«Ўтюраклар Клуби»нинг 17 йиллиги муносабати билан қамоқлардаги 17 сиёсий маҳкумлар озодлигини яна бир бора талаб қиламиз!

2017 йилнинг 17 январь куни мен асос солган ва раҳбарлик қилаётган «Ўтюраклар Клуби» Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотига асос солинганига 17 йил тўлади. 17 йилнинг 17 январида 17 йиллик санасини нишонлаётган ташкилотнинг таваллуд санасида Ислом Каримов бошчилигидаги диктатура режими томонидан соҳта айбловлар билан қамалган, қийноқларга тутилаётган 17 нафар журналистлар, ҳуқуқ фаолларини, шунингдек бошқа сиёсий ва диний маҳкумларни озодликка чиқарилишларини, уларга оқланишларини талаб қилиб Ўзбекистоннинг янги хукуматига яна бир бора қатъий талаб билан чиқишга қарор қилдик.

Барчага аёнки 2016 йинг 12 октябрь куни Олий Мажлис Сенатининг “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг йигирма тўрт йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Лекин ушбу қарорда сиёсий ва диний маҳкумларга нисбатан амнистия акти қўлланилмаслигини очиқ ойдин кўрсатиб ўтилган.

Сталиннинг ўлимидан кейин унинг ўрнини эгаллаган Хрушчев биринчилардан бўлиб Сталин қатағони қурбони бўлган инсонларни оқлаш ва қамоқдагиларни озод қилишга Олий Фармон берганди.

Бизлар ҳам Шавкат Мирзиёевнинг Ислом Каримов ўлимидан кейинги қўйган ижобий қадамларини кўриб сиёсий ва диний маҳкумлар масаласида ҳам ижобий иш қилса керак деб умид қилгандик. Лекин афсуски Ислом Каримов ўлимидан 12 октябрь кунги эълон қилинган Амнистия актининг ижро этилиш муддати 12 январь куни якунланди. Бу йилги Амнистия бу сафар ҳам, Каримов замонидагидек ўзбек хукуматининг қора рўйхатида бўлган сиёсий ва диний маҳкумларни хатлаб ўтди, уларнинг асосий қисми қамоқларда қолмоқдалар. Ҳар бир қамоқхонадан бир нечтадан диний маҳкумларни озод қилиш каби Каримов даври усули яна такрорланди холос.

Мирзиёев хукуматни бошқаришни қўлга олганидан буён  24 йилдан буён қамоқда қолиб келаётган Самандар Қўқонов озодликка чиқарилди. 2013 йилнинг 10 июль куни 60 ёшида хибсга олинган ва 4 йил қамоқ жазосига хукм қилинган, 2013 йилдан буён 3 марта эълон қилинган амнистия акти қўлланилмаган, 4 йиллик қамоқ муддати 2017 йилнинг 10 июль куни тугаши кутилаётан ҳуқуқ фаоли Бобомурод Раззоқов жазо муддати тугашига 8 ой қолганида озодликка чиқарилди.

Биз диктатура режими сингари сиёсий ва диний маҳкумларни Ўзбекистон хукумати гаровда ушлаб туришига қаршимиз ва ушбу қамоқда қолаётган маҳкумларнинг, сиёсий қатағон қурбонларини озодликка чиқарилиш ва оқлаш учун маҳсус давлат комиссияси тузиш талабимизда қатъий қоламиз.

ДИКТАТОРНИНГ ЎЛИМИДАН СЎНГ СИЁСИЙ ҚАТАҒОН ҚУРБОНЛАРИНИ ОҚЛАБ, МАҲКУМЛАРНИ ОЗОДЛИККА ЧИҚАРИЛИШИ ДАРКОР ЭДИ!

Сталиннинг ўлимидан кейиноқ унинг тахтини эгаллаган шогирди Хрушчевнинг илк амалга оширган муҳим амалларидан бири Сталин даврида қамалган сиёсий маҳкумларни озод этиб, барча қатағон қурбонларини оқлашга фармон бериш бўлганди.

Ўзбекистон нафақат Марказий Осиё давлатлари ичида, балким собиқ Совет Иттифоқи давлатлари ичида ҳам сиёсий ва диний маҳкумлар сони кўпчиликни ташкил этиши билан олдинги сафда туради. Лекин журналистлар, ҳуқуқ ҳимоячилари, муҳолифатчилар ва диний эътиқоди сабаб “террорчи”ларга, диний “радикал”ларга айланиб қамоқларга тиқилган ва қийноқларга тутилаётган бир неча минглаб сиёсий ва диний маҳкумларнинг тақдирига хали эътибор қаратилгани йўқ.

Ўзбекистондек йирик мамлакатда сиёсий ва диний маҳкумларнинг жиноят ишларини ўрганиб чиқиб, ўз хулосаларини беришлари мумкин бўлган малакали, виждонли мутахассислар, ҳуқуқшунослар етарли. Қамоқнинг бир куни ҳам, бир дақиқаси ҳам қамоқдир. Буни ўзбек қамоқхонаси азобларини тортиб кўрган инсонларгина хис қила оладилар холос.

Мамлакатда сиёсий ва диний айбловлар билан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг турли моддалари билан адолатсиз судлов тизимининг ноҳақ хукмларига асосан озодликдан маҳрум қилинганлар ва қийноқ қурбонларини, турли мамлакатлардан ўғирланганлар, депортация ва экстрадиция қилинганларни оқлаш, уларни озод қилиш, шунингдек, улар соғлиғининг тикланиши ва нормал ҳаётга қайтишлари учун Ўзбекистон хукумати томонидан зудлик билан Махсус Давлат Комиссияси (МДК) ташкил этилиши керак.

Мазкур Махсус Давлат Комиссияси таркибида турли соҳа вакиллари – ҳуқуқ ҳимоячилари, журналистлар, фуқаролик жамияти фаоллари ҳамда ўз соҳасининг виждонли усталари – юристлар, прокурорлар ва судьялар бўлиши керак.

Махсус комиссия энг аввало Бирлашган Миллатлар Ташкилоти инсон ҳуқуқлари кўмитаси, қийноқларга қарши кўмитаси ва ишчи гуруҳлари томонидан Мустақиллик эълон қилинган йиллардан бошлаб эълон қилинган қарорлари, хулосалари ва тавсияларини ўрганиб чиқиб, ушбу халқаро хужжатларда баён қилинган таклиф ва талабларни бажарилишига маъсул қилиб тайинланса мақсадга мувофиқ бўлади.

Чунки Аъзам Турғунов, Аъзам Фармонов, Дилмурод Саид, Ғайбулло Жалилов, Солижон Абдураҳмонов, Санжар Исмоилов, Хайрулло Турсунов, Қаюм Ортиқов, Эркин Мусаев сингари сиёсий ва Алишер Кароматов, Абдурасул Худойназаров, Бобомурод Раззоқов, Мўътабар Тожибоева, Қаюм Ортиқов сингари собиқ сиёсий маҳкумлар, яна қанчадан-қанча адолатсиз судлов ва қийноқ қурбони бўлган жабрдийдаларни ҳуқуқлари паймол қилинганлигини малакали халқаро экспертлар исботлаб берганлар.

Махсус Давлат Комиссияси сиёсий ва диний маҳкумлар, сиёсий  қатағон ва қийноқ қурбонлари, сўроқ ва тергов давомида ҳамда қамоқда ўлганлар, шунингдек, адолатсиз судлов натижасида қамалганлар, ўғирланганлар, турли мамлакатлардан депортация ва экстрадиция қилинганлар ҳамда мустақиллик йилларида ғайриқонуний ва мажбурий равишда ўғирлаб кетилган ва тақдири ҳанузгача номаълумлигича қолаётган инсонларнинг ишларини ўрганиши керак.

Махсус Давлат Комиссияси сиёсий ва диний айбловлар билан узоқ йилларга қамалганлар ва озодликка чиқиш арафасида сохта айбловлар билан жазо муддатлари узайтирилган маҳкумлар устидан очилган жиноят ишларини қайтадан кўриб чиқишлари, зудлик билан уларни озодликка чиқариш учун ўз хулосаларини хукуматга тақдим этишлари керак.

Шунингдек, Махсус Давлат Комиссияси адолатсиз суд ҳукмлари билан қамоқда қолаётган, у ерда ўз соғлиғини йўқотган ҳамда тергов ва қамоқда қийноққа дучор қилинган ёки сиёсий қатағон қурбони бўлган инсонлар ҳамда тергов пайтида ёки колонияда қўлланилган қийноқ натижасида жон берган инсонларнинг яқинларига, оила аъзоларига, қариндошларига уларга етказилан моддий ва маънавий зарарни қоплаш масаласини ҳал этиши керак.

Агар бу маҳкумлар ва улар оилалари учун адолат қарор топса ва мамлакатда қонун устуворлиги таъминланса, бу Ўзбекистон ҳукумати ва халқи келажаги учун катта резонанс бўлади.

Мазкур махсус Давлат комиссиясининг фаолияти жамоатчилик учун очиқ ва шаффоф бўлиши керак.

Касбий фаоли сабаб қамоқларда қолаётган 17 нафар сиёсий қатағон қурбонлари – журналистлар, ҳуқуқ фаоллари:

1. ЖУРНАЛИСТ МУҲАММАД БЕКЖОН

Муҳаммад Бекжонов 1954 йилда туғилган.

У дунёдаги узоқ йиллардан буён қамоқда қолаётган оз сонли журналистлар қаторига киради. У «Эрк» мухолиф партиянинг вакили ва шу партия газетасининг бош мухаррири бўлган.

Уни 1999 йилда Киевдан ўзбек махсус хизмати томонидан ўғирлаб кетилган.

У 1999 йилнинг 15-март кунги адолатсиз судлов хукми билан Жиноят Кодексининг 10 та моддасидаги жиноятларни содир этганликда қораланиб, сохта айбловлар билан 15 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

Озодликка чиқиши арафасида 2012 йил 25-январда Жиноят Кодексининг 221-моддаси (Жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг қонуний талабларига бўйсунмаслик) билан унга 5 йил муддатга қамоқ жазоси узайтирилган.

2013 йилда у “Чегара билмас мухбирлар” халқаро ташкилотининг Матбуот эркинлиги мукофоти совриндори бўлди. Уни қамоқда узлуксиз қийноққа тутганлар.

2. ЖУРНАЛИСТ ЮСУФ РЎЗИМУРОДОВ

Юсуф Рўзимуродов 1958 йилда туғилган.

У дунёдаги узоқ йиллардан буён қамоқда қолаётган оз сонли журналистлар қаторига киради. У «Эрк» мухолиф партиянинг вакили ва шу партия газетасининг мухбири бўлган.

Уни 1999 йилда Киевдан ўзбек махсус хизмати томонидан ўғирлаб кетилган.

У 1999 йилнинг 15-март кунги адолатсиз судлов хукми билан Жиноят Кодексининг 10 та моддасидаги жиноятларни содир этганликда қораланиб, сохта айбловлар билан 15 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

Озодликка чиқиши арафасида 2014 йилда унга Жиноят Кодексининг 221-моддаси  (Жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг қонуний талабларига бўйсунмаслик) билан унга 3 йил муддатга қамоқ жазоси узайтирилган. Уни қамоқда узлуксиз қийноққа тутганлар. 

3. ЖУРНАЛИСТ ҒАЙРАТ МИХЛИБОЕВ

Ғайрат Михлибоев 1979 йил 27-сентябрда туғилган.

У Республика Давлат матбуот ва ахборот агентлиги “Республика” газетасида. “Хуррият” ва Республика Мудофаа вазирлигининг “Ватанпарвар” газетаси мухбири вазифаларида ишлаган. У танқидий-таҳлилий мақолалари билан танилган.

У 2002 йилнинг 25-июль куни сохта айбловлар билан хибсга олинган. 2003 йилнинг 18-февраль кунги адолатсиз суд хукми билан Жиноят Кодексининг 156-моддаси 2-қисми (Миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш), 159-моддаси 3-қисми (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш), 216-моддаси (Жамоат бирлашмалари ёки диний ташкилотларни қонунга хилоф равишда тузиш), 244-моддаси 2-қисмидаги (Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) жиноятларини содир этганликда айбланиб, 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

Озодликка чиқиши арафасида 2007 йилнинг 25-сентябрь куни унга Жиноят Кодексининг 221-моддаси (Жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг қонуний талабларига бўйсунмаслик) билан унга 5 йил муддатга қамоқ жазоси узайтирилган.

Озодликка чиқиши арафасида 2014 йилда унга Жиноят Кодексининг 221-моддаси 2-қисми, “а” банди (Жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг қонуний талабларига бўйсунмаслик) билан “ўта хавфли рецидивист” сифатида қамоқ жазоси узайтирилган. Уни қамоқда узлуксиз қийноққа тутганлар.

4. ҲУҚУҚ ҲИМОЯЧИСИ АЗАМ ФАРМОНОВ

Азам Фармонов 1979 йилнинг 13-декабрь куни туғилган.

У Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамиятининг Сирдарё вилояти раҳбари эди ва асосан фермерлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиб келган.

У 2006 йил 29-апрелда сохта айбловлар билан хибсга олинган ва 2009 йил 15-июнь кунги адолатсиз суд хукми билан Жиноят Кодексининг 165-моддаси 2-қисми “в” бандидаги жиноятни содир этиб, ўзгалардан “Товламачилик” йўли билан 250 АҚШ доллари ва 200 000 сўм олганликда айбланиб, 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган. У Ўзбекистондаги энг қаттол зона хисобланмиш “Жаслиқ” қамоқхонасида сақланаётган ягона ҳуқуқ ҳимоячиси хисобланади.

Озодликка чиқиши арафасида унга Жиноят Кодексининг 221-моддаси (Жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг қонуний талабларига бўйсунмаслик) билан жиноят иши қўзғатилиб 2015 йил 1-май кунги суд хукми билан унга 5 йил 26 кунга муддатга қамоқ жазоси узайтирилган. Уни қамоқда узлуксиз қийноққа тутганлар.

5. ҲУҚУҚ ҲИМОЯЧИСИ ИСРОИЛЖОН ХОЛДОРОВ

Исроилжон Холдоров 1951 йилда туғилган.

У Ўзбекистон “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари Жамияти вакили хисобланади. Холдоров 2006 йилнинг май ойида Қирғизистоннинг Ўш шахридан ўзбек маҳсус хизматлари томонидан ўғирлаб кетилган.

2007 йил февралда Жиноят Кодексининг 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) 216-моддаси (Жамоат бирлашмалари ёки диний ташкилотларни қонунга хилоф равишда тузиш), 223-моддаси (Қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш) ҳамда 244/1-моддаси (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш ёки тарқатиш) сингари сохта айбловлар ва адолатсиз суд хукми билан 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

Озодликка чиқиши арафасида 2012 йилда унга Жиноят Кодексининг 221-моддаси (Жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг қонуний талабларига бўйсунмаслик) билан жиноят иши қўзғатилиб, 3 йил муддатга қамоқ жазоси узайтирилган.

Озодликка чиқиши арафасида 2015 йилда унга Жиноят Кодексининг 221-моддаси 2-қисми, “а” банди (Жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг қонуний талабларига бўйсунмаслик) билан “ўта хавфли рецидивист” сифатида  3 йил 6 ой муддатга қамоқ жазоси узайтирилган. Уни қамоқда узлуксиз қийноққа тутганлар.

6. ҲУҚУҚ ҲИМОЯЧИСИ ЙЎЛДОШ РАСУЛОВ

Йўлдош Расулов 1968 йилда туғилган.

У Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамияти Қашқадарё вилояти фаоли хисобланади.

У Ўзбекистондаги эътиқод эркинлигига тўсқинликларга ва қамоқхоналардаги маҳкумларга ноинсоний муносабатлар юзасидан чиқишлар қилган.

2002 йил 24 май куни сохта айбловлар билан хибсга олиниб, 17 сентябрь кунги адолатсиз суд хукми билан ҳукуматга қарши фаолият олиб борганлик ва радикал исломий гуруҳ билан алоқаларга эгалик ҳақдаги айбловлар 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

2007 йил апрель ойида яна айнан ман шундай айбловлар билан хибсга олиниб, адолатсиз суд хукми билан 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган. Уни қамоқда узлуксиз қийноққа тутганлар.

7. ЖУРНАЛИСТ СОЛИЖОН АБДУРАХМОНОВ

Солижон Абдураҳмонов 1950 йилнинг 1-июнь куни туғилган.

У мустақил журналист сифатида Uznews.net, IWPR (Уруш ва тинчликни ёритиш институти) сингари интернет нашрлари билан ҳамкорлик қилиб келган. У ҳуқуқ фаоли ҳамдир ва шахс ҳуқуқлари ҳимоя қилиш кўмитаси асосчиларидан биридир.

Солижон Абдурахмонов Қорақалпоғистон Автоном Республикасидаги қуриб бораётган “Орол” денгизи муаммоларини кўтабир чиққан, ва “Орол”нинг қуриши экологияга, шу худудда яшовчи инсонларнинг соғлигига кескин таъсир қилаётгани ҳақида баралла бонг урган журналистдир.

У 2008 йил 7-июнда сохта айбловлар билан хибсга олинган ва 2008 йилнинг 10-октябрь куни адолатсиз суд хукми билан Жиноят Кодексининг 25-273-моддаси 5-банди (Гиёвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказишга суиқасд қилиш ва ўз ихтиёри билан айбини бўйнига олиш тўғрисида ҳокимият органларига арз қилмасдан гиёвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни топширмаганлик) жиноятини содир этганликда айбланиб 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

2014 йилда Солижон Абдураҳмонов Германиядаги Йоханн-Филипп Палма номидаги жамғарманинг сўз ва матбуот эркинлиги мукофоти юксак халқаро мукофоти совриндори бўлди. Уни қамоқда узлуксиз қийноққа тутганлар.

8. ҲУҚУҚ ҲИМОЯЧИСИ АЪЗАМ ТУРҒУНОВ

Аъзам Турғунов 1952 йилда туғилган.

У 1990 йиллардан бошлаб инсон ҳуқуқи ҳимоячисидир. У Тошкент шахар “Мазлум” инсон ҳуқуқлари Маркази рахбари сифатида фаолият юритиб келган ва виждон тутқунлари ва қийноқ қурбонларини ҳимоя қилиб келган. Аъзам Турғунов тергов ва судларда сиёсий ва диний мотив билан хибсга олинганлар, қийноқ ва адолатсиз судлов қурбонлари ҳуқуқларини тергов ва суд жараёнларида уларнинг ҳимоячиси сифатида ҳимоя қилиб келган саноқли ҳуқуқ фаолларидан бири эди.

Икки марта хибсга олинган. 1999 йилда уни 2 йил муддатга қамоқ жазосига хукм қилинган.

2008 йил 11-июль куни сохта айбловлар билан хибсга олинган ва адолатсиз суд хукми билан

Жиноят Кодексининг 165-моддаси (Товламачилик) жиноятини содир этиб, ўзгалардан 450 АҚШ доллари миқдорида олган дея 10 йил муддатга  озодликдан маҳрум қилинган.

2008 йил 14-июль куни Аъзам Турғунов камерасидалик пайтида уни сўроқ қилган терговчи унинг кетидан камерага кириб қайноқ сувни унинг ўнг елкасидан белигача қайноқ сув қуйиб юборган, бадани қаттиқ куйгани сабабли хушидан кетган. Уни қамоқда узлуксиз қийноққа тутганлар.

9. ЖУРНАЛИСТ ДИЛМУРОД САИДОВ

Дилмурод Саидов 1962 йил 29-апрелда туғилган.

У мустақил журналист ва Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари «Эзгулик» жамияти вакили сифатида фаолият юритган ва мамлакатдаги коррупция жиноятига қарши курашган. Унинг «Йўқ ҳақида бадиҳа» номли танқидий мақоласи 2005 йилнинг 24-ноябрь куни «Адвокат Пресс» мустақил ҳафталигида чоп қилингандан кейин газета хукуматнинг топшириғи билан ёпилган.

У 2009 йил 22-февралда сохта айбловлар билан хибсга олиниб, 2009 йил 30-июлда адолатсиз суд хукми билан Жиноят Кодексининг 165-моддаси 3-қисми “а” банди (Товламачилик), 228-моддаси 2-қисми “б” банди ва 228-моддаси 3-қисм (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) жиноятларини содир этиб, ўзгалардан 15000 АҚШ доллари олганликда айбланиб, 12.5 йил муддатга озодликдан махрум қилинган.

Навоий қамоқхонасида сақланаётган Дилмурод Саййид 2014 йилда ҳамкасбларига чиқарган номасида қуйидагиларни ёзган: “…ўтган умримдан хотиржамман. Буёғининг эса, ҳозирда деярли қизиғи йўқ! Мабодо шу жойларда қазоим етса, ўша гап, яъни овора бўлиб Тошкентга олиб кетманглар, Булунғурга – турмуш ўртоғим Барно ва қизалоғим Рухшонанинг ёнига қўйинглар!!!”. Уни қамоқда узлуксиз қийноққа тутганлар.

10. ҲУҚУҚ ҲИМОЯЧИСИ ҒАЙБУЛЛО ЖАЛИЛОВ

Ғайбулло Жалилов  1964 йилда туғилган.

У Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Қашқадарё вилоятида ҳуқуқ ҳимоячиси сифатида фаолият юритган. У мустақил мусулмонларга нисбатан босимларга қарши курашган.

2009 йил июнь ойида сохта айбловлар билан хибсга олинган. Ғайбулло Жалилов ва яна бир неча кишига Қарши шаҳри аэропорти ва «Хонобод» ҳарбий базасини портлатишга тил бириктириш айби қўйилган, Ғайбулло Жалиловнинг рафиқасига турмуш ўртоғига қарши кўрсатма бериши учун Қашқадарё вилоят Миллий Хавфсизлик хизмати ходимлари тазйиқ ўтказганлар.

2009 йилнинг август ойида адолатсиз суд хукми билан 11 йил 1 ой 5 кун муддатга озодликдан махрум қилинган. Уни қамоқда узлуксиз қийноққа тутганлар.

11. ҲУҚУҚ ҲИМОЯЧИСИ ҒАНИХОН МАМАТХОНОВ

Ғанихон Маматхонов 1951 йил 6-майда туғилган.

У «Шахс ҳуқуқлари Халқаро кўмитаси»нинг Фарғона вилоят худудий вакили сифатида ижтимоий, иқтисодий ҳуқуқларини ҳимоя қилиб келган ва мажбурий мехнатга қарши  чиқишлар қилган.

У 2009 йил 9-октябрда сохта айбловлар билан хибсга олинган ва 2009 йил 25-ноябрь  кунги адолатсиз суд хукми билан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисми “а” банди (Фирибгарлик), 25,211-моддаси 3-қисми “а” банди (Пора беришга суиқасд қилиш) жинояти содир этиб, ўзгалардан 500 минг сўм (тахминан 330 АҚШ доллари) олганликда айбланиб, 5 йил 2 ой муддатга озодликдан махрум қилинган.

Озодликка чиқиши арафасида 2014 йил 4-мартда унга Жиноят Кодексининг 221-моддаси (Жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг қонуний талабларига бўйсунмаслик) билан жиноят иши қўзғатилиб, 2 йил 6 ой 6 кун муддатга қамоқ жазоси узайтирилган.

Қамоқда соғлигидан айрилган 65–ёшли Маматхонов 2016 йил 4 июнь куни озодликка чиқишини орзиқиб кутганди. Афсуски 2016 йил 31-май куни унга нисбатан Жиноят Кодексининг 221-моддаси 2-қисми, “а” банди (Жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг қонуний талабларига бўйсунмаслик) билан “ўта хавфли рецидивист” янги жиноят иши қўзғатилди. Маматхоновнинг ўзини ва адвокатини иштирокисиз ўтган суд хукми билан 2 йил 4 кун муддатга қамоқ жазоси узайтирилган. Уни қамоқда узлуксиз қийноққа тутганлар.

12. ҲУҚУҚ ҲИМОЯЧИСИ МЕҲРИНИСО ҲАМДАМОВА

Меҳринисо Ҳамдамова 1969 йилда туғилган. У Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамияти Қашқадарё вилояти вакили.

У босимга учраётган мусулмонларнинг ҳуқуқлари бузилишига қарши мониторинглар ўтказган ва мустақил мусулмонлар ҳимоясига ўтказилган норозилик акцияларида иштирок этган.

2009 йилнинг 5-ноябрида сохта айбловлар билан хибсга олиниб, 2010 йилнинг апрель ойида адолатсиз суд хукми билан 7 йил муддатга озодликдан махрум қилинган.

Унинг уйида тинтув ўтказиш қарорида “Қарши шаҳрида яшовчи Ҳамдамова Меҳринисо ва бошқалар доимий равишда ўз яшаш уйларида ноқонуний ва яширин тарзда диний мавзудаги йиғилишлар ташкил қилиб, ушбу йиғилишларни жамоатга бирлашиш, жамоатга кўпроқ ёшларни жалб қилиб, сафларини кенгайтириш кабилар тўғрисида ўтказиб, ўз сафларини кенгайтириш учун давъатлар ҳамда фаол ҳаракатлар қилиб келганлар” дейилган.

13. ҲУҚУҚ ҲИМОЯЧИСИ ЗУЛҲУМОР ҲАМДАМОВА

Зулҳумор Ҳамдамова 1960 йилда туғилган.

У Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамияти Қашқадарё вилояти вакили.

У босимга учраётган мусулмонларнинг ҳуқуқлари бузилишига қарши мониторинглар ўтказган ва мустақил мусулмонлар ҳимоясига ўтказилган норозилик акцияларида иштирок этган.

2009 йилнинг 5-ноябрида сохта айбловлар билан хибсга олиниб, 2010 йилнинг апрель ойида адолатсиз суд хукми билан 6 йил 6 ой муддатга озодликдан махрум қилинган.

14. ҲУҚУҚ ҲИМОЯЧИСИ ЧЎЯН МАМАТҚУЛОВ

Чўян Маматқулов 1970 йилда туғилган.

У Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамияти Қашқадарё вилояти вакили.

У очиқ ошкора Ўзбекистон хукуматини танқид қилиб келган. Ўзбекистон харбий кучлари собиқ офицери Маматқулов 2004 йилда харбий аскарларнинг ожиз холатга келишига шахсан маъсул бўлган Бош қўмандон Ислом Каримовни махкамага берган.

У фирибгарлик қурбонларига кўмак бериб, уларни ҳуқуқларини ҳимоя қилиб келган.

2012 йилнинг 29-августида сохта айбловлар билан хибсга олиниб, 2013 йилнинг 8-февраль куни адолатсиз суд хукми билан 10 йил муддатга озодликдан махрум қилинган. Уни қамоқда узлуксиз қийноққа тутганлар. Уни қамоқда узлуксиз қийноққа тутганлар.

15. ҲУҚУҚ ҲИМОЯЧИСИ ФАХРИДДИН ТИЛЛАЕВ

Фаҳриддин Тиллаев 1971 йил 15-августда туғилган.

У 2005 йилдан буён “Мазлум” ҳуқуқ ҳимояси гуруҳи аъзосидир. Сурхандарё вилоятидаги меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланиб келган.

У 2014 йилнинг 2-январь куни, сохта айбловлар билан хибсга олинган ва ЖКнинг 135-моддаси 3-қисми “г” банди билан Одам савдоси” жиноятида айбланган. Тошкент шаҳар Жиноят ишлари бўйича Шайхонтохур туман судининг 2014 йил 6-март кунги адолатсиз суд хукми билан 10 йил 8 ой муддатга озодликдан махрум қилинган. Уни узлуксиз қийноққа тутганлар.

 16. ҲУҚУҚ ҲИМОЯЧИСИ НУРАДДИН ЖУМАНИЁЗОВ

Нураддин Жуманиёзов, 1948 йил 8-октябрда туғилган.

У 2003 йилдан буён “Мазлум” ҳуқуқ ҳимояси гуруҳи аъзоси. У Сурхандарё вилоятидаги меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланиб келган.

У 2014 йилнинг 2-январь куни, сохта айбловлар билан хибсга олинган ва ЖКнинг 135-моддаси 3-қисми “г” банди билан Одам савдоси” жиноятида айбланган. Тошкент шаҳар Жиноят ишлари бўйича Шайхонтохур туман судининг 2014 йил 6 март кунги адолатсиз суд хукми билан 9 йил муддатга озодликдан махрум қилинган.  Уни узлуксиз қийноққа тутганлар.

17. ЖУРНАЛИСТ БАРНО ХУДОЁРОВА

Журналист Барно Худоёрова 1967 йил 10 июнда туғилган.

У Наманган вилоят Норин тумани «Ҳуқуқ дунёси — Мир права» газетасининг муҳаррири.

У тумандаги тадбиркор Мавлуда Аҳмедовани газетага ёзган шикоят аризаси юзасидан журналистик текшируви ўтказиб, тайёрлаган танқидий мақоласини газетанинг 2015 йил 24-апрель кунги № 8 (59) сонида «Тадбиркор ҳуқуқлари нега паймол қилинди?» сарлавҳа остида чоп этганлиги учун 2015 йил 30 июнь куни Жиноят Кодексининг 165-моддаси 2-қисми “а, в” бандларидаги (Товламачилик) жиноятни содир этиб, ўзгалардан 200 АҚШ доллари ва 300 000 сўм олган дея сохта айбловлар билан хибсга олинган.

«Тадбиркор ҳуқуқлари нега паймол қилинди?» танқидий мақолага раддия беришни, акс ҳолда бу масалада шуғулланган журналистларга жиноят иши қўзғатилишини ҳақида босим ўтказганлар. Журналист мақолага раддия беришни кескин рад қилганидан кейин Норин туман мутасадди рахбарлари мақолада кўрсатилган камчиликларни бартараф қилиш ўрнига газетада ҳақиқатни ёзгани учун унга нисбатан жиноят иши қўзғатиб, қамоққа олганлар.

2015 йил 9-ноябрь кунги адолатсиз суд хукми билан 5 йил 4 ой муддатга озодликдан махрум қилинган.

Мўътабар Тожибоева
«Ўтюраклар Клуби» Инсон ҳуқуқларини
ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти рахбари

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.