Зомин туман ИИБдаги қийноқ қўлловчиларга чора кўра оладиган куч борми бизни мамлакатда?
Жиззах вилояти Зомин тумани ИИБ биносида Ахназаров Аббоснинг зиммасига у содир этмаган жиноятни қўйиш учун ғараз мақсадда, бир гуруҳ бўлиб уни қийноққа солиб, соғлиғи ёмонлашишига сабабчи бўлган Зомин туман ИИБ ЖҚБ ходимлари Илмдор, Баҳром Мусурмонов, Фахридин Сулаймонов, Ҳасан Раҳмоновларни жавобгарликга тортишга, қонун ҳимоячиси жандасига ўранган бу кимсаларни қонун олдида жавоб беришларига ёрдам беришларингизни сўраймиз.
Ўзбекистон Республикаси Сенати раиси Н.Йўлдошевга;
Республика Бош прокурори И.Б.Абдуллаевга;
Республика Олий суд раиси Ш.Ғозиевга;
Республика МХХ раиси Р.Р.Иноятовга;
Республика Ички ишлар вазири А.А.Аҳмадбоевга;
Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари Мустақил ташкилоти
ва барча ОАВга;
Жиззах вилояти, Зомин туман, Ширин ҚФЙ,
Небўса қишлоғида яшовчи Салима Ахназаровадан
Ш И К О Я Т
Жиноят ишлари бўйича Зомин туман судининг 10.11.2015 йилдаги ҳукми билан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 164 – моддаси, 3 – қисми “г” банди, 117 – моддасининг 1 – қисми билан 8 йил озодликдан маҳрум этилган Ахназаров Аббос Қодирқул ўғлининг дастлабки тергов ва суд жараёнларида поймол бўлган конституцион ҳақ – ҳуқуқларини тиклаш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддаси талаблари асосида.
Ахназаров Аббос Қодирқул ўғлининг қўлга олиниш, дастлабки суриштирув чоғида Зомин туман ИИБ тезкор ходимлари томонидан қийноққа солингани ва кейинги инстанция судлари жараёнида ҳуқуқлари ўта қўпол тарзда поймол этилгани тўғрисида 27.04.2016 йилда Сизга такроран ёзган мурожаатимизда асосли важлар билан баён қилиб, Аббосни туман ИИБ биносида калтаклаб, қийнаётганликлари тасвирланган видеодискни ҳам тақдим этган эдик.
Адвокат Бунёд Мамажонов ЖИБ Зомин туман суди раиси Эгамберди Олмосовга сўровнома билан мурожаат этганида Шоҳруҳ исмли девон мудири турли асоссиз баҳоналар билан суд баённомасини беришдан бош тортди?! Суд раиси Э.Олмосов эса қонунга хилоф тарзда ҳанузгача адвокат сўровномасига жавоб бермасдан келмоқда.
Адвокат Б.Мамажонов Зомин туман прокуратурасидаги тергов материалларида бўлган ўғлим Аббосни туман ИИБ биносида қийнаётганликлари тасвирланган видеодискдан нусха олганди. Ушбу видеодиск барча назорат ва матбуот органларига тарқатилгандан сўнг вилоят ва туман прокурорлари зўравонларга чора кўради деб умид қилгандик. Лекин, ҳаммаси аксинча бўлди…
Бизнинг Республика Ички ишлар вазирлигига топширган шикоятимиздан сўнг Жиззах вилоят ИИБ ходими, милиция мойори Шавкат Холматов Мурод исмли яна бир ходим билан уйимизга келиб Аббосни қийноққа солган туман ИИБ ЖҚБ ходимлари фаолиятига оид хизмат текшируви ўтказилаётганлигини айтишганида уларга ўша видеодискни тақдим этгандик. Лекин, бу ходимлар ўта жонкуярлик билан бошлаган ишлар тўхтаб, натижасиз қолди.
Биз Ш.Холматовга қўнғироқ қилганимизда у: – туман прокуратураси терговчиси Алишер Боймуродов ўғлингизнинг олдига бориб келиптику., ўғлингиз «Мени Ўтгеновнинг акаси ҳам ЖҚБ ходимлари ҳам урмади, уларда айб йўқ! деб ёзиб бергач, биз нима ҳам қилардик., деб дағдаға қилганида ҳайрон бўлиб: – Аббос минг марта урмади деганида ҳам уни ураётганлиги видеодискда туриптику., десам у берган дискингиз бўм – бўш, ёзув йўқ., деганида яна ҳайрон қолдим?!
Адвокат Навоий вилоятидаги УЯ 64/47 – жазони ўташ муассасасида шу йил 02 июнь куни Аббос билан учрашганида у Зомин туман прокуратураси терговчиси Алишер Боймуродов келганида, унга адвокатсиз кўргазма беришдан бош тортган.
Аббос ўша куни адвокатга баён қилиб, берилган саволларга жавобларни ўз қўли билан ёзган тушунтириш хатида атрофлича баён қилган:
У 2015 йил 11 июль куни кеч соат 22:00 ларда синглиси Азизани кутиб олиш учун ЖИЗЗАХ – Зомин автойўли бекатига чиққанида РАФ машинасидан тушган бир қиз Небўса қишлоғи тарафга қараб қочган. У синглисини шу бекатда кутиб тургани туфайли турли хаёлга борган, юзлари қизариб кетган ҳайдовчидан «Машинадан тушган қиз ким?» деб сўраганида шофёр уни сўкиб, машинани ҳайдаб Қудуқча қишлоғи томон кетган. У кетгач Аббос йўлдан телефон аппаратини топиб олган. Асли телефонни қайтариш нияти бўлган, лекин дастлаб телефонни ёқа олмаган.
«Бу бола синглим билан гаплашиб юрганми?» деган шубҳага бориб текшириб кўриш учун Жиззах шаҳридан янги батарейка сотиб олиб, телефонга қўйиб ўзида бўлган Дилафруз Боймирзаевага тегишли сим картани қўйиб, 2015 йил 16 июль куни Дилафрузга қўнғироқ қилганида у «Мен Жиззахга бораяпман» деган. Кўп ўтмасдан оқ рангли машинада келган бир нотаниш кимса уни чақириб «қайси сомсахона яхши?» деб сўраб, сўнг мажбуран машинага ўтқазганида у машина ичида икки нафар нотаниш одам билан Дилафрузни кўрган. Нотаниш киши бирдан уни бошига ура бошлаган.
Уни Зомин туман ИИБ биносига олиб келганларида Фахридин, Баҳром, Илмдор ва яна бир ЖҚБ ходимлари биргаликда уриб қийнаганлар. Баҳром ўзи комьпютерда тайёрлаган кўргазмаларни имзолашга мажбурлашганида у калтак зўридан қилмаган ишларни қилдим деб имзо чекиб беришдан бошқа чораси қолмаган.
Баҳром: – «ҳозир Иброҳим Ўтегеновнинг акаси келади. Сен унга «Акажон кечиринг, билмасдан шундай бўлиб қолди.», дейсан» деб ўргатган. Иброҳимнинг акаси келганида у: – «Бу бола менинг укамни ура олмайди» деб урмоқчи бўлганида ўрнидан туриб кетган. Иброҳимнинг акаси юзининг чап ва ўнг томонларига шапалоқ ургани ҳолатини видеотасвирга олишиб, ўзлари етказган тан жароҳатларни гўёки жабрланувчининг акаси томонидан етказилгандек кўрсатиш учун атай уюштирганликлар.
Сўнгра 4 нафар ходим уни вақтинчалик сақлаш хонасига олиб кириб урганлар. Адвокат талаб қилганида устидан кулиб масхара қилиб яна урганлар. Сўнгра Баҳром дўхтир келганида унга «Жароҳатларимни кўчада олганман» деб айтасан деб ўрганган. Доктор келиб сўраганида Баҳром ўргатган гапларни айтишга мажбур бўлган. Доктор кетгач, яна уч нафар бўлиб уриб устидан кулганлар.
Милиция идорасидан ташқарига чиққанида беҳуш бўлиб йиқилган, кўзини касалхонада очиб 7 кун даволанган. 2015 йил 16 июль кунги барча савол – жавоб кўргазмалар ҳимоячи иштирокисиз қийноқ остида олинган».
Юқорида баён этилганлар муносабати билан Зомин туман ИИБ ЖҚБ ходимлари Баҳром Мусурмонов, Ҳасан Раҳмонов, Фахридин Сулаймонов ва Илимдор исмли ходимларининг Аббосни қийноққа солганлари ҳақида туман прокурори Бектош Соиповга мурожаат этсакда у ҳеч қандай чора кўрмаган эди.
Жиззах вилоят ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари Ж.М.Хожановнинг 10.06.2016 йилдаги бизнинг шикоятимизга жавобида: – Зомин туман прокуратураси ўтказган текширувда ИИБ ходимларининг ҳатти – ҳаракатларида қонун бузилиш ҳолатлари аниқланмаганлиги, ўғлингиз А.Ахназаров фуқоро Р.Ўтаганов томонидан унга етказилган тан жароҳати юзасидан унга нисбатан шикояти бўлмаганлиги боис, тўпланган ҳужжатларнинг шу қисми бўйича туман прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексининг тегишли моддаларига асосланиб Р.Ўтагановнинг жиноят содир этилишида айблилиги тўғрисидаги масала ҳал қилинмай туриб жиноят иши қўзғатишни рад қилиш тўғрисида қарор қабул қилинганлигини маълум қиламиз., дейилган.
2015 йил 16 июль куни туман ИИБ биносида ўғлим Аббосни бир гуруҳ бўлиб ваҳшиёна усуллар билан қийноққа солиш орқали ундан ўзи содир этмаган жиноий қилмиш бўйича ғайриихтиёрий кўргазма олган Зомин туман ИИБ ЖҚБ ходимлари содир этган ўта оғир жиноятни яширишга қаратилган Жиззах вилоят ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари Ж.М.Хожановнинг ушбу жавобида нафақат инсон тақдирига беписандлик, амалдаги Ўзбекистон давлати қонунларини ҳам менсинмаслик уфуриб турипти.
Ушбу жавоб шу қадар юзаки бўлиб унда Зомин туман прокуратурасининг қарори қабул қилинган сана ҳам, ушбу қарор ЖПКнинг қайси моддасига асосан қабул қилинганлиги ҳам кўрсатилмаган?!
Мен Ж.М.Хожановнинг Ўз.Р.ЖПКнинг 22-моддасига хилоф жавобидан норозиман. Чунки, текширув жараёнида Зомин туман ИИБ ЖҚБ ходимлари содир этган жиноятни фош этувчи қуйидаги ҳолатлар мутлақа ўрганилмаган:
1. Дастлабки суриштирув пайтида баённомалар крилл алифбосида ёзилган бўлиб холис сифатида жалб этилган Умарова Севара Алишер қизи ва Қудратова Наргиза Ҳасан қизи аслида 3 йил Зомин туман Тиббиёт коллежида ўқиган бўлсаларда диплом ололмаганлиги учун туман ИИБга шикоят билан мурожаат этган, ИИБ ходимлари билан яқиндан таниш қизлардир. Лотин алифбосини яхши ўзлаштирмаган бу қизлар ЖҚБ ходими бир хил ҳуснихатда крилл алифбосида уларнинг номидан ёзган тушунтирш хатларига имзо чекканлар. Туман ЖҚБ ходимлари ўзларига аввалдан таниш бўлган аризачи қизларни жалб этиш орқали ушбу ҳолатда Ўз.Р. ЖПКнинг Холисликга оид – моддаси талаблари қўпол тарзда бузганлари оқибатида ушбу ёзма далиллар сохта бўлиб қолган. Сохта далилларга асосланиб чиқарилган суд ҳукми ноқонунийдир.;
2. ЖҚБ ходимлари Аббосни Жиззахдан олиб келиш пайтида ва кейинчалик қийноққа солингани тўғрисида Далафруз Боймирзаеванинг суд раисига ёзган аризасига на прокурор, на судья томонидан ҳуқуқий баҳо берилмаган.
3. Зомин туман прокуратураси терговчиси Алишер Боймирзаев билан Аббоснинг адвокати Бунёд Мамажонов учрашиб унга ўз ордеридан нусха тақдим этган ва тергов ҳужжатларидан нусхалар олган. А.Боймирзаев Аббоснинг адвокати борлигини била туриб, на ҳимоячи на бизни огоҳлантирмасдан, бизнинг назорат тартибидаги аризамиз Олий суд томонидан ўрганилаётган бир пайтда ўғлим Аббос жазони ўтаётган УЯ 67/47 – муассасасига бориб у билан учрашганлигини одил судлов жараёнига нисбатан тажаввуз деб ҳисоблайман.
Биз терговчи билан Аббос ўртасида қандай мулоқот бўлганлигидан бехабар эдик. Лекин, биз Жиззах вилоят ИИБ ходими Ш.Холматовга қўнғироқ қилганимизда у: – «Туман прокуратураси терговчиси Алишер Боймуродов ўғлингизнинг олдига бориб келиптику, ўғлингиз «Мени И. Ўтгеновнинг акаси ҳам, ЖҚБ ходимлари ҳам урмади, уларда айб йўқ» деб ёзиб бергач, биз нима ҳам қилардик.», деб дағдаға қилганидан сўнг А.Боймирзаевнинг ушбу ҳаракатлари шубҳали бўлиб қолди.
Мансаб ваколатидан фойдаланиб, айбсиз инсонни жиноятчига чиқариб, 8 йил озодликдан маҳрум этилишига сабабчи бўлган туман ИИБ ЖҚБ ходимлари, туман прокурори Б.Соипов, туман ЖИБ судининг раиси Э.Олмосовлар томонидан содир этилган жиноий қилмишларни яшириш мақсадида жазони ўташ муассасасига қонунга хилоф равишда кириб, ўғлим Аббосдан ҳимоячининг иштирокисиз унинг манфаатларига қарши кўргазма ва бошқа маълумотлар олган Зомин туман терговчиси А.Боймирзаевга қонуний чора кўрилишини талаб қиламан.
4. Зомин туман ИИБ ЖҚБ ходимлари тазйиқ ўтказиб, қийноққа солганлигини ҳатто Аббоснинг ўзи инкор этганида ҳам, бу фактни яшириб бўлмайди чунки бу ҳолат айнан шу туман ИИБ ходимларнинг ўзлари томонидан тасвирга олинган видеодискда яққол кўриниб турибди. Агар, сохта жабрланувчи И.Ўтегеновнинг туман ИИБ биносида Аббосни калтаклаган акаси Р.Ўтагеновни жавобгарликкга тортилса у ЖҚБ зўравонлари ва туман прокурорини ҳам шарманда қилиши тайин.
Зомин туман ИИБ биносига Рустам Ўтегенов деган ишга мутлақо алоқаси бўлмаган шахсни қонунга хилоф равишда ИИБ биносига олиб кириб, ҳали айбдорлиги исботланмаган Аббосни калтаклатиб уни ҳақорот этилишига йўл қўйган туман ИИБ ЖҚБ ходимларининг намойишкорона содир этган жиноятларини кўра била туриб шундай ҳолатда оқни қора дейишга Жиззах вилоят ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари Ж.М.Хожановни қандай қудратли куч мажбур этмоқда.
«Агар, Аббосни ўша кун на Р.Ўтегенов, на ЖҚБ ходимлари уриб тан жароҳатлари етказмаган бўлса, у ҳолда у ким томонидан етказилган жароҳатлар оқибатида касалхонада икки марта даволанишга мажбур бўлган?» деган саволга жавоб топиш лозим бўладику?!
Ушбу ғайриқонуний муносабатлар бу муаммо Жиззах вилоятида холис ва адолатли ҳал бўлмаслигининг яна бир исботидир. Шу боис биз Ички ишлар вазири муҳтарам А.А.Аҳмадбоевдан Зомин туман ИИБ биносида содир этилган зўравонлик ҳолати тасвир этилган видеодиск ва мазкур иш ҳужжатлари билан шахсан танишиб, қонун қўриқчилари ниқобидаги ушбу уюшган жиноят иштирокчиларига нисбатан қонуний чора кўрилишини сўраймиз.
5. Зомин туман ИИБ ЖҚБ ходимлари нафақат Аббосга тазйиқ ўтказган, улар ўз жиноий қилмишларини яшириш мақсадида ҳатто гувоҳларга ҳам таъзийқ ўтказиб, уларни суд жараёнида ёлғон кўргазма беришга мажбур қилганлар.
Юқорида биз томонимиздан баён этилган асосли важлар ва ёзма далилларга ҳуқуқий баҳо берган ҳолда Аббос Ахназровнинг қўлга олиниш, дастлабки суриштирув ва суд тергови жараёнида бузилган ҳуқуқларини тиклаш учун Сиздан:
- Зомин туман ИИБ биносида Ахназаров Аббоснинг зиммасига у содир этмаган жиноятни қўйиш учун ғараз мақсадда бир гуруҳ бўлиб уни қийноққа солиб, соғлиғи ёмонлашишига сабабчи бўлган Зомин туман ИИБ ЖҚБ ходимлари Илмдор, Баҳром Мусурмонов, Фахридин Сулаймонов, Ҳасан Раҳмоновларни жавобгарликга тортишни – СЎРАЙМИЗ!
Салима Ахназарова
Адвокат Б.Мамажонов.
Иловалар:
- Жиззах вилоят ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари Ж.М.Хожановнинг 10.06.2016 йилдаги жавоби;
- Далафруз Боймирзаева ва Мавжуда Худойбердиеваларнинг суд раисига ёзган аризалари;
- Умарова Севара Алишер қизи ва Қудратова Наргиза Ҳасан қизининг Зомин туман ИИБ бошлиғи номига ёзган тушунтириш хатлари;
- Адвокат ордеридан нусхалар.
Fikr bildirish