«ЦЕМ ЗАВОД» диктатура режими жиноятларини фош қилади

Снимок

Собиқ маҳкум, Ўзбекистон қамоқхоналарида саккиз ярим йиллик умрини ўтказган ва турли воқеа ходисаларни бошидан кечирган Муҳаммадсолиҳ Абутовнинг “ЖИЭМ 64/46 – ЦЕМ ЗАВОД” номли асари Ўзбекистон қамоқхоналаридаги қийноқлар, вахшийликлар, азоб уқубатлар ҳақида хикоя қилади.

Ушбу асарда Абутов Ўзбекистондаги мавжуд бўлган ўнлаб қамоқхоналарнинг бири хисобланмиш Навоий вилоятида УЯ 64/46 Жазони ижро этиш муассасасидаги 3 ярим йиллик ҳаётини акс эттирган.

ЦЕМ ЗАВОД – УЯ 64-46

Бу асар Ўзбекистон қамоқхоналаридаги вахшийликлар ҳақида баён қилар экан  очликдан силласи қуриган, яшаш учун кураш олиб бораётган бир неча минглаб маҳкумларнинг турли хил кураш усуллари кўз ўнгингиздан кинолентадек ўтади. Бу асарда баён қилинган холатлар мамлакатдаги барча қамоқхоналарда хукмрондир.

Жумладан: Маҳкумларни оммавий тарзда очликда сақлаш, яъни маҳкумларнинг сунъий усуллар билан очликда сақлаш.

Бу усулни қамоқхоналарда қўлланилишининг бир нечта сабаблари бор.

Биринчидан: Ўзбекистондаги қамоқхоналарда маҳкумларни сақлаш қоидаларига итоат этилиши устидан назорат қилиб борилмайди. Бир йилда бир марта, нари борса икки марта қамоқхонага ташриф буюрадиган Жазони ижро этиш муссасаларида қонунчиликка итоат этилишини назорат қилгувчи прокуратура вакилларининг ташрифларидан аввал қамоқхоналарда кенг кўламда тайёргарлик ишлари олиб борилади, маҳкумлар ўртасида тарғибот ташвиқот ишлари олиб борилади ва прокуратура вакиллари қамоқҳоналарга ташриф буюриб, маҳкумлар билан суҳбатлар қилишганда олдиндан тайёрланган маҳкумлар қамоқхоналарни дам олиш масканларидек таърифлаб берадилар.

Иккинчидан: Мамлакатда чуқур илдиз отган коррупция жинояти сабаб ИИВ ва Муассасалар рахбарларига тегишли бўлган фирмалар орқали қуртлаган, эскириб, ачиб–бижиб кетган махсулотларни, ичи билжираб турган буханка нонларни қиммат нархларда қамоқхоналарга етказиб берилади ва маҳкумлар ўша сифатсиз махсулотларни истеъмол қилишга мажбур қилинадилар.

Учинчидан: Балким бу биринчи ва мухим сабаб бўлса керак, маҳкумларни очликда сақлаш уларни бошқаришда жуда ҳам қўл келади.

Масалан, қамоқхоналарда очликдан азоб чекаётган маҳкумлар бир дона конфет ёки бир бўлак буханка бўлаги учун ўзи сингари азобланаётган маҳкумларга, асосан диний ва сиёсий маҳкумларни қийнашда, уларни хўрлаш, камситиш, калтаклаш, уларга қарши турли ҳил янги айбловлар расмийлаштирилишида фаол иштирок этадилар.

Очликдан силласи қуриган ва бир мартагина бўлсада тўйиб овқатланиш илинжида бўлган маҳкумлар диний ва сиёсий маҳкумларга қарши ғайриқонуний хатти–харакатлар қилишга мажбурлансалар, муассасадаги қора рўйхатда турувчи махкумларнинг очлик азобидан қутқаришни сўраб қилган илтижолари фақатгина Аллоҳдан бўлади. Чунки уларни эшитувчи жонзот йўқ бу ўзбек зиндонларида.

Аксар асарларни ўқисангиз бу асар қайсидир бир кимсани тарғиботи учун дунё юзини кўрганлигини дарҳол сезасиз ва асарни охиригача ўқишга ўзингизни мажбур қила олмайсиз. “ЦЕМ ЗАВОД”да бунингдек тарғиботни, мажбурий ташвиқотни кўрмайсиз. Бу асарда ҳаққоний холат қандай бўлса шундайича акс этган.

Асарда қамоқхона вакилларининг махкумларга нисбатан турли хил муносабатлари ёритиб берилган. Масалан Абутов жазо изоляторига қамалган пайтида тинмасдан Аллоҳга илтижо қилади ва очлигига барҳам беришини ўтиниб сўрайверади. Шу пайт кечагина уни аёвсиз калтаклаган қамоқхона ходими камера кармошкасини очиб, Абутовга каттагина бир бўлак буханка нон узатади. Ваҳоланки Абутов Аллоҳга нола қилаётганини у қамоқхона вакили эшитиши мумкин эмасди. Абутов овоз чиқармасдан нола қилаётганди.

Шунингдек бу асарда қийноқлар ҳақида батафсил баён қилинган бўлиб, қийноқларнинг деярли кўплаб турлари ҳақида хикоя қилинган.

Масалан: Маҳкумларга руҳий ва жисмоний қийноқ қўллаш мақсадида хавонинг жазирама иссиқлиги–ю, иззиллатма совуқлигига қарамасдан ташқарида марш қилган ҳолда Ўзбекистон мадхиясини тинимсиз куйлашга мажбур қилиш;

Диний махкумларнинг намоз ўкишларига қарши кенг кўламда тарғибот ишлари олиб бориш, уларни намоз ўқишларига тўсқинлик қилиш мақсадида муассаса вакиллари ва гадлар томонидан вахшиёна қийноқларга солишлар;

Диний ва сиёсий махкумлардан тинимсиз равишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов номига ўзининг диний экстремизмга ва терроризмга алоқадорлигини “тан олиб”, бу жиноий қилмишларидан пушаймонлик билдириб, такрор ва такрор “ТАВБА ХАТИ” ёзишга мажбур қилишлар;

Диний ва сиёсий махкумларни сохта айбловлар билан жазо изоляторларига қамаш;

Гадлар ва бошқа “қулоқ” маҳкумларнинг диний ва сиёсий маҳкумларнинг вахшийларча калтаклашларига, азоблашларига шароитлар яратиб бериш;

Амнистия қарори чиқишидан олдин қамоқхоналарда олиб бориладиган “террор” харакатлари сабаб, юқоридан жўнатилган қора рўйхатда бўлган маҳкумларга нисбатан сохта айбловлар расмийлаштириб, уларни амнистия актига асосан жазодан озод қилмаслик;

Жазо муддати оз қолган пайтда қайтадан сохта айблар расмийлаштириб, ҳимоя ҳуқуқи бузилган холда, маҳкама ичкарисида суд қилиб, диний ва сиёсий маҳкумларнинг жазо муддатларига кўшиб беришлар;

Жиноят Кодексининг 221–моддасига асосан “қамоқхона ички тартиб қоидасини бузган”ликда айблаб, жазо муддати тугаши арафасида янгитдан очилган жиноят иши юзасидан кўшиб берилган жазо муддатини ўташ давомида ушбу жиноят иши материаллари билан танишиш, ушбу хукмга қарши ўз муносабатини билдиришга тўсқинлик қилишлар;

Халқаро Қизил Хоч вакилларининг қамоқхоналарга ташрифи арафасида қамоқхоналарда олиб бориладиган тарғибот ишлари, бу Халқаро ташкилот вакилларини алдаш мақсадида асосан доимий қийноқларга солиб келинадиган диний ва сиёсий маҳкумларни бошқа қамоқхоналарга юбориб, яшириш холатларини мисол қилиш мумкин.

Муҳаммадсолиҳ Абутовни Ўзбекистон хукумати “ваҳҳобий” дея талқин қилиб келади. Лекин Абутов ўзининг асарида бирор–бир диний оқимларга алоқаси йўқлигини баён қилган, балким Ўзбекистонда мавжуд деб кўрилаётган барча диний оқимларни танқид қилиб, уларнинг камчиликлари ҳақида ошкора гапиради.

Масалан: “Хизб–ут–Тахрир”чиларнинг “Халифатнинг келиши яқинлашди” дея талқин қилишларини ва шу тарғиботга ўзлари ҳам ишонишларини, қамоқхонада ўзи билан бирга жазо муддатини ўтаётган “Хизб–ут–Тахрир”чилар билан муҳокама қилишини тасвирлаши билан ўқувчиларга очиб беради.

Ушбу асарни ўқир экансиз, биргина Муҳаммадсолиҳ Абутов эмас, бугунги ўзбек қамоқхоналарида йиллар давомида азобларга солинаётган минг–минглаб “вахҳобий”лар, “террор”чиларнинг аслида ҳеч қандай диний эстремисти оқимларга, террористик гуруҳларга алоқаси йўқлигини гувоҳи бўласиз.

Бугунги кунда АҚШ, Буюк Британия, Франция, Германия каби мамлакатлар Ўзбекистон хукуматини терроризмга қарши кураш йўлидаги ҳамкори сифатида кўриб мамлакатдаги инсон ҳуқуқларининг оммавий равишда бузилишига кўз юмиб келаётгани ҳеч кимга сир эмас.

Ўз асарида Абутов юқорида санаб ўтилган қийноқлар натижасида қамоқхоналардаги маҳкумлар ўзликларини йўқотиш холатларини асосли тарзда баён қилиб берган.

Абутовнинг асарида 2000 йил декабрь ойидан бошлаб 2004 йилнинг май ойигача бўлган муддат акс этган бўлсада бугунги кунча ҳамон қамоқда қолиб келаётган Самандар Қўқонов, Муҳаммад Бекжон, Рустам Усмонов, Қўқондаги тарихий “Ҳавоқанд” жоме масжиди имом хатиби, 1994 йилдан буён қамоқда бўлган Тоштемир Нурматов (Мухаммадражаб Махсум қори), 1972 йилда Сурхандарё вилоятининг Денов туманида туғилган “Хизб–ут Тахрир”нинг Марказий Осиё бўйича вакили Хафизуллоҳ Носиров сингари маҳкумларнинг, Мамадали Маҳмудов сингари собиқ сиёсий маҳумларнинг ўша пайтлардаги қамоқхона ҳаётлари батафсил баён қилинган.

“ЦЕМ ЗАВОД” асари ўзбек зиндонини кўрмаганлар учун балким тушунарсиздек, зерикарли туюлиши табиий хол. Чунки асарда маҳкумларни азоблаш усулларига қайта қайта мурожаат қилинган холатлар мавжуд. Лекин ўзбек зиндонини кўрган, унинг азобларидан тотиб кўрган инсонлар ўз фожеаларини қайтадан яшагандек бўладилар. Мен ҳам ушбу асарни ўқишни бошлаганимдаёқ ўзимни яна қайтадан аёллар қамоқхонасидадек хис қилдим. Фақатгина муассаса вакилларининг исми, шарифлари, гадларнинг исмлари, лақаблари ўзгача холос.

Бундан ўн йиллар олдинги воқеаларни эслаб қоғозга тушириш, ўша пайтда бошидан ўтказган қийинчиликларни, азобларни яна янгитдан кунма–кун тиклаш ва уни асар холатига келтириш Абутов учун осон кечмаганлигини билган ҳолда ушбу асарни китоб ҳолида чоп қилиб, Ўзбекистонда тарқатиш умуман имконсиз деб биламан.

Лекин ўзбек диктаторининг жиноятларини фош қилгувчи бунингдек асарлар келажакда фильмлар яратиш учун тайёр сценарий десам муболаға бўлмайди. Келажакда бу асар тарихчилар учун, бугунги кунлар ҳақида ўрганиб, асарлар яратишларига яқиндан кўма беради ва диктатура режимининг жиноятларига ҳуқуқий бахо беришлари учун катта хисса қўшади деб ўйлайман.

Мўътабар Тожибоева
Собиқ сиёсий маҳкума
«Ўтюраклар Клуби» инсон ҳуқуқларини
ҳимоя қилиш Халқаро ташкилоти раҳбари

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.