаги расмий гувоҳнома 2003 йилнинг 9 июлида келади. Ўша ҳужжатда ёзилишича, ўғли Улуғбек 2001 йилнинг 13 сентябрида қатл этилган бўлган.
Орада ўтган икки йил ичида Башорат опага ҳеч ким ўғлининг вафоти ҳақида хабар бермайди. Башорат Эшовадаги айрим норасмий маълумотларга кўра, ўғли ўлмаган ва у ҳаёт.
18 ёшида озодликдан маҳрум қилинган Улуғбек Эшов агар ҳозирда ҳаёт бўлса, у жорий йилнинг 7 апрелида 41 ёшга тўлади.
Лекин, ўтган йиллар давомида Башорат опа ўғлининг на ҳаёт эканлигини ё-да қазо қилганлигини аниқ билолмасдан, фарзанд доғида ўртаниб кун кўради.
Бу борада Ўзбекистон маъмурий органларига қилган расмий мурожаатларига йиллар давомида жўяли жавоб ололмаган.
Улуғбек Эшов ҳақиқатдан ҳам вафот этганми? Қаерда вафот этган? Вафот этган бўлса, у қаерга дафн қилинган? Нега бу ҳақда ўз вақтида онасига хабар берилмаган? Бундай ҳолларда, одатда, хабар бериладими ёки йўқми? Агарда тирик бўлса, у ҳозирда қаерда?
Бу каби жавобсиз саволлар билан Башорат Эшова 10 йиллар давомида қаттиқ изтиробда муҳожирликда умр кечирмоқда…
Эслатиб ўтамиз, мазкур суҳбатимиз икки қисмдан иборат. Бугун суҳбатимизнинг сўнгги иккинчи қисмини тингладингиз. Суҳбатнинг биринчи қисми 6 март кунги эшиттиришмизда эфирга берилган…
Fikr bildirish