Ризо Обид қандай вафот этди?! (Жаҳонгир Муҳаммад, Мўътабар Тожибоева, Анвар Каримовлар давра суҳбати, 2-қисм)
“TUG’YON” радиосининг бугунги дастури ҳам махсус сон сифатида тақдим қилинмоқда.
Боиси, куни кеча 29 мартдан 30 мартга ўтар кечаси Голландиянинг Тиль шаҳар касалхонасида шифохона расмий ҳужжатларига кўра, маҳаллий вақт билан тунги соат 1.45 да шу давлатда 10 йилдан бери сиёсий муҳожиратда яшаётган ватандошимиз, таниқли ўзбек журналисти, шоир ва ёзувчи, Zamondosh нашрининг асосчиси Ризо Обид 58 ёшида оғир хасталикдан кейин вафот этди.
Ризо Обид тахаллуси билан ижод қилган таниқли ўзбек журналисти Ризохўжа Обидов 1958 йилнинг 1 январида Наманганда таваллуд топган. 2005 йилдаги «Андижон воқеалари» ортидан Ўзбекистонни тарк этгунига қадар бир қатор нашрларда фаолият олиб борган, халқоро радиолар билан ҳамкорликда ишлаган.
БМТнинг Қочқинлар ишлари бўйича Олий Комиссарлиги томонидан сиёсий муҳожир мақомини олган Ризо Обид 2006 йилдан бери умрининг охиригача Нидерланд Қироллигида яшаган. Умрининг сўнгги вақтларида Кулембург шаҳрида истиқомат қилган.
Ризо Обид 2007 йилда Zamondosh интернет нашрига асос солган. Ўтган давр мобайнида Zamondosh веб-саҳифасида кўплаб ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий, адабий-бадиий ҳамда танқидий мақолалар нашр қилинган.
Ризо Обид кўплаб шеърлар, бадиий асарлар, очерклар ва бошқа адабий жанрдаги асарлар муаллифидир.
Ризо Обид Zamondosh веб-саҳифасини яратишдан ташқари, хориждаги ўзбек жамоатчилиги орасида илк бор Zamondosh интернет ТВ ва радиосига ҳам асос солган. Унда давлат ва сиёсат арбоблари, шоир ва ёзувчилар, ҳуқуқ ҳимоячилари, диний арбоблар, санъаткорлар ва бошқа соҳа вакиллари билан бир қаторда оддий тингловчилар ҳам кўплаб чиқишлар қилган.
Ризо Обид 2005 йилдаги «Андижон воқеалари» ва кейинчалик 2010 йилдаги «Ўш воқеалари» матбуотда ёритилишида катта жонбозлик кўрсатган.
Юсуф Жума, Мўътабар Тожибоева сингари таниқли собиқ сиёсий маҳкумларнинг озод этилиш йўлида Zamondosh нашри орқали сиёсий кампаниялар олиб борган.
Ризо Обид 58 ёшида, 2016 йилнинг 30 мартида оғир хасталикдан кейин Голландияда вафот этди.
Кеча, 1 апрель куни Ҳолландиянинг Утрехт шаҳридаги «Умар ал-Фарруҳ» масжидида Жума намозидан кейин Ризо Обиднинг Жаноза маросими бўлиб ўтди. 4 апрель, душанба куни маҳаллий вақт билан соат 15:00 да Нидерланд Қироллигининг Утрехт провинцияси Кофелсвайде шаҳридаги мусулмонлар қабристонига Ризо Обид дафн қилинади.
Ризо Обиднинг яқинларига, оила аъзоларига, сафдошларига ўзимизнинг таъзиямизни, чуқур ҳамдардлигимизни билдирамиз!
Журналист, шоир ва адиб Ризо Обиднинг хотираси қалбларимизда мангу сақланжак!
“TUG’YON” радиосида таниқли ўзбек журналисти Ризо Обиднинг вафоти муносабати билан тайёрланган махсус сон эшиттиришимизнинг, сўнгги иккинчи қисми эфирга узатилмоқда.
Мазкур эшиттиришимизнинг биринчи сони 31 март куни эфирга узатилган эди.
Бугунги дастуримизда Ризо Обидни яқиндан таниган, бирга ишлаган ва ҳамкорлик қилган Ўзбекистон фуқаролик жамияти фаоллари: АҚШдан ўзбек адиби, давлат ва сиёсат арбоби Жаҳонгир Муҳаммад, Франциядан «Ўтюраклар» клуби инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Халқаро ташкилоти раҳбари, таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Мўътабар Тожибоева ҳамда Украинадан Zamondosh нашрининг яқин ҳамкори Анвар Каримовлар иштирок этдилар…
Fikr bildirish