Жамшид Каримов: Ислом Каримовнинг бир опаси, беш акаси ва бир укаси бўлган (интервью, 1-қисм)

Ислом Каримовнинг жияни Жамшид Каримов билан суҳбат (1қисм)

Аввал хабар қилганимиздек, ўтган ҳафта, 29 октябрь куни Ўзбекистонга 27 йил раҳбарлик қилган марҳум президент Ислом Каримовнинг жияни, 50 ёшли машҳур журналист Жамшид Каримов билан дилдан суҳбатлашиб, катта интервью олгандик.

Қуйида мазкур интервьюнинг 1-қисмини тўлиқ ҳолда ўқишингиз мумкин. Унда Ислом Каримов туғилган хонадон, унинг ота-онаси, опаси ва ака-укалари ҳақида шу пайтгача ҳали ҳеч қаерда ёзилмган маълумотлар ўрин олган.

  • Ислом Каримов ота-онасига, ака-укаларига қандай муносабатда бўлган;
  • Унинг болалиги, мактаб чоғлари қандай ўтган;
  • Нима сабабдан президентнинг ака-укалари ҳаёти жуда оғир кечган;
  • Президент инсон сифатида қандай эди?

шу ва шу каби Ислом Каримов ҳаётига оид бўлган барча ёпиқ маълумотларни унинг жияни, таниқли журналист Жамшид Каримов бизлар билан ўртоқлашган.

Жамшид Каримов билан аудиоинтервьюимизнинг 1-қисми тез кунларда Ziyo Nur студиясининг Youtube каналида эфирга берилади.

Интервьюнинг матн шаклидаги 2-қисмини ҳам яқин кунларда чоп қиламиз. Ҳозирча суҳбатимизнинг илк сонини ўқиб туринг!

*****

Ислом Каримовнинг 3-акаси Арслон Каримовнинг кенжа ўғли Жамшид Каримов билан 6 соатлик суҳбатимиз давомида жуда кўп мавзуларда суҳбатлашганмиз.

Суҳбатимиз асосан, Ислом Каримов туғилган оила ҳақида, хусусан, унинг ота-онаси, опаси, ака-укалари ва уларнинг авлодлари ҳақида бўлган.

Қолаверса, Ислом Каримовнинг ўз оиласи, рафиқалари ва фарзандлари ҳақида ҳам атрофлича суҳбатлашганмиз. Бу мавзулар навбатдаги қисмлардан ўрин эгаллаган.

Бир сўз билан айтганда, ўзбек халқи ҳали ҳеч қачон эшитмаган, билмаган ҳаққоний маълумотларни Жамшид Каримов биз билан бўлишган.

Суҳбатни Норвегиядан журналист Улуғбек Бакир олиб борган.

*****

Эслатиб ўтамиз, Жамшид Арслонович Каримов 1967 йил Жиззах шаҳрида хизматчи, юрист оиласида туғилган. Мутахассислиги: филолог-педагог, журналист.

Журналистик фаолияти давомида жамиятдаги адолатсизликларга қарши кескин курашиб, хорижий матбуотларда кўплаб мақолалари билан кенг танилган.

Амакиси, президент Ислом Каримов шахсига ва сиёсатига танқидий ёндашгани, унинг кўп сирларидан воқиф бўлганлиги ҳамда мухолиф кўз қарашдалиги ортидан, Жамшид Каримов соғлом бўлгани тарзда, Самарқандда руҳий касалликлар шифохонасида 2006 йилдан бери мажбурий ва яширин тарзда, ғайриқонуний равишда сақланиб келинган.

Ислом Каримов вафотидан сўнг, 2017 йилнинг февраль ойида 11 йиллик тутқунликдан кейин озодликка чиқарилган.

Айни дамда қизи билан Жиззах шаҳрида яшайди. Озод этилганидан 8 ой ўтиб ҳам унга паспорт берилмаётганидан шикоят қилади. Бу борада президент Шавкат Мирзиёев порталига ёзган мурожаатлари ҳам жавобсиз қолаётганини айтади.

У Буюк Британиянинг Уруш ва тинчликни ёритиш институти (IWPR), «Жиззах ҳақиқати», «Зеркало XXI», «Молодежь Узбекистана» газеталарида, «Фарғона» АА нашрларида ишлаган.

*****

Улуғбек Бакир: Ҳурматли Жамшид ака, аввало, бугунги суҳбатга розилик билдирганингиз учун Сизга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз! Узоқ вақт тутқинликдан кейин озодликка чиққанингиз билан яна бир бора табриклаймиз!

Жамшид Каримов: Ташаккур!

Улуғбек Бакир: Ҳозир қандайсиз? Аҳволларингиз яхшими?

Жамшид Каримов: Худога шукур, яхшиман! Ёмон кунларим ортда қолди, деб ўйлайман. Ўзимни яхши ҳис қилябман. Ҳаёт давом этмоқда.

Улуғбек Бакир: Бугун сиз билан суҳбатлашадиган мавзуимиз, албатта, жуда катта мавзу. Ўзбекистонга 27 йил раҳбарлик қилган президент Ислом Каримов расмий хабарларга кўра, ўтган йили 2 сентябрь куни кутилмаганда, 78 ёшида оламдан ўтди. Ислом Каримовнинг ҳаёти ва фаолияти зиддиятларга тўла десак, янглишмаган бўламиз. Айниқса, унинг оиласи ҳақида ўзбек халқи расмий қисқача маълумотлардан ташқари бошқа ҳеч қандай ахборотга эга эмас.

Жамшид Каримов: Ҳа, албатта, бу ёпиқ мавзу эди.

Улуғбек Бакир: Ҳа, айнан шундай, ёпиқ мавзу эди. Мана сиз Ислом Каримовнинг жиянисиз, унинг туғишган акаси Арслон Каримовнинг кенжа ўғлисиз. Келинг, суҳбатимизни Ислом Каримовнинг дунёга келишидан бошласак. Биламизки, унинг расмий таржимаи ҳолига кўра, президент Каримов 1938 йилнинг 30 январида Самарқандда хизматчи оиласида дунёга келган…

Жамшид Каримов: Ҳа, Ислом Каримов 1938 йилда туғилган. Лекин, у бизнинг хонадонда, яъни, Каримовлар оиласида дунёга келмаган. Аниқроғи, у биздан эмас. Мен фақат отамдан эшитганларимни биламан. Отам бутун умр айтиб келган сўзларини яхши эслайман. Бобом Ғани (айтганча, унинг исми Абдуғани бўлмаган – Ж.К.) давлат мулкини ўғирлаганликда айбланиб, 1936 йилдан 1941 йилгача қамоқда бўлган.

Агарда Ислом Каримов 1935 ёки 1942 йилда туғилганида эди, у ҳеч шубҳасиз, бизнинг оиламиз аъзоси бўларди. Лекин, 1936 йилдан 1941 йилгача бобом Ўзбекистон ССР НКВД (ўша даврдаги СССР хавфсизлик идораси – У.Б.)нинг қамоқхонасида бўлган. НКВД қамоқхонаси бу, Ҳолливуд фильмларида намойиш этилганидек, Лос-Анжелес қамоқхонаси эмас. У ерда, ҳатто, қотиллик қилган маҳбусни ҳам вақти-вақти билан таътилга чиқариб туришар экан. Лекин, НКВД қамоқхонаси бундай муассаса бўлмаган. У ерга маҳбуснинг аёли учрашувга кириб, эри билан алоқа қилиши мутлақо ақлга сиғмайдиган ҳолат эканлигини ҳамма яхши билади. Ахир у вақтлар Сталин даври эди.

Улуғбек Бакир: Сизнинг бобонгиз Ғани Каримов қайси жинояти учун неча йилга қамалган эди?

Жамшид Каримов: 5 йилга қамалган. 1936 йилда қамалиб, 1941 йилда озодликка чиққан. Биласизми, мен умуман, бобом ҳақида кўп гапиришни истамайман. Сабаби, Ғани Каримовнинг фарзандлари, жумладан, отам ҳам ўз отасига у қадар кўп меҳр қўймаган эди.

Ҳатто, бир пайтлар Меҳри аммам (И.Каримовнинг опаси – У.Б.) “бу ака-укаларим отамизнинг қабри қаерда эканлигини ҳам унутишган”, деганди. Менинг онам ҳам Каримовлар ўша дамларда ўз отасининг қабрини унутганликлари учун жуда жаҳли чиқарди. Лекин, улар онаси Санобар бувимга яхши муносабатда бўлишган. Вафотидан кейин ҳам қабрига бориб туришган.

Улуғбек Бакир: Ғани Каримов қачон туғилган ва қачон вафот этган?

Жамшид Каримов: Йўқ, бу ҳақда айтишни умуман истамайман. Бобом у даражада муҳим шахс эмаски, у ҳақда тўлиқроқ гапирсам… Айтишим мумкинки, Ғани Каримов ҳеч қачон сиёсат билан шуғулланмаган. У оддий қора ишчи бўлган. “Заготзерно” (Дон маҳсулотларини тайёрлаш корхонаси – У.Б.)да юк ташувчи бўлган. Бир вақт кассир ҳам бўлган, омборхонада мудир вазифасида ҳам ишлаган. Бобом кўп саводли киши бўлмаган.

Улуғбек Бакир: Сиз у кишини кўрганмисиз?

Жамшид Каримов: Йўқ, бобом мен дунёга келгунимга қадар, янглишмасам, 7-8 йил бурун вафот этган. (Демак, тахминан 1959-60 йилларда – У.Б.).

Улуғбек Бакир: Тушунарли. Энди бувингиз Санобар Каримова ҳақида гаплашсак. У киши қачон туғилган эди?

Жамшид Каримов: Бувим 1904 ёки 1905 йилда туғилган. Санобар Каримова умуман саводи йўқ оддий аёл бўлган. На ўқишни, на ёзишни билмаган. Фарзандларини севимли ва унчалик ёқтирмаган тоифаларга ажратиб муомала қилган, десам тўғрироқ бўлади. Масалан, менинг отам хушланмаган фарзандлар қаторида эди. Чунки, дадам болалигида анча шўх бўлган…

Улуғбек Бакир: Бу ҳақда, умуман, фарзандлар ҳақида бафуржа суҳбатлашамиз, албатта. Санобар ая қачон вафот этган?

Жамшид Каримов: 1982 йил 1 январь куни 77 ёки 78 ёшида вафот этган.

Улуғбек Бакир: Ислом Каримов онасининг дафн маросимига келганми? Айрим маълумотларга кўра, келмаган экан.

Жамшид Каримов: Аниқ билмайман. Отам бу ҳақда менга айтмаган. Мен ҳам қизиқиб сўрамаган эканман. Фақат бир нарсани биламанки, бувим “пневмония” (ўпка ялиғланиши касаллиги – У.Б.) билан оғриганда уйдагилар Тошкентга, Ислом Каримовга қўнғироқ қилишган. У “ҳозир менинг вақтим йўқ, мен фақат шифокор ва керакли дори-дармонларни юбора оламан”, деган. Шу йўсинда Ислом Каримов онаси қаттиқ касал бўлганида келмаган. У ўша пайтларда янглишмасам, “Госплан” (Ўзбекистон ССР Давлат режа қўмитаси – У.Б.)да катта лавозимда ишларди.

Мен ҳам узрли сабабларга кўра, бувимнинг дафн маросимига келолмаганман. У пайтда 15 яшар ўсмир эдим. Аслида Санобар бувим мени унчалик яхши кўрмасди. Шунинг учун бувимнинг кўзига кўринмасликка ҳаракат қилардим. Мени ёқтирмагани туфайли, тўғриси, мен ҳам бувимни ёқтирмасдим.

Улуғбек Бакир: Нима учун?

Жамшид Каримов: Билмадим, негадир ҳар қандай ишимни, ҳар бир қадамимни ёқтирмасди. Нафақат мени балки бошқа набираларини ҳам унчалик хушламасди. Бувимнинг фақат севимли икки ўғли бор эди, холос. Улар Икром ва Хуршид амакимлар эди.

Улуғбек Бакир: Умуман, Ислом Каримов ота-онаси билан қандай муносабатда бўлган? Бу ҳақда нималарни биласиз?

Жамшид Каримов: Отамнинг сўзларига кўра, Ислом Каримов ота-онаси учун на яхши, на ёмон фарзанд бўлган. У бошқа фарзандларга нисбатан алоҳида ажралиб турган. Масалан, Ислом Каримовнинг акаси Қуддус амаким (уни “Қобулжон”, деб аташарди –Ж.К.) оиладаги барча ўғилларга ҳамиша ибратли, намунали фарзанд қилиб кўрсатиларди. Ислом Каримов бўлса, оиладан алоҳида ажралиб турарди. У 17 ёшида Тошкентга ўқишга кетганидан буён, умуман, бизнинг оиламиздан ажраб қолган.

Бир кичик воқеани айтиб бераман. Бир куни Ислом Каримовнинг акаси Икром ва укаси Хуршид амакимлар ўртасида нимадир бўлиб, жанжал чиқиб қолади. Бу ўзаро жанжал муштлашишга айланиб кетади. Санобар бувимнинг тоби қочиб, юраги ёмонлашиб қолади. Ғани бобом анча йиллар аввал оламдан ўтиб кетган эди. Отам Арслон Ғаниевич уларни ажратмоқчи бўлади, лекин, уддасидан чиқолмайди. Ислом Каримов ўша йили (1977 й. – Ж.К.) Самарқандга, ота эшигига меҳмонга келган бўлади. Шунда отам укаси Исломга “сен буларни ажратгин”, дейди. У бўлса, ака-укаларини ажратиш ўрнига, ташқаридаги катта тошга оёғини қўйиб, совуққонлик билан пойабзалини тозалаб, бир сўз демасдан чиқиб кетган. Ўзини бегоналардек тутган.

Улуғбек Бакир: Ислом Каримов туғилгандан кейин қамоқдан уйга келган Ғани Каримов янги чақалоқни кўриб нима деган?

Жамшид Каримов: Бу ҳақда отам менга ҳеч нарса айтмаган. Факт шуки, бобом 1936 йилдан 1941 йилгача қамоқда бўлган. Айтганча, кўпчилик Ислом Каримовнинг ота-онасини эронлик дейишади. Бу мутлақо нотўғри. Улар “Жайдари” қишлоғидан оддий ўзбек бўлишган.

Улуғбек Бакир: Айнан шу ҳақда ҳам сўрамоқчи эдим. Йиллардан бери, Ислом Каримовнинг ота-онаси тожик бўлган, дейишади…

Жамшид Каримов: Йўқ, улар ўзбек бўлишган. Бувим Санобар Каримова келиб чиқиши асли туркистонлик, сайрамлик ўзбеклардан бўлган. Бобом эса Жомбойдан бўлган. Уларни “жайдари” дейишган.

Улуғбек Бакир: Каримовлар оилада қайси тилда сўзлашган?

Жамшид Каримов: Тожик ва ўзбек тилларида. Улар асло эронлик бўлмаган, бу ёлғон. Ҳаттоки, энг кичик Хуршид амаким эронликларни унча ёқтирмаган. Самарқандда эронликларни “гилос” дейишади. Сабаби, улар гилосни ҳам, олчани ҳам “гилос” дейишади. Шунинг учун уларга “гилос”, деб лақаб беришган.

Улуғбек Бакир: Ислом Каримовнинг болалиги ҳақида нималарни биласиз?

Жамшид Каримов: Отамнинг айтишича, Ислом Каримов жуда бахил ва қўпол бола бўлган. Каримовлар оиласи жуда камбағал, ғариб яшашган. Биласиз, у пайтлари уруш, очарчилик даврлари бўлган (1939-1945 йиллар, Иккинчи Жаҳон уруши – У.Б.). Ҳатто, кундалик озиқ-овқат ҳам жуда катта муаммо бўлган. Нон-сув билан тирикчилик қилишган. Каримовлар хонадонида кечки овқатга асосан, “пиёва” бўлган. “Пиёва” бу жуда оддий, камбағалларнинг пиёзли шўрваси бўлган…

Улуғбек Бакир: Ислом Каримовни “Болалар уйи” (етим болалар яшайдиган давлат муассасаси)да катта бўлган ҳам дейишади.

Жамшид Каримов: Балки… Бу ҳақда ҳам аниқ билмайман. Уруш йилларида Ислом Каримовни болалар уйига беришган бўлиши мумкин. Боз устига, бобом унинг отаси бўлмаганлигини инобатга оладиган бўлсак, балки бу гап ҳақиқатга яқиндир. Такрор айтаман, мен бу ҳақда ҳеч қизиқиб, бировдан сўрамаган эканман.

Улуғбек Бакир: Сиз отангиздан ташқари бошқа амакиларингиз билан ҳам Ислом Каримов ҳақида гаплашганмисиз? Улардан нималарни эшитгансиз?

Жамшид Каримов: Йўқ, сабаби, Ислом Каримовнинг ака-укалари билан ораси яхши бўлмаган. Улар орасидан худди қора мушук ўтгандек эди. Ака-укалар бир оила қатори ҳеч бир тўпланиб ўтиришганини биров билмайди. Етти оға-инидан фақат уч-тўрт нафаригина баъзан, 3-4 йилда бир марта Самарқанддаги ота уйида кўришиб туришган, холос. Айтяпман-ку, Ислом Каримов жигарларидан ажралиб қолганди. У Тошкентга ўқишга кетганидан бери Самарқандга жуда кам келган.

Улуғбек Бакир: Ислом Каримовнинг мактаб йиллари ҳақида нималарни биласиз? Яқинда эълон қилинган янги расмий таржимаи ҳолида “Ислом Каримов мактабни олтин медаль билан тугатган”, дейилган.

Жамшид Каримов: Ислом Каримов чекланган равишда, лекин, услубий яхши тарзда фанларни ўзлаштирган. Мактаб дастурларини тушунса ҳам, тушунмаса ҳам ёдлаб олаверган. Ҳа, мактабни олтин медаль билан тугатганлигини биламан. Аммо, характери жуда оғир бўлган. Бир куни унга немис тили ўқитувчиси “2” баҳо қўйган. Бу совет мактабларида ўқувчилар учун энг ёмон, паст баҳо саналган. Шунда у ўрнидан туриб, ўқитувчиси аёл бўлишига қарамасдан, унга жуда ҳақоратли, уятли сўзларни айтишгача борган.

Улуғбек Бакир: Айтгандек, Ислом Каримов рус мактабида ўқиганми?

Жамшид Каримов: Ҳа, шундай бўлса керак. Ота-онамнинг айтишича, у рус мактабида ўқиган. Амакиларимдан фақат Ибод, Қуддус ва Хуршид Каримовлар билан кўпроқ гаплашганман…

Улуғбек Бакир: Жамшид ака, ҳозир ака-укалар ҳақида алоҳида, бафуржа гаплашамиз. Мен бошқа бир нарсани сўрамоқчиман. Яна шундай норасмий маълумотлар борки, унга кўра, Ислом Каримовнинг она тилиси тожик тили бўлган, рус тилини ҳам худди она тили каби яхши билган, ўзбек тилини эса, кейинчалик ёши катта бўлганда ўрганган.

Жамшид Каримов: Гап шундаки, Самарқандда тожик тилини деярли ҳамма ўзбеклар яхши билади. Ҳам тожик, ҳам ўзбек тилларида одамлар эркин гаплашади. Мен Самарқандда узоқ йиллар тутқинликда бўлдим. У ердаги айрим ходимлар тожик тилида сўзлашарди. Мен ҳайрон бўлиб, булар тожик бўлсалар керак, деб ўйлардим. Кейин билишимча, улар ўзбек эканлар.

Улуғбек Бакир: Демак, Ислом Каримов ўзбек, тожик, рус тилларини яхши билган. Шундайми?

Жамшид Каримов: Ўзбек тилини, айниқса, адабий тилни яхши билмаган. Ўзбек тилини оддий маиший, сўзлашув даражасида билган, холос. Худди “жайдари”лар сўзлашгани каби. Биласизки, Ислом Каримов расмий маърузаларини доимо қоғоздан ўқиб берган. Онам русийзабон бўлгани билан ўзбек тилини яхши биларди. Ислом Каримов телевизорда ўзбекча гапирганини кўриб, онам доим куларди.

Улуғбек Бакир: Тушунарли. Мана энди Ислом Каримовнинг бир туғишган яқинлари ҳақида сўзлашсак. Ислом Каримовнинг расмий таржимаи ҳолида унинг ака-укалари ҳақида умуман маълумот берилмаган. Улар оилада нечта фарзанд бўлишган?

Жамшид Каримов: Каримовлар оиласида саккиз фарзанд бўлиб, афсуски, ҳозир ҳаётда ҳеч ким қолмаган. 2016 йилгача фақат Ислом Каримов тирик эди. Уларнинг тўнғичи, ягона қиз – Меҳринисо аммам 1921 йилда туғилиб, 1986 йил баҳорида, 65 ёшида вафот этган. Меҳри аммам Самарқанддаги  “8 март” фабрикасида катта уста бўлиб ишлаган. Ўша даврларда бу фабрика Ўзбекистондаги энг нуфузли ишлаб чиқариш корхоналаридан бири бўлган.

Меҳринисо аммамдан кейин етти ўғил дунёга келган. Ислом Каримов оиланинг еттинчи фарзанди бўлган. Ундан кейин кенжа ўғил Хуршид амаким туғилган.

Демак, Меҳри аммамдан кейин Омон амаким туғилган. У ҳақда яхши билмайман. Қачон туғилганлигидан ҳам хабарим йўқ. Чунки, у Иккинчи Жаҳон урушига кетган, немисларга асирга ҳам тушган. 1940-йилларнинг охири 50-йилларнинг бошида сил касаллигидан Самарқандда вафот этган.

Омон амакимдан кейин Ибодулла амаким 1925 йилда туғилган. Икки йил аввал, 2015 йили 90 ёшида вафот этди. У ёшлигида МГБ (СССР Давлат Хавфсизлик вазирлиги – У.Б.) мактабини битирган. У аслида чекист бўлиши керак эди. Лекин, бу соҳада хизмат қилмаган. У кейинчалик “Кооператив” институтини тамомлаб, доцент бўлган. Факультет декани лавозимида ишлаган. Мутахассислиги савдогар ва иқтисодчи бўлган. Ибодулла амаким оқкўнгил, меҳрибон инсон эдилар.

Бу амакимдан кейин менинг отам Арслон Каримов 1931 йилда туғилган. Отам Тошкентдаги юридик институтни тамомлаган. 36 йил судья лавозимида ишлаган. Отамни Самарқанд вилоятининг ўша пайтдаги Нурота туман судидан Жиззах шаҳар судига ишга ўтказишган. Шунинг учун биз Жиззахда яшардик. Акам, опам ва мен ҳам Жиззахда туғилганмиз. Ҳозир ҳам шу ерда яшаймиз…

Отам Арслон Ғаниевич 1989 йил 8 июль куни 58 ёшида, Жиззах-Самарқанд катта йўлидан келаверишда, фожиавий автоҳалокат натижасида, сирли равишда ҳалок бўлган. Унда Жиззах шаҳар судининг раиси эди. Ўша куни иш юзасидан Жиззахдан Самарқандга, ота уйига кетаётган бўлган. “Жигули-06” машинасини суд котиби Рўзали ака (отам уни ҳазиллашиб“Хўрозали” дерди – Ж.К.) бошқариб келаётган бўлган. Ўша кунлари Рўзали ака “сариқ” касалидан жарроҳлик амалиётини ўтаб, яхши даволанмасдан ишга чиққан.

Ҳолсиз, мадорсиз бўлган. Уни устига саратон жазирамасида, кундузи бўлишига қарамасдан, кўзи илиниб, ухлаб қолган. Боз устига, тезлик ҳам жуда юқори бўлган. Натижада бошқарувни назорат қила олмай, йўлда тўхтаб, йўловчиларини тушираётган “Икарус” автобусига бориб қаттиқ зарб билан урилади. Олди ўриндиқда ўтирган отам ўша заҳотиёқ жон беради. Ҳайдовчининг қўл-оёғи синиб, ўзи омон қолади. Зарба асосан отам ўтирган томонга бўлади.

Улуғбек Бакир: Бахтсиз ҳодиса бўлган экан. Унда нимага сиз отангизнинг ўлимини “сирли” деябсиз?

Жамшид Каримов: Сабаби, бу мусибатга ўша куни гувоҳ бўлган отамнинг бир яқин юрист дўстининг айтишига кўра, ўша куни дадам ўтирган машина орқасидан  бир  “Жигули-07” машинаси шабҳали тарзда тинмай кузатиб келган. Йўл белгисида тезлик чеклови 60 км/соат бўлган. Лекин, негадир Рўзали ака бунга амал қилмасдан, расмий маълумотга кўра, 120 км/соат тезликда келган. Орқадаги машина ҳам бу чекловга амал қилмасдан, отам ўтирган машинани юқори тезликда қувиб келган…

Умуман, отамнинг фожиавий ҳалок бўлиши ҳақиқатдан ҳам сирли бўлган. Онам “бахтсиз ҳодиса бўлган”, деб эл орасида айтгани билан бир нарсани қаттиқ яширарди. Афтидан, бу сир ошкор бўлишидан жуда қўрқарди… Афсуски, онам умрининг охиригача бу яширин сирни ҳеч кимга айтмай, дунёдан ўтиб кетди. (Арслон Каримов ўлимига боғлиқ бошқа тафсилотлар 2-қисмда ҳикоя қилинади – У.Б.).

Улуғбек Бакир: Ислом Каримов отангизнинг дафн маросимига келганми?

Жамшид Каримов: Ҳа, келган. Ўша пайтда у Ўзбекистонга янги раҳбар бўлиб тайинланган кунлар эди. Рафиқ Нишоновдан кейин Михаил Горбачёвнинг тавсиясига биноан, Ислом Каримов Ўзбекистон Компартияси Марказий қўмитаси Биринчи котиби лавозимига келганига роппа-роса 15 кун бўлганида отам ҳалок бўлган…

Улуғбек Бакир: Худо раҳмат қилсин! Отангиздан кейин ким туғилган?

Жамшид Каримов: Икром амаким 1933 йилда туғилиб, 1976 йили 43 ёшида эрта вафот этган. У ёшлигидан эпилепсия (тутқаноқ – У.Б.) дардига чалинган эди. Бу дард унда оғир кўринишда бўлганлиги туфайли, дорининг ҳаддан зиёд кўп миқдорда қабул қилиниши натижасида, ўша тунда, уйқусида вафот этган. У вақти-вақти билан Самарқанддаги руҳий касалликлар шифохонасида даволаниб турган.

Икром амаким руҳий хаста бўлишига қарамасдан, яхшигина рассом эди. У аслида Архитектура институтини битирган эди. Айтишларича, ёшлигида ўртоқлари билан ароқ ичиб ўтиришганда, даврада жанжал чиқиб, кимдир унинг бошига қаттиқ урган. Шунда унинг мияси чайқалиб, қаттиқ шикаст еган. Шундан кейин бу тутқаноқ дарди бошланган. Истеъдодли  портретист бўлган, жуда чиройли суратлар ишлаган. Икром амакимнинг эски асарларини кўрганман.

Икром амакимдан кейин Қуддус Ғаниевич Каримов 1934 йилда туғилган. 1995 йили 61 ёшида вафот этган. Уни “Қобулжон” деб аташарди. У ҳақиқий жентльмен бўлган. Қуддус Ғаниевич ёқимли, меҳрибон инсон эди. Ўлими жуда ачинарли бўлган. Ўшанда Ислом Каримов президент ўлароқ, Самарқанд ҳокимияти йиғилишига келган. Шунда мулозимлар унга “акангиз вафот этди”, деб айтишган. “Қайси бири”, деб сўраган Ислом Каримовга акаси Қуддус амаким оламдан ўтганлигини билдиришган. Қуддус амаким “Кооператив” институтида ўқитувчи бўлиб ишлаган. Ўша мудҳиш куни ишдан келса, уйда ҳеч ким бўлмаган. Рафиқаси, тожик аёли Таклифа Насриддинова ҳам ишда бўлган. У ҳам ўқитувчи эди. Қуддус амаким ҳовлисининг зинапоясидан пастга йиқилиб, нафас етмай вафот этган. Унинг юраги касал, қон босими ҳам юқори эди.

Улуғбек Бакир: Оллоҳ раҳмат айласин! Айтганча, нимага Қуддус Каримовни “Қобулжон” деб чақиришган?

Жамшид Каримов: Сабаби, у жуда ювош, мўминқобил инсон бўлган. Уни яна “Андиша” ҳам деб аташарди. Ўта сокин, эҳтиёткор, камтар инсон эди. Бувим ва аммам ҳам бу амакимни ўзгача яхши кўришарди. Қуддус Ғаниевични бошқа ака-укаларга, жумладан, Ислом Каримовга ҳам намуна қилиб кўрсатишарди. У ёшлигидан безори бўлмаган, тўғрисўз эди, мактабда ҳам яхши ўқиган.

Улуғбек Бакир: Кейин ким туғилган?

Жамшид Каримов: Кейин эса, шу Ислом Каримов 1938 йили ғаройиб тарзда дунёга келган…

Ундан кейин оиланинг энг кенжа фарзанди Хуршид Каримов, айни уруш бошланган йили, 1941 йилда туғилган. Хуршид амаким 2010 йили 69 ёшида вафот этган. Умрининг сўнгги дамларида яхши овқатланмасди, фақат ичкиликка ружу қўйганди. Унинг ҳаёти ҳам жуда оғир кечган. Хуршид Каримов судланиб, қамалиб чиққан эди. У ҳам бошқа акалари каби савдо соҳасида ишлаган. Сирдарё “облпотребсоюз” (вилоят истеъмолчилар уюшмаси – У.Б.)дан давлат мулкини 64 минг совет рубли миқдорда ўғирлаганликда айбланиб, 1986 йили ўн нафар жиноий шериклари билан биргаликда қамалган. 1986 йилда бу жуда катта маблағ бўлиб, энг нуфузли “Волга” автомобили 20 минг рубль турарди. Ўртача ойлик маош эса, 100 (бир юз) рубль эди.

Ўша йили сентябрь ойида Хуршид амакимнинг суди бўлган. Бу воқеа тўғридан-тўғри Ислом Каримовга дахлдор эди. Буни яхши эслайман. 19 ёшлик талаба йигит эдим. Совет даврида бирор бир кишининг, айниқса, амалдорнинг яқинлари орасида кимдир судланган бўлса, боз устига, давлат мулкини ўғирлаганликда айбланган бўлса, ҳаммасига катта нуқта қўйиларди. Энг аввало, судланган кишининг яқинлари коммунистик партиядан ўчириларди. Партиядан ўчирилди дегани, бу ҳаммаси тамом бўлди, дегани эди. Мансабдор шахс эгаллаб турган лавозимидан бўшатилиб, ишдан ҳайдаларди. Каримовлар оиласида эса, деярли ҳамма ака-укалар партия аъзолари эди. Нафақат оддий аъзолар эди, балки партиянинг раҳбарият органларида катта лавозимларда ишлашарди. Мисол учун, отам шаҳар судининг раиси эди. Ислом Каримов эса, ўша пайтда Ўзбекистон ССРнинг “Госплан” раиси Қудрат Аҳмедов ўрнига тайинланиши керак эди. Ана энди кўринг, ғалванинг уясини…

Улуғбек Бакир: Хуршид Каримовни суд қилишди ва кейин нима бўлди?

Жамшид Каримов: Хуршид амаким судланиб, 10 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Жазони ўташ учун Наманган зонасига юборилди. Лекин, 6 йилдан кейин муддатидан аввал, 1992 йилда акаси, Ўзбекистон президенти Ислом Каримов уни жазодан озод этди…

Бу воқеа жуда ғалати бўлганди. Айнан шу воқеадан кейин Ислом Каримовга нисбатан менда нафрат кучайиб кетган. Сабаби, Шарқ халқларида биродаркушлик, яъни, ака-ука бир-бирини ўлдириши  жуда оғир гуноҳ ҳисобланади…

Шундан олдинроқ бир куни уйимизда телефон жиринглаб қолди. Уйда икки жойда телефон аппарати бўларди. Бири  уй йўлагида, иккинчиси эса, меҳмонхонада турарди. Менга курсдош қизлар қўнғироқ қилишябди шекилли, деб меҳмонхонадаги телефон гўшагини кўтардим. У ёқдан эса, отам мендан илгари телефонни кўтарган экан. Шу тариқа тасодифан отам билан Ислом Каримов суҳбатини эшитиб қолдим. Ислом Каримов Тошкентдан қўнғироқ қилаётган экан. Ўша суҳбат ҳамон қулоқларим остида жаранглайди.

Суҳбат жуда кескин оҳангда, тожикча-ўзбекча аралаш уятли сўзлар билар борарди. Ислом Каримов отамга “эй, сен Арслон (акасини сенсираб, ҳатто, “ака” ҳам демаябди – Ж.К.) агар қаердадир унинг (Хуршид Каримовнинг – У.Б.) номи юзага чиқиб, партиядан, Москвадан бирорта гап эшитсам, билиб қўй, сени биринчи ўринда йўқ қиламан! Хуршидни эса, ўз қўлларим билан бўғиб ўлдираман!”, деди тожикчалаб.

Улуғбек, биласиз, ўша пайтда Москвадан Гдлян, Иванов (СССР прокуратураси терговчилари – У.Б.)лар Ўзбекистонда “пахта иши”, “ўзбеклар иши”ни рўкач қилиб, минглаган одамларни қамашаётган қатағон даврлари эди. Бутун Республика бўйича барча катта-ю кичик раҳбарларнинг пайтавасига қурт тушиб, ҳаммаёқ ағдар-тўнтар бўлиб ётарди. Гарчи амаким Хуршид Каримовнинг “иши” бу “пахта иши” ва “ўзбеклар иши”га мутлақо алоқаси бўлмаса ҳам “Госплан”да ишлаётган Ислом Каримовни талвасага солиб қўйганди.

Тергов пайтида Хуршид амаким “менга ёрдам беринглар”, деб ака-укаларидан ўтиниб сўраган. Мамлакатда катта амалдор бўлган Ислом Каримов укасига бирор бир ёрдам бериш тугул, уни “ўша ёқларда ўлиб кетсин”, деган.

Онам ва Хуршид амакимнинг Роза исмли армани аёли қамоқдаги эрига озроқ озиқ-овқат киргизмоқчи бўлганларида, Ислом Каримов бунга шахсан тўсиқ қўйиб, қатъий тарзда маън қилган. Тушуняпсизми, ўз туғишган укаси бошига оғир кулфат тушиб турганда акаси шундай разил муомалада бўлган. Мусулмон киши шундай қилиши мумкинми?!

Умуман, ҳар қандай инсон қайси дин ва миллатда бўлишидан, қандай касбда ишлашидан қатъий назар, ҳатто, у даҳрий бўлган чоғида ҳам бундай вазиятда совуққонлик билан қараб турмайди. Жигари ҳаттоки, дунёдаги энг оғир жиноятни содир этган тақдирда ҳам инсон бундай муносабатда бўлмайди! Бир ҳадисда ўқигандим. Унда: “Агарда сенинг аканг ёки уканг қазо қилса, сен умрингнинг охиригача унинг оиласига қўлингдан келган ёрдамингни аяма”, дейилган.

Улуғбек Бакир: Гарчи шундай экан, унда Ислом Каримов укаси Хуршид Каримовни муддатидан аввал, 1992 йилда нима сабабдан жазодан озод қилди?

Жамшид Каримов: Сабаби жуда оддий. 1992 йилда Ислом Каримов Ўзбекистон Республикасининг президенти эди. Энди бир ўйлаб кўринг, мамлакат раҳбарининг укаси давлат мулкини ўғирлагани учун қамоқда ўтирибди. Буни эшитган оддий ўзбек халқи ёки дунё ҳамжамияти нима дейди?! “Президентнинг укаси жиноятчи, ўғри экан, қамоқда ўтирибди”, демайдими?! Шу сабабли, бунда ҳам айнан укасини ёки бошқа яқинларини ўйлаб эмас, ўзини ва амалини ўйлаб, ноиложликдан Ислом Каримов ўз укаси Хуршид Каримовни жазо муддатидан аввал озод этишликка мажбур бўлади… 

(давоми бор)

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.