Ислом Каримовнинг жияни Жамшид Каримов билан суҳбат (анонс)
Бугун, Ўзбекистонга 27 йил раҳбарлик қилган марҳум президент Ислом Каримовнинг жияни, 50 ёшли машҳур журналист Жамшид Каримов билан дилдан суҳбатлашиб, катта интервью олишга эришдик.
Жамшид Каримовдан интервью олишни ўзи анчадан бери дилимга тугиб юрардим. Ваниҳоят, бу ниятим ҳам амалга ошди.
Шу пайтгача журналистик тажрибамда бир киши билан битта интервьюда, энг узоқ вақт давомида Ўзбекистон Халқ артисти Фарруҳ Зокиров билан 5 соат тўхтовсиз суҳбатлашиб, ўзимга рекорд қўйгандим. Тўғри, орада 5-10 дақиқалик қисқа танаффуслар бўлганди.
Бу сафар эса Жамшид Каримов билан роппа-роса 6 соат суҳбатлашибман. Ўртада танаффус ҳам олмадик. Суҳбатга икки журналист шу даражада қизиқиб кетибмизки, 6 соат вақт қандай ўтиб кетганини ҳам сезмабмиз.
Ора-орада «Жамшид ака, чарчамадингизми?», деб ҳижолат бўлиб сўрасам, «йўқ, асло, бемалол давом этаверамиз», дейди.
*****
Камина узоқ йиллардан бери, бошқа журналистлар каби Ислом Каримовнинг шахсий ҳаёти ва фаолиятига катта қизиқиш билан қарайман. Боиси, унинг расмий таржимаи ҳолида, бошқа президентларнинг таржимаи ҳолидан фарқли равишда, кўп маълумотлар ёзилмаган. Шунинг учун бўлса керак, халқ орасида, сиёсатчилар ўртасида Ислом Каримов ҳақида турли миш-мишлар, ҳар хил гап-сўзлар юради.
Йиллар давомида бу мавзуда, турли тилларда кўп мақолалар, китоблар ёзилди ва ёзилмоқда. Бундан кейин ҳам кўп ёзилади, кўп гапирилади. Ахир 27 йил Ўзбекистондек мамлакатга раҳбарлик қилган инсон ҳақида ёзмай, гапирмай бўладими?!
Ҳозирча кўп маълумотлар яширилган. Халқ жуда кўп нарсадан бехабар. Вақтлар келади, худди Сталин, Брежнев каби Ислом Каримов ҳақида ҳам барча яширилган сирлар, беркитилган маълумотлар юзага чиқади. Ҳали кўп китоблар ёзилади, кўп олимлар бу мавзуда илмий ишлар қилади…
*****
Хуллас, Ислом Каримовнинг акаси Арслон Абдуғаниевич Каримовнинг кенжа ўғли Жамшид Каримов билан 6 соатлик суҳбатимиз давомида жуда кўп мавзуларда суҳбатлашдик.
Суҳбатимиз асосан, Ислом Каримов туғилган оила ҳақида, хусусан, унинг ота-онаси, опаси, ака-укалари ва уларнинг авлодлари ҳақида бўлди.
Қолаверса, Ислом Каримовнинг ўз оиласи, рафиқалари ва фарзандлари ҳақида ҳам атрофлича суҳбатлашдик.
Бир сўз билан айтганда, ўзбек халқи ҳали ҳеч қачон эшитмаган, билмаган ҳаққоний маълумотларни Жамшид Каримов биз билан ўртоқлашди.
Жамшид аканинг кўп гапларидан ҳайратга тушдим, ёқамни ушладим…
27 йил Ўзбекистонга раҳбарлик қилган инсоннинг ҳақиқий ҳаёт йўлига, унинг ўз оиласи ва яқинларига бўлган муносабатига қулоқ турар эканман, «водариғ, наҳотки», дея олдим, холос.
Ваҳоланки, ўтган йиллар давомида Ислом Каримов ҳақида, ҳам Ўзбекистонда расмий чоп этилган, ҳам хорижда нашр қилинган кўплаб китобларни, мақолаларни ўқиганман. У билан бирга ишлаган бир қатор сиёсатчилар, дипломатлар, депутатлар, таниқли журналистлар ва атоқли адиблар билан кўп суҳбатлашганман, интервьюлар олганман.
Лекин, ҳеч қачон Ислом Каримов оиласи, яқинлари билан суҳбатлашмаганман. Менда бундай имконият бўлмаган… Бироқ, Татьяна Акбаровнанинг Фарғонадаги айрим қариндошлари билан бир пайтлар озроқ гаплашганман… Ислом Каримовнинг ўзини икки марта яқиндан, бир марта узоқроқдан кўрганман…
*****
Жамшид Каримов билан аудиосуҳбатимизнинг 1-қисми яқин кунларда Ziyo Nur студиясининг Youtube каналида эфирга берилади.
Интервьюни матн шаклида ҳам чоп қилишни режалаганмиз.
Жамшид ака рус тилида сўзлаганлари сабабли, интервьюнинг ўзбек тилига таржима ишлари ва бошқа техник жараёнлари, табиийки, маълум вақтни талаб қилади. Боз устига, суҳбат узоқ давом этган.
Имконимиз қадар интервьюнинг 1-қисмини тез вақт ичида нашр қилишликка ҳаракат қиламиз. Facebook саҳифамизда ҳам эълон қиламиз.
Бизни кузатиб боринг!
*****
Жамшид Арслонович Каримов ҳақида қисқача маълумот:
1967 йил Жиззах шаҳрида хизматчи, юрист оиласида туғилган. Мутахассислиги: филолог-педагог, журналист.
Журналистик фаолияти давомида жамиятдаги адолатсизликларга қарши кескин курашиб, хорижий матбуотларда кўплаб мақолалари билан кенг танилган.
Амакиси, президент Ислом Каримов шахсига ва сиёсатига танқидий ёндашгани, унинг кўп сирларидан воқиф бўлганлиги ҳамда мухолиф кўз қарашдалиги ортидан, Жамшид Каримов соғлом бўлгани тарзда, Самарқандда руҳий касалликлар шифохонасида 2006 йилдан бери мажбурий ва яширин тарзда, ғайриқонуний равишда сақланиб келинган.
Ислом Каримов вафотидан сўнг, 2017 йилнинг февраль ойида 11 йиллик тутқунликдан кейин озодликка чиқарилган.
Айни дамда қизи билан Жиззах шаҳрида яшайди. Озод этилганидан 8 ой ўтиб ҳам унга паспорт берилмаётганидан шикоят қилади. Бу борада президент Шавкат Мирзиёев порталига ёзган мурожаатлари ҳам жавобсиз қолаётганини айтади.
У Буюк Британиянинг Уруш ва тинчликни ёритиш институти (IWPR), «Жиззах ҳақиқати», «Зеркало XXI», «Молодежь Узбекистана» газеталарида, «Фарғона» АА нашрларида ишлаган.
Улуғбек Бакир
журналист
29 октябрь, 2017 йил,
Норвегия
ИСЛОМ КАРИМОВНИНГ ЖИЯНИ ЖАМШИД КАРИМОВ БИЛАН ДИЛДАН СУҲБАТ (анонс)Бугун, Ўзбекистонга 27 йил раҳбарлик қилган марҳум п…
Posted by Ulug'bek Bakir on Sonntag, 29. Oktober 2017
Fikr bildirish