Сиёсий қатағон (сиёсий ва диний маҳкумлар), қийноқ қурбонлари, адолатсиз судлов қурбонлари оқланиб, озодликка чиқарилсинлар!
Ўзбекистонда амнистия акти тўғрисидаги қарор ижроси юзасидан
Б А Ё Н О Т
Халқаро ҳамжамиятга
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро
ташкилотлари ва институтларига
Ўзбекистон ҳукуматига
Инсон ҳуқуқлари ва демократия учун
курашаётган дунёдаги барча журналистларга
Биз, “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти ва Фуқаролик Жамияти «Муқобил Ўзбекистон» Мувофиқлаштириш Кенгаши вакиллари, Ўзбекистонда Амнистия тўғрисида қарор қабул қилингани ҳақидаги хабарни озроқ ҳаяжон ва умид билан қарши олдик.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати (парламентнинг юқори палатаси) 12 октябрь куни очилган ялпи мажлисида Конституциянинг 24 йиллиги муносабати билан Амнистия тўғрисида қарор қабул қилди.
Сенаторлар тасдиқлаган Амнистия тўғрисидаги қарорга кўра, аёллар, жиноят содир этган вақтда ёши 18га тўлмаган шахслар, 60 ёшдан ошган эркаклар, чет эл фуқаролари, I ва II гуруҳ ногиронлари, сил касаллигининг фаол шаклига чалинган шахслар жазодан озод қилиниши лозим.
Бундан ташқари, эҳтиётсизлик орқасида жиноят содир этган, шунингдек, жамият хавфсизлигига жиддий раҳна солмайдиган жиноятни қасддан содир этгани учун биринчи марта судланганлар ва жазони ўташ муддатига 3 йилдан кам вақт қолганлар озодликка чиқарилади. Қасддан жиноят содир этганлиги учун 10 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган ва Амнистия акти бўйича озодликка чиқарилмайдиган шахсларнинг қолган муддати учдан бирга, 10 йилдан кўпроққа маҳкум этилганларнинг қолган жазо муддати тўртдан бирга қисқартирилади.
Биз бу йилги Амнистия акти Ўзбекистон мустақиллиги даврида қабул қилинган аввалги Амнистия актларидан тубдан фарқ қилишига умид қилгандик. Шунингдек, биз республика ҳукуматининг ва унинг қамоқхоналарида ўз соғлиғи ва ҳаётини йўқотаётган, ҳанузгача ўзбек ҳукуматининг “қора рўйхат”ида қолаётган ўн минглаб сиёсий, диний ва бошқа турдаги маҳкумларга нисбатан муносабати ҳам ўзгаришига умид қилгандик. Аммо бугун биз яқинда қабул қилинган Амнистия аввалги Амнистиялардан умуман фарқ қилмаслигини афсус билан қайд этамиз.
Содир этилган жиноий қилмишларнинг ижтимоий хавфлилик даражаси ва оқибатларини ҳисобга олган ҳолда, Амнистия акти қуйидаги маҳкумларга нисбатан қўлланилмайди:
– узоқ муддат ёки умрбод қамоқ жазосига маҳкум этилганларга;
– таъқиқланган ташкилотда фаолият юритиб, унинг таркибида тинчлик ва хавфсизликка ёхуд жамоат хавфсизлигига қарши жиноятларни содир этганларга;
– ўта хавфли рецидивистлар дея тан олинганларга;
– жиноий гуруҳларда ўта хавфли жиноятларни содир этганларга;
– жазони ўташ тартибини доимий бузиб келганларга;
– амнистия ёки афв қилиш билан озодликка чиқарилгандан кейин ҳам қасддан жиноят содир этганларга;
– ўлим жазоси афв этиш тартибида озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазога алмаштирилган шахсларга.
Юқорида қайд этиб ўтганимиздек, Амнистия акти баъзи тоифадаги “номақбул” дея тан олинган сиёсий, диний ва бошқа тоифадаги маҳкумларга нисбатан қўлланилмайди.
Инсон ҳуқуқлари масаласи билан шуғулланувчи дунёдаги барча журналистлар Амнистия акти тўғрисидаги қарорнинг ижро этилишига эътибор қаратмоқлари ҳамда журналистик текширув олиб бориш жараёнида Ўзбекистон ҳукумати ва ўзбек фуқаролик жамияти вакиллари билан яқин ҳамкорликни ўрнатишлари керак.
Биз инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилотлари ва халқаро ҳамжамиятга мурожаат қилиб, улардан Ўзбекистон ҳукуматидан мамлакатда сиёсий ўзгаришлар ўтказишини, жумладан, Амнистия актини қонуний равишда қўллашини талаб этишини сўраймиз.
Бунинг учун биз ўзбек ҳукуматига қуйидаги муҳим устувор қадамларни қўйишни таклиф қиламиз:
1. Амнистия актини барча тоифадаги маҳкумларга қўллаш учун Амнистия тўғрисидаги қарор бўйича жамоатчилик назоратини ташкил этиш керак.
2. Амнистия акти тўғрисидаги қарорнинг ижро этилиши учун сиёсий ва диний мотивлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг турли моддалари билан ноҳақ қамалганлар ва қийноқ қурбонларини оқлаш, зудлик билан озод қилиш, шунингдек, улар соғлиғининг тикланиши ва нормал ҳаётга қайтишлари учун зудлик билан махсус Давлат комиссиясини ташкил этиш керак.
Мазкур махсус Давлат комиссияси таркибида турли соҳа вакиллари – ҳуқуқ ҳимоячилари, журналистлар, фуқаролик жамияти фаоллари ҳамда ўз соҳасининг усталари – юристлар, прокурорлар ва судьялар бўлиши керак.
Махсус Давлат комиссияси сиёсий ва диний маҳкумлар, сиёсий қатағон ва қийноқ қурбонлари, сўроқ ва тергов давомида ҳамда қамоқда ўлганлар, шунингдек, адолатсиз судлов натижасида қамалганлар, ўғирланганлар, турли мамлакатлардан депортация ва экстрадиция қилинганлар ҳамда мустақиллик йилларида ноқонуний ва мажбурий равишда ўғирлаб кетилган ва тақдири ҳанузгача номаълумлигича қолаётган инсонларнинг ишларини ўрганиши керак.
Бундан ташқари, махсус Давлат комиссияси сиёсий ва диний мотивлар билан адолатсиз узоқ муддатга қамалганлар устидан очилган жиноий ишларни қайта кўриб чиқиши, зудлик билан уларни озодликка чиқариши керак. Шунингдек, махсус Давлат комиссияси адолатсиз суд ҳукмлари билан қамоқда қолаётган, у ерда ўз соғлиғини йўқотган ҳамда тергов ва қамоқда қийноққа дучор қилинган ёки сиёсий қатағон қурбони бўлган инсонлар ҳамда тергов пайтида ёки колонияда қўлланилган қийноқ натижасида жон берган инсонларнинг қариндошларига моддий ва маънавий зарарни қоплаш масаласини ҳал этиши керак.
Мазкур махсус Давлат комиссиясининг фаолияти жамоатчилик учун очиқ ва шаффоф бўлиши керак.
Махсус Давлат комиссияси қуйидаги иккита асосий йўналишда фаолият юритиши керак:
1. «МАЪМУРИЙ ҲУҚУҚБУЗАРЛАР» ИШИ
Жиноий иш қўзғатилишидан аввал маъмурий қоидабузар ҳисобланган ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс асосида ҳибсга олинган маҳкумлар ишини ўрганиш керак. Бундай маҳкумларга нисбатан аксар ҳолларда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (“Майда безорилик”) ва 194-моддаси (“Милиция ходимининг қонуний талабларини бажармаслик”) қўлланилади.
Бугунги кунда ҳеч кимга сир эмаски, Ўзбекистонда бирор кишига қотиллик, зўрлаш, ўғирлик, ноқонуний диний-экстремистик ташкилотга аъзолик ва шу каби оғир жиноятлар бўйича айбловни бўйнига қўйишдан аввал ўша инсонга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик бўйича айблов билдирилиб, унга нисбатан 15 суткагача маъмурий ҳибсга олиш жазосини тайинлаш амалиёти кенг тарқалган.
Бундай кишиларни ҳибсга олишда маълум бир давлат идоралари учун ишлайдиган агентлар ва енгилтабиат аёллар хизматидан фойдаланилади. Ҳибсга олинганлар адвокат хизматидан маҳрум қилинади ва бутунлай изоляция шароитида сақланади. Бу орада эса уларга нисбатан ваҳшиёна қийноқлар қўлланилади ва натижада улар содир этмаган жиноятларга иқрор бўлишади.
Бу усул қамоқдан озод бўлган шахсларга нисбатан ҳам қўлланилади, чунки одатда улар қайта қонунбузарлик содир этиш эҳтимоли катта бўлган шахслар тоифасига киради. Бундай кишиларга нисбатан қийноқ қўлланилади, натижада улар содир этмаган жиноятларга иқрор бўлишади ва ўта хавфли рецидивистлар сифатида узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилинади.
2. Жазони ўташ тартибини “доимий бузиб келадиган” маҳкумлар иши
Ўзбекистон Республикаси Жиноят-ижроия кодексининг 105-моддаси (“Интизомий жазо чоралари”) ва Жиноят кодексининг 221-моддаси (“Жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг қонуний талабларига бўйсунмаслик”) мунтазам равишда сиёсий ва диний мотивлар билан қамалган маҳкумларга нисбатан қўлланилади. Ушбу икки модда қийноқ қўллаш пишанглари ҳисобланади ва “НОМАҚБУЛ” ҳисобланган сиёсий ва диний маҳкумларга қарши янги жиноий иш қўзғашда ишлатилади.
Гарчи Жиноят-ижроия кодексининг 107-моддасида (“Интизомий жазо устидан шикоят бериш”) маҳкум ўзига нисбатан қўлланилган интизомий жазо устидан хоҳишига кўра юқори турувчи мансабдор шахсга, прокурорга ёки судга шикоят қилишга ҳақли, дейилган бўлса-да, Ўзбекистонда маҳкум ёки унинг адвокатига интизомий жазо қўлланилгани тўғрисидаги ҳужжат билан танишиб чиқиш, унинг устидан шикоят бериш ёки уни бекор қилиш имконияти берилмайди.
Маълумки, Ўзбекистон ҳукумати Жиноят кодексининг 221-моддасидан ўзи учун “номақбул” дея билган фуқаролик жамияти вакиллари ва виждон тутқунларидан иборат бўлган маҳкумларнинг жазо муддатини узайтириш ва уларни жамиятдан бутунлай яккалаш мақсадида уларга нисбатан сохта айбловлар билан янги жиноий иш очишда кенг фойдаланади. Маҳбус сохта айбловлар билан бир неча марта жазо изоляторига ташланганидан сўнг унга нисбатан 221-модда бўйича янги жиноий иш қўзғатилади.
Маҳкумнинг жазо изоляторига ташланиши эса унинг ҳар йилги Амнистия акти қўлланиши бўйича расман рад жавоб олишига сабаб бўлади. Ўзбек расмийлари ва колониялар маъмурияти кўп ҳолларда сиёсий мотивлар билан қамалган маҳкумларни жазо изоляторига ташлайди ва кейинчалик 221-моддага асосан уларга нисбатан янги жиноий ишларни қўзғатишади. Буларнинг барчаси ушбу тоифадаги маҳкумларнинг Амнистия актидан фойдаланиш имкониятини йўққа чиқариш ва жазо муддати тугаган бўлса-да, янги жиноий иш очиб, уларни қамоқда имкон қадар узоқроқ ушлаб туриш учун амалга оширилади.
Сиёсий ёки диний маҳкумга нисбатан Жиноят кодексининг 221 – “Жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг қонуний талабларига бўйсунмаслик” моддаси бўйича айблов ҳар йилги Амнистия эълон қилинишига саноқли кун қолганида қўйилади. Бундай пайтларда қамоқхона маъмурияти ушбу тоифадаги маҳкумларнинг Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик хизматининг Марказий аппаратидан юборилган алоҳида махсус рўйхатида тургани ва уларга нисбатан Амнисти акти қўлланилмаслиги ёки жазо муддати тугаган бўлса-да, озодликка чиқарилмаслиги маъқулроқ экани тайинланганини рўкач қилишади.
Бир неча ёки атиги бир кун ичида “номақбул” дея ҳисобланган маҳкумларга нисбатан “жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг қонуний талабларига бўйсунмаслик” моддаси бўйича сохта айблов қўйилади. Бундан ташқари, бундай тоифадаги маҳкумларни жазолаш учун барча усуллар қўлланилади, жумладан, унга нисбатан қамоқхона жазо изоляторида қийноқ қўлланилади, у яқинлари билан учрашувдан маҳрум қилинади ҳамда қамоқхона маъмуриятига яқин бўлган маҳкумлар ёки қамоқхона ходимлари унга қарши кўрсатма беришади ёки унга нисбатан провокация уюштиришади.
Ўзбекистонда “номақбул” ҳисобланган маҳкумга нисбатан янги жиноий иш сохталаштириш эса қамоқхона жаргонида “террор” дея номланади. Бу жараёнда маҳкум адвокат билан таъминланмайди, унинг оила аъзолари унга нисбатан янги жиноий иш қўзғатиш ишлари олиб борилаётгани ва жазо муддати узайтирилаётганидан деярли хабардор бўлмайди, маҳкум ва унинг яқинлари маҳкум қамоқхона режими қоидабузари сифатида тан олинган расмий ҳужжатлар ва қамоқхона қарори билан таништирилмайдилар.
Натижада маҳкум нафақат қамоқхона режимининг ашаддий қоидабузари сифатида тан олинади ва амнистиядан мосуво бўлади, балки “муддатидан илгари шартли равишда озод этилиш” ва “жазони ахлоқ тузатиш ишларига алмаштириш” каби имкониятлардан ҳам маҳрум бўлади. Айнан мана шу йўл билан жорий йили 9 йилдан буён қамоқда сақланаётган ҳуқуқ фаоли Аъзам Фармоновга “жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг қонуний талабларига бўйсунмаслик” айблови билан жазо муддати қўшиб берилди.
Қамоқдан озод бўлишига атиги бир неча кун қолганида Аъзам Фармоновнинг жазо муддатига яна 5 йилу 26 кун қўшиб беришди. Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти Сирдарё вилояти бўлими раиси бўлган Фармонов 2006 йили товламачилик айблови билан ҳибсга олинган ва 9 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинганди. У 1997 йили “диний” маҳбуслар учун ташкил қилинган “Жаслиқ” қамоқхонасига жазо муддатини ўташ учун юборилган илк ҳуқуқ фаолидир.
Ҳуқуқ фаоли Ғанихон Маматхонов 2008 йилнинг 9 октябр куни касбий фаолияти учун ҳибсга олинганди. Унинг ҳибсга олинишидан икки ой олдин Фарғона шаҳар милицияси раҳбари Аъзамхўжа Умурзоқов шаҳар ҳокими ва прокурори олдида очиқдан-очиқ ҳуқуқ фаолига уни бутунлай йўқ қилиб юбориши мумкинлигини айтиб, таҳдид қилган.
Мана тўрт ойдирки 8 йиллик қамоқ жазосидан сўнг 2016 йилнинг 4 июнидан озодликка чиқиши кутилган ҳуқуқ фаоли Ғанихон Маматхоновнинг тақдири номаълумлигича қолмоқда. Маматхоновнинг оила аъзолари унинг 4 июнь куни озодликка чиқишини кутаётганди, аммо бунинг ўрнига улар 31 май куни Жиноий ишлар бўйича Навоий шаҳар суди судьяси Х.Тўхтаев имзоси қўйилган 133-сонли хатни олдилар. Унда айтилишича, суд ажримига кўра Ғанихон Маматхонов 2016 йил 31 май куни ҳибсга олинган. Ушбу хат Маматхоновга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 221-моддаси 2-қисми “а” бандига (“Ўта хавфли рецидивист”) биноан янги жиноят иши қўзғатилган ва ҳозирда ҳуқуқ фаолига 5 йиллик қамоқ муддати хавф солмоқда.
Ҳуқуқ фаоли ва “Эзгулик” жамиятининг Ангрен шаҳар бўлимини бошқарган Абдурасул Худойназаров 2005 йилнинг 21 июл куни сохта айбловлар билан ҳисбга олинган ва 9,5 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинганди. Қамоқ муддатини ўташ мобайнида унга нисбатан бирор марта ҳам Амнистия акти қўлланилмади. Ҳуқуқ фаолининг жазо муддати тугашига оз қолганида унга нисбатан “жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг қонуний талабларига бўйсунмаслик” айблови қўйилди.
Бу эса Абдурасул Худойназаровга нисбатан Жиноят кодексининг 221-моддаси бўйича янги жиноят иши қўзғаш ва қамоқ муддатини узайтириш учун сабаб бўлди. Худойназаров 8 йилу 4 ой Бекабоддаги колонияда қамоқ жазосини ўтади.
Ҳуқуқ фаолига нисбатан 221-модда (“Жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг қонуний талабларига бўйсунмаслик”) бўйича айблов билдирилгач, у Навоий шаҳрида жойлашган қамоқхона режимидаги изоляторга ўтказилди, у ерда эса Худойназаровда саратон касаллигининг 4-босқичи ривожлана бошлади. Метастазалар (тугунлар) унинг жигари, ўпкаси ва илигида илдиз отди. Аммо бу орада ҳуқуқ фаолига ҳеч қандай тиббий ёрдам кўрсатилмади. Абдурасул Худойназаров 2014 йилнинг 26 июни – Қийноқ қурбонларини қўллаш халқаро кунида вафот этди. Унинг ўлимига қийноқ қўллаш, ғайриинсоний, ваҳшиёна ва инсон қадр-қимматини таҳқирловчи муносабат сабаб бўлди.
Ўзбекистонда ҳукумат “қора рўйхат”ида турган инсонларнинг судларида мунтазам равишда уларга қўшимча жазо муддати қўшиб берилади ва судда томонлардан бири – давлат қораловчиси иштирок этади. Маҳкумнинг адвокатига судда иштирок этишга изн берилмайди.
Гарчи Ўзбекистон Жиноят-процессуал кодексининг 25-моддаси (“Судда ишларни юритишда тортишув”) бўлса-да, бу ҳолат суд пайтида томонлар тортишуви бўлмаслигини англатади. Мамлакат Жиноят-процессуал кодексида нафақат томонлар тортишуви, балки 51-моддасининг 6-қисми (“Ҳимоячи иштирок этиши шарт бўлган ҳоллар”) да: “Давлат қораловчиси ёки жамоат қораловчиси иштирок этаётган ишлар бўйича ҳимоячининг иштироки шарт”, дея келтирилган.
Айнан мана шу йўл орқали журналистлар Юсуф Рўзимуродов ва Муҳаммад Бекжон, ҳуқуқ фаоли Исроилжон Холдоров, банкир Рустам Усмонов, мухолифатчи Самандар Қўқонов, диндорлар Тоштемир Нурматов, Абдулло, Абдулаҳад ва Ҳабибулло Мадмаровлар ҳамда бошқа бир қанча сиёсий ва диний маҳкумларнинг қамоқ муддатларига қўшимча жазо қўшиб берилганди.
Агар бу маҳкумлар ва улар оилалари учун адолат қарор топса ва мамлакатда қонун устуворлиги таъминланса, бу Ўзбекистон ҳукумати ва халқи келажаги учун катта резонанс бўлади.
Бизда Ўзбекистон қамоқхоналарида қолаётган барча диний маҳкумлар ва сиёсий мотивлар билан қамалганлар рўйхатини тузиш имкони йўқ. Аммо эътиборингизга зудлик билан қамоқдан озод этилиши шарт бўлган 43 та сиёсий маҳкумнинг рўйхатини ҳавола этамиз:
1. Самандар Қўқонов – мухолифатчи – 1993 йилдан буён қамоқда;
2. Тоштемир Нурматов (Муҳаммадражаб Махсум қори) – Қўқондаги “Хавоқанд” тарихий масжиди имоми – 1994 йилдан буён қамоқда;
3. Рустам Усмонов – хусусий банк асосчиси – 1998 йил февралидан буён қамоқда;
4. Акром Йўлдошев – дин арбоби – 1999 йил 17 февралидан буён қамоқда;
5. Муҳаммад Бекжонов – журналист – 1999 йил 15 мартидан буён қамоқда;
6. Юсуфбой Рўзимуродов – журналист – 1999 йил 15 мартидан буён қамоқда;
7. Абдулло Мадмаров – ҳуқуқ фаоли Аҳмаджон Мадмаровнинг ўғли – 1999 йил 12 апрелидан буён қамоқда;
8. Абдулаҳад Мадмаров – 1999 йилдан буён қамоқда (ҳуқуқ фаоли Аҳмаджон Мадмаровнинг жияни);
9. Ҳабибулло Мадмаров – 2000 йилдан буён қамоқда (ҳуқуқ фаоли Аҳмаджон Мадмаровнинг ўғли);
10. Искандар Худойберганов – диндор – 2001 йил август ойи бошидан буён қамоқда (Тожикистондан депортация қилинган);
11. Ғайрат Михлибоев – журналист — 2002 йил 25 июлидан буён қамоқда;
12. Санжар Исмоилов – собиқ ҳарбий – 2005 йил 2 июлидан буён қамоқда;
13. Руҳиддин Фахриддинов – дин арбоби – 2005 йил 24 ноябридан буён қамоқда;
14. Эркин Мусаев – собиқ ҳарбий – 2006 йил 31 январидан буён қамоқда;
15. Аъзам Фармонов – ҳуқуқ фаоли – 2006 йил 29 апрелидан буён қамоқда;
16. Исроилжон Холдоров – ҳуқуқ фаоли – 2006 йил 4 июлидан буён қамоқда;
17. Йўлдош Расулов – ҳуқуқ фаоли – 2007 йил апрелидан буён қамоқда;
18. Солижон Абдураҳмонов – журналист – 2008 йил 7 июнидан буён қамоқда;
19. Саидкамол Обутов – 2008 йил июнидан буён қамоқда (дин арбоби Муҳаммадсолиҳ Обутовнинг укаси)
20. Ағзам Турғунов – ҳуқуқ фаоли – 2008 йил 11 июлидан буён қамоқда;
21. Шавкат Исмоилов – журналист – 2008 йил 30 сентябридан буён қамоқда;
22. Даврон Тожиев – журналист – 2008 йил 30 сентябридан буён қамоқда;
23. Муҳаммадали Шаҳобиддинов – тадбиркор – 2008 йил 30 октябридан буён қамоқда;
24. Баҳром Иброҳимов – журналист – 2009 йил 16 февралидан буён қамоқда;
25. Равшанбек Вафоев – журналист – 2009 йил 16 февралидан буён қамоқда;
26. Ботирбек Эшқўзиев – журналист – 2009 йил 16 февралидан буён қамоқда;
27. Дилмурод Саидов – журналист – 2009 йил 22 февралидан буён қамоқда;
28. Ғайбулло Жалилов – ҳуқуқ фаоли – 2009 йил 5 сентябридан буён қамоқда;
29. Ғанихон Маматхонов – ҳуқуқ фаоли – 2009 йил 9 октябридан буён қамоқда;
30. Меҳринисо Ҳамдамова – ҳуқуқ фаоли – 2009 йил 5 ноябридан буён қамоқда;
31. Зулҳумор Ҳамдамова – ҳуқуқ фаоли – 2009 йил 5 ноябридан буён қамоқда;
32. Дилором Абдуқодирова – 2005 йилдаги Андижон воқеалари қурбони – қамоқда;
33. Юрий Николаев – ҳуқуқ фаоли Татьяна Давлатованинг ўғли – 2011 йил 22 августадан буён қамоқда;
34. Чўян Маматқулов – ҳуқуқ фаоли – 2012 йил декабридан буён қамоқда;
35. Бобомурод Раззаков – правозащитник — 2013 йил 10 июлдан буён қамоқда;
36. Қудратбек Расулов – мухолифатчи – 2013 йил 6 сентябридан буён қамоқда;
37. Фаҳриддин Тиллаев – ҳуқуқ фаоли – 2014 йил 2 январидан буён қамоқда;
38. Нуриддин Жуманиёзов – ҳуқуқ фаоли – 2014 йил 2 январидан буён қамоқда;
39. Шуҳрат Мусин – қочқин – 2014 йил 18 феврал куни Қирғизистонда ўғирлаб кетилган;
40. Мирсобир Ҳамидқориев – продюсер – 2014 йил 15 июнидан буён қамоқда (Россияда ўғирлаб кетилган)
41. Барно Худоёрова – журналист – 2015 йил 30 июнидан буён қамоқда;
42. Раҳим Ибодов – тадбиркор – 2015 йил 16 августидан буён қамоқда;
43. Арамаис Авакян – тадбиркор (фермер) – 2015 йил 4 сентябридан буён қамоқда.
Мўътабар Тожибоева
“Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя
қилиш халқаро ташкилотининг асосчиси,
“Муқобил Ўзбекистон” – Фуқаролик Жамиятининг
Мувофиқлаштириш Кенгаши вакили
Fikr bildirish