«Муқаддас аёл» қутлов дастури. (Васила Иноятованинг 60 йиллигига)
«Муқаддас аёл» деб номланган бугунги махсус сон эшиттиришимиз, мухолифат намоёндаси, таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Васила Иноятованинг 60 йиллик таваллуд айёмига бағишланади.
Ўзбек мухолифати фаоли, танилқи ҳуқуқ ҳимоячиси Васила Иноятова, 26 апрель куни, пойтахт Тошкентда ўз яқинлари, оила аъзолари, сафдош дўстлари ҳамда ҳамкасблари даврасида ўзининг 60 ёшли юбилей айёмини нишонлади.
Васила Иноятова салкам 30 йилдан буён мухолифат сафларида фаоллик кўрсатиб келади.
«1989 йил 21 октябрда “Бирлик” Халқ Ҳаракатининг талаби билан Ўзбек тилига давлат тили мақоми бериш арафасида ўтказилган “Бирлик”нинг митингида “Она тилим олган куним тўй қиламан” деган сатрлари бор шеърини ўқиб ўзбек миллатининг тарихига кирди», деб хотирлайди, “Бирлик” Халқ Ҳаракати партиясининг раиси Абдураҳим Пўлат сафдоши Васила Иноятовага «HARAKAT» Ахборот Агентлиги орқали Вашингтондан ёзган табрик матнида.
Дарҳақиқат, 33 ёшли Иноятова хоним сафдошлари билан катта жонбозлик кўрсатиб, СССРнинг сўнгги даврлари – 1989 йили Ўзбек тилига давлат тили мақоми бериш талаблари янграган ҳаракатларда фаол қатнашиш билан сиёсий фаолиятини бошлаган.
Васила Иноятова ўзининг тиришқоқлиги, меҳнатсеварлиги ва иқтидори билан дастлаб, «Бирлик» Халқ Ҳаракатига аъзоликдан кейинчалик партияга айланган “Бирлик” Халқ Ҳаракати партиясининг Бош котиби даражасига етиб келди.
Васила Иноятова инсон ҳуқуқлари ва сиёсий ҳаётдаги фаолиятига боғлиқ айбловлар билан 90-йиллари бир неча бор ҳибсга олинган.
Россиядаги «Независимая газета» нашридаги шеърлари туфайли эса, 1993 йили Ўзбекистон президентини ҳақорат қилишга оид айбловлар билан икки йилга шартли қамоқ жазосига ҳукм этилади.
Васила Иноятова бошқарувидаги Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари «Эзгулик» жамияти 2003 йилда Адлия вазирлиги томонидан расмий рўйхатдан ўтказилган.
Шу асно «Эзгулик» жамияти Ўзбекистон ҳукуматини мунтазам танқид қилишига қарамасдан, мамлакатда расман иш олиб бораётган ягона мустақил ҳуқуқбон ташкилот ҳисобланади.
Ўзбекистонда мустақил диндорларнинг таъқибга олиниши, инсонларнинг жамият ва маиший турмушдаги ҳақлари поймол этилиши, мамлакатдаги сиёсий ҳамда иқтисодий чекловлар ва ҳатто оддий одамларнинг ноодил маҳкама ёки айбловларга рўбару келиш ҳоллари ҳам «Эзгулик» эътиборидаги кундалик воқеликлардир.
«Эзгулик» жамияти ўтган йиллар мобайнида Ўзбекистонда инсоний ҳуқуқлари поймол этилаётган фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари тикланишида давлат идоралари, мансабдор шахслар, ҳуқуқ тартибот органлари билан мунтазам равишда курашиб келади.
«Эзгулик» жамияти халқаро сиёсий ва инсон ҳуқуқлари майдонида кенг танилган ташкилот бўлиб, жамиятнинг йиллик ҳисоботлари ҳамда мутбуот хабарлари етакчи халқаро ташкилотлар томонидан эътироф этилган.
Васила Иноятова халқаро майдондаги юксак минбарлардан туриб, Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазияти ва сиёсий бўҳронлар ҳақида мунтазам чиқишлар қилиб келади.
Васила Иноятованинг 60 йиллик юбилейи муносабати билан Опанинг бир қатор сафдош дўстлари ва ҳамкасблари: Анвар Усмон, Дилором Исҳоқова, Акбарали Орипов, Мўътабар Тожибоева, Абдужалил Бойматов ҳамда Камолиддин Раббимовлардан табрик сўзлари ва дил изҳорларини ёзиб олганмиз.
«TUG’YON» радиоси ижодий жамоаси ҳам Васила Иноятовани муборак айёмлари билан қизғин табриклайди!
Опага мустаҳкам соғлик-саломатлик, узоқ умр, оилавий бахту саодат, ўта машаққатли, аммо шарафли фаолиятларида улкан омадлар ва янгидан-янги муваффақиятлар тилаймиз!
Fikr bildirish