Толиб ЁҚУБОВ: Паймона

 

Islam Karimov

Ўтмишда баъзи ҳукмдорлар ўзи ҳақида халқ фикрини билиш, у қандай гап-сўзлар айтаётганини аниқлаш учун мулозимларига »Подшоҳ ўлди» дея эълон қилишни буюраркан. 5-10 кун мамлакат арининг уясидай қайнар экан. Халқ муносабатини билиб бўлгач, ҳукмдор ҳеч нарса бўлмагандай халқ олдида пайдо бўлар экан.

Ҳукмдорнинг ўлганидан очиқдан-очиқ қувонганлар аниқланиб қамоққа ташланар ва, ҳатто, калладан жудо қилинар экан. Мабодо Ислом Каримов шу »ўйин»га қўл урган бўлса, бу XXI-аср бошида уюштирилган энг буюк фирибгарлик бўлади. Бошқача айтганда, эртага, 31 августда Ислом Каримов ҳеч нарсани кўрмагандай байрам майдонига кириб келиши ва, ҳатто, одатдагидай рақсга тушиши ҳам мумкин.

Кеча, 29 август куни, Ўзбекистон Республикасини кейинги 27 йилда бошқариб келган Ислом Каримов вафот этганини ижтимоий тармоқлар ва баъзи сайтлар ёзабошлашди.

Буюк ёзувчимиз Абдулла Қодирий ўзининг »Меҳробдан чаён» романида ёзганидек, роман қаҳрамони мирзо Анвар яшаган даврда бирор юқори лавозимли шахс вафот этса, шаҳарга жарчи чиқарилар экан. Жарчи отда »Одамлар, ҳо, одамлар! Эшитмадим деманглар! Фалончанинг паймонаси тўлди – фалонча ўлди!» дея шаҳар айланар экан. Агар мамлакатни 27 йил яккаҳокимлик билан бошқарган ҳукмдор ҳақиқатан ҳам ўлган бўлса, баъзи бировларга »дода»га айланган Ислом Каримовнинг паймонаси тўлгани ва ўлгани маълум бўлади.

Энг қизиғи, мен 27 августда Абдурахим Пўлатовнинг Ислом Каримовга ўзбекча-русча Очиқ хатини, 28 август куни эса ўзимнинг 10 қисмдан иборат »Главная задача» номли мақоламни эълон қилган эдим. Мен мақоланинг охирида Ислом Каримов ўзига душман деб ҳисоблаган одамлардан ўч олмоқда, дея бир қатор мисоллар келтирдим. Лекин мен бир нарсада адашибман: Каримов мендан 3 ёшга катта бўлишига қарамасдан менинг ўлимимдан кейин ҳам яшайди (он меня переживет) деган эдим. Йўқ, у ўлди, мен эса, Аллоҳга беадад шукрлар бўлсин, ҳали тирикман.

Чамаси, Ўзбекистонда янги давр бошланмоқда. Илоҳо, янги давр хайрли келсин!

Табиий, мамлакатга янги раҳбар сайланади. Бироқ, ҳукумат (ҳокимият)ни куч билан босиб олиш ҳаракати ҳам бўлиши мумкин. Қандай бўлганда ҳам, бўлажак раҳбар бир нарсани эътибордан қолдирмаслиги керак. Тушунтираман.

Ўтган 25 йил ичида Марказий Осиё мамлакатлари орасида дунё ҳамжамиятининг диққат марказига тушган Ўзбекистондек бошқа мамлакат бўлмади.

Мисоллар келтираман.

1) Қийноқлар Ўзбекистон қамоқхоналарида мисли кўрилмаган даражага чиққани маълум бўлди.

Бу масала БМТнинг Қийноқларга қарши комитети (Комитет против пыток ООН)да бир неча марта муҳокама қилинди. Кутилмаган воқеа юз берди – БМТ ўзининг қийноқлар бўйича махсус маърузачиси Тео ван Бовенни Ўзбекистон қамоқхоналарида инспекция ўтказиш учун йўллади.

Бу – ноёб воқеа эди, чунки БМТ камдан-кам ҳолларда мазкур қарорга келади.

Тео ван Бовен ўзининг докладида Ўзбекистон қамоқхоналарида қийноқлар сурункали ва мунтазам равишда қўлланилишини исботлади.

2) Демократик ҳамжамият Ўзбекистон демократик мамлакатга қоғозда эмас, амалда айланиши учун қатор тадбирлар уюштирди. Шулардан бири – Европа тараққиёт ва қайта қуриш банки бошқарувининг йиллик мажлиси 2003 йилда Тошкентда ўтиши эди.

Бу ҳам ноёб ҳодиса эди – гап шунда-ки, ЕТҚҚ банки низомининг 1-моддасида »ЕТҚҚ банки бошқарувининг йиллик мажлиси нодемократик давлатларда ўтказилмайди» дейилган. Банк раҳбарияти Ўзбекистон раҳбари олдига 3 та сиёсий ва 4 та иқтисодий талаблар қўйди – уларнинг бажарилиши ортидан банк Ўзбекистонга улкан грантлар ажратиш мажбуриятини олди.

Ислом Каримов ҳукумати нафақат ЕТҚҚ банки раҳбариятининг талабларини бажармади, ҳатто 2005 йилда Андижон аҳолисини отиб ташлади.

3) Мустақилликнинг бошида Ўзбекистонни исломий давлатга айлантириш мақсадида Саудия Арабистони ҳам енг шимариб ишга киришди. Ислом Каримов Маккага таклиф қилинди, Маккада унга Каъбанинг эшиги очилди, Ўзбекистон раҳбари Саудиядаги ўзбек бойлари билан учрашув ўтказди, 2 йил ўзбекистонликлар учун ҳаж сафари текин бўлди. Бироқ, Ислом Каримов ислом дини Ўзбекистонда кучайишини истамади ва у Саудия Арабистони билан ҳамкорлик алоқаларини узди. Шу жойда, гарчи кўплаб мисоллар келтириш мумкин бўлса-да, мен мисоллар келтиришни тугатаман.

Ҳозирги кунда халқаро ташкилотлар, демократик давлатлар раҳбарлари ва дунё оммавий ахборот воситалари Ўзбекистонни ипидан-игнасигача ўрганишган. Улар гапирмаса ҳам, ҳали Андижонни унутишгани йўқ. Мамлакатлар ва давлат раҳбарларининг рейтингини ўрганадиган нашрлар Ўзбекистонни рейтинги энг паст (ёмон) ўринга, Ислом Каримовни эса дунёдаги энг ёвуз 10 та диктатор сафига қўшиб келишади. Ўзбекистон иқтисоди ҳақида гапирмаса ҳам бўлади – унинг юзини ўзбек сўмининг қадрсизланиши кўрсатиб турибди – 22 йил давомида сўм 1100 мартадан ҳам ортиқ қадрсизланди.

Шундай экан, демак, Ўзбекистоннинг бўлажак раҳбари олдида икки йўл турибди:

1) ҳақиқий демократик ривожланиш йўлига ўтиш;

2) Ислом Каримов сиёсатини давом эттириш.

Бу икки йўл бир-бирига тамоман қарама-қарши йўллардир.

Иккинчи йўлни танлаган раҳбарнинг тақдири Ислом Каримовнинг тақдиридан баттарроқ бўлади. Сабаби оддий: замон ўзгарган, замон 27 йил илгаригидай эмас, чет элларда юрган миллионлаб ўзбеклар оқ-қорани таниди, улар йирик сиёсий кучга айланиши мумкин ва ватанга қайтгач, янги раҳбар ва ҳукуматнинг олдига ўз талабларини қўяди.

Янги раҳбар сиёсий саҳнага чиққан янги мухолиф куч билан ҳисоблашишга мажбур бўлади, акс ҳолда унинг ўзи сиёсий саҳнадан шармандаларча ҳайдалади. Россия каби авторитар давлатлар раҳбариятидан нажот кутиш ўринсиз, чунки бундай уриниш Ўзбекистонни ё қайтадан мустамлакага айлантиради, ёки ёрдам сўраб чўзилган қўллар ҳавода чўзилганча қолаверади – масалан, ёрдам сўраб қўл чўзилган давлатлардан бири Россиянинг ўзи демократик дунёнинг санкциялари туфайли чуқур инқироз гирдобига тушди.

Ўзбекистонда сиёсий саҳнага чиққан янги раҳбар мураккаб масала олдида турибди, у Туркманистон раҳбари Гурбангули Бердимуҳаммедов танлаган йўлдан бора олмайди – у биринчи навбатда Ўзбекистоннинг халқаро обрўсини кўтариш масаласини ҳал қилиши керак. Унинг биринчи қадами эса қамоқхоналарда сақланаётган минглаб сиёсий ва диний маҳбусларни озод этишдан бошланиши лозим.

Кейинги асосий қадам – чет элларда яшаётган миллионлаб мухолифат вакиллари ва мардикорларни ватанга қайтаришдир.

Янги раҳбар мамлакат иқтисодида кескин ислоҳотлар бошлаши:

1) пул ислоҳоти, яъни эркин конвертация қилинувчи миллий валютага ўтиши;

2) ер ислоҳоти, яъни ерни давлат тасарруфидан чиқариши ва товар сифатида сотиш ва сотиб олиш ҳуқуқини берган ҳолда уни халққа бўлиб бериши;

3) мамлакатда одамлар ҳамда товарнинг эркин ҳаракатини таъминлаши, мамлакат ҳудудида ташкил этилган бебурд божхоналарга барҳам бериши, йўллардаги тўсиш бетон блокларни тамоман олиб ташлаши;

4) мамлакатга чет эл инвестицияларини жалб этиш мақсадида иқтисоди кучли давлатлар билан алоқани мустаҳкамлаши;

5) аҳоли чет элларга эркин чиқишини таъминлаш мақсадида ОВИР системасига барҳам бериши;

6) аҳолининг қўшни мамлакатлар билан борди-келдиси эркин бўлишини таъминлаши зарурдир.

Бу – дастлабки ислоҳотлар бўлиб, ислоҳотлар таълим, фан, маданият, спорт ва бошқа соҳаларни қамраб олиши, хусусан, альтернатив энергетикага кенг йўл очиш, мамлакатнинг ерости ва ерусти бойликлари ҳақида янги раҳбар йилда икки марта мамлакат парламенти олдида ҳисобот бериши ва бу ҳисобот оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши лозим.

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.