Жаслиқнинг собиқ махкуми: 77 ёшли «жосус» Қорабоев Оқбўта тарихи
МАРАЗЛИКНИНГ ЧЎҚҚИСИ
Ман бухороликман. Яхшигина бизнесим бор эди. Милисада ишлайдиган бир мараз мандан доля талаб қилди. Бермадим. Сани турмада чиритаман, деди. Қўлингдан келганини қилавер, дедим. 5 йил Жаслиқ қамоқхонасида ўтириб чиқдим. Пул билан чиқдим. Пулим бўлмаганда ҳали-вери чиқмас эдим. Бола-чақамнинг олдида бир ҳафта туриб Тошкентга жўнадим. Тошкентда жўраларим бор. Зўр болалар. Баъзилари билан институтда бирга ўқиганман. Ёрдам беришди. Ҳозир ишим яхши. Бизнесни йўлга қўйдим.
Жаслиқ кўп нарсага кўзимни очди. Биринчи навбатда ҳукуматнинг маразликлари кўзимни очди. Ман илгари лаққи эканман. Илгари маҳаллақўмдан тортиб то президентгача ҳаммага ишонардим. Энди ишонмайман. На маҳаллақўмга. На милисага. На прокурорга. На судьяга. На ҳокимга. На президентга. Жаслиқда минглаб бегуноҳ одамлар ётишибди. Ман билган милиса, прокурор, судья ва ҳокимлар Жаслиқ қамоқхонасида ётган диндор йигитларнинг патагига ҳам арзимайди. Ман билмаганларнинг кўпчилиги ҳам шундай.
Жаслиқда ман маразликнинг чўққисини кўрдим. Ман Жаслиққа тушганимдан икки йил ўтгач отрядимизга 77 ёшли, Қорабоев Оқбўта исмли бир чол қўшилди. Жиззах вилоятининг Бахмал туманидан экан. Бахмал Тожикистон билан чегарадош. Чол умри давомида чўпонлик қилган экан. Ғирт саводсиз. Ёзишни ҳам, ўқишни ҳам билмайди. Имзо ҳам чеколмайди. Қўй-қўзиси ва моли қаёққа юрса орқасидан кетаверган. Қўй-қўзи ва мол йўл ёки давлат танламайди. У ўт танлайди. Бахмалдаги ўтни еб тугатса ёки ўт қовжираб қолса, улар Тожикистонга ҳам ўтиб кетаверади. Ҳайвон чегарани тушунмайди. Чўпон “озгина мизғиб олай” деб ёнбошлаганда мол ва қўй-қўзилар қўшни давлат ҳудудига ўтиб кетган ҳоллари ҳам бўлиб турган.
Бир куни Оқбўта ота қаттиқ ухлаб қолади. Сачраб уйғонса мол ва қўй-қўзилар йўқ. Яқин атрофда ҳам кўринмайди. Оқбўта ота яхшигина изқувар бўлгани учун ҳайвонлар қаёққа қараб юрганини дарров фаҳмлайди. Ҳайвонлар Тожикистон ҳудудига анчагина кириб борган экан. У ҳайвонларни ортга қайтаради. Лекин қўққисдан олдида Ўзбекистон чегарачилари пайдо бўлишади. Бир чегарачи: “Ҳа, бобой! Қаёқдан келаяпсиз? Қаёққа кетаяпсиз?” дейди. Оқбўта ота: “Кўрмаяпсанми, болам? Молларим Тожикистонга ўтиб кетибди. Шуларни қайтариб келаяпман. Қаттиқ ухлаб қолибман. Кеча неварамни уйлантирдим, тўйи бўлди. Кечаси билан мижжа қоққанимиз йўқ” деб жавоб беради.
Чегарачилар СНБнинг одамлари. Улар чегарадан ўтган итниям, битниям ушлайверади. Минг “дод” де – ишонишмайди. Чегарачиларнинг биттаси СНБнинг Жиззах вилояти бўлимига телефон қилади. СНБга Жиззахдан Бахмалгача нима йўл – ярим соат ўтар-ўтмай икки машинада СНБнинг одамлари етиб келишади. “Сан кимсан? Тожикистон ҳудудида нима қилиб юрувдинг? Учрашувга борувдингми? Ким билан учрашдинг? Ким сани жосусликга ёллаган? Ўзбекистоннинг қанақа сирларини тожикларга етказдинг?”.
Ёши 70 дан анча ошган Оқбўта отани ёши нари борса 27-28 га борган бир йигит тинимсиз “сан”сираб тергов қилади. Оқбўта ота ҳайрон, ҳеч нарсани тушунмайди: “Ҳой, болам! Нималар деяпсан? Тушунтириброқ гапир, “жосус” деганинг нима? Ёш баччалигимдан мол, қўй-эчки боқаман. Ана, қишлоққа бориб сўра, кимлигимни ҳамма билади. Саводим ҳам йўқ, мактабга бир кун ҳам бормаганман. Ота-онам ёшлигимда ўлиб кетишган, бировларнинг эшигида юрдим, молини боқиб. Мол орқасидан пул топдим, ўзимга уй-жой қилдим, уйландим, бола-чақалик бўлдим. Кеча неварамни уйлантирдим. Жосусинг нима, тушунтирсанг-чи!”.
Хуллас, ўша куни Оқбўта отани СНБнинг подвалига қамашади, уйдагиларга хабар ҳам беришмайди. Қишлоқда “Оқбўта чол йўқолибди. Моллар кечқурун ўзлари уй-уйига қайтишибди. Бола-чақаси Оқбўтани излагани чиқиб кетишибди. Эртага подани ким боқади?” деган гап тарқайди. Эрта тонгда Оқбўтани излашга чиқиб кетган одамлари ярим кечада ҳафсаласи пир бўлиб қайтиб келишади. Эртаси ҳам шу гап – Оқбўтадан дарак чиқмайди. Кимдир: “Бир ғаними бўлган, ўлдириб бир жойга кўмиб кетган бўлиши мумкин” деса, бошқа бирови: “Қари чолнинг қанақа ғаними бўлиши мумкин? Яқинда Бахмалда бўрилар пайдо бўлишибди, деган гап чиқувди. Бир жойда ухлаб қолган бўлса, балки бўрилар чавақлаб кетгандир, энди чолнинг суякларини излашга тўғри келади” дейди.
Кейин нима бўлганини биз Жаслиқ зонасида Оқбўта чолнинг ўзидан эшитдик. Тергов камида бир ой давом этибди. Терговчи Жиноят кодексининг 157-моддаси (“Давлатга хоинлик қилиш”) бўйича Қорабоев Оқбўтага айблов эълон қилибди, жиноий иш судга оширилибди. Шундан кейингина Оқбўтанинг дараги чиқибди. Суд Жиззах шаҳрида, вилоят суди биносида бўлиб ўтибди. Оқбўта судьянинг исмини ҳам, фамилиясини ҳам эслаб қололмабди.
Кодекс бўйича жазо ўн йилдан йигирма йилгача озодликдан маҳрум қилиш экан – судья Оқбўтани 15 йилга қамаш жазоси билан “сийлабди”. Суддан кейин Оқбўта чолни аввал Тоштурмага, кейин тўғри Жаслиқ қамоқхонасига этап қилишибди. Жаслиқда диндорлар ҳам бор, бизнесменлар ҳам бор, каззоб-ўғрилар ҳам бор. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилгани учун қамалган битта йигит ҳам бор деб эшитдим, аммо у бошқа отрядда бўлгани учун ман уни кўрмадим.
Илгари милиса, прокуратура, СНБ ва ҳокимиятга ўхшаш давлат идораларида ишлайдиган одамларни Бекобод шаҳридаги 21-чи зонага жўнатишарди. 3-4 йил илгари ана шундай маҳкумлар учун Жаслиқда ҳам битта махсус отряд ташкил қилишди. Лекин Қорабоев Оқбўтани ўша отрядга қўшмасдан бизнинг отрядга қўшишди. Махсус отрядда чоллар йўқ – ҳаммаси забардаст, келишган, бир-бирини алдашда Алдаркўсадан қолишмайдиган йигитлар. Оқбўта чолни шуларга қўшиб қўйишга уялишди, чоғи.
Ман Оқбўта отадан олдин чиқиб кетдим – яна такрорлайман, мани яқинларим катта пул ташлашди. Бу ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Бир хилларнинг пули бўлса-да, уни ўрни-ўрнига қўйиб ишлатолмайди. Рустам Усмонов деган бизнесменнинг яқинларида пул бўлмаганми? Бўлган! Лекин улар пулни қаерга сарфлашни билмаган – шунинг учун у 19 йил ўтирди. Оқбўта Қорабоев оддий подачи бўлган. Ғирт саводсиз. Битта ҳарфни ҳам танимайди. Унда пул нима қилсин? Салкам 80 га борган чолни 15 йилга қамашибди. Бу СНБчиларда ақл деган нарса борми-йўқми? Ақл бўлса, улар ғирт саводсиз чолни жосусликда айблашармиди?
Майли, СНБчиларни қўятурайлик. Судьячи? У олий юридик маълумотли одам СНБчиларга: “Ҳой, биродарлар! Қора курсида ўтирган ғирт саводсиз чолни жосусликда айблашга уялмадингизми? Сизларда мия деган нарса борми, ўзи?” дейишга ярамайдими? Ўзбекларимиз шу қадар тубанлашиб кетишдими? Гап ўзбекларимиздами, ё сиёсатдами? Сиёсатни тубанлаштирган одам-ку ўлиб кетди. Лекин Жаслиқда халқимизнинг бир ярим мингдан ошиқ асл фарзандлари ҳалиям ўтиришибди. Ман буни ўз кўзим билан кўриб келдим.
Исмим, фамилиям ва адресимни ёзмаяпман. Ҳозирча Тошкентда яшаяпман. Бухорога онда-сонда бораман, чунки аёлим ва болаларим Бухорода қолишган. 5 йил умрим беҳудага кетди. Жаслиқда.
Fikr bildirish