Жаноб Мирзиёев! Навоий вилояти Кармана туманига ташрифингиз чоғида нега ногирон журналист аёл Дилдора Боймуродовани уй қамоғига олдилар?
Хурматли Шавкат Миромонович!
Сиз халқ билан мулоқот қилиш мақсадида Навоий вилоятига ташриф буюрдингиз. Сизни 2017 йилни «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» деб атаганингиз қаерда қолдию, Навоий вилоятига ташриф буюрган пайтингизда Кармана туманилик 2 нафар фарзанди билан минг азобларда ҳаёт кечираётган ногирон журналист аёл Дилдора Боймуродова хонадонини қуршовга олиб, уни ва фарзандларини уй қамоғига олганингиз сабаби нимада?
Сизнинг Навоий вилоятига ташрифингиз ҳақида олдиндан хабар топган соддагина журналист Боймуродова 166799/17 рақам билан интернет порталингизга «Муҳтарам Президент! Вилоятимизга кутилаётган ташрифингиз чоғида шаҳримиз марказига Навоий ГРЭСи билан Навоийазот АЖни бирлаштириб, тўғри шаҳар марказига олиб чиқувчи катта трасса йўлидан ўтишингизни илтимос қилиб сўрайман. Зора шунда 35 йилдан буён таъмирланмай харобага айланган йўлимиз обод бўлар», деган мазмунда хабар қолдирган.
Шундан кейин 27 март куни 168982/17 рақам билан интернет порталингизга «Муҳтарам Президент! Сизнинг вилоятимизга эртанги кун ташрифингиз арафасида бугунданоқ уйдан чиқмаслик тўғрисида ИИБ ходимлари томонидан яна огоҳлантирилдик. Бу ҳол қачонгача давом этади? ИИБчиларнинг бу ҳаракатида бирор асос бормикан? Қолаверса жисман ногирон аёл кимга зарар етказиши мумкин? Илтимос, менинг ноҳақ топталаётган ҳуқуқ ва эркинликларимни ҳимояланишини таъминланг» мазмунидаги мурожаатларидан кейин Боймуродова хонадонига тўсиқ қўювчи машиналар ва маъмурий органлар вакиллари сони кўпайтирилган.
Сизни Навоий вилоятига қилган ташрифингиз ҳақида тайёрланган «Президент Шавкат Мирзиёевнинг Навоийга ташрифи» номли видеолавҳада Дилдора Боймуродова ва унинг оила аъзолари, фарзандлари яшайдиган Навоий вилояти Кармана туманида уларни доимо таъқиб остига олиб, босим ўтказиб келадиган Кармана тумани Ички Ишлар бўлими бошлиғи Илхом Тиллаев ёниб жўшиб интервью берган.
У «Жавобгарлик, маъсулият қандай бошланади? Халқни ичига кириб, халқ билан бирга бўлиб, яқиндан мулоқот қилиб, уни дардини эшитиб, хамнафас бўлиб, биргаликда ишни ташкиллаштириб, жамоатчилик билан бирга ҳар битта носоғлом оилага, ҳар битта мухитга жамоатчилик таъсирини кўрсатса бу албатта ўз ижобий натижасини кўрсатади» дея тўлқинланиб гапираркан, биргина ногирон аёлнинг сиз билан учрашиб қолишидан қўрқиб унга қилган босимларини жамоатчилик билмайди деб умид қилган.
Аслида «Поданинг ичидаги биттагина тиррақи бузоқ бутун подани булғалайди» деган халқ мақолида айтилганидек Илҳом Тиллаевнинг сизни Навоий вилоятига қилган ташрифингизда амалга оширган эзгу ишларингизни хавога совурган.
Сиз Кармана туманига борганингизда Кармана туманида ташкил этилган намунавий комплекс ёндашув ҳар жихатдан халқ манфаати, юрт тинчлиги, осойишталигини таъминлаш узвийлигини намоён қилармиш. Эътиборли жихати 3 ойдан буён Кармана тумани хокими, прокурори ҳамда ички ишлар тизими рахбарлари ушбу худудда қурилган, янгиланган, арзон нархдаги уйларда истиқомат қилаётган халқ вакиллари билан яқин қўшни сифатида биргаликда яшаб келмоқда эмишлар.
Сизнинг Кармана туман рахбарларининг бу ташаббусларини қўллаб қувватлаганингиз, уларни Республика миқёсида кўқларга кўтарганингиз Карманадаги юзлаб, минглаб Дилдоралар ва уларнинг фарзандлари ҳаётини хавф остига қўйганлигини хис қиласизми? Бундай ноанъанавий ёндашув туманнинг мутассади рахбарлари зиммасига ўта жиддий маъсулият юклашини алоҳида таъқидлабсиз.
Ўта долзарб ҳаётий масалаларни баҳамжихат ва мазмунли ҳал этиш, халқнинг мутассади идоралар вакилларига бўлган ишончини мустахкамлаш, одамларнинг интилишлари, талаб ва истакларини янада кўпроқ англаш учун янада кўпроқ ҳалқ билан бирга бўлиш катта аҳамиятга эгалиги, айни шу жихатдан масалага қанчалик даражада оқилона ёндашилгани аҳоли томонидан ҳам эътироф этилаётганмиш.
Карманаликлаар барчаси хурсанд бўлса, туман прокурори, хокими, милиция амалдорлари арзон уйларда яшаётганларини сизга кўз кўз қилаётганлари бир пайтида ногирон журналист Дилдора Боймуродованинг хонадонига бириктирилган қўриқчиларнинг уни ва фарзандларини уй қамоғида ушлаганларига қандай бахо берасиз жаноб Президент!
Сизнинг мақтовингиздан боши осмонга етган Карманалик амалдорлар Дилдора сингари ҳақиқат, қонун устиворлигини талаб қилгувчи фуқароларнинг қонларини ичишдан тап тортмайдилар энди. Чунки улар шахсан янги Президент Шавкат Мирзиёевни эътиборига тушдилар. Энди уларни мушугини пишт дейдиган мард топилмайди деб умид қила бошлагандирлар.
Лекин улар адашадилар! Сизнинг Карманага қилган ташрифингиз чоғида ногирон аёлга босим қилган амалдорлар энди бизнинг назоратимизда. Уларнинг ҳар бир босган ножўя қадамлари ҳақида бутун дунёни хабардор қилиб туришга, Карманалик Дилдора ва унга ўхшаган ўз миллатининг фидойиларини биз ўз ҳимоямизга оламиз ва маҳаллий амалдорларнинг ҳар бир босган ғайриинсоний хатти харакатларига қарши курашамиз ва уларни фош қилиб борамиз.
20-23 март кунлари Женевада ўтказилган бир қанча учрашувларим давомида Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазияти ҳақидаги сухбатларимиз давомида Ўзбекистонда қонунлар устиворлигини таъминлаш йўлида олиб бораётган кураши натижасида босимга учраётган мустақил журналист Дилдора Боймуродованинг аянчли тақдири ҳақида ҳам гапирдим.
21 март кунги Женевада БМТ қошида ўтказган норозилик акциямиз ҳамда шу куни БМТнинг инсон ҳуқуқлари кўмитаси офицери Joana Miquel-Gelabert (Human Rights Officer Europe and Central Asia Section Office of the United Nations High Commissioner for Human Rights) билан учрашув пайтида ҳам нафақат ўзбек зиндонида қолаётган сиёсий ва диний махкумлар тақдири ҳақида, балким мамлакатда босимга учраётган фаоллар, жумладан Дилдора Боймуродованинг тақдирига уларнинг эътиборларини қаратдим. Дилдорага ва бошқа фаолларга алоқадор хужжатлар, далилларни БМТ вакилларига тақдим қилганман. Билингки Дилдора Боймуродова тақдирини БМТдагилар ҳам ўз назоратларига олганлар.
Қаранг Дилдора Боймуродованинг сизга бағишлаб ёзган ва интернет порталингизга жўнатгани «Ор номусли Амир Темур кайтди элга» номли шеърий қасидасини 20 февраль куни фесбок сахифасида чоп қилганидан кейин, унинг кўчага юмуш билан чиққан 19 ёшли ўғли Cуннатов Муҳаммад Воҳид ўғлига қарши фитна уюштирилди.
У Навоий шахридаги марказий буюм бозори чоррахасидан ўтиш йўлаги йўловчилар билан тиқилинч бўлганлиги боис 2 метр наридан ўтаётганида ашаддий жиноятчи сифатида қўлларини қайириб, уни мажбурлаб машинага тиқиб олиб кетганлар. Кейинчалик уни «қоидабузар йўловчи» сифатида маъмурий жавобгарликка тортганлар.
Дилдора Боймуродованинг журналист сифатида яшаётган худудидаги камчиликлар ҳақида баён қилиб, маҳаллий амалдорларни қонунларга итоат этишга қилган чақириқлари натижасида унинг ўғли Суннатов Муҳаммад Воҳид ўғли, 17 ёшли қизи Суннатова Камола ва бошқа оила аъзолари босимларга учрамоқдалар.
«Мухтарам Шавкат Миромонович!
Сиздан 2 йилдирки ноҳақ қўлланилган жарима сабаб ярим нафақада яшаб келаётган, жисмоний мехнатга яроқсиз ногирон ва ёлғиз онанинг аёвсиз топталиб келаётган ҳуқуқларини ҳимоялашингизни сўрайман. Умид қиламанки хукуматимиз етим-есир, ногирон ва бева-бечораларни нохақ талаш ортидан ғазнани бойитишмайди!
Хуллас мен кутган ва умид қилган ижобий ўзгаришлардан асар ҳам қолмади. Яна ўша МАНСАБДОРГА ЖАЗО ЙЎҚ! ҚОНУН АМАЛДОРЛАРНИ ЧЕТЛАБ ЎТАЯПТИ!
Мухтарам Шавкат Миромонович!
Ҳар гал вилоятимизга ташрифингиз жараёнида мени ва фарзандларимни уй қамоғида сақлаш ҳолатлари ҳамон давом этмоқда. Бу нимаси ўзини ҳимоя қила олмайдиган жисман ногирон аёл Сизга қандай зиён етказиши мумкин ахир? Мени ҳимоямдаги фарзандларимчи? Қани адолат! Қани қонун! Менинг айбим нима? Ўз Ватанимни кучли севишимми?
Балки шундандир на фарзандларим ва на ўзим чет элдан иш излаб чиқмадик, то бугунги кунгача оч қўйишсаларда! Чунки бу Ватан бизники ҳам! Нега аллақандай ўз манфаати йўлида ҳеч бир разилликдан тоймайдиган чиябўриларга иддао қилиб ташлаб кетишим керак?
Ўз Ватанимда тинчгина меҳнат қилиб, ҳуқуқларимизни топталишига йўл қўймай яшашга ҳаққимиз борми бизларни ҳам? Ягона айбим ўз ҳуқуқларимни ҳимоялаш ва қоғоздаги мавжуд қонунчилигимиз учун курашиб яшаётганлигимми? То тирик эканман бу йўлда курашишдан тўхтамайман ҳам!
Муҳтарам Президент Шавкат Миромонович!
Маълумингизким, нафақат бизнинг мамлакатимиз қонунчилигида балки дунё ҳамжамияти қонунчилигида ҳам онасининг айби учун боласи жавоб беради ва ёки бирор яқин қариндошларининг айби учун кимдир жавобгар бўлади дея белгиланмаган. Шундай экан менинг қўштирноқ ичидаги «айбим» учун фарзандларим ва ёки яқинларимни жавобгарликка тортишдан уларга нисбатан турли фитна иғволар уюштиришдан тўхтасинлар!
Сиз шу юртнинг ҳалқнинг эгасисиз! Наҳот куч ишлатар тизимлари томонидан таъқибу тайзиқлар остида яшаб ҳуқуқларимиз топталишини бартараф эта олмасангиз. Дилимдаги биргина аччиқ ҳақиқатни яна бир бора яширмай айтаман: Мен учун кимдир жазоланиши керак бўлса марҳамат улар ўзларининг разил усуллари бўлмиш биргина укол билан ими-жимида мени тинчита қолишсин.
Шунда балки вилоятимиздаги биргина мавжуд бўлган ҳақиқатнинг баланд овозини ўчириш мумкин. Агар бу овоз кимларгадир халал бериб, тинчини бузаётган бўлса. Чунки мен ўлимини бўйнига олган ҳақсизликлар, адолатсизлар авж олган жамиятда яшайвериб ўлимига рози бўлган аёлман. Аммо фарзандларим ва яқинларимни тинч қўйишсин.
2015 йилнинг 1 октябрида менинг шикоятбозлигим сабаб ўғлим иккаламизнинг ҳаётимизга қасддан уюштирилган суиқасд юзасидан қонуний текширув талаб қилиб, охири бегуноҳ коллеж ўқувчиси бўлган ўғлимга нисбатан қуруқ туҳмату бўҳтонларга чек қўйишларингизни талаб қиламан…»
Дилдора Боймуродова ўзининг 2016 йил 10 ноябрь кунги «Мустақил журналистнинг ҳуқуқ ҳимоячилари ва Шавкат Мирзиёевга мурожаати – КЎМАККА ШОШИЛИНГ, ҚУТҚАРИНГ!» номли мурожаатида қуйидагиларни баён қилганди:
«… Журналистлик бурчим юзасидан қатор йиллар жамиятимизнинг ялавбардори сифатида инсонпарварлик ғоялари билан йўғрилган мазкур ғояларимизга ҳурмат билан қарадим ва уларни кенг омма орасида тарғиб қилдим. Имкон қадар асл инсоний қадриятларга асосланган қонунларимизни қоғоздагина қолиб кетмаслиги учун хизмат лавозимини суистеъмол қилаётган айрим мансабдорларга қарши курашдим.
Чунки айнан ўшалар “Куч адолатда!” дейилган ўлмас ғоямизни ўз манфаатлари ва қарашларига мослаб: “Адолат – кучда!” яъни зўравонликда, зулмда, ким зўр бўлса ўша енгади, қабилида ўзгартиришиб, “Замона зўрники” ақидасини жамиятга жорий этишга уриниб келишаётир! Афсуски, буларнинг барчаси ҳақиқат ва айни дамгача ҳам енгиб бўлмас разил куч бўлиб қолаётир!
Менинг 1969 йилда туғилган акам Худойназаров Бахриддин Наимович 1998 йилда иккинчи маротаба ҳам турмуши бузилгач, умуртқа поғонасидаги хасталикни жарроҳлик йўли билан даволатаман, деб уйдан чиқиб кетган. 1999 йилдан эса мамлакатимизда 16 феврал воқеаларидан сўнг салла деса, каллани кўтариб келадиган корчолонларнинг касрига “Ўрмонга ўт кетиб, ҳўлу қуруқ баробар ёнади” деганларидек бўлди.
Очиғи, синчиклаб ўрганиб, меҳнат қилиб тер тўкишдан қочган мутасаддилар томонидан “очко” йиғиш анъанага айланди. Бунинг оқибатида минглаб бегуноҳлар ҳам қурбон бўлишди. Кўплари қўрқув ва саросимага тушиб, юртни ташлаб чиқиб кетишиб, қочқинлар сонини кўпайтирди. Буларнинг тирик гувоҳи кекса ота-онам саросимага тушиб, уйга қайтмоқчи бўлиб телефон қилган акамга “Болам ортингга қайтсанг сани ҳам туҳмат билан қамаб қўйишади, келма уйга” дейишган.Шу куйи акам уйдан узилди. (Айни пайтда Туркияда яшайди. 2011 йилда вилоят ИИБЖҚБ ходими Дилмурод Ҳамроев ҳамда МХХ ходими Лазиз ва Бобоёр исмли ходимларга акамнинг телефон рақамини берган эдик улар суҳбатлашган ҳам эди).
Орадан ҳеч вақт ўтмай 2000 йилда эса 1972 йилда туғилган акам Худойназаров Ҳасаннинг уйига ўша пайтда 65 ёшдаги ота – онамнинг кўз ўнгида 12 нафар ИИБ ходими бостириб кириб тинтув баҳонасида наркотик модда ва варақа ташлаб қамоққа олишган.
Тергов жараёнида аёвсиз калтаклаши оқибатида акам соғлигидан айрилди. Хуллас, судгача 3 ой қамоққа олиниб, буни қарангки, ўша вақтдаги фамилияси аниқ ёдимда эмас, Жиноят ишлари бўйича Кармана туман судининг раиси Комил (фамилияси эсимда йўқ) адолатли судлов жараёни ўтказиб, акамнинг айбсизлигини қонуний йўл билан исботлаб оқлов хукми чиқариш ўрнига таъмагирлик йўли билан 150 минг сўм (у пайтда 150 минг сўм жуда катта пул эди) пора олиб, оқибатда ноҳақ айбланган хибсга олинган акамни суд қилиб, унинг судгача хибсда ўтирган кунлари ҳисобида жавобгарликка тортиб, қамоқдан жазо чора енгиллаштирилган жиноятчи сифатида озодликка чиқарган. Кекса ота-онам бор-йўғини бериб, қарзга ботиб 4-5 ой ош-овқатсиз қолишган эди шунда ҳам. Шундан уларнинг ишончи синганди алодат қарор топишига.
Акам Худойназаров Ҳасанни эса бу ҳолатдан сўнг ҳеч қаерга ишга олишмади. Оиласини таъминотини мардикорлик билан зўрға кўтариб юрди. Уй-жойи йўқлигидан ижарама-ижара ҳам яшаб юрди. Охир-оқибат эса ер олгач, уй-жой тиклайман, деган ният билан пул топиш илинжида Россиянинг Казан шаҳрида ишлаётган қайноғаларининг таклифи билан ўша ерга кетди. Бу ерда қолган турмуш ўртоғи Худойназарова Маърифатнинг айтишича унга ва 4 нафар фарзандига нисбатан ИИБ ходимлари тайзиқ ўтказишган. Шундан кейин у ҳам акамнинг ортидан қонуний тартибда Россияга кетган.
Казанда нима бўлганидан бехабарман, лекин, акам Худойназаров Ҳасанни у ерда 20 кун аввал қамоққа олинганини эшитиб қолдим.
Муҳтарам Шавкат Миромонович!
Хуллас орадан қанча вақт ўтди ҳамки шу пайтгача оға-иниларимизнинг ҳаракатлари ёки «жиноятлари» учун бизни ҳеч бир қонунга асосланиб жавобгарликка тортишмаган эди! Буни қарангки, шу йилнинг 6 ноябрь куни қуролланган, маскали «тинтувчилар» туман прокурорининг санкциясини рўкач қилиб , менинг уйимда, ЧҲҚ (Чернобил Ҳалокати Қурбони) 2 гуруҳ ногирони 55 ёшли акам Худойназаров Олимни уйида, одам танимайдиган холатдаги, фарзандларини овозидангина зўрға таниб оладиган 86 ёшли кекса отам Худойназаров Найим ҳамда 25 йилдирки “Навоийазот” АЖда меҳнат қилиб келаётган акам Худойназаров Зайниддинларнинг уйларида тинтувлар ўтказишди. Улар бизлардан чет давлатларда яшаб юрган оғайниларимиз Худойназаров Ҳасан ва Худойназаров Бахриддинларни биздан суриштиришди…»
Яқинда Дилдора Боймуродова яна Сизни номингиза навбатдаги мурожаатномасини ёзганди.
«Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга!
Ногирон, журналист Дилдора Боймуродовадан МУРОЖААТНОМА
Муҳтарам Президент Шавкат Миромонович!
Мухтарам Мирзиёев, Фейсбок ижтимоий тармоғи орқали 18-19 феврал кунлари сўнгги уч ой ичида виртуал қабулхона орқали 50тага яқин йўллаган очиқ мурожаатларим қонуний тартибда ўрганилмай, вилоятга қайтарилаверганидан, мурожаатларда кўрсатилган муаммолар ечимини топмаганидан норози бўлиб йўллаган охирги мурожаатим сабаб 20 февралданоқ, мен ногирон ва бева аёлнинг фарзандларига нисбатан маҳаллий хокимият, куч ишлатар тизимларнинг вакиллари томонидан янги фитналар уюштириб, бизларга қарши сохта жиноятчи ясаш холатлари бошлаб юборилди.
20 февраль куни кўчага юмуш билан чиққан 19 ёшли ўғлим Cуннатов Муҳаммад Воҳид ўғли Навоий шахридаги марказий буюм бозори чоррахасидан ўтиш йўлаги йўловчилар билан тиқилинч бўлганлиги боис 2 метр наридан ўтаётганида уни «қоидабузар йўловчи» сифатида қўлга туширган ўзини менга телефондан вилоят ДАН ходими Сафаров Алишер Султонович дея таништирган шахс томонидан фуқаролик паспортини тақдим қилиши талаб қилинган.
У ўғлим хужжати ёнида эмас, балки уйда қолганлигини айтганда, машинага мажбуран босиб маҳкамага олиб бориб бармоқ изини олиш орқали шахсини аниқлашга уринмоқчи бўлган. Бу орада ўғлим ўз телефони орқали Сафаров билан мени гаплаштирди. Сухбат жараёнида ҳам у ўзининг худди шу мақсадини айтиб, “Ўғлингизни ёнида паспорти йўқлиги боис мажбуран маҳкамага олиб бориб, бармоқ изини олиб, шахсини аниқлашга мажбурмиз” деди ва тезда ўғлимнинг паспортини унга етказишимни талаб қилди.
Мен эса ногирон эканлигим ва хозирда аҳволим оғирлиги боис кўчада юра олмаслигимни айтиб, мабодо ўғлим қоидабузарлик қилган тақдирида ҳам уни хавфли жиноятчи сингари машинага мажбуран босиб, маҳкамага олиб боришининг ўзи қонунбузарлик, хизмат лавозимини суиистеъмол қилиш эканлигини айтиб, ҳар қандай вазиятда ҳам бу ҳолатда қоидага кўра биринчи галда огоҳлантириш берилиши кераклигини тушунтирдим.
Бозорга чиқсангиз ҳам паспортингизни кўтариб юрмайсиз-ку ахир! Қайси қонунда ўз яшаб турган жойида ёнидан паспорти чиқмаган фуқарони мажбуран машинага босиб маҳкамага олиб борилиши киритилган?
Очиғи асабим жуда чарчаганиданми ва ёки Сафаровга гап уқтириб бўлмаслигини сезганимданми (чунки бу биринчиси эмас) гапни қисқа қилиб, Навоий вилоят ИИБнинг 223-06-71 рақамли ишонч телефонига мурожаат қилдим.
Ўзини Боймирзаев Абдулатиф дея таништирган ходимга вазиятни батафсил тушунтириб бўлгач, соҳада чиқарилаётган қонун ва қарорларни кенг омма орасида тарғибот ва ташвиқот қилиш ўша соҳа ходимларининг бурч ва вазифаси эканлигини айтиб, шахсан мен яшаб турган маҳаллада 7 йилдирки мутлақо ДАН ходимлари келиб аҳоли билан учрашиб бирор тадбир ўтказмаганлиги ни айтдим.
Шу боис аввало ДАН ходимларининг ўзларида тарғибот-ташвиқот ишлари юзаки расмиятчилик учун қоғозларда бор бўлиши мумкину аммо амалий тадбирлари мутлақо йўқлигидан норозилигимни билдириб, ўғлимга ва менга нисбатан телефондан қўполлик қилган (касб маданияти ва этикасига хос бўлмаган) Сафаров Алишерга нисбатан чора қўлланишини сўрадим.
Шунда ишонч телефони оператор ходими ўртамиздаги тўлиқ суҳбату мурожаатимдан сўнг мени кимлигимни шахсимни англагач, «Опа, шикоятингиз асоссиз ёзиб ола олмайман» деган жавобни берди.
Хуллас, ўғлимга нисбатан биринчи гал огоҳлантириш берилибди. Бу эса кейинги сафар фитна уюштиришда асқотиши ва пойдевор бўлиши учун замин тайёрланаётгани аён. Ўғлим уйга қайтгач, у ДАН ходими Сафаровни унинг қўлларини иккала қўли билан маҳкам қисиб саломлашгандек ушлаб, Дамас русумли машинага мажбурлаб чиқарганлигидан ва унга бўш қоғозга имзо қўйдириб олганлигини айтиб берди.
Бу ўз-ўзидан уюштирилган фитна эканлиги аниқ.
Муҳтарам Шавкат Миромонович!
Оддий бир фуқаро сифатида Сизнинг дастлабки ҳаракатларирнгиздан келиб чиқиб, халқпарвар, адолатпарварлигингиздан умидвор бўлиб эртанги кунга юксак ишонч билан
ёзган ва шахсан Сизнинг виртуал қабулхонангиз сайти орқали жўнатганим, унда ҳам лаганбардорлик учун сохтакорлик ваъжидан эмас, балки ушбу юксак ишонч масъулиятини хис қилиб халқ манфаатини янада ҳимоялашга харакат қилишингиздан умидвор бўлиб ёзган “Элим кутган Амир Темур келиб етди” номли қораламамдан хабар топган маҳаллий хокимият, ИИБ, МХХ ва прокуратура ходимлари томонидан ҳуқуқларим янада кучлироқ топталишда тайзиқу таъқиблар ўтказилиши авж олишига олиб келди.
Менинг бор-йўқ айбим мамлакат бошқарувидаги илк фаолиятингиз давридаги камбағал халққа қила бошлаган ғамхўрликларингизу, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялашдек хайрли ишларни бошлаганингизни кузатиб, эртанги кундан, келажакдаги бошқарувингиздан янада умидланиб ёзганим “Ор номусли Амир Темур кайтди элга” қораламасини Сизнинг виртуал қабулхонангиз орқали жўнатганим бўлди:
(Фесбок орқали ёритилган варианти)
Ор номусли Амир Темур кайтди элга
«Адолатли ёруғ кунлар келарми?» деб,
Заҳматкаш халк умид билан узоы кутди.
Ожизларин «Номусим» деб қўллагувчи.
Элим кутган Амир Темур келиб етди.
Ноҳақликдан зор қақшаган минглаб фарёд.
Эл ноласи яратганга бориб етди.
Жоним элим, дардинг тинглар ўшал мард зот.
Амир Темур ўз юртига келиб етди.
Қонун қурол, адолат куч бўлар унга.
Фисқу фасод, зулмларнинг куни битди.
Шукрона айт, етказганга шундай кунга.
Адолатли Темур юртга келиб етди.
Бек, амирлар инга киринг, зулм тўхтар.
Инсоф-иймон, йулга киринг, ўлим тўхтар.
Жафокаш халк, қўлни беринг энди қўлга.
Ҳимоячи Амир Темур қайтди элга.
Энди тартиб-интизомли эл бўламиз.
Адолатли юртга кувват, бел бўламиз.
Лозим пайтда юрт, ҳоқон деб жондан кечиб.
Битта муштга бирлашувчи қўл буламиз.
Ор номусли Амир Темур кайтди элга.
Она халқим қўлни беринг энди қўлга.
Хуллас, юқоридаги ҳолатлардан келиб чиқиб ҳукуматимиз ва давлатимиз томонидан менинг ва фарзандларимнинг хавфсизлиги таъминланиб, ҳуқуқларимиз топталмаслиги кафолатланмас экан Халқаро инсон ҳуқуқларини муҳофаза қилувчи ташкилотлардан ҳуқуқий кўмак сўрашдан ўзга чорам қолмади!
49 ёшли акам Худойназаров Зайниддин ногирон, бева синглиси ва унинг 2 нафар отасиз фарзандларига ўз уйидан жой бериб тургани учун ноҳақ 15 суткага қамоққа олиниб, қийноққа солингани каби ҳолатлар янада давом этишини кузатиб турмоқчи эмасман бу ёғига.
Ҳурматли ҳуқуқ ҳимоячилари шахсан ўзимни, фарзандларимни ҳамда бошқа оила аъзоларимни хавфсизлигимизни таъминланишида ҳуқуқий кўмакка шошилинг!
Огоҳ бўлингким, бизни янги фитна бўҳтонлар кутмоқда олдинда!Чунки куч ишлатар тизимларининг кучи фақатгина етим-несир, бева ногирон ва ҳимоясиз ожизларгагина етади.
Бу ҳолатни беҳуда ваҳимага айлантириш ниятим йўқ. Чунки менинг интернет сайтларидаги ҳақиқатга асосланган хабар ва мақолаларим ва фаолиятим сабаб, 2014 йил 23 январь куни қизим Суннатова Камола автохалокатга учради, бу фожеадан ҳеч вақт ўтмай, 2015 йилда ўғлим ва менинг ҳаётимга нисбатан автохалокат шаклидаги суиқасдлар уюштирилган эди.
Вилоятга кайта-кайта жўнатилган жами 60га яқин шикоятларимнинг бирортаси ҳам ечимини топмади. Ўрганилмади хатто.
Сабаби мансабдорларнинг мақсади мендаги шу чоққача мавжуд хукуматга
ишончсизликни кучайтириш ва мансабдорларга қарши курашишдан
тўхтатмасликдан иборат. Мен шахсан Республка назоратида бўлади
шикоятлар деб умидвор бўлибгина ёзишдан тўхтамагандим. Аммо токи
шахсан ўзингиз мурожаатларимизни ўқимас экансиз фойдасиз эканлигини
энди англаб етдим. Охирги чора зора дунё нигоҳидаги интернет орқали
хабардор бўларсиз деган умид бу!»
Дилдора Боймуродова ҳимоясига отланишга қатъий қарор қилган
Мўътабар Тожибоева
Fikr bildirish