Улуғбек Бакиров: “Озодлик” радиоси ўзбек хизматига РАДДИЯ
Ўзбекистон ҳукуматига илк бор таклифлар киритганлар кўпчиликни ташкил этади
Бугун, 30 сентябрь куни “Озодлик” радиосининг “Қурултой” дастурида “Ўзбек мухолифати Каримов билан бирга мозийда қолдими?” мавзусида бўлиб ўтган эшиттиришни тинглаган нафақат мен балки бир қатор сафдошларимиз ҳам ҳайратда қолдик.
Сабаби, Каримов вафоти расмий эълон қилинган 2 сентябрдан бошлаб, хориждаги бир қатор мухолифат фаоллари ҳамда Ўзбекистон фуқаролик жамияти вакиллари дарҳол “скайп” тармоғида боғланиб, йиғилишлар ўтказдик. Бу йиғилишларимизнинг натижаси ўлароқ, 4 сентябрь куни “Ўзбекистон ҳокимият вакилларига таклифлар” лойиҳасини ижтимоий тармоқларда ҳамда “Ўтюраклар Клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти расмий сайтида эълон қилдик.
Шунингдек, бу мавзу бўйича “Туғён” ва “Саҳвий” интернет-радиоларида фуқаролик жамияти вакиллари билан суҳбатлар қилиниб, таклифлар атрофлича муҳокама қилинган.
Бу лойиҳани жамоатчилик эътиборига ҳавола қилиб, кўпчиликдан таклиф ва мулоҳазалар олишни йўлга қўйдик.
Каримов вафотидан кейин нафақат бизларнинг таклифларимиз балки устоз Жаҳонгир Муҳаммаднинг ҳамда мухолифат фаоллари Алибой Йўляхшиев, Ҳазратқул Худойберди ва Намоз Нормўминларнинг ҳам Ўзбекистон ҳукуматига таклифлари ижтимой тармоқларда эълон қилинди.
Бугунги кунгача ҳам Жаҳонгир Муҳаммад ўз таклифлари устида тинмай ишлаб, уларни ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилмоқда ва бошқа фаоллардан ҳам таклифлар тўпламоқда.
Йиғилишларимизда Бобур Маликов ва Толиб Ёқубовларнинг таклифлар лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди.
Бундан ташқари, Ислом Каримов вафоти расмий эълон қилинган 2 сентябрь куниёқ, мен Facebookдаги ўз саҳифамда шундай ёзув қолдиргандим:
“Хориждаги мухолифат вакиллари тез кунда бир стол атрофида тўпланишиб, зудлик билан бир қатъий қарор олишлари керак!
Ўртадаги муаммоларни кейин бартараф қилишга келишиш керак. Мухолифат етакчиларини бир жойга тез кунда жамланиш ишларига ҳаракат қилишимиз керак.
«Озодлик», Би-би-си, «Америка овози» радиосидаги ҳурматли ҳамкасблар, илтимос, шу мавзуни кўтаринглар ва тезроқ ҳозирликни бошлайлик! Акс ҳолда, яна кеч бўлади…”
Наҳотки, бу таклифларни “Озодлик” радиоси журналистлари кўрмай қолишган бўлса?!
Ахир улар ижтимоий тармоқларни, айниқса, Facebook тармоғини синчиклаб ўрганишларини уларнинг эшиттиришларидан биламиз. Бу тармоқдан иқтибослар келтиришларини ҳам ҳамма билади.
Қолаверса, бугунги “Қурултой” дастурида қатнашган журналист Улуғбек Ҳайдаров ҳам бизларнинг сукутда эмаслигимиз ҳақида тўхталиб ўтишига қарамасдан, “Озодлик” радиоси бунга ҳам кўз юмди.
Ҳукуматга таклифларни биринчилардан бўлиб бизлар эълон қилганимизни, гўёки, улар кўрмагандек бўлиб, бугунги эшиттиришда, “Каримов вафотидан кейин мухолифат номидан янграган илк ташаббус собиқ сиëсий маҳкум Мурод Жўраев тарафидан саслантирилди”, дейилганини қандай тушуниш мумкин?! Албатта, ҳурматли Мурод Жўраевнинг таклифларини биз ҳам қўллаб-қувватлаймиз. Бунга эътирозимиз йўқ! Лекин, М.Жўраевгача ҳам таклифлар бўлганлигини тан олишимиз керак эмасми?!
4 сентябрь куни нафақат “Ўзбекистон ҳукуматига таклифлар лойиҳаси”ни эълон қилдик, балки “Ватанга хизмат” жамоатчилик Кенгаши тузилганлигини ҳам расмий тарзда билдирдик.
Айнан шу таклифлар юзасидан 10 сентябрь куни “Америка овози” радиосида “O’zbekistonda prezident saylovi 4-dekabrda, kim maydonga chiqadi?” номли материал берилди. Унда Мўътабар Тожибоева шу мавзу бўйича интервью берди. Ушбу суҳбатда Ўзбекистондаги оғир ижтимоий-сиёсий вазият ҳисобга олинган ҳолда, Ўзбекистон ҳукуматига жиддий таклифлар билан чиқиш ва мулоқот бошлаш масаласи муҳокама қилинди.
15 сентябрда эса, “Ўтюраклар Клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти, Ўзбекистон Фуқаролик жамиятининг “Муқобил Ўзбекистон” Мувофиқлаштириш Кенгаши ҳамда “Ватанга Хизмат” жамоатчилик Кенгаши номидан Ўзбекистон ҳукуматига мурожаат ҳамда 5 бўлим, 19 банддан иборат таклифларнинг тўлдирилган, якуний рус тилидаги варианти “Международное сообщество должно обязать правительство Узбекистана неукоснительно соблюдать законы по правам человека” номи билан интернет нашрларида эълон қилинди ва халқаро ташкилотларга етказилди.
16 сентябрь куни таниқли журналист Галима Бухарбаева асос солган “Центр-1” нашрида “Активисты предложили Мирзиёеву «конструктивный диалог»” номли мақолада ҳам айнан Ўзбекистон ҳукуматига бизлар томондан қилинган таклифлар кенг ёритилган.
20 сентябрь куни инглиз тилида нашр қилинган “The international community must force the government of Uzbekistan to respect the human rights laws” номли Ўзбекистон ҳукуматига Таклифлар тўплами интернет нашрларида эълон қилинди.
Ушбу Баёнот юзасидан “Ўтюраклар Клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоева томонидан бир қатор халқаро ташкилотлар вакиллари билан мулоқотлар олиб борилди ва Ўзбекистон ҳукуматига қўшма Баёнот билан мурожаат қилишга келишилди.
Олиб борилган музокаралар ва мулоқотлар натижасида, 7 та халқаро ташкилотлар: Инсон ҳуқуқлари халқаро ҳамкорлик ташкилоти (IPHR) (Бельгия), Инсон ҳуқуқлари халқаро федерацияси (FIDH) (Франция), Amnesty International (Англия), Human Rights Watch (АҚШ), Қийноқларга қарши ACAT ташкилоти (Франция), “Cotton Campaign” халқаро коалицияси (АҚШ) ҳамда “Ўтюраклар Клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти (Франция) биргаликда 21 сентябрь куни инглиз тилида “OSCE HDIM statement: Human rights in Uzbekistan after Karimov” номли қўшма Баёнот қабул қилдилар.
Мазкур қўшма Баёнотда ҳам Ўзбекистон ҳукумати бажариши керак бўлган энг муҳим ва долзарб масалалар санаб ўтилган ҳамда ҳукуматни Ўзбекистон фуқаролик жамияти билан мулоқот қилишга чақирилган.
Варшавада бўлиб ўтган ЕХҲТ анжумани доирасида, 22 сентябрь куни Human rights in Uzbekistan after Karimov (“Каримовдан кейинги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари”) мавзусида бўлиб ўтган махсус йиғилиш жараёнида ушбу қўшма Баёнот ҳамда Ўзбекистон ҳукуматига ва жаҳон ҳамжамиятига Мурожаатнома ва таклифлар анжуман иштирокчилари – ЕХҲТга аъзо давлатлар, шунингдек, Ўзбекистон ҳукумати расмий делегацияси вакилларига ҳам етказилди.
Мен оддий бир журналист сифатида ватан ва миллат тақдирига оид, бунингдек, муҳим масалалар муҳокамаси пайтида шахсий муносабатлар биринчи ўринда туришини нотўғри деб ҳисоблайман. Ҳар бир қилинган ва қилинаётган ишларга холислик ва ҳаққонийлик билан қарашимиз керак!
Биз ва бир қатор сафдошларимиз Ўзбекистондаги бугунги мавҳум вазиятдан хавотирда эканлигимиз боис, имкониятимиз даражасида, қўлимиздан келганича ҳаракатлар қилябмиз. Бу ҳаракатларимизни “Озодлик” радиоси мухбирлари кўришни истамасалар-да, биз асло сукут сақлаб ўтирмаймиз. Бизлар ҳамиша ҳаракатдамиз!
Кўриб турганингиздек, Ўзбекистон ҳукуматига қилган талаб ва таклифларимиз, чақириқларимиз, “Озодлик” таъкидлаганидек, фақат виртуал оламда қолиб кетмади.
Дунё тан олган халқаро ташкилотлар бизнинг баёнотларимизни қўллаб-қувватладилар. Бу нуфузли ташкилотларнинг Ўзбекистонга алоқадор ўта муҳим ва зарурий бўлган баёнотларини қабул қилишларида бизларнинг ва сафдошларимизнинг саъй-ҳаракатларимиз сабаб бўлганлиги боисидангина «Озодлик» радиоси журналистларини «кўрмай» қолганликлари афсусланарли ҳолдир.
Зотан бу халқаро ташкилотларнинг жаҳондаги нуфузи жуда юксак даражада эканлиги ҳеч кимга сир эмас.
Улуғбек Бакиров,
Tug’yon радиоси муҳаррири
30 сентябрь, 2016 йил,
Норвегия
Fikr bildirish