Андижон қирғинини унутмайлик!
Қонли Андижон фожеасининг 11 йиллиги арафасида ўзбек халқининг тақдирига бефарқ қарамаган, сукунатга рози бўлмаган барча юртдош ва миллатдошларимизга
Ўзбекистон фуқаролик жамияти «Муқобил Ўзбекистон» Мувофиқлаштириш Кенгаши номидан
М У Р О Ж А А Т Н О М А
Ҳурматли юртдошлар, қадрли миллатдошлар!
Маълумки, бир неча кундан кейин юзлаб, балки минглаб ватандошларимизнинг қони тўкилган мудҳиш фожеага – Ўзбекистон ҳукуматининг инсониятга қарши ваҳшиёна жиноятлар содир этгани — Андижон қирғинига 11 йил тўлади!
Ўтган 11 йил мобайнида мазкур фожеанинг асосий айбдорлари бўлганлар, нафақат жазоланмади, балки дунёдаги энг демократик давлатларнинг раҳбарлари томонидан геосиёсий манфаатлар сабабли қўллаб-қувватланиб келинмоқда.
Ўзбекистон ҳукумати армияси томонидан ёмғирдек ёғилган ўқлар остида ҳалок бўлган юзлаб аёллар, ҳомиладор келинчаклар, мурғак гўдаклару, нуроний отахонлар, муниса онахонлару, қурол ва ўқ нималигини билмаган, ўлим нелигини хаёлига ҳам келтирмаган қизчалару, ўспирин йигитлар ҳаққи ҳурмати айтамизки: Андижон фожеасининг қурбонларини унутишга ҳеч бир миллатдошимизнинг ҳаққи йўқ!
Ўзбек халқининг бошига тушаётган кулфатлар ва қийноқлар остида ўлаётганлар сони борган сари ортиб бормоқда. Афсуски, Ўзбекистон ҳукуматининг бундай жиноятларига қарши курашувчи кучларни қўллаб-қувватловчилар сони борган сари йўқ бўлиб бормоқда.
Ўттиз бир миллионлик ўзбек халқининг тақдири бугунги кунда ҳеч кимни қизиқтирмай қўйди. Буни содир этилганига атига 11 йил бўлган Андижон қирғинини эсламасликка уринишлар кўрсатиб турибди.
Халқимиз ва миллатимизнинг қонли тарихидан муҳим ўрин олган Андижон фожеасининг 11 йиллиги муносабати билан “Муқобил Ўзбекистон” Мувофиқлаштириш Кенгашининг “Андижон қирғинини унутмайлик!” кампанияси доирасида ўтказишни режалаганимиз тадбирни бошламоқдамиз ва ушбу тадбиримизда барчани фаол иштирок этишга чақирамиз.
Мазкур тадбиримиз доирасида Андижон фожеасига ҳамда Ўзбекистон ҳукуматининг бошқа жиноятларига бағишланган асарлар – мақолалар, очерклар, шеърлар, хикоялар, суратлар ва бошқа турдаги бадиий ижод намуналарини mutabartadjibaeva@gmail.com электрон манзилига жўнатишларини сўраймиз.
Шунингдек, “Туғён” ва “Саҳвий” радиолари орқали Андижон фожеаларига бағишланган суҳбатлар уюштиришни режалаганмиз.
Аудиосуҳбатлар ва асарлар “Муқобил Ўзбекистон” Мувофиқлаштриш Кенгаши ва “Ўтюраклар Клуби”нинг интернет нашрлари ҳамда ижтимоий тармоқлар орқали чоп қилиб борилади.
“Муқобил Ўзбекистон” Мувофиқлаштириш Кенгаши
Fikr bildirish