Мўътабар Тожибоева: «Замондош»чилар ўз ваъдаларида турмаганларидан афсусдаман!
Ўтган хафтада, аниқроғи 8 апрель куни “Замондош” сайтида “Человек в религиозной маске или вахаббит Абутов – теперь «запел» по другому?” номли мақола эълон қилинди ва 400дан ортиқ электрон почталарга ҳам тарқатилди.
Гап шундаки, 6 апрель куни ташкилотимиз сайтида “Мўътабар Тожибоева: Навбатдаги фитна фош бўлди” номли мақолани эълон қилгандим.
Ушбу мақолани ёзишимда Муҳаммадсолиҳ Абутовнинг Ўзбекистон Халқ Ҳаракати ва унинг сайти билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келадиган Малоҳат Эшонқулова билан ёзишмаси ва ЎХҲ сайти модераторига ёзган хатини Абутовнинг розилигини олмаган ҳолда эълон қилганим сабаб Абутов масалани асл мохиятини тушуниб етмасдан туриб ўзининг сайтида менинг бу хатти харакатимни ўзига нисбатан бехурматлик деб хисоблагани учун мен билан ҳамкорликка чек қўйиши ҳақидаги “Фитналар қиёматгача тугамайди шекилли” деб номланган баёнотини эълон қилди.
Шу куннинг ўзида Муҳаммадсолиҳ Абутов, Улуғбек Бакиров ва мен биргаликда скайп орқали бу масалани мухокама қилдик. Мен Абутовга унинг ўз сайтида менга нисбатан ёзганлари нотўғри эканлиги, яъни мен унга нисбатан ҳеч қандай бехурматликка йўқ қўймаганимни, лекин Абутовнинг Эшонқулова билан ёзишмалари ва ЎХҲ сайти модераторига ёзган хатини айнан менга қарши, мендан ҳуқуқий ёрдам сўраган ва бугунги кунда ҳам ёрдам сўраб мурожаат қилаётган инсонларга қарши уюштирилаётган фитналар ҳақида Ўзбекистондан янги хабарлар олганим сабабли бу инсонларни фитналардан ҳимоя қилиш мақсадида Абутовнинг рухсатисиз чоп қилганимни, бунга норози бўлса унинг ёзишмаларини ўз сайтимда чоп қилинган материалдан олиб ташлашимни ва бу ҳақда сайтимда изоҳ ёзиб беришимни баён қилди
Келишганимиздек мен сайтдаги мақоладан Абутовнинг ёзишмаларини олиб ташладим ва мақоланинг бошига изоҳ ёзиб қолдирдим.
«БИЛДИРУВ: “Навбатдаги фитна фош бўлди” деб номланган қуйидаги мақолани сайтимизда эълон қилганимдан кейин ушбу мақолада баён қилинган холат бўйича масалага ойдинлик киритган Муҳаммадсолиҳ Абутовни Малоҳат Эшонқулова билан ёзишмаларини ва ЎХҲ сайти модераторига ёзган хатини ундан розилик сўрамасдан чоп қилганим учун у ўз норозилигини билдирди. Ҳақиқатан ҳам Муҳаммадсолиҳ Абутовни огоҳлантирмасдан туриб унинг ёзишмаларини сайтда чоп қилинган мақолада чоп қилганим учун шахсан мен – Мўътабар Тожибоева Муҳаммадсолиҳ Абутовдан узр сўрайман ва мақоладаги унга тегишли бўлган ёзишмаларни олиб ташлаганимни маълум қиламан.
Лекин мен Абутов айтганидек бебурдлик қилмадим, субутсизлик қилмадим. Фақатгина қамалишимдан олдин ва бугунги кунда шахсан мендан ва “Ўтюраклар Клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотидан ўзларини, оила аъзоларини ҳимоя қилишни сўраб мурожаат қилган ва қилаётган инсонларни ҳаёти хавф остида қолаётгани, уларнинг шантаж қурбони бўлаётганлари сабабли уларни ҳимояси учун ҳам ушбу мақолани чоп этишим шарт деб хисобладим ва чоп қилдим.
Мўътабар Тожибоева»
Ушбу изоҳимни Абутов ўз сайтида эълон қилди ва менга қарши ёзган ва сайтида эълон қилган “Фитналар қиёматгача тугамайди шекилли” номли мақоласини ўз сайтидан олиб ташлаб, уни ўрнига «Билдирув» чоп қилди.
Лекин айнан шу куни кечаси “Замондош”да Муҳаммадсолих Абутовга қарши “Человек в религиозной маске или вахаббит Абутов – теперь «запел» по другому?” номли тухмат мақола эълон қилинди. Мен ушбу мақолага ўз муносабатимни билдиришим шарт эди. Лекин ташкилотимизнинг интернет нашрига қилинган хакерлик хужумига учрагани сабабли мақолани чоп қилиш анчагина кечикди. Ўз вақтида менга алоқадор бўлган бу мақолага ўз муносабатимни билдира олмаганим учун мен туфайли тухматга учраган Муҳаммадсолиҳ Абутовдан узр сўрайман.
Муҳаммадсолиҳ Абутов “Замондош”да ёзилганидек ҳеч ким билан яширин мулоқотлар қилмади. Ўзбекистон халқ ҳаракати сайтида чоп қилинган “Бирор чора қолдиришмаяптику!” номли Эшонқулова номидан деб ЎХҲ сайтида эълон қилинган мақоладаги менга қарши фитна уюштирилаётганлигини исботловчи ёзувлардан бир танишим орқали хабардор бўлганимдан кейин ушбу масалага ойдинлик киритиш мақсадида бир нечта яқин ҳамфикрларимга фесбокнинг чати орқали ушбу мақолани жўнатиб, улар билан ёзишиб, мухокама қилдим.
Шу мулоқотда иштирок этган Муҳаммадсолиҳ Абутов олдин масалага ойдинлик киритиш кераклигини айтди ва Малоҳат Эшонқуловага хат ёзиб бу ҳақда сўрашини билдирди. Малоҳатдан жавобни олганидан кейин эса унинг жавоб хати билан бирга ўзининг ЎХҲ сайти модераторига бир нечта саволлар ёзиб мурожаат қилди.
Абутовнинг саъйи харакати билан “Бирор чора қолдиришмаяптику!” номли мақола ЎХҲнинг сайтидан олиб ташланди ва унинг ўрнига “Билдирув” пайдо бўлиб, у ерда ЎХҲ Малохат Эшонқуловадан кечирим сўралди.
Агар муаммо шу билан якун топганида эди мен Абутов билан келишганимиздек бу мавзуга қайтмасдим. Лекин ёзишмаларимни олган водийлик яқинларим, ҳамфикрларимдан шу мавзуга боғлиқ хабарлар кела бошладики уларга бефарқ қарай олмасдим. Чунки бир бирига алоқаси бўлмаган иккита мустақил манбаадан олган хабарларимга қараганда ЎХХ сайтида чоп қилинган менга алоқадор хабар шунчаки англашмовчилик эмас, ҳақиқатан ҳам менга ва мендан ҳимоя сўраган инсонларга қарши уюштирилаётган фитна эканлиги исботланганди.
Аёллар қамоқхонасида мен билан бирга қамоқ жазосини ўтаган ва Дубайга ёш қизларни ресторан ва корхоналарда ишлашга деб алдаб олиб бориб, фохишахоналарга пуллаш билан машғул бўлганлиги билан танилган ва шунга ўхшаш жиноятни содир этганлиги учун қамалиб жазо муддатини ўтаган, тез тез қамоқхона маъмурияти томонидан “сухбатга” чақирилиб турган ва махкумалар тили билан айтганда “қулоқ”лиги билан танилган аёлни қидириб, ундан менга қарши интервью беришга розилигини олиш устида ишланаётган экан.
2005 йилда қамоққа олингунимча мол мулки ғайриқонуний равишда ўзлаштирилган ва мен ҳимоя қилган инсонлардан бири кўринмас номердан қўнғироқ қилиб, у билан боғланиб, ундан менга қарши интервью беришга мажбур қилинаётгани ҳақида маълум қилганлиги ҳақида ҳам хабар олдим.
Ўзининг менга қарши интервью беришга мажбур қилингани, уларнинг ғайриқонуний талабларига бўйсунмасдан, менинг қамалиб қолишим сабаблигина муаммолари ҳал бўлмасдан қолиб кетганлигини, лекин менга ҳеч қандай давои достони йўқлигини, мен улардан интервьюда айтиши талаб қилинаётганидек ҳеч бир моддий манфаатсиз ёрдам олганликларини айтганида, улар талаб қилаётган интервьюни бериши унга фақатгина фойда олиб келишини, унинг ҳал бўлмаган муаммоларини ечимини топишга ёрдам беришларини ваъда қилишган.
Бу нотаниш кимсаларнинг талабларини бажармаганидан кейин уни “Тожибоеванинг жиноятларини била туриб фош қилишга хисса қўшмаганлигингиз учун сиз яшайдиган худуднинг маъмурий органлари МХХси ҳам, милицияси ҳам энди сизни тинч қўйишмайди” деб дўқ пўписа қилганликларини менга яқин инсон билан боғланиб айтиб берган.
Шунингдек мендан ва ташкилотимдан ёрдам сўраб мурожаат қилган инсонларнинг фитна қурбони бўлаётганликлари, менга қарши интервью беришга мажбур қилинаётганликлари ҳақида хабарларни эшитиб туриб буни жамоатчиликка маълум қилмаслигим мумкин эмасди.
Бунга шу кунларда бўлиб ўтган Бухоролик Дилфуза Ибодова билан бўлиб ўтган воқеани ҳам мисол қилиб келтириш мумкин. Кундуз соат 13ларда бозорга борган Ибодова солиқ департаменти ходимларининг бозордаги сотувчи аёлларни вахшийларча калтаклаётганларини кўриб у аёлларни калтаклар зарбидан қутқариш учун ёрдамга шошилган пайтида уни тутиб бозор ичидаги милиция пунктига олиб кирганлар ва ундан “бундан кейин давлат сиёсатига қарши харакатлар қилмайман” деган мазмунда тушунтириш хати ёзиб беришни талаб қилишган.
Калтакланаётган савдогарларни ҳимоя қилиши билан давлат сиёсатини нима алоқаси борлигини сўраган Дилфузага “Давлат сиёсатига қарши бўлмасангиз нега интернетга материаллар беряпсиз?” деб сўроқ саволлар қилишган. Дилфуза олдиндан келишганимиздек ушбу материалларни чоп қилаётган инсон ўз исми фамилияси билан эълон қилаётганлигини, агар бу материалларга эътирозлари бўлса ушбу материалларнинг муаллифига, яъни менга мурожаат қилишлари кераклигини айтган.
Шундан кейин Дилфузани қўлида бўлган иккита мобил телефонларини текшириб кўриш бахонаси билан тортиб олганлар ва орадан 5 соат ўтганидан кейингина қайтариб берганлар. Телефонлардаги Илхом Ибодовнинг суратларини эса унинг кўзи ўнгида ўчириб юборганлар.
Бундан ташқари Ўзбекистонлик ҳаққоний инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларини йиллар давомида турли бахоналар билан молияламасдан келаётган қайси бир халқаро жамғарма биз каби фаолларга қарши уюштирилаётган тухмат кампаниясини молиялаётганликларини аниқлаш ўша жамғармалар вакилларини асл башараларини фош қилиш учун ҳам жуда мухим эди.
Менинг мақоламда ҳеч қандай ноқонуний харакат йўқ эди, юқорида таъкидлаганимдек фақатгина Муҳаммадсолиҳ Абутовнинг ёзишмаларини унинг олдидан ўтмасдан чоп қилгандим холос. Агар бу ёзишмаларни чоп қилмаганимда ҳам мақола долзарблигини йўқотмасди. Лекин ҳақиқатга ойдинлик киритишга харакат қилиб, шунга эришган Абутов менинг бу харакатимни ўзига нисбатан бехурматлик деб қабул қилибди ва ўзининг баъзида қиладиган жиззакилик характери сабаб дарҳол менга нисбатан байкот эълон қилишини ўз сайтида эълон қилибди.
Ўзбекистондаги диктатура режимига қарши курашувчи бирор бир фуқаролик жамияти вакили агар у халол ва ўз ғояларига содиқ бўладиган бўлса мен бунингдек инсонларни хурмат қиламан, у инсонларнинг ҳар қандай камчиликларига қарамасдан имкон даражасида ҳамкорлик қиламан.
Муҳаммадсолиҳ Абутов билан ҳақиқатан ҳам Францияда яшаб турган пайтимда Камолиддин Раббимов орқали таниганман. Кейинчалик Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг Берлиндаги анжуманида кўрдим. Кейинчалик Галима Бухарбаевага қарши тайёрланган фотошоп парнографик суратларни тарқатганлиги ҳақида хабардор бўлганимдан кейин унинг ЎХҲдаги кимсалар қатори у ҳам бу харакатнинг фаолиятига танқидий муносабатда бўладиган инсонларга қарши курашда ҳар қандай фитнакорликлардан қайтмайдиган инсон деб танидим.
Орадан бир қанча муддат ўтганидан кейин Муҳаммадсолиҳ Абутов берган хабари орқали Ўзбекистондаги ҳуқуқ фаоли Елена Урлаева Андижонлик Гулсумой деган аёлни Андижон вилояти МХҲ идорасида қийнаб ўлдирилганлиги ҳақидаги хабари тарқатди. Бундай хабарларни бирида МХҲ вакиллари томонидан қийнаб ўлдирилгани ҳақида ёзилса, бошқа бир хабарларда Гулсумойнинг ўзига нисбатан қилинган босимлар кетидан дори ичиб ўлганлиги ҳақида гапириларди.
“Озодлик”, “ББС” радиолари ва бошқа матбуотлар бу ҳақда материаллар бердилар ва шу пайтда интернет нашрларида чоп қилинган “ўлдирилган” Гулсумойнинг чоп қилинган суратининг ҳақиқий эгаси чиқди ва ҳамма ёқда шов шув бўлиб кетди. Шу пайтда радиолар мухбирларидан бири менга алоқага чиқиб ўзим ишонган бирор бир инсонни Гулсумой яшаган дейилган манзилга ва касалхонага бориб унинг ўлимига тегишли ҳаққоний маълумотни билиб беришимни илтимос қилишди. Менинг топшириғим билан Андижонга борган ташкилотимиз фаоллари Гулсумой яшади деб айтилган манзил Андижонда умуман йўқлигини, ўша худуддаги касалхонада эса яқин йилларда дори ичгани ортидан ўлганлик холати юз бермаганлиги ҳақида аниқлик киритиб келишди.
Кейинчалик маълум бўлишича Хуршида исмли бир фирибгар аёл ёрдам сўраб кўплаб фуқаролик жамияти вакилларига ёрдам беришларини сўраб мурожаатлар қилган ва унинг хатига жавоб берган содда ва тўпори Муҳаммадсолиҳ Абутовни ўз қармоғига илинтирганидан фойдаланиб, “Гулсумой учун” моддий ёрдамлар олиб келган ва Гулсумой номидан пулларни дугонаси Хуршидага жўнатишини илтимос қилган. Кейинчалик бу сирни ёпиқ қолдириш мақсадида “Гулсумой”ни “ўлдирган”, яъни Муҳаммадсолиҳга ёлғон хабар бериш билан қутулмоқчи бўлган. Муҳаммадсолиҳ эса унинг ёлғонларига лаққа тушиб бу ҳақда Урлаевага маълум қилган.
“Замондош”даги мақолада Гулсумой масаласида ҳам гапирилгани учун бу борада ўзим билган маълумотларни баён қилдим. Кейинчалик Абутовдан ёлғонлари орқали фойдаланиб келган оддий бир фирибгар аёлдан ўзларини рекламаси учун фойдаланишга қарор қилган ЎХҲдагилар Хуршида билан “матбуот конференцияси” ўтказганлар. Қанчалик ўргатилмасин фирибгар аёлдан киллер ярата олмасдан шармандалари чиққан.
Муҳаммадсолиҳ Абутовни қандай қилиб Швецияга келиб қолгани ҳақида тўлиқ маълумотга эга эмасман, лекин Россияда қамоққа олинган ва Ўзбекистонга депортация қилиниш хавфи пайдо бўлган пайтида Россиялик таниқли ҳуқуқ фаоли Елена Рябининанинг саъйи харакатлари сабаб қамоқдан озод бўлиб, қочқинлик мақоми олиб Швецияга етиб келганини ҳақида эшитганман.
Диктатура режимининг ашаддий танқидчиларини ўзбек қамоқхонасидан тирик чиқишлари гумон бўлиб турган бир пайтда Абутовнинг қамоқхонадан тириқ чиққани ва Швецияга эсон омон етиб келгани ҳақидаги муносабатни ўқирканман, менинг ўзимга қарши ҳам тинимсиз уюштирилаётган тухмат материалларда бунингдек важларни қайта қайта такрорлашларини эсладим. Нахотки ўзбек қамоқхонасидан тирик чиққанимиз бизнинг гуноҳимиз бўлса?!
Муҳаммадсолиҳ Абутов ЎХҲда актив фаолият олиб боргани ҳам ҳеч кимга сир бўлмаган. Бундан ташқари у Ўзбекистон Исломий харакатига мурожаат қилиб, диктатура режимига қарши курашга бирлашишга чақиргани ҳам ҳақиқат. Лекин унинг баёнотида қўлга қурол олиб жанг қилишни таклиф қилмаган. Унинг материалини мен ҳам ўз вақтида ўқиб чиққанман.
Ҳалол инсонларни маблағларни ўзлаштирганликда айблаб, истаганча ёзишлари, тухматлар ёмғири остида қолдиришлари одат тусига кирган. Лекин шу бугунгача бунингдек тухмат материалларни ҳақиқатлигини исботловчи бирорта далилни чоп қила олганлари йўқ. Буни “Замондош” сайти билан Галима Бухарбаева ўртасида ўтаётган суд жараёни ҳам исботлади. Суд махкамасидан етарли дарс олмаган “Замондош”чилар энди Муҳаммадсолиҳ Абутовни ҳам Швецияда рўйхатга олинган ЎХҲ учун тушган молиявий кўмак маблағини ўзлаштирганликда қоралаганлар.
Мен юқорида айтганимдек авваллари Муҳаммадсолиҳ Абутов билан ҳамкорлик қилмаганман. “Замондош”да ёзганларидек Абутов мен билан ҳамкорлик қилишга интилгани йўқ. У билан биринчи марта 2013 йилнинг охирги кунларидаги Гулнора Каримованинг менга ёзган хати унинг твиттерида пайдо бўлганидан кейин у мендан интервью олиш учун алоқага чиққанида сухбатлашдик ва шу бўйича у билан мулоқотларимиз бошланди.
Айни шу пайтларда Ислом Каримовнинг Прагага келиши масаласи кўтарилди ва шу муносабат билан ўз муносабатларини билдиришларини сўраб халқаро ташкилотларга мурожаатлар қилдик. Шунингдек Муҳаммадсолиҳ Абутовнинг радиосида бир қанча сухбатлар уюштириб, ғарб давлатларида яшаётган Ўзбекистонликларни Прагада ўтказишни режалаётганимиз намойишда фаол қатнашишга чақирдик.
Каримовнинг Прагага ташрифи бекор қилинишида Абутовнинг шу мавзуга атаб тайёрлаган бир қанча эшиттиришлари мухим рол ўйнаганлигини тан олмасликнинг ўзи номардлик хисобланади.
Ўзбекистонда ўтказилиши режаланаётган Президентлик сайлови муносабати билан 2015 йилнинг январь ойида ташкил этганимиз “Виртуал сайлов комиссияси”да фаол иштирок этган Муҳаммадсолиҳ Абутов, Улуғбек Бакиров ва бошқа бизга яқиндан кўмак берган инсонлар билан биргаликда ўтириб, бир неча марта хакерлик хужумига учраган виртуал сайлов комиссияси вебсайтини кечалари билан қайтадан тиклаганларимиз, ушбу сайлов компаниясида дуч келинаётган турли муаммоларни ечишда бир ёқадан бош чиқариб тинимсиз ишлаганларимизни ушбу тадбирда иштирок этганларни ҳаммаси яхши эслайдилар.
2015 йилдаги Андижон фожеасининг 10 йиллиги муносабати билан бирор бир мухолифат тадбирлар ўтказишни ҳаёлига ҳам келтирмаган бир пайтида яна бир начтагина инсонлар жонбозлик кўрсатдикки, буни биргина исботи тариқасида Андижондаги тартибсизликларни ташкил қилганликда айбланган Қобил Парпиевнинг ўғли Жахонгирни “Озодлик” радиоосига чиқиб, “Андижон фожеаларини унутилишига тўсқинлик қилаётган Мўътабар Тожибоевани, Муҳаммадсолиҳ Абутовни ва Улуғбек Бакировлар устидан БМТ шикоят топшираман” деган баёноти кимнинг кимга хизмат қилаётганини бахоси эди десам муболаға бўлмайди.
Бундан ташқари 2015 йилнинг июль ойидан бошлаб август ойигача “Бедарак йўқолганларни хотирлаш» кампаниясида 1992 йилдан то 2004 йилгача хукуматнинг махсус хизматлари томонидан ўғирланган 25 нафар фуқаронинг тақдирига алоқадор бўлган маълумотларни тўплаш, йиғиш ва бу маълумотларни жамоатчиликка етказишда Муҳаммадсолиҳ Абутовнинг хизматлари улкан бўлди. Шу бугунги кунгача бедарак йўқолганлар ҳақида бундай кўп маълумотлар ҳеч қайси манбаада бўлмаганди. Бедарак йўқолганлар ҳақидаги Муҳаммадсолиҳ томонидан уюштирилган туркум сухбатлар келажакда диктатура режимининг жиноятларига бахо беришда далил сифатида фойдаланишига ишонаман.
Бизнинг ўзаро ҳамкорлигимиз пайтида Муҳаммадсолиҳ Абутов ҳам, бошқа ҳамкорлар ҳам бирор бир моддий кўмаксиз, моддий манфаатдан умидвор бўлмасдан шунча ташаббусларни амалга ошириб келмоқдалар.
“Замондош”дагиларнинг ёзишларига эътибор қаратсанг Муҳаммадсолиҳ Абутовнинг мен билан ҳамкорлиги бошланган пайтидан менга қарши тухмат бўхтон материаллар чоп қилиниши бошланган эмиш.
Бундан келиб чиқадики, 2013 йилнинг декабрь ойи охирги кунларидан бошлаб 2015 ноябрь ойигача менга қарши чоп қилинган 69 та тухмат мақолаларга Муҳаммадсолиҳ Абутов айбдор эканда?! Ушбу чоп қилинган 69 та тухмат мақоланинг 17 таси “Ўзбекистон халқ ҳаракати” интернет нашрларида, 10 таси “Дунё ўзбеклари” сайтида, 7 таси “Замондош” сайтида чоп қилинганди.
Демак “Замондош”га ишониладиган бўлса бу сайтларда чоп қилинган тухмат материаллар Муҳаммадсолиҳ Абутовнинг саъйи харакатлари, топшириқлари билан чоп қилинибдида. Майли шундай деб ҳам ҳисоблайлик, нима “ЎХҲ” лидерини, “Дунё ўзбеклари” “Замондош” сайтлари бош мухаррирларини ўз ақллари йўқмиди Абутовнинг уюштирган кампаниясида қатнашмасликка?
Бундан ташқари Муҳаммадсолиҳ Абутовга тегишли бўлган сайтларда мен нафақат ўзимга, балким бошқа фуқаролик жамияти фаолларига қарши тухмат материаллар чоп қилинганига гувоҳ бўлмаганман.
Абутовнинг “Усмон Ҳақназаров”и ёки “Борис Сапрыкин»и йўқ, у кимга қарши ўз фикрини баён қилса у фикр тўғрими, нотўғрилигидан қатъий назар ўз исми шарифи билан эълон қилади ва шунинг билан ҳам кўпчиликнинг хурматига сазовар бўлган.
Мен бугун Муҳаммадсолиҳ Абутов билан яқиндан танишганимдан буёнги биргаликда амалга оширган ишларимиздаги унинг жонбозлигига берган бахоимдир.
Лекин яқинда менга бир инсон Абутовнинг “Хазон бўлган умрлар” деб номланган асари ҳақида гапириб қолди ва мен у асарга кўз юрита бошладиму, асарни охиригача танишиб чиқмагунимча тўхтай олмадим. Чунки бу асарда жамоатчилик учун таниқли бўлган, лекин тақдири номаълум қолаётган диктатура режимининг бир қанча қурбонлари ҳақида етарлича маълумотлар берилган эди.
Мен Абутовга ўзининг мана шу асарини аудиороман қилиб бизнинг сайтимизда эълон қилишимиз учун ўқиб беришини сўраганимда у камтарлик қилиб кўнмади. У билан бу масалада бир неча марта сухбатлашдим, лекин хали хануз у ўз розилигини бергани йўқ. Ҳаттоки унинг бу асари ҳақида жамоатчилик шу бугунги кунгача бехабар десам хато бўлмаса керак.
Биз ўзгаларнинг амалга оширган ишларини кўзини лўқ қилиб ўзиники дея тарғиб қиладиган кимсаларга кўп дуч келамиз. Улар ўзгаларнинг мехнатларини ўзлаштириш пайтларида виждонлари қийналмайди ҳам. Абутов эса нафақат ўзининг фаолияти, балким асарлари, шеърлари билан диктатура режимига хавф солаётган инсон эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон махсус хизматлари томонидан у ҳақда “Ватангадолар” номли фильми суратга олинган ва намойиш қилинган.
“Замондош”дагиларни қийнаган, яъни “Вахобий” Муҳаммадсолиҳ Абутов ва ҳуқуқ фаоли Мўътабар Тожибоевани ҳамкорлиги нималардан иборат эканлиги ҳақидаги саволига жавобимиз шуни биз диктатура режимига қарши курашда бир сафдамиз ва бизнинг қуролимиз тилимиз ва қўлимиздаги қаламимиздир. Агар Муҳаммадсолиҳ Абутов сингари ватан, халқ дарди ташвиши билан ёнувчи инсонлар қанчалар кўп бўлса бизнинг диктатура режимига қарши курашимиз шунча кўп натижалар берган бўларди.
Диктатура режимига қарши кечаю кундуз тинмасдан кураш олиб бораётган Муҳаммадсолих Абутов сингари инсонларга таъзим қилишимни баён қиларканман “Замондош”чиларга Ризо Обиднинг аянчли тақдири ўгит бўлмаганидан афсусдаман.
Улар Ризо Обиднинг ўлимидан кейин “Замондош”нинг фаолиятини буткул ўзгартирган холатда давом эттиришлари ҳақида баён қилганларидан бир неча кун ўтибгина “вахобий” Муҳаммадсолиҳ Абутовга қарши навбатдаги тухмат мақолани эълон қилдилар. Демак уларнинг гапларига ишонишга жуда эрта экан…
Мўътабар Тожибоева
«Ўтюраклар Клуби» Инсон ҳуқуқларини
ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти рахбари
Fikr bildirish