«Эзгулик» фаоллари «Навоий»да Иcроилжон Холдоров билан учрашди
ПРЕСС РЕЛИЗ № 17. 13 сентябрь 2016 йил
2016 йилнинг 11-сентябрь куни Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти фаоллари қамоқларда қолаётган фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашувлар доирасида Навоий шаҳридаги 64/29-сонли жазони ижро этиш муассасасида Исроилжон Холдоров билан учрашди. Исроилжон Холдоров ҳамскасблари билан қарийб бир соат давом этган учрашувдан ўта мамнун эканлигини билдирди.
“Сабаб ва воситаларидан қатъий назар, оиламни истисно қилганда, озодликдаги ҳамкасбларим билан учрашиш нақадар ажойиблигини ҳис қилиб турибман” дейди суҳбатдошимиз.
Исроилжон Холдоров ўз вақтида Андижон вилояти Андижон туманидаги 4-сонли умумтаълим ўрта мактаби раҳбари, халқ депутатлари Андижон вилояти кенгаши депутати бўлган. Фуқаролик жамияти вакили ўлароқ ҳам фаолият кўрсатиб, “инсон ҳуқуқлари” ташкилотлари билан яқиндан ҳамкорлик қилган. Андижонда “Эрк” партиясининг вакили бўлган, сўнгра Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти фаолиятига ҳам ҳисса қўшган.
Навоий колониясидаги учрашувда “Эзгулик” раҳбари Васила Иноятова аввало барча дўстлар, унинг озодлиги учун курашаётган ҳуқуқ ҳимоячилари ва халқаро ташкилотлар вакилларининг саломини етказди.
Хусусан, маҳаллий ҳуқуқ фаолларидан ташқари “Ўтюраклар клуби” раҳбари Мўътабар Тожибоеванинг саъйи-ҳаракатларини етказиш билан бирга, Марказий Осиёда инсон ҳукуклари Асссосациясининг раҳбари Надежда Атаева, Халқаро Амнистия, “Хьюман Райтс Вотч” сингари ташкилотлар ҳам у кишини озодликка чиқариш учун харакат қилаётганликларини таъкидлади. Сўнгра маҳкумнинг аҳволи, унга колония маъмурияти ва бошқа маҳкумларнинг муносабати билан қизиқди.
И.Холдоровнинг сўзларига кўра, 2015 йилнинг октябрь ойига қадар Қарши шахридаги 64/51-сонли колонияда сақланган, сўнгра Навоийга этап қилинган.
Суҳбатдошнинг таъкидлашича, унинг аҳволи яхши, соғлигидан шикояти йўқ.
Учрашувда иштирок этган журналист Абдураҳмон Ташанов: “Юқорида шароитларни мақтадингиз, гўё ҳаммаси зўр, қийноқ йўқ, хоҳламасангиз ишга чиқмайсиз, озиқ-овқатлар ташқаридагидан ҳам яхши, дедингиз.
Жамоатчилик бу гапингизга ишонармикан, чунки Интернетда Ўзбекистон қамоқхоналари тўғрисида умуман бошқача ёзишади. Келинг, саволларни аниқлаштирайлик, сиз жавоб беринг. Бугун эрталаб нонуштага нима едингиз, тушликда-чи? Кеча кечки овқатга нима егандингиз?”.
Исроилжон Холдоров: “Нонуштага компот, лавлагили салат, тухум ва перловка ёрмаси едим. Тушликка гўштли қовурма шўрва ва каромли салат истеъмол қилдим. Кечки овқатга менга ёқадиган макажўхори ёрмаси билан тайёрланадиган таом ва бодринг-помидорли салат едик…”.
Абдурахмон Ташанов: “Кийимингиз сўнгги марта қачон ювилган? Ётоғингиздаги чойшаб ва сочиқлар-чи? Сўнгги марта колония бошлиқлари сиз билан қачон мулоқот ўтказишди? Муаммо, шикоятларингизни ўрганишди? Яқинларингиз билан учрашувга монъелик борми? Ташқарига хат, бандероллар чиқара олиш имконингиз-чи?”.
И.Холдоров: “Кийимим икки кун аввал, чойшаб ва сочиқларим кеча тозаланган. Пол ҳар куни икки марта хлорли тозалаш воситаси билан навбатчи маҳкумлар томонидан ювилади. Ҳар куни кечқурун колония бошлиғининг тарбиявий ишлар бўйича муовини ёки бошқа оператив ходимлар суҳбат ўтказишади. Ҳаммаси жойида, яхши. Оилам билан белгиланган муддатларда учрашиб турибман. Ташқарига хат чиқарганим йўқ, лекин бунга имконият бор. Бу ерда ижодий тўгаракка боғланиб қолганман. Шеърий драмаларим маҳкумлар томонидан саҳналаштирилиб, Жазони ижро этиш Бош Бошқармаси эътиборига ҳавола қилинган ва кичик бўлса ҳам мукофотлар олдим”.
А.Ташанов: “Нима муаммоингиз бор, соғлиқ қандай?”
И.Холдоров: “Мен озодликдан маҳрум қилинишимдан аввал ҳам полиартрит билан иккинчи гуруҳ ногирони бўлганман. Ўртада полиартрит қўзғамай кетганди, яқиндан бери Навоийдаги об-ҳаво таъсир қилибми, бўғимларим шишгандай бўляпти. Қолгани яхши, озодликка чиқсам бўлди, бошқа нарсадан шикоят йўқ. Баъзан худди шу ерда қолиб кетадигандек туюлади менга. Лекин Мурод Жўраев, Мамадали Маҳмудовларнинг озод этилганлигини эшитиб, мен ҳам барибир озод бўламан деган умид пайдо бўлди. Такрор айтаман, шароит канчалик етарли бўлмасин, қамоқ барибир қамоқ, уйга кетишни, невараларимнинг катта бўлаётганини кўришни хоҳлайман …”.
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти фаоллари Исроилжон Холдоров билан учрашувдан мамнун ҳолда чиқишди. Жамиятимиз учрашувни ташкил қилишда кўмак берган Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ЖИЭББ маъмуриятига ўз миннатдорчилигини билдиради ва кейинги шу сингари учрашувларнинг утказилишига умид билдиради..
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти
Fikr bildirish