Хурсанд Ражабова: Ёлланма адвокатнинг жиноятларига ким чора кўради?
Тошкент. Матбуотчилар кўчаси б уй. Президент девонига, Президент Ислом Каримовга;
Тошкент. Ўзбекистон Республикаси Адлия Вазирлигига:
Бухоро вилояти хокимлиги Адлия бошқармаси хузуридаги адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи Малака комиссиясига
Бухоро шахри Элобод кўчаси 15 уйда яшовчи Ражабова Хурсанд ва нотариал орқали тасдиқланган ишончномага асосан шу уйда яшовчи Ғаффурова Нодира Джамаловна ва Хикматова Нигора Фурқатовналарнинг ишончли вакили Ибодова Дилфузадан
ТАЛАБНОМА АРИЗА
Биз тадбиркор ва ишбилармон Ибодовлар оила аъзолари токи ўзимиз тўқнаш келмагунимизча адолатсизлик, қонунларни оёқ ости қилишдаги маъмурий органлар амалдорларининг иштироки ҳақида умуман тушунчага эга эмасдик.Ушбу аянчли фожеанинг сабабчилари ҳам, қурбонлари ҳам менинг ўғилларим – ака ука ишбилармон, тадбиркорлар — 1972 йил 16-июнда туғилган, Бухоро вилояти Бухоро шахри Элобод кўчаси 17-уйда яшаган, Бухоро шахридаги 2008 йилда ташкил этилган “Ал Ражаб автоглобал Сервис” хусусий корхонаси рахбари Ибодов Илҳом Ражабович ва 1968 йил 31-августда туғилган, Бухоро вилояти Бухоро шахри Элобод кўчаси 15-уйда яшовчи “Ал Ражаб автоглобал Сервис” хусусий корхонаси бош хисобчиси Ибодов Рахим Ражабовичлардир..
Улар Бухоро шахридаги “Ситора” автомобиль бозори маъсулияти чекланган жамияти худудида жойлашган савдо павильонларидан сотиб олинган ва ижарага олинган № 153, № 154, № 172 ва № 173-сонли савдо дўконларда фаолиятларини юритиб келганлар.
Менинг ўғилларим Илҳом ва Рахим Ибодовлар Ўзбекистон қонунларига итоат этгувчи, бор кучу ғайратларини мамлакатимизнинг гуллаб яшнаши учун сарф қилиб келгувчи инсонлар эдилар.
Лекин ўғилларимни 2015 йилнинг 16-август куни ғайриқонуний усуллар билан хибсга олиб, уларни Жиноят ишлари бўйича Бухоро шахар судининг қарори билан МЖтКнинг 183 (майда безорилик) моддаси ва 194-моддаси 1-қисми билан (Милиция ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) айблаб, 10 суткадан қамоқ жазоси тайинлаб, Бухоро вилоят ИИБ ВСХга жойлаштирганлар.
2015 йилнинг 26-август куни Илҳом ва Рахим Ибодовларни Бухоро вилоят ИИБ ВСХ камерасида ИИБ ходимларининг қонуний талабларини бажармаганликда айблаб, Жиноят ишлари бўйича Бухоро шахар судининг навбатдаги 26 август кунги қарори билан МЖтКнинг 194-моддаси 2-қисми билан (Милиция ходимининг қонуний талабларини такрорий бажармаслик) айбли деб топиб 15 суткадан маъмурий қамоқ жазосига тортганлар.
2015 йилнинг 28-август кунги Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси хузуридаги солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш Департаменти Бухоро вилоят бошқармаси катта суриштирувчиси М.Аслановнинг Жиноят иши қўзғатиш ва иш юритувига олиш тўғрисидаги қарорига кўра Ибодов Илҳом ва Рахимларга нисбатан ЖКнинг 189 моддаси 3 қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Лекин Ибодовларнинг ҳимоя ҳуқуқлари умуман таъминланмаган.
2015 йилнинг 5 сентябрь куни Рахим ва Илҳом Ибодовларга нисбатан ЖКнинг 177 моддаси 3 қисми “а” банди, 189 моддаси 3 қисми ва 243 моддаларидаги жиноятларни содир қилганликда айблаб, “Жиноят ишида гумон қилинувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиш тўғрисидаги қарор” қабул қилинган, лекин ушбу қарорларни қабул қилишда ҳеч қандай адвокат иштирок этмаган, гумонланувчиларнинг ҳимоя ҳуқуқлари таъминланмаган.
Айни шу куни, яъни 2015 йилнинг 5 сентябрь куни Илҳом ва Рахим Ибодовлар қўзғатилган жиноят ишига асосан гумонланувчи сифатида сўроқ қилинганлар. Бу жиноят процессуал харакатида тергов органи томонидан ёлланган Бухоро шахридаги “Hojiev Jalil Jumaeviсh»” адвокатлик бюроси раҳбари, адвокат Хожиев Жалилга тергов харакатларида иштирок этган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг «Гумон қилинувчи ва айбланувчини ҳимоя ҳуқуқи билан таъминлашга оид қонунларни қўллаш бўйича суд амалиёти тўғрисида»ги қарорининг 31-моддасига кўра «Жиноят Процессуал Кодекси 50-моддаси 4-қисмига мувофиқ суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суд (судья) гумон қилинувчини, айбланувчини юридик ёрдам учун ҳақ тўлашдан батамом ёки қисман озод этишга ҳақлидир. Бундай ҳолларда адвокат меҳнатига ҳақ тўлаш харажатлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамаси томонидан белгиланадиган тартибда давлат хисобидан қопланади.
Жиноят Процессулал Кодекси 50-моддасига асосан юридик ёрдам учун ҳақ тўлашдан меҳнатга қобилиятсиз ва тўловга қурби етмайдиган шахслар, яъни қарамоғидаги ҳар бир шахсга тўғри келадиган жаъми даромади энг кам иш ҳақининг ушбу масала кўрилаётган вақт учун белгиланган миқдоридан кўп бўлмаган, бинобарин кам таъминланган фуқаролар озод қилинади» дейилган.
Хўш, терговчилар томондан ўғилларимни жиноятчи деб расмийлаштириб, Рахимни узоқ йилларга қамоқ жазосига хукм қилинишига, Илҳомни эса қийнаб ўлдирилишига, қотиллик содир этишларига ёрдам берган бизнинг оиламиз аъзоларининг биронтаси билан ҳам Ибодовларга нисбатан қўзғатилган жиноят ишида ҳимоячи сифатида иштирок этишига жалб қилинмаган, ҳимоя ҳуқуқи билан таъминлаш мақсадида икки томонлама шартнома тузилмаган, имзоланмаган адвокат Хожиев Жалилни жиноят ишида иштирок этишига қандай асос билан ва қандай хужжат расмийлаштирганлар? Терговчиларнинг қўлида бизни оиламизни кам таъминланган, адвокатга ҳақ тўлай олмайдиган даражада камбағал деган бирон хужжат бормиди?
Бизнинг оиламиз ўз фарзандини ҳимоя қиладиган адвокатга ҳақ тўлай оладиган даражада бақувват оила.
Хўш адвокат Хожиев Жалил қайси қонуний асосларга кўра Илҳом ва Рахим Ибодовларга нисбатан қўзғатилган жиноят ишида адвокат сифатида иштирок этди? Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек адвокат Хожиев Жалил билан бизнинг оила аъзоларимиз умуман ҳеч қандай шартнома тузмаганмиз.
Фақатгина тергов харакатлари якунига етиш палласида Хожиев Жалил биз билан боғланиб, жиноят иши қўзғатилганидан буён тергов харакатларида адвокат сифатида иштирок этаётгани учун унинг сарф харажатлари учун бир миллион сўм беришимизни талаб қилган. Биз у сўраган пулни сентябрь (!!!) ойи охирида бердик, лекин ўшанда ҳам ҳеч қандай шартнома тузмадик, ҳеч қандай хужжат расмийлаштирмадик.
Агар биздан атига сентябрь ойида, тергов якунида бир миллион сўмни олган экан, унгача қайси қонуний хужжатларга асосан Хожиев Жалил тергов харакатларида иштирок этди? Уни тергов харакатларида иштирок этишига қайси қонунга асосан ҳуқуқ берилганди? Бу саволларга ким жавоб беради? Бу маъмурий органларга хизмат қилгувчи ёлланма адвокатнинг жиноий кирдикорларига ким баҳо беради? Қийноқлар қўлланилаётган “ўз ҳимоясидаги” махбусларнинг ҳуқуқлари топталишига кўз юмгувчи бунингдек адвокатларни ҳалол ва пок адвокатлар сафида бўлиши инсофданми?
2015 йилнинг 8-сентябрь куни Ибодовларга нисбатан қўзғатилган жиноят иши Бухоро шахар прокуратурасининг терговчиси С.К.Ниёзов иш юритувига ўтказилган.
2015 йилнинг 10-сентябрь кунги “Гумон қилинувчини ушлаб туриш тўғрисидаги Қарор”ларни расмийлаштиришда ҳам Ибодовларнинг ҳимоя ҳуқуқи таъминланмаган.
2015 йилнинг 10-сентябрь кунги кеч соат 20.25да бошланиб, 21.35да тугаганлиги ёзилган 8 вароқдан иборат Рахим Ибодовни “Гумон қилинувчини қўшимча сўроқ қилиш баённомаси”да тергов органи томонидан терговга жалб қилинган адвокат Хожиев Жалил иштирок этганлиги баён қилинган.
2015 йилнинг 10-сентябрь кунги кеч соат 22.10дан бошланиб, 22.55да тамомлангани баён қилинган, 8 вароқдан иборат Илҳом Ибодовни “Гумон қилинувчини қўшимча сўроқ қилиш баённомаси”да ҳам тергов органи томонидан терговга жалб қилинган адвокат Дж.Хаджиев терговда иштирок этганлиги баён қилинган.
ЖПКнинг 88-моддаси 3-қисмига кўра «тунги вақтда, яъни кеч соат 22дан эрталаб соат 6-00гача тергов харакатлари олиб бориш. Тайёрланаётган ёки содир этилаётган жиноятнинг олдини олиш, жиноят изи йўқолишига ёки гумон қилинувчининг қочиб кетишига йўл қўймаслик, эксперимент жараёнида такширилаётган ходисанинг ҳолатини қайтадан тиклаш зарурати билан ўтказиладиган тергов харакатларидан ташқари исбот қилишда кеч соат 22дан эрталаб соат 6гача тергов харакатлари ўтказилиши таъқиқланади» дейилган.
Жиноят иши 18-25 вароқларидаги жиноят ишида 10-сентябрь куни кечаси 22.10да бошланиб, 22.55да тамомлангани баён қилиниб, имзоланган «Гумон қилинувчини қўшимча сўроқ қилиш Баённомаси”да Ибодов Илҳомга жисмоний ва руҳий қийноқ қўллаб кечаси билан дам олишига, ухлашига имконият бермай расмийлаштирилганлиги, яъни ЖПК талабига зид бўлган хатти харакатлар содир бўлганлигини исботлайди. Лекин ушбу ғайриқонуний тергов харакатларида иштирок этган адвокат Хожиев Жалил ўзининг ҳимоясидаги Илҳом Ибодовнинг ҳимояси учун бирор қонуний хатти харакат қилмаган, терговчидан ўз ҳимоясидаги Ибодовни ҳуқуқларини бузмасликларини талаб қилмаган.
Бизнинг оила аъзоларимизга қилинган жабрлар, қотиллик жинояти ҳақида ёзмаган давлат идорамиз қолмади. Шу бугунги кунгача барча ёзган шикоятларимизга юздан ортиқ тутуруқсиз, мантиқсиз жавоблар олдик холос. Биронта бир давлат органи шикоятимизда келтирилган важлар жиддий қизиқиб кўрмадилар. Шунинг учун ҳам оиламиз шаъни, қадр қимматини ҳимоялашга ўзимиз бел боғладик.
Биздаги маълумотларга қараганда бирор айбсиз фуқарони жиноий жавобгарликка тортиш, уни узоқ йилларга озодликдан махрум қилиш учун фитна уюштирилаётган бўлса даставвал ўша фуқарони маъмурий ҳуқуқбузарлик содир қилганликда айблаб 10 сутка ёки 15 суткага қамоқ жазосига тортиб туриб, айни шу кунларда ташқи дунёдан ажратиб олинган инсонларни қилмаган жиноятларини қилганликларини тан олишни талаб қилиб қийноқларга тутилар ва хужжатларга имзо чекиб беришга мажбур қилинар эканлар. Бу мамлакат бўйича одатий хол эмиш. Афсуски биз буни жуда кеч тушундик.
2015 йилнинг 16-август куни Илхом ва Рахим Ибодовларга қарши ғайриқонуний равишда сохта хужжатлар расмийлаштириб, ЖИБ Бухоро шахар судининг қарори билан МЖтКнинг 183 (майда безорилик) моддаси ва 194-моддаси 1-қисми билан (Милиция ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) айблаб, 10 суткадан қамоқ жазоси тайинлаб, Бухоро вилоят ИИБ ВСХга жойлаштирганлар.
2015 йилнинг 26-август куни Илҳом ва Рахим Ибодовларни Бухоро вилоят ИИБ ВСХ камерасида ИИБ ходимларининг қонуний талабларини бажармаганликда айблаб, Жиноят ишлари бўйича Бухоро шахар судининг навбатдаги 26 август кунги қарори билан МЖтКнинг 194-моддаси 2-қисми билан (Милиция ходимининг қонуний талабларини такрорий бажармаслик) айбли деб топиб 15 суткадан маъмурий қамоқ жазосига тортганлар.
Маъмурий қамоқ жазосига тортилган фарзандларим ўзларини ҳаққи ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имкониятидан махрум бўлганлар ва уларга нисбатан қўлланилган қийноқлар натижасида Бухоро вилоят ИИБ Вақтинчалик Сақлаш Хибсхонасида ушлаб турилган пайтларида, яъни 16-август куни Бухоро вилоят МХХ бошқармаси бошлиғи номига “Ўз айбига иқрорлик аризаси” ёзиб беришга мажбур бўлганлар. Бўлиб ўтган суд жараёнида “Ўз айбига иқрорлик” аризасида кўрсатилган далиллар асосидагина Рахим ва Илхом Ибодовларга жиноят иши қўзғатилганлиги тасдиқланди.
Р.Ибодов ва И.Ибодовларга 2015 йил 16-август куни қийнаб, мажбурлаб ёздирилган “Ўз айбига иқрорлик ариза”ларини тергов органига юборилганлиги ҳақидаги жиноят ишининг 1 жилди 184-вароғида тикилган МХХнинг 35/1744-сонли алоқа хати ҳам тасдиқлаб турибди. Ахир маъмурий ҳуқуқбузарлик содир қилганликда айбланиб ВСХда сақланаётган инсонлар нега ўзларидан ўзлари айнан Бухоро вилоят МХХнинг бошқарма бошлиғи номига “Ўз айбига иқрорлик ариза”лари ёзиб бердилар экан, ахир у пайтда уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилмаган ҳам эди ва кейинчалик қўзғатилган жиноят иши тергов харакатларини прокуратура органи олиб борган эди.
Бундан ташқари 2015 йилнинг 20-август куни Илхом ва Рахим Ибодовларга нисбатан қийноқлар қўллаш мақсадида Қоровулбозор қамоқхонасидан ўта хавфли рецидивистлар Рустам Джумаев ва Умид Абдуғаниев, Иванов Александр, Сафаров Жамшидларни ғайриқонуний равишда Бухоро вилояти ИИБ ВСХга олиб келиб, маъмурий қамоқ муддатини ўтаётган оддий фуқаролар бўлмиш жигарларимиз ўтирган камераларга қамаганлар ва улар жигарларимизни вахшийларча қийнаганлар.
Бу адвокат Хожиев Жалил Вақтинчалик сақлаш изояторида сақланаётган “ўз мижоз”лари олдига ўта хавфли рецидистларнинг киритилганига эътироз билдирмаган, бу қонунга зид эканлиги ҳақида терговчи номига илтимосномалар киритмаган.
Шу муддат ичида Илхом ва Рахим Ибодовларга нисбатан расмийштирилаётган сохта жиноят ишини мустахкамлаш мақсадида 26-август куни ака ука Рахим ва Илхом Ибодовларни ВСХ тартиб қоидасига риоя этмаганликда айблаб, яна сохта айбловлар билан, яна ЖИБ Бухоро шахар судининг қарори билан 15 суткаданга маъмурий қамоқ жазосига тортганлар. Бу сафар ҳам Илхом ва Рахим ўзларининг ҳақ эканликларини исботлаш имкониятидан махрум бўлганлар. Уларни ҳар иккаласи маъмурий жавобгарликка тортиш қарорларидан нусхалар олмаганлар ва ушбу ғайриқонуний қарорлар устидан шикоятлар қилиш ҳуқуқларидан махрум қилинганлар.
Шунингдек вахшийларча қийноқларга солинган, ўладиган холатдаги Илхом Ибодовни қийноқлар натижасида ўлиши аниқлигини кўриб била туриб нимагадир 12-сентябрь шанба – дам олиш кунида ярим соат ичида 2 та “ёпиқ суд” мажлисини ўтказиб, Илхомни қийноқлардан азобланганини кўра била туриб, унинг юришга ҳам холи йўқлиги учун милиция ходимлари уни кўтариб келганларини кўра туриб, МХХ вакиллари қўлида ўлишига имконият яратиб берган, яъни уни ва акаси Рахимни эхтиёт чорасини қамоқда қолдириш ва уларни Бухоро вилоят МХХ тергов хибсхонасида сақланишларига ажрим чиқарган ЖИБ Бухоро шахар судининг судьяси З.Музаффаров ҳам, юқорида санаб ўтилган қонунбузилишлар ва ўғилларимга нисбатан қўлланилган вахшиёна қийноқларда бевосита иштирок этиб, гувоҳ бўлган адвокат Хожиев Жалил ҳам албатта бир кун келадики қилган қилмишларидан пушаймон бўладилар ва қонун олдида жавоб берадилар.
2015 йилнинг 13-сентябрь куни, яъни Ибодов Илҳомни қийнаб ўлдирилганидан кейиноқ тергов харакатларини олиб бориш Бухоро шахар прокуратураси терговчиси Р.Юлдашев иш юритувига ўтказилган.
2016 йилнинг 15-февраль кунги Жиноят ишлари бўйича Бухоро шахар судида Ибодов Раҳимнинг ЖКнинг 177-моддаси 3-қисми “а, б” бандлари (Валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш), 184-моддаси 3-қисми 184-модда. Солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш, 189-моддаси (Савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш) ва 243-моддалари (Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) билан айбланган жиноят иши бўйича суди ўтаётган пайтида ўғлим Рахимжон тергов даврида адвокат Жалил Хожиевнинг иштирокида прокуратура терговчилари томонидан уриб, қийнаб оқ қоғозга имзо қўйишга мажбур қилинганлиги ҳақида судда кўргазма берди. Унинг қийноқларга тутилганликлари ҳақидаги кўргазмасини судья Ш.Тўхтаев инобатга олмади ҳам, қийноқлар қўллашда бевосита иштирок этган, маъмурий органларга хизмат қилгувчи ва уларнинг жиноятларига шерик бўлмиш адвокат Жалил Хожиевни судга чақириб сўроқ қилиб, унинг хатти харакатларига ҳуқуқий бахо бермади.
Маъмурий органлардаги жиноятчи мансабдорларнинг жиноятларига шерик бўлмиш Жалил Хожиев уларнинг жиноятларини яшириш хатти харакатларини содир этганлигини жиноят иши материаллари ичидаги кўплаб хужжатлар исботлайди.
Масалан: 2015 йил 29-сентябрь куни Бухоро шахар прокуратураси терговчиси Р.Юлдашев томонидан гўёки Рахим Ибодовга нисбатан қўлланилган қийноқларни изини йўқотиш мақсадида “Суд тиббий экспертизаси ўтказиш ҳақида қарор”ни расмийлаштирилган. Терговчининг сохта қарорига асосан суд тиббий эксперт И.Қ.Раззоқов Рахим Ибодовни 30 сентябрдан 2-октябргача суд тиббий экспертизасидан ўтказганлиги ва Ибодов Рахимнинг баданида тан жарохатлари ва уларнинг излари аниқланмаганлиги ҳақида сохта хулоса расмийлаштирган.
Ушбу Ибодов Рахимни суд тиббий экспертизасидан ўтказиш ҳақидаги қарорни ва ушбу қарорга асосан ўтказилган № 162-сонли суд тиббий экспертизаси хулосасини сохталигини била туриб, яъни Ибодов Рахимни ҳеч қандай суд тиббий экспертизасидан ўтказилмаганлигини била туриб адвокат Жалил Хожиев терговчи Р.Юлдашев томонидан 2015 йилнинг 28-ноябрь кунги айбланувчи суд тиббий экспертизасидан ўтказиш ҳақидаги қарор билан танишишдан бош тортганлиги ҳақидаги “Айбланувчини ва уни ҳимоячисини экспертиза тайинлаш қарори билан таништириш Баённомаси”га, яъни ушбу сохта баённомага имзо чеккан.
Ушбу юқорида санаб ўтилган учта хужжатларнинг биронтасида ҳам Рахим Ибодовнинг имзоси йўқлиги ушбу хужжатларнинг сохта эканлигини исботлайди. Бундан ташқари ўғлим Рахим Ибодов суд жараёни пайтида ўзига ва укаси Илҳомга нисбатан вахшиёна қийноқлар қўлланилиб, оғир тан жарохатлари олганликларини айтган бўлишига қарамасдан ҳеч қандай суд тиббий экспертизадан ўтказилмаганликлари\. жиноят иши вароқлари ичидаги ўзининг суд тиббий экспертизадан ўтказиш ҳақидаги қарор, суд тиббий экспертизасидан ўтказиш хулосаси ҳамда экспертизадан ўтказиш ҳақидаги қарор билан танишиб чиқишдан бош тортиш ҳақидаги баённома сохта эканлигини гапирган бўлишига қарамасдан судья жаноблари ушбу мансаб ваколатини суисътемол қилиб сохта хужжатларни расмийлаштириб ушбу сохта хужжатларни расмийлаштириш жиноятида иштирок этган кимсаларни судга чақиртириб, уларнинг ғайриқонуний харакатлари юзасидан сзроқ қилиб уларнинг харакатларига ҳуқуқий бахо бериш ўрнига Рахимни ушбу жиноятлар ҳақида бераётган кўргазмасини тўхтатишни, бунингдек камчиликлар ҳақида прокуратурага мурожаат қилиш кераклигини айтиш билан чекланди холос.
Биз ўз оиламиз вакилларининг ҳуқуқларини ўзларимиз ҳимоя қилишга қатъий қарор қилдик ва шунинг учун биринчи бўлиб Илхом ва Рахим Ибодовларни 10 суткага ва 15 суткага маъмурий қамоқ жазосига тортилганликлари ҳақидаги қарорларни қонунийлигига ҳуқуқий бахо бериш мақсадида ушбу қарорларни бекор қилиш ҳақида ЖИБ Бухоро вилоят судига кассация шикояти ёзиш билан бошламоқчи бўлдик.
Мана шу мақсадда Илхом ва Рахим Ибодовларни ғайриқонуний равишда хибсга олинган пайтларида маъмурий органлар билан ҳамкорлик қилиб келадиган ва оила аъзоларимиз томонидан Ибодовларни ҳимоялаш учун умуман ҳеч қандай шартнома расмийлаштирилмаган бўлсада сохта жиноят ишини қоғозларда қонунийлаштиришга хисса қўшган Бухоро шахридаги “Хожиев Жалил Жумаевич” адвокатлик бюроси адвокати Хожиев Жалилга 2015 йилнинг 16 август кунги ва 2015 йил 26 август кунги ЖИБ Бухоро шахар судининг Рахим ва Илхом Ибодовларни даставвал 10 сутка, кейинги сафар 15 суткадан маъмурий қамоқ жазосига тортилганликлари ҳақидаги суднинг қарорлари ва ушбу қарорларни қабул қилишинига сабаб бўлган маъмурий ҳуқуқбузарлик баённомалари ва бу баённомаларга бириктирилган хужжатлардан нусхалар олиб беришини талаб қилдик.
Чунки юқорида таъқидлаганимиздек бу қарорлар ва ушбу қарорларга бириктирилган хужжатларни суд махкамаларида кўриб чиқилганига 7 ойдан ўтиб кетган бўлсада шу бугунги кунгача “маъмурий ҳуқуқбузарлар” Илхом ва Рахим Ибодовларга бу хужжатлар тақдим қилинмаган.
Бизнинг талабимизга асосан Жалил Хожиев ЖИБ Бухоро шахар судининг раиси Ш.Эргашев номига 2016 йилнинг 28 март куни № 24 сонли сўровнома билан мурожаат қилди. Лекин ёзган сўровномаси нусхасини бизга тақдим қилмади.
У ўзининг сўровномасида Ибодов Илхом ва Ибодов Рахимни 10 суткага маъмурий қамоқ жазосига тортилганликлари ҳақидаги ЖИБ Бухоро шахар судининг 2015 йилнинг 16 август кунги қарори ва бу қарорни чиқаришга асос бўлган маъмурий ҳуқуқбузарлик хужжатларини, шунингдек Ибодов Илхом ва Ибодов Рахимни 15 суткадан маъмурий қамоқ жазосига тортилганликлари ҳақидаги ЖИБ Бухоро шахар судининг 2015 йилнинг 26 август куни қарорлари ва ушбу қарорларни қабул қилишига асос бўлган маъмурий иш хужжатларидан нусхалар берилиши талаб қилганди.
ЖИБ Бухоро вилоят судига бориб, талабнома аризада талаб қилинган Рахим ва Илхом Ибодовларни маъмурий жавобгарликка тортилганликлари ҳақидаги суд қарорлари ва ушбу қарорларга асос бўлган хужжатлардан нусхалар беришни сўраб адвокат билан учинчи марта борганида суддагилар ушбу маъмурий иш материалларини 2015 йилнинг 13 сентябрь куни, яъни Илхом Ибодов ўлдирилган куни № 4300/619 сонли алоқа хати билан Бухоро вилоят прокуратураси ходими Чориев олиб кетганлиги, судда бу маъмурий ишлар хужжатлари умуман йўқлигини айтиб жавоб берганлар.
Бизнинг талабимизга асосан Жалил Хожиев 12 апрель куни № 29 сонли сўровнома билан Бухоро вилоят прокуратурасига мурожаат қилиб, 2015 йилнинг 13 сентябрь кунги № 619 сонли алоқа хати билан ЖИБ Бухоро шахар судидан прокуратура ходими Чориев томонидан олиб кетилган Илхом ва Рахим Ибодовларни 16 август 2015 йил кунги 10 суткага қамоқ жазосига тортиш, ҳамда 2015 йилнинг 26 август кунги 15 суткадан қамоқ жазосига тортилганликлари қарорлари ва ушбу қарорларни чиқарилишига сабаб бўлган маъмурий ҳуқуқбузарлик хужжатларидан нусха берилишини сўради. Лекин юқорида таъқидлаганимиздек яна ўзи имзо чеккан сўровномани бизга тақдим қилмади.
Биз бу ёлланма адвокатнинг яна ўз жиноий шерикларини ва ўзининг жиноятларини яширишга харакат қилаётганини хис қилдик ва ундан ЖИБ Бухоро шахар суди раиси номига расмийлаштирган 28 март кунги 24 сонли сўровномани ҳамда Бухоро вилояти прокурори номига расмийлаштирган 12 апрель кунги 29 сонли сўровномасини имзо чеккан ва расмийлаштирилган нусхасидан кўчирма беришни талаб қилдик. Хожиев Жалил бизиннг талабимизни қаноатлантирмади ва ушбу хужжатлардан нусха беришдан кескин бош тортди.
Ўғилларимни маъмурий жавобгарликка тортилганликлари ҳақидаги сохта хужжатлар ва сохта қарорларни йўқ қилинганлиги ҳақида шикоятлар ёзиб қатор давлат идораларига мурожаатлар қилганимиздан кейин 26 апрель 2016 йил сешанба куни эрталаб «ҳимоячи» Хожиев Жалил қизимни ўз идорасига чакириб у билан сухбатлашган. «Сизлар талаб қилаётган маъмурий иш хужжатларни менга бермадилар. Мени СНБга чақириб, савол жавоб қилдилар. Нима учун маъмурий иш хужжатларини талаб қилаётганимни сўрадилар. Агарда ушбу қарорларни ва хужжатларни сизлар айтаётгандек Республика миқёсидаги давлат идораларида ишлаётган шахслар сўраётган бўлсалар, улар ўзлари қўнғироқ қилиб сўрасинлар. Лекин бу маъмурий хужжатларни менга беришмайди. Қайтиб сизларни бу ишларингиз билан шуғулланмайман, юрагим дош бермайди» деган.
Бундан ташқари Хожиев Жалил «Сизлар бошка ташкилотларга мурожаатлар, шикоятлар қилавермасдан тўғридан тўғри МХХнинг миллий хавфсизлик инспекцияси куратори Ином билан учрашинглар, ундан кечирим сўранглар ва илтимос қилиб сўрасанглар. У акангиз Рахимни қамоқдан озод қилишга кўмак бера олади холос, бошқа ҳеч бир давлат органи буларнинг ишига аралаша олмайди» деб «маслахат» берган.
Хўш нега ёллланма адвокат Хожиев Жалилни ўғилларим Ибодов Илхом ва Рахимларни маъмурий жавобгарликка тортилганликлари ҳақидаги соҳта қарорлар ва хужжатларни нима учун 8 ойга яқин муддатдан буён вилоят прокуратурасида сақланаётганлиги, нима учун ушбу қарорлар нусхаларини ўз муддатида жавобгарликка тортилган ўғилларимга тақдим қилинмагани масаласи эмас, айнан МХХнинг ўғлим Илхомнинг қотилларидан бири бўлмиш Иномнинг олдига бориб кечирим сўрашимиз кераклиги қизиқтириб қолди? МХХ идорасида уларнинг ўртасида нима гаплар бўлиб ўтдики, хаттоки бу «ҳимоячи» ўзининг ёзган сўровномаларидан нусхалар беришдан чўчимоқда.
Биз Бухоро вилоят Адлия бошқармасининг Бухоро вилояти хокимлиги Адлия бошқармаси хузуридаги адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи Малака комиссиясидан ушбу адвокатнинг ўғилларимга нисбатан қўзғатилган сохта жиноят ишидаги иштироки юзасидан устидан чуқур хизмат текшируви олиб боришларингизни ва биз санаб ўтган хар бир важни ўрганишларингизни, “Адвокатура ҳақидаги қонун”га зид харакатлар қилган бу адвокатнинг устидан олиб бориладиган текширув давомида ва унинг мухокамаси давомида ўғилларимнинг нотариал идора орқали ишончли вакили қизим Дилфуза Ибодованинг иштирокини таъминлашингизни сўрайман. Бунингдек ёлланма адвокатлар албатта фош бўлишлари ва ўз жиноятлари учун қонун олдида жавоб беришлари шартдир.
Юраги қонга ботган она Ражабова Хурсанд:
Ишончли вакил Дилфуза Ибодова:
03.05.2016 йил
Fikr bildirish