Ўзбекистон ҳокимият вакилларига Ўзбекистон фуқаролик жамияти вакилларидан таклифлар

420x232_article_1449510119_Ciy8S-10-dekabr-zbekiston-respublikasi-davlat

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига ҳамда Вазирлар Маҳкамасига

Ўзбекистон ва хориждаги Фуқаролик жамияти вакилларидан

ТАКЛИФЛАР 

Биз Ўзбекистон Фуқаролик жамияти вакиллари, президент Ислом Каримов вафоти муносабати билан Ўзбекистонда янги сиёсий жараёнлар бошланади, деган катта умиддамиз!

Амалдаги олий ҳокимият бошқаруви вакилларига мамлакатда демократик жамият қуриш учун Ўзбекистон Фуқаролик жамияти вакиллари томонидан қўйилиши керак бўлган таклифлар рўйхатини тузишни бошлаганимизни эълон қиламиз!

Мазкур таклифларни нафақат Ўзбекистон Фуқаролик жамияти вакиллари, балки Халқаро ташкилотлар вакиллари, Халқаро жаҳон ҳамжамияти ҳам Ўзбекистон ҳокимияти олдига қўйишлари керак деб ҳисоблаймиз.

Биз Ўзбекистон ичкарисидаги ва мамлакатни ташлаб кетишга мажбур бўлган фуқаролик жамияти фаоллари Ўзбекистон ҳукуматининг Ватанимиз равнақи йўлида амалга оширадиган ҳар бир эзгу ҳаракати, ҳар бир қарорини қўллаб қувватлашга, ушбу мақсад йўлидаги фаолиятда кўмакдош бўлишга тайёр эканлигимизни билдирамиз.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, Ўзбекистондаги бугунги енгил бўлмаган вазиятдан чиқиб кетиш учун Ҳукумат раҳбариятига қуйидаги таклифларни қўйишимиз мумкин:

1. Мамлакатда қонун устиворлигини таъминлаш, Амнистия эълон қилиш ва қийноқларга барҳам бериш

1. Ўзбекистон Республикасининг бош қомуси ҳисобланмиш – мамлакат Конституциясига, Ўзбекистондаги мавжуд қонунларга ва бошқа турдаги норматив ҳуқуқий ҳужжатларга, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси имзолаган халқаро ҳужжатларга амал қилиш йўлида жиддий қадамлар қўйилиши – демократик ислоҳатлар бобида қўйилган биринчи қадам бўлади;

2. Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг турли моддалари билан қамалиб, узоқ йиллардан буён қамоқда қолиб келаётган сиёсий, диний маҳкумларни ҳамда адолатсиз судлов ва қийноқ қурбонларини зудлик билан озодликка чиқариш мақсадида Амнистия эълон қилиш ва қамоқдан чиқарилган маҳкумларни соғликларини тиклаш, жамиятга кўникма ҳосил қилишлари учун махсус давлат Комиссияси тузиш, ушбу Комиссия таркибига турли соҳа вакилларни киритиш;

Шунингдек:

а) мамлакатда қийноқлар систематик тарзда эканлигини тан олиш ва БМТнин махсус маърузачиси Тео Ван Бовен томонидан 2002 йилда тақдим қилинган Ҳисоботда санаб ўтилган тавсияномаларга амал қилиш, “Жаслиқ” қамоқхонасини ёпиш ҳақида ҳукумат қарорини эълон қилиш;

б) адолатсиз судлов ҳукми билан узоқ йилларга қамалган сиёсий ва диний маҳкумларнинг жиноят ишларини қайтадан кўриб чиқувчи ҳукумат комиссияси тузиш ва адолатсиз судлов ҳукми билан қамоқда бўлган, соғлигини йўқотган ҳамда терговлар даврида ва қамоқхонада қийноқлар натижасида вафот этган инсонларга, уларнинг оила аъзоларига етказилган моддий ва маънавий зарарлар тўлаш масаласини ҳал қилиш;

в) БМТнинг хулосаларига асосан қийноқ қурбони, адолатсиз судлов қурбони ва ғайриқонуний ҳибсга олиш қурбони деб топилган, бугунги кунгача Ўзбекистон ҳукумати амал қилмай келаётган БМТнинг барча хулосалари ва қарорларини амалда бажариш. Қийноқлар қўллашда иштирок этган ёки қийноқ қўллашга индамай розилик бериши билан қийноқнинг кўламини кенгайишига сабаб бўлган мансабдорларга, қийноқлар қўллашда фаол иштирок этган “лохмач”ларнинг масаласини кўриб чиқиш ва уларнинг содир этган жиноятлари учун қонун олдида жавоб беришларига эришиш;

г) хориждаги ўзбекистонликларга нисбатан қўзғатилган сиёсий турдаги жиноят ишларни бекор қилиш, судларнинг қарорларига асосан Ўзбекистон фуқаролигидан маҳрум қилинган инсонларнинг фуқароликларини тиклаш, уларни мамлакатга қайтишлари учун барча имкониятларни ишга солиш;

д) бошқа мамлакатлардан ўғирлаб кетилган ёки депортация, экстрадиция қилинган, натижада узоқ йилларга қамоқ жазосига ҳукм қилинган, қийноқларга солинган инсонларнинг тақдирига алоҳида эътибор қаратиш, уларни зудлик билан озодликка чиқариш, уларнинг жиноят ишларини қайтадан кўриб чиқиш, уларнинг оила аъзолари тақдирига давлат эътиборини қаратиш;

е) мустақиллик йилларида турли усуллар билан ўғирлаб кетилган, яъни ғайрииҳтиёрий ва зўрлик остида ғойиб бўлганлар ва бугунги кунгача тақдири номаълум қолаётган инсонлар тақдири юзасидан ҳукумат махсус Комиссия тузиб, Комиссия фаолиятини жамоатчиликка етказиб бориш;

ж) мамлакатдаги кенг кўламли қийноқларга сабаб бўлувчи, яъни асосан диний ва сиёсий маҳкумларга нисбатан қўлланиувчи – Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 221-моддаси (Жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг қонуний талабларига бўйсунмаслик) ҳамда Жиноят Ижроия Кодексининг 105-моддаси (Интизомий жазо чоралари)ни олиб ташлаш масаласини кўриб чиқиш мақсадида Жиноят Кодекси ва Жиноят Ижроия Кодексига ўзгартиришлар киритиш мақсадида биринчи қадамни қўйиш;

з) Ўзбекистонга БМТнинг маҳсус маърузачиларини киритиш, уларнинг шу бугунга кунгача Ўзбекистон хукуматига берган тавсияларини зудлик билан кўриб чиқиб, амалга ошириш, Инсон ҳуқуқлари бўйича фаолият юритувчи халқаро ташкилотларга ва матбуотларга мамлакатда фаолият юритишлари учун рухсат бериш, шарт шароитлар яратиб бериш, Халқаро қизил хоч ташкилоти вакилларини ўзбек қамоқхоналарига киришларини кайтадан йўлга қўйишни ҳам талаб қилиш.

2. Мамлакатда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига адолатли ва шаффоф сайловлар ўтказиш:

а) мамлакатдаги қатағон сиёсати сабаб турли йилларда мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган мухолиф фикрловчи инсонларни мамлакатга қайтишларига руҳсат бериш ва уларнинг барча ҳуқуқларини тиклаш. Мамлакат ичкарисида бўлган ва сиёсий қатағон сабаб фаолиятдан четлатилган сиёсий фаол инсонларни мамлакатнинг сиёсий ҳаётида фаол иштирок этишлари учун жалб қилиш;

в) бугунги кунда мамлакат ичкарисида ва ташқарида ҳам конструктив мухолифат йўқлигини инобатга олган ҳолда, мухолиф фикрловчи инсонларни Президентлик сайловида ва мамлакат сиёсий ҳаётида фаол иштирок иштирок этишларини таъминлаш;

в) мамлакатдаги ўта оғир ижтимоий-иқтисодий-сиёсий вазиятни ҳисобга олиб Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари муаммолари билан шуғулланувчи ҳуқуқ фаоллари, журналистлар билан мулоқот бошлаш ва улар кўтаражак ҳар бир воқеа-ҳодиса юзасидан адолатли текширувлар ўтказиб, айбдорларни қонун олдида жавобгарликка тортилишларига эришиш;

г) Ўзбекистондан ташқарида яшашга мажбур бўлган меҳнат муҳожирларини мамлакатга қайтишлари учун имконият даражасида барча шарт-шароитларни йўлга қўйиш, энг биринчи ўринда, мамлакатда ишчи ўринларини таъминлаш мақсадида мамлакат ташқарисидаги ва ичкарисидаги тадбиркорлар, ишбилармонларни мамлакатда эмин-эркин фаолият юритишлари учун шароитлар яратиб бериш.

3. Мамлакатда сўз ва фикр эркинлигига кенг йўл очиб бериш:

а) ОАВнинг эркин ва адолатли фаолият юритишлари, мамлакатда илдиз отган коррупция ва шу каби жиноят ҳамда иллатларга қарши курашувчи матбуотлар ва журналистларнинг ҳаётига ёки профессионал фаолиятига тўсқинлик қилувчи ҳар қандай куч ва ҳар қандай ҳаракатга нисбатан қонуний чора кўрилиши ҳақида ҳукуматнинг қонунларини амалда ижро этилишига эришиш;

б) ОАВда ёритилган журналистик суриштирувлар натижалари бўйича ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ҳуқуқий баҳо бериб бориш ва айбдорларга зудлик билан қонуний чоралар кўриш.

4. Мамлакатда диний эътиқод эркинлигини таъминлаш:

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31-моддасида “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафотланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиши ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди” дейилган.

Конституциянинг ушбу моддасига Мустақилликнинг 25 йиллигигача амал қилинмай келинди. Ҳеч кимга сир эмаски, Ислом динининг “Ханафий” мазҳабига эътиқод қилувчи мусулмонларга имкониятлар берилиб, ўзгача фикрли ёки бошқа мазҳаб-тоифадаги диндорлар қатағон қилиндилар. Янги ҳукумат ушбу 25 йиллик хатони такрорламаслиги лозим, деб ҳисоблаймиз.

Барча диний эътиқод вакилларига тенг ҳуқуқлар берилиши керак. Фуқароларнинг қайси маҳзабга киришини давлат ёки ҳукумат ҳал қилмаслиги лозим.

*****

Мазкур юқоридаги таклифлар Лойиҳа кўринишида бўлиб, Ўзбекистон халқининг келажаги учун ўзини жонкуяр деб билган ҳар бир ватандошимиздан ўз таклиф-мулоҳазаларини ёзма равишда кутиб қоламиз. Чунки бу лойиҳага ватанимизда амалга оширилиши керак бўлган муҳим вазифаларнинг кўпчилиги киритилгани йўқ. 

Тўпланган таклифлар мукаммал кўринишга эга бўлгандан кейин рус ва инглиз тилларига таржима қилиниб, халқаро ташкилотлар вакилларига тақдим қилинади ва улардан ҳам Ўзбекистон ҳукуматига шу таклифлар билан чиқиш сўралади.

Ушбу таклифлар устида ишлаш, уларни тўлдириб бориш, керакли қарорлар қабул қилиш, Ўзбекистон хукумати ҳамда халқаро ташкилотлар, дунё сиёсатчилари билан музокаралар олиб бориш ишлари билан шуғулланувчи ШТАБ ташкил қилиниб, бу ШТАБга сиёсий арбоблар, собиқ депутатлар, сиёсий ва диний мухолифат вакиллари, ҳуқуқ фаоллари, журналистлар, ҳуқуқшунослар ва бошқа соҳа вакилларидан иборат Фуқаролик жамияти фаолларини жалб қилиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз.

«Ўтюраклар клуби» инсон ҳуқуқларини
ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти

Ўзбекистон Фуқаролик Жамияти
“Муқобил Ўзбекистон”
Мувофиқлаштириш Кенгаши

4 сентябрь, 2016 йил

Таклиф ва мулохазалар учун алоқа

Мўътабар Тожибоева
email: mutabartadjibaeva@gmail.com

tel: +33679233927
skype: Mutabar Tadjibayeva

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.