Улуғбек Бакир: Давлат тили. Миллат дарди. Халқ қайғуси (Оммабоп таҳлилий мақола)

Одами эрсанг демагил одами,
Ониким йўқ халқ ғамидин ғами.
Алишер Навоий

М У Н Д А Р И Ж А:

ЎЗБЕК ТИЛИ – ДАВЛАТ ТИЛИ
КАСАЛЛИГИМИЗ ТАРИХИ
ДАРДГА ДАВО ИЗЛАБ
ҚУВҒИН
ОСМОНИМИЗ МУСАФФО
ҚАРСАКБОЗЛИК
“ЧЎНТАК ПАРТИЯЛАР”. “ҚЎҒИРЧОҚ” ДЕПУТАТЛАР
ШАФФОФ САЙЛОВЛАР КЕРАК
ОНА ТИЛИМ – ЖОНУ ДИЛИМ
ДАВЛАТ ТИЛИ ДАВЛАТДА ИШЛАЙДИМИ?
ҲАР ЖОЙНИНГ ЎЗ ТИЛИ БОР

1. ЎЗБЕК ТИЛИ – ДАВЛАТ ТИЛИ

Куни кеча ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигига 28 йил тўлди. 1989 йил 21 октябрда Ўзбекистон ҳали мустақилликни қўлга киритмасдан аввал “Давлат тили тўғрисида”ги қонун қабул қилинган эди.

Бу қонун ўз-ўзидан қабул қилиниб қолган эмас. Ўзбек тили – давлат тили бўлиши учун жуда кўп курашлар бўлиб ўтган. 1988 йил 11 ноябрда бир қатор зиёлилар томонидан Ўзбекистон тарихида илк бор ташкил этилган ҳукуматга мухолиф ташкилот – “Бирлик” Халқ Ҳаракатининг Тошкент марказида, кўп минг сонли намойишчилар иштирокида тинимсиз ўтказган митинглари сабабли ўзбек тили давлат тили мақомини олган.

1989 йилдаги Ўзбекистон ҳукумати, жумладан, тўрт ой аввал иқтидорга келган мамлакат раҳбари Ислом Каримов ўзбек тилига давлат тили мақоми берилишига қарши турганлигини, лекин, ўзбек халқи талаби билан бу қонун қабул қилинганлигини халқимиз яхши эслайди. Кимдир истайдими, истамайдими, бу тарихий ҳақиқат.

Орадан бир йил ўтиб-ўтмай, 1990 йил 20 июнда Ўзбекистон парламенти – Олий Кенгаш депутатларининг 90 фоизи И.Каримовнинг хоҳишига қарама-қарши бир шаклда Мустақиллик Декларациясини қабул қилган. Аслида шу сана Ўзбекистон мустақилликка эришган кундир.

2. КАСАЛЛИГИМИЗ ТАРИХИ

Хўш, 28 йил аввал эришилган давлат тили – ўзбек тилимизнинг бугунги аҳволи қандай? 28 йилдирки, бу савол атрофида бир қатор зиёлиларимиз, тилимиз жонкуярлари тинмай гапирадилар, кўплаб мақолалар ёзадилар. Лекин, аҳволимиз ҳеч ўзгарай демайди.

Бу аслида жамиятимизнинг, миллатимизнинг оғир дарди, тузалмаётган сурункали касаллигидир. Тиббиётдан маълумки, ҳар қандай касалликни даволашдан аввал унга тўғри ташхис қўйилиши керак. Агарда шифокор томонидан ташхис нотўғри қўйилиб даволанса, беморнинг ҳоли баттар ёмонлашиб, оқибатда ўлиши ҳам мумкин.

Жамиятдаги, давлатдаги иллат-касалликларни ҳам даволашдан олдин унга тўғри ташхис қўйилиши керак. Акс ҳолда, касалликларимиз тузалмайди, яна бошқа кўчаларда сарсон бўлиб, зулмат ичидан бошимиз чиқмайди.

Бир йилдан бери президент Шавкат Мирзиёев бот-бот такрорлаб айтиб келаётган муаммолар аслида бир кунда пайдо бўлган эмас. Ўтган 25 йил даврда ҳамма соҳа вайрон бўлиб, ўта абгор ҳолга келиб қолганлигини президент ойнаи жаҳондан айтавериб, чарчамади.

Ўзбекистон бугун улкан муаммолар гирдобида қолганлигининг асл сабабини президент балки ўзбекчилик қилиб ёки яна бошқа сабаб халққа ошкора айтолмаябди ёҳуд айтишни истамаябди (ҳозирча). Лекин, доно халқимиз гап нимада эканлигини аллақачон тушуниб етган. Президентнинг танқид қилмаган соҳаси, айтмаган гапи қолмади, ҳисоб.

Шавкат Мирзиёевнинг биргина “Биз энди ортиқ аввалгидек яшай олмаймиз, у пайтлар ўтиб кетди, энди янгича яшашга ўрганмасак, халқ биздан рози бўлмайди. Биз халқдан узилиб, ёлғон рақамларга маҳлиё бўлиб, одамларнинг дарди ва ташвишини унутиб, оёғимиз ердан узилиб, ўзимизни ҳам, халқни ҳам алдаб, шу куйга тушмадикми?

Ҳалиям биз барчамиз ўз халқимиз учун бош эгиб, сажда қилишимиз керак, бардош бергани, чидагани учун. Биз ишимизни мутлақо янги тизим асосида ташкил этишимиз керак”, деган сўзлари бизнинг 25 йиллик ўтган давримизга берилган муносиб баҳодир.

Энди дўппини ерга қўйиб, бир ўйлаб кўрайлик. Ўтган 25 йил ичида бу муаммоларни, хато ва камчиликларни ўз вақтида очиқ-ошкора айтиб, дардимизга тўғри ташхис қўйиб, даволасак нима бўларди? У ҳолда бугунгидек, аянчли ҳолга тушмаган бўлардик.

Бугун чорак аср ичида тўпланиб қолган бир уюм муаммоларни қандай ечиш ҳақида бош қотириб ўтирмасдан, олдинга интилиб, янги чўққиларни забт этишга ҳаракат қилаётган бўлардик.

Агарда касаллигимизга тўғри ташхсис қўйиб, ўз вақтида даволаганимизда эди, дардимиз бугунгидек газак отиб кетмаган бўларди. Шундай бўлганида эди, бугун мамлакатнинг биринчи раҳбари юқори минбардан туриб, халққа қандай қилиб товуқ боқишни-ю, тухумларни қандай сотишни, қандай қилиб лимон экишни-ю, заъфарондан қандай фойда кўришликни такрор ва такрор айтмаган, балки дунёнинг энг ривожланган давлатлари қаторига қандай чиқишимиз мумкинлиги ҳақида маъруза қилган бўларди.

Афсуски, бугун президент шундай гапларни айтишга мажбур бўляпти. Дунёда одамлар самоларни забт этаётган пайтда бизлар оддий маиший нарсалар билан шуғулланишга мажбур қолдик.

Қашқадарёда оддий фермер-деҳқон ўз пешона тери билан етиштирган бодринг, помидор ва пиëз каби маҳсулотларини тирикчилик илинжида бозорда сотаётгани учун уни эркак ёки аёл демасдан, туман ҳокими “нега пахта режасини бажармасдан бозорда юрибсан”, деб туни билан милиция бўлимида ҳибсда сақласа.

Андижонда бўлса, бир туман ҳокими вилоят ҳокимининг йиғилишдаги дўқ-пўписа ва ҳақоратларига чидай олмасдан, иш кабинетида оғиз-бурнидан қон кетиб ўлим топса, уни устига мамлакат бўйлаб, пахта мавсуми билан боғлиқ ўлим ҳолатлари кўпайиб кетса, бу ёқдан президент тинмай ислоҳотлар ҳақида гапириб турса, ўзи қайси замонда, нечанчи асрда яшаяпмиз, деб ёқангни ушлаб қоласан киши.

3. ДАРДГА ДАВО ИЗЛАБ

Хўш, ўтган 25 йил ичида юқорида тилга олганимиз – муаммолар ҳақида, дардларимиз тўғрисида 30 млн.лик Ўзбекистон халқидан садо чиқмадими? Шунча вақт мобайнида ҳеч ким ҳеч нарса кўрмадими, эшитмадими?!

Албатта, айтилди, гапирилди, ёзилди. Лекин, бу овозлар, бу нолалар энг юқоригача етиб бормади. Аниқроғи, юқорида ўтирган халқ дардига маъсул бўлган раҳбар(лар) эшитиб туриб ҳам, билиб туриб ҳам, ўз(лар)ини эшитмаганга, билмаганга солди. Жамиятда адолатсизликлар шу даражага етиб бордики, бугун президент прокурор ва судьяларни “ҳамманг ўғри муттаҳамсанлар, сенлардан халқ тўйган” дейишгача борди.

«Мана биз янги Бош прокурор қўйдик, 80 фоиз одамни ўзгартирдик, олдинги қолган ахлатдан, тизимдан, менга бош прокурор қолдирган ўғри тизимидан 20-15 фоиз одамлар юрибди… Барибир ўзгартирамиз охиригача. Ё прокурор ҳалол бўлиб ишлайди, ё умуман прокуратурани йўқ қиламиз. Одамларнинг бошига бало бу, прокурор деган бало. Ҳалол ишламайдими, кетади ҳаммаси”, – деган эди, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2 август куни ўтказган видеоселектор йиғилишида прокурорлар ва уларнинг фаолиятини қаттиқ танқид қилиб.

Аслида нега бундай абгор ҳолга тушдик. Ахир бизлар “ҳеч кимдан кам эмасмиз, кам бўлмаймиз ҳам”, деб кўкрагимизни кериб гапирардик-ку!..

Савол: Президент Мирзиёев айтиб келаётган, чорак асрда тўпланган давлат ва жамиятдаги қатор муаммолар ҳақида ўз вақтида гапирганлар, ҳукуматга мурожаат қилганлар, ёзганлар бўлмади?

Жавоб: Бўлди, улар ҳозир ҳам бор.

Савол: Хўш, айтилган бўлса, нимага ўз вақтида чора кўрилиб, муаммолар бартараф этилмади?

Жавоб: Муаммоларни эшитиш, бартараф этиш у ёқда, уларни очиқ айтганларга, ошкора ёзганларга “халқ душмани”, “ватан хоинлари”, “тинчлигимизни кўролмайдиган қора кучлар” каби турли ёрлиқлар ёпиштирилиб, улар турли туҳмат ва бўҳтонлар билан ноҳақ қамалиб, умри қамоқларда чиритилди, айримлари қамоқхоналардаги ваҳшиёна қийноқлар сабабли ўлдирилди, қолганлари ватандан бадарға қилинди.

Ноҳақ қамалиб, узоқ йиллардан бери қамоқхоналарда сақланаётган кўплаб миллатимиз жонкуярлари, халқимиз ойдинларидан 14 нафари, шукрки, мана бир йилдан бери озодликка чиқарилмоқда. Лекин, яна кўплаб сиёсий ва диний маҳкумлар зиндонларда қолмоқда.

Қишлоқ хўжалиги соҳасидан тортиб, прокуратура, ИИВ, МХХ, суд- ҳуқуқ тизими, мудофаа, чегара масалалари, яқин қўшничилик алоқалари, миллий бойликлар, дипломатия, тиббиёт, маориф ва таълим, соғлиқни сақлаш соҳасигача, диний соҳадан бошлаб, адабиёт ва санъат, демократия ва инсон ҳуқуқлари, ҳаққоний шаффоф сайловлар, журналистика, эркин матбуот, иқтисод, молия ва банк, сиёсат, спорт соҳасигача бўлган талай муаммо ва дардларимизни ўтган 25 йил ичида, ўз вақтида шу соҳанинг асл фидойилари бўлмиш миллатимиз ойдинлари гоҳ якка тартибда, гоҳ турли ташкилотларга бирлашиб, тинмай айтиб келишди.

Ёзмаган мақола ва маърузалари, ҳисоботлари-ю, ҳатто, китоблари қолмади. Сўзламаган радиолари, чиқмаган телевидениелари қолмади. Халқаро минбарлардан турли тилларда гапиралавериб, чарчалмади. Лекин, буларнинг бари ватан ичида бўлмади.

Ватанда эшитиш, тинглаш, бу дардларга қулоқ тутиш ўрнига, улар юртдан бадарға қилинди, қамалди, қийноқлар остида ваҳшийларча ўлдирилди, айримлари сирли равишда ғойиб бўлди. Афсуски, бу “иш”лар халқимиздан гоҳ яширин, гоҳ ошкора шаклда, ёлғон ва туҳматлар эвазига номардларча қилинди.

Бу жиноятларни фақат уни содир этган ҳукумат билди, мухолифат билди ва ватандаги айрим зиёлиларимизгина билдилар, холос. Оддий халқ қаердан ҳам билсин. Ватандаги расмий телевидение, радиоларда бу ҳақда гапирилмаган бўлса, газеталарда ёзилмаган бўлса, интернетга катта қулф солиниб, тўсиқ қўйилган бўлса, одамлар дунё матбуотини бошқа хориж тилларида кузатишдан маҳрум этилган бўлса, табиийки, оддий халқ бунча муаммоларни қаердан ҳам билсин.

Агарда ошкора, шаффоф ҳолда қилинганида эди, доно халқимиз ўзининг бундай мард ва жасур, оқил фарзандларини бир ҳовуч муттаҳам амалдорларга “ем” қилиб ташлаб қўймас эди. Худди яқинда юртга қайтган адибимиз Нуруллоҳ Рауфхонни ташлаб қўймагани каби.

Мана нима учун ошкоралик, эркинлик керак!

Ошкоралик ўрнига халқнинг қулоғи кар, кўзи кўр, оғзи соқов қилиниб, эрталабдан кечага телевидение ва радиоларда фақат “яллама ёрим, яллола” қўшиқлари берилди, шоирларнинг “ўлдим, куйдим” каби севги-муҳаббат шеърлари ўқилди. Президент Мирзиёев айтганидек, ойнаи жаҳондан тонгдан оқшомгача хорижий сериаллар берилди.

Қаерга қаралса, ҳаммаёқни бемаза концертлар, бир тийинга қиммат “хонтахта” кинолар босиб кетди. Асл санъаткорларнинг, ҳақиқий адибларнинг асарлари тортмаларда қолиб кетди. Ўзлари жамиятдан, матбуотдан четлатилди, уларга тақиқ қўйилди.

Ўзбек халқининг оҳу-додлари Яратганга етиб борди чоғи, юртга Мирзиёев президент бўлиб келдики, бу муаммоларни қаторлаштириб, ҳар куни телевидениедан баралла айта бошлади. Ҳамма ёқасини ушлаб, қуёш қаердан чиққанига ҳайрон қолди. Мирзиёев ҳам бу муаммоларни шунча йиллар давомида юрагида сақлаб юрганлиги ўртага чиқди.

Акс ҳолда, иқтидорга келган янги президент 3-4 ой ичида бунча оғриқли муаммоларни бирданига ошкора айтишга тайёр бўлмас эди. 13 йил давомида Бош вазир лавозимида ишлаган Шавкат Мирзиёевнинг ҳатто, суратини ҳам кўрмаган оддий халқ, янги президентнинг бу мардонавор ҳаракатларидан бир қалқиб тушди.

Ана ундан кейин телевидение, радио, газеталар, интернет нашрлар 180 даражага тубдан ўзгариб, кеча оғзиларидан бол томим мақтаб юрган масалаларни энди тескарисини, аниқроғи, ҳаққонийсини гапира бошлашди. ТВда жонли эфирлар пайдо бўлиб, унда жамиятдаги оғир муаммолар очиқ-ошкора айтила бошланди. Лекин, бу ҳам унча узоққа чўзилмай, попуги пасайтирилди.

4. ҚУВҒИН

Асл ватанпарвар зиёлиларимиз Ватандан қувиб чиқарилганларидан кейин ҳам улар “менга нима, нима бўлса бўлмайдими, шунча курашдим, шунча гапирдим фойдаси бўлмади.

Мана энг фаровон, ривожланган давлатларга келиб қолдим, бу ерларга келишни орзу қилганлар қанча, энди бу ёғига ўзим учун, фарзандларим, яқинларим учун мазза қилиб яшай, қорним тўқ, устим бут, тагимда машина, уйим, яхши маош тўланадиган ишим бор, дунёни кўриб, саёҳат қилиб умргузаронлик қилай” демасдан, хорижда ҳам ўзи туғилиб ўсган ватани ғамида кеча-ю кундуз ёниб яшашди, яшашмоқда.

Охир-оқибат, юқорида айтганимдек, “халқ душмани”, “ватан хоини”, “ватангадо” каби ёрлиқларга “эришишди”. Худди бундан 80 йил муқаддам босқинчилар томонидан отилган миллатимиз ойдинлари бўлмиш – буюк Қодирий, Чўлпон, Фитратлар бу ёрлиқларга “эришгани” каби.

Нима бўлишига қарамасдан, барча машаққатларга чидаган ва чидаб келаётган бармоқ билан санарли даражада, ватан ичида жуда оз қолган миллатпарвар, халқпарвар зиёлиларимизга таъзим қилишимиз керак. Улар ўзлари ва яқинларининг ҳаётига хавф бўлса-да, урилиб-сурилиб, таъна-дашномлар эшитиб, ҳақиқат ва адолат қарор топиши учун тинмай курашиб келишмоқда.

5. ОСМОНИМИЗ МУСАФФО

Бугун президент таъкидлаётган, чорак аср мобайнида йиғилган муаммоларни миллат ойдинлари ўз вақтида айтган пайтларида уларга душман деб қаралди. Улар келтирган далил ва асосларга, ҳужжатларга кўз юмулиб, унинг ўрнига ярим ўрисча, ярим ўзбекча “а зато юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, қолган нарсалар секин бўлаверади” қабилидаги манқуртона иборалар ёппасига урчиб кетди.

“Ҳой, барака топгур, осмон мусаффо бўлгани билан, юртда эрталабдан кечгача бемаза лапарлар янграни билан муаммолар ўз-ўзидан ечилиб қолмайди. Уни биров келиб, ҳал қилиб бермайди” дейилганда, қаердаги бўлмағур аҳмоқона гаплар билан бу ҳаққоний сўзларга болта урилди. Охир-оқибат топганимиз бугунги аччиқ ҳолат бўлди.

Албатта, юртимиз тинчлиги, осмонимиз мусаффолиги ҳаммамизга керак. Илоҳим, ҳамиша шундай бўлсин! Лекин, бизлар нима учундир ватанимизни ҳамиша нотинч бўлган, ривожланмаган давлатларга солиштираверамиз. Тўғри, дунёнинг айрим жойларида урушлар кетмоқда. Уларга ачинамиз, албатта.

Биз уларга ачиниш, имконимиз бўлса ёрдам бериш баробарида, Яратганга шукроналар келтириб, дунёда ривожланган, халқи фаровон яшаётган, тараққиётга эришаётган мамлакатларга қараб, ўзимизни таққосламаймизми? Шунда бизлар ҳам улар каби ривожланмаймизми? Қачонгача ўзимизни ўзимиз алдаб, баландпарвоз, қизил гаплар билан ёш болага ўхшаб “мени хўрозқандим ҳамманикидан ширин”, деб мақтаниб юраверамиз?!

6. ҚАРСАКБОЗЛИК

“Бизда ҳамма нарса зўр, олам гулистон, ура-ура”, деб мана чорак асрни ўтказдик. Бу давр мобайнида қанча сувлар оқиб ўтди, қанча азизларимиз дунёдан ўтиб, яна қанча гўдакларимиз дунёга келди. 25 йил! Инсон умрининг айни гуллаган, кучга тўлган палласи!..

Президент бугун деярли барча соҳани янгитдан ислоҳ қилиб (сиёсий ислоҳотлар ҳозирча кўринмаяпти), янги тизим яратмоқчи бўляпти. Лекин, бир муҳим савол очиқ қолмоқда. Орадан яна 20-25 йил вақт ўтгандан кейин, худди бугунгидек, ҳамма ишни яна қайтадан бошламаймизми?!

Бир вақтлар Ислом Каримов ҳам ҳокимиятга янги келганда ислоҳотлар тўғрисида, ҳозиргидек, гап-сўзлар бўлмаганмиди? Бўлганди… Натижасини эса, мана кўриб турибмиз…

Ҳозирда ҳам бирор хатолик бўлмаётганига ким кафолат бера олади? Албатта, иш бор жойда хато бўлиши табиийдир. Беайб парвардигор! Бу ҳақда Мирзиёев ҳам “хатоларим бўлса, тан оламан ва тўғрилайман” деган мазмунда яқинда гапирди. Бундай бўлса, яхши.

Лекин, ҳар қандай инсон, шу жумладан, давлат раҳбари ҳам, ҳатто, доноларнинг доноси, олимларнинг олими бўлган чоғида ҳам ўзининг хатоси ўзига кўринмайди, билинмайди. Президентнинг ёнидаги давлат маслаҳатчилари ва вазирларимиз ҳеч қачон президентга дадил тарзда бу хато, бу тўғри деб айта олмайди. Уларга ҳам амал ва тинчлик керак.

Президент нима деса, шуни маъқуллаб туришдан бошқага ярашмайди. Худди қадимги Қўқон хони Худоёрхон давридагидек. Боз устига кўпининг ёши бир жойга етиб қолган. Улар мажлисларда тинмай президентнинг нутқларини дафтарга ёзиш билан ва қарсақбозлик билан кун ўтказмоқдалар. Аввал ҳам булар шундай эди.

Ҳар икки гапининг бирида “муҳтарам президентимиз, улуғ юрбошимиз” деб маддоҳлик қилиб, мақтайвериб Каримовни салкам пайғамбарга тенглаштириб қўйишган эди. Ҳозир ҳам аҳвол ўша-ўша.

Олдингидан фарқи, ҳозирда кўп вазирларни, ҳокимларни халқ ойнаи жаҳон орқали кўриб, уларни юзидан таний бошлади. Олдин ТВда фақат бир киши кўрсатиларди, холос.

Буларни яхши тушунган президент Мирзиёев уларнинг жойини алмаштириб, худди ҳокимлар каби кўпларини ишдан ҳайдаб улгурмаяпти. Ҳозир қайси вазир қаерда, қай ҳоким қаерга кетди, ким янги, ким эски ажратиб, таниб бўлмайди.

Мирзиёев ўзи айтганидек, янги ёш кадрларни қидирмоқда. Аммо, ёш кадрдар ҳам осмондан тушмайди…

Шавкат Мирзиёев «ура-ура қарсакбозлик керак эмас, беш йилни қарсакбозлик билан ўтказмаймиз», дейишга қарамасдан мулозимлар унинг гапларини янада қуюқ қарсаклар ва мақташлар билан кутиб олишда давом этмоқда.

7. “ЧЎНТАК ПАРТИЯЛАР”. “ҚЎҒИРЧОҚ” ДЕПУТАТЛАР

Инсоннинг хатосини чин дўсти кўзгу бўлиб, айтиб туради, камчиликлари тўғриланишида астойдил ёрдам беради. Душман бўлса, кулдириб, мақтаб, маддоҳлик қилиб, ишини битиради. Унга барибир, ҳар қандай замонда ҳам, ҳар қандай раҳбар даврида ҳам ялтоқлик қилиб, думини ликиллатиб, нафсини қондирса бўлди.

Хўш, бугун президентга хато ва камчиликлар ҳақида юрак ютиб, тўғридан-тўғри айтадиган сиёсатчи борми, Ўзбекистонда? Йўқ! Сабаби, буни айтадиган сиёсий мухолифат (оппозиция) йўқ, аниқроғи, улар йўқ қилинди, бадарға қилинди. Энг камида 10 йилдан бошлаб, 25 йилгача чет элларда яшаётган мухолифатчиларни ватанга қайтариш ҳақида шу кунгача лом-мим дейилмаяпти. Бу кетишда бўлса, дейилмаса ҳам керак.

Дунёнинг исталган демократик давлатларига қаранг, ҳамма ерда мухолифатчилар эркин, қонуний асосда сиёсий партиялар ўлароқ, фаолият олиб боради. Ўзбекистондаги мавжуд тўрт сиёсий партиялар эса “қўғирчоқ”, “чўнтак партия”лар эканлигини халқ ҳам, президент ҳам, уларнинг ўзлари ҳам яхши билади.

Бу партиялар фақат сайловлар пайтида кўзга кўриниб, ўзларига берилган ролларни қойилмақом тарзда ижро этиб, навбатдаги сайловгача яна йўқлик қаърига ғарқ бўладилар. Партияларнинг Олий Мажлисдаги “қўғирчоқ” депутатлари ҳам, асосан, қарсак чалишдан бошқа ишга ярашмайди.

Тўғри, яқиндан бери, президентнинг кескин танқидларидан кейин халқ уларни ойнаи жаҳон орқали оз-моз таний бошлади. Лекин, шунда ҳам улар юрак ютиб, ўзларининг сиёсий фаолиятларига доир асосий масалаларни гапирмай, 85-ўриндаги муаммолар ҳақида чиқиш қиладилар. Эссиз, буларга ажратилган эфир вақти…

Бошқа нормал давлатлардаги каби бу депутатлар икки дунёда ҳам расмий ҳукуматга мухолиф бўлиб, аниқ-тиниқ сиёсий дастурлар билан ўртага чиқолмайди. Ҳеч қачон президентни, ҳукуматни танқид қилишга юраги бетламайди. Бундай қилиш уларнинг етти ухлаб тушига ҳам кирмаган бўлса керак.

Танқид дегани бу – томонлар бир-бирига мағзава ағдариб, ёқалашади, бир-бирини ҳақоратларга кўмади, туҳмат-бўҳтонлар ёғдиради дегани эмас. Асосли, холис ва конструктив танқид – келажакнинг меваси эмасми?!

Мухолифат дегани бу асло – душманлик дегани эмас. Бу соғлом рақобат демакдир. Айтингчи, рақобат йўқ жойда ривожланиш бўладими?

Мухолифат бу – ойна, кўзгу! Ҳар куни президент ҳам, ҳукумат ҳам бу ойнадан ўзларининг аксларини кўриб туришлари керак. Шундагина олдинга силжиш бўлади, тараққиётга эришилади. Фақат шундагина яна орадан йиллар ўтиб, бугунгидек, афсус ва надомат чекиб, барча ишларни янгитдан бошламаймиз.

8. ШАФФОФ САЙЛОВЛАР КЕРАК

Олий Мажлисда ўтирган депутатлар эркин, шаффоф сайловлар орқали сайланмаганлигини бугун ёш болалар ҳам билса керак. Ўзбекистонда сайловлар қандай ғирромлик ва адолатсизликлар билан ўтишини, ҳозир бу ерда, яна такрорлашга ҳожат йўқ. Шахсан ўзим бундай сайловлар пайтида ишлаганим учун ҳам, бу тизимни яхши биламан, десам бўлади.

Ҳар қандай депутат номзоди аввал Тошкентдаги юқори идоралардан тасдиқлангандан кейин жойларда номигагина, кўзбўямачилик учун сайлов ўйинлари бўлиб ўтади. Кейин улар депутат этиб “сайланади”. Афсус, йиллар давомида халқимизнинг қанчадан-қанча маблағлари бу ўйинларда ҳам кўкларга совурилди. Депутатлик лавозими бир неча минг долларга, мўмай пора эвазига сотиб олинишини ҳар қандай соддадил ўзбек ҳам билса керак.

Ўзбекистонда порахўрлик, коррупция аралашмаган бирор бир соҳа қолмаганини биз эмас, президент Мирзиёев минбарларни муштлаб, куйиниб гапирябди. Бир йил ичида амалдорларга “ҳамманг порахўр, ҳамманг нонкўрсанлар”, деб очиқ айтиб, қанча раҳбарни президент ишдан олмади, дейсиз.

Гарчи шундай экан, президент дарҳол бугунги Олий Мажлис депутатларини тарқатиб юбориб, янги эркин, шаффоф, адолатли, ҳаққоний сайловларни ўтказиши керак. Бундай қилишга қонунан, президентнинг тўла ваколати бор. Сайловда халқ ўзи танлаган халқпарвар фарзандларига эркин овоз берсин. Ҳокимлар ҳам шундай умумхалқ сайловлари орқали сайланишлари зарур. Бу ҳақда президент бир гапирди-ю, кейин бу мавзуга бошқа қайтмади. Балки бугун бу ишларнинг фурсати эмасдир. Бугун президентнинг бошида сони бору саноғи йўқ, жуда чигал ва оғир ишлар қаторлашиб турибди.

Бир йил ичида чорак асрлик муаммоларни бирданига ечиб ташлайдиган президентнинг сеҳрли таёқчаси йўқлигини ҳам яхши тушунамиз. Шу билан бирга президентнинг барча фармон ва қарорлари Ўзбекистон бўйлаб бир хилда ишламаётганини ҳам ҳамма кўриб, билиб турибди. Лекин, эртами кечми барибир мамлакатда эркин сайловлар бўлиши керак. Фақат шундагина ривожланамиз!

Бутун Ўзбекистон фақат бир президент ва вазирларга қараб, ҳокимларга кўз тикиб, “олма пиш оғзимга туш, берсанг ейман, урсанг ўламан”, деб ўтираверса, яна бир неча ўн йилликларга орқага кетишимиз муқаррар. Бундан эса Худонинг ўзи асрасин!

Давлат ва жамиятнинг ҳамма бўғинлари аравани тенг тортиши керак. Ҳукумат ҳам, парламент ҳам, маҳкама (суд тизими) ҳам, бизнес ҳам, мухолифат ҳам, фуқаролик жамияти ҳам, матбуот ҳам биргаликда елкама-елка ишласагина ривожланиш бўлади.

Ҳозир фақат ҳукумат ўз билганича ишламоқда. Парламентимиз эса нима иш қилаётганлигини ўзи билмайди. Уларни ҳам президент туртиб турмаса, тебранишмайди.

Ваҳоланки, улар тўла мустақил бўлишлари керак. Маҳкаманинг ҳам ўта абгор аҳволини Мирзиёев ўзи яхшилаб телевизорда халққа тушунтириб берди. Тадбиркорлик (бизнес) соҳаси ҳам давлатдан тўла ҳолда мустақил эмас. Бу соҳада ҳам муаммоллар қалашиб ётибди. Мухолифат эса таг-туги билан йўқ, ҳаммаси хорижда. Фуқаролик жамияти ҳам шундай йўқ ҳолда. Матбуотимиз аввалгига нисбатан анча жонланиб қолди. Лекин, улар ҳам тўла мустақил эмас.

Хулоса қилиб айтганда, бугунги Ўзбекистоннинг бир қаноти бор-у иккинчи қаноти йўқ қуш кабидир. Икки қаноти бўлмаса, қуш учолмайди. Ўша иккинчи қанотни тўғрилашимиз, биргаликда тузатишимиз керак. Бу ишни қанча эртароқ қилсак, шунча яхши. Зотан, жонажон Ўзбекистонимиз, барчамизнинг азиз она Ватанимиздир!

9. ОНА ТИЛИМ – ЖОНУ ДИЛИМ

Ҳар бир халқ, ҳар бир миллатнинг қудрати энг аввало, унинг тилидадир. Бугун дунёдаги энг қудратли давлатларга боқинг, ҳаммаси биринчи галда, ўз она тилларига катта эътибор ва ҳурмат билан қарашади. АҚШ, Европа, Хитой, Россия, Туркия, Араб мамлакатлари каби бир қатор давлатларни олиб қаранг, барчасида ўз тили ҳукмрон. Бежиз ҳазрат Навоий “Тилга ихтиёрсиз — элга эътиборсиз”, деб айтмаган.

Ўзбекистонимизда бугун давлат тили – она тилимизга эътибор қай даражада? Бу саволга жавоб топиш учун ҳам яна ўша касаллигимиз ташхисига мурожаат қилишимиз керак.

“Балиқ бошидан сасийди”, деганларидек ўзбек тилига эътибор энг юқори поғоналарда қай ҳолдалига назар солишимиз керак бўлади.

Ўзбек тили давлат тили мақомини олганлигидан 28 йил ўтиб ҳам давлатнинг энг юқори идоралари асосан рус тилида иш олиб боришини қандай тушунишимиз керак?!

28 йил эмас, атиги 3-5 йилда, боринг ана 10 йилда ҳар қандай хорижий тилни мукаммал ўрганиб, ўша тилда ҳужжат ишларини ҳам юритиш даражасига эришиш мумкин. Агарда бунга истак ва ирода бўлса, албатта. Табиийки, ўша тил сизга керак бўлса, албатта…

Мустақилликка эришганимиздан 26 йил ўтиб ҳам она тилимизни мукаммал ўргана олмадик. Ҳали ҳануз президент фармонлари, қарорлари, Вазирлар Маҳкамаси ва бошқа қатор юқори давлат идораларининг норматив ҳужжатлари аввал рус тилида тайёрланиб, кейин ўзбек тилига таржима қилинади. Бунда ҳам ҳамма ҳужжатлар ўзбек тилига таржима қилинмайди.

Президент Каримов 27 йил Ўзбекистонга раҳбарлик қилган бўлса, бирор марта ўзбек тилида ёзилган ҳужжатга имзо қўймаганлиги маълум. Аввал рус тилидаги ҳужжатни имзолаган. Бирор марта ўз қўли билан ўзбекча матн ёзмаган, бу тилда ўқимаган.

Ҳаттоки, оғзаки нутқида ҳам (қоғоздан ташқари ҳолда) ўзбекча сўзларни яхши талаффуз қилолмаган, гапларни ҳам тўғри шаклда тузолмаган. Бу сўзларни шунчаки осмондан олиб ёзаётганим йўқ. Агарда сиз эътибор бермаган бўлсангиз, архивлардан топиб кўришингиз мумкин. Бу ҳақда ўша пайтларда ҳам минг марта гапирганмиз, ёзганмиз…

Балки Ислом Каримов ўзбек тилида таҳсил олмагани, уни устига оиласи ҳам русий забон бўлганлиги учун ҳам ўзбек тилини яхши ўзлаштирмаган, дейишимиз мумкиндир. Хўп, 25 йил ичида тўпланган муаммоларнинг бир бўлаги сифатида бу муаммони ҳам бир четга суриб турайлик.

Лекин, нима учун ҳозир ҳам айнан шу муаммо давом этмоқда. Ҳозир ҳам президент Мирзиёев ҳужжатларни рус тилида имзолашни давом эттирмоқда. Бу ҳам етмаганидек, русча ёзилиб, имзоланган ҳужжатларнинг ҳаммаси ҳам ўзбек тилига таржима қилинмаябди.

Ўзбекистонда фаолият юритадиган sof.uz сайтида 21 октябрь куни нашр этилган “Ўзбек тили – халқники, рус тили – давлатники” номли мақолада айнан шу муаммо келтирилган.

“«Ўзбекистон Республикасининг давлат тили тўғрисида»ги Қонуннинг 6-моддаси биринчи қисмида қуйидагилар битилган: «Ўзбекистон Республикаси Олий давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг қарор ва бошқа ҳужжатлари республика давлат тилида тайёрланади, қабул қилинади ва эълон этилади. Расмий нашрларда уларнинг рус, қорақалпоқ, тожик, қозоқ, қирғиз, туркман ва бошқа тиллардаги таржимаси берилади»…

Афсуски, президент чиқарган норматив ҳужжатларнинг фақат рус тилида эълон қилиниши биринчи марта содир бўлиши эмас. 21 август санасидан бери president.uz сайтида жами 25 та норматив ҳужжат, жумладан, 8 та фармон ва 17 та қарорнинг имзолангани тўғрисида хабар берилгани ҳолда, фақатгина 12 та ҳужжат матни (6 та фармон ва 6 та қарор) ўзбек тилида эълон қилинган. Қолган 13 та норматив ҳужжат имзолангани ҳақида фақат рус тилида ахборот берилган”. (Иқтибос тугади).

Бу муаммо биринчидан, амалдаги қонун бузилиш ҳолати бўлса, иккинчидан ва энг асосийси, бу ўзбек тилига бўлган ҳурматсизлик ва фақат ўзбекча биладиган фуқароларнинг ҳуқуқларини топташдир.

Шу ўринда, Абдулла Қаҳҳор домланинг: “Нега кўчада қоида бузган кишига ҳуштак чалинади-ю, тилни бузганга ҳеч ким индамайди”, деган сўзларини эслашимиз фойдадан ҳоли бўлмайди.

10. ДАВЛАТ ТИЛИ ДАВЛАТДА ИШЛАЙДИМИ?

Вилоят туманларидаги ҳокимият идораларига Вазирлар Маҳкамасининг айрим қарорлари фақат рус тилида келганлиги ҳолатини гувоҳи бўлганман. Ўшанда туман ҳокимиятида бирорта рус тилини яхши биладиган ходим топилмаганидан бир неча кун ўша қарор бажарилиши тўхтаб қолган.

Энг қизиғи, ҳокимиятдаги масъул ходимлар худди жиноят қилиб, қўрқиб юргандек, рус тилини яхши билмасликларини раҳбарларига айтишолмаган. (Уларни ҳижолат қилмаслик учун исмларини ва жой номларини ёзмадим).

Кўчалардаги ёзувларни, рекламаларни, телевидениедаги кўрсатув номларини ва бошқа оммавий жойлардаги турли хил битикларни-ку, айтмаса ҳам бўлади. Кўпи хорижий тилларда ёзилган бўлса, бошқалари ичи тўла ғиғ-ғиж хато билан битилган. Бу ҳам бир четда қолиб, ҳатто, мактаб дарсликлари ва марказий газеталарда ҳамда бошқа турли адабиёт, нашрларда имло хатолар “ўтиб” кетаётганлигини қандай тунуниш мумкин?!

Ўзбек тилининг лотин ёзуви ҳақида-ку, умуман, гапирмасак ҳам бўлади. Бу ҳақда соҳа мутахассислари гапиравериб, чарчашди. Кўплаб тилшунос олимларимиз, улуғ адибларимиз жон куйдириб, бу дунёдан ўтиб кетишди.

Президент давлат тилида иш юрита олмайдиган айрим вазирлар билан рус тилида сўзлашади. Ваҳоланки, уларнинг она тили айнан ўзбек тилидир. Бу ҳам етмагандек, куни кеча “Тил байрами” куни арафасида президент Мирзиëев томонидан Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилиб, унга давлат тилида умуман иш юрита олмайдиган, она тилиси ўзбек тили бўлмаган бир аёл вазир қилиб тайинланди. Бу ёғига энди нима дейсиз?!

Ахир мустақил бир мамлакатнинг асоси айнан унинг давлат тилида эмасми?!

Ўзи ўзбек бўла туриб, она тилида ёзишни истамайдиган, бу тилда гапиришни ўзига эп кўрмайдиган айрим зиёлилар ва санъаткорларни ким деса бўлади? Улар учун рус тили гўёки, маданият тили-ю, ўзбек тили маданиятсиз тилми?! Яна бизлар ҳеч уялмай-нетмай, тинмасдан маънавият ва маърифат ҳақида оғзимизни тўлдириб гапирамиз. Айнан маънавият ва маърифат тилимизга бўлган эҳтиромдан бошланмайдими?! Агарда биз, жаҳолатга қарши маърифат билан курашар эканмиз, бу йўлда, энг аввало, тилимиздаги нуқсонларга қарши курашмоғимиз керак эмасми?!

Узоққа бормайлик, масалан, ён қўшнимиз, қардош Қирғизистонни олиб кўрайлик. Қирғизистонда қонун бўйича қирғиз тили давлат тили, рус тили эса расмий тил ҳисобланади (Ўзбекистонда рус тили бундай мақомда эмас).

“Қирғизистон Республикаси Президенти ва Жогорку Кенеш (парламент) сайлови тўғрисида”ги қонунга кўра, президентликка талабгор бўлган ҳар қандай шахс давлат тилидан махсус комиссия олдида имтиҳон топшириши шарт. Талабгор имтиҳондан ўтиб, комиссия томонидан берилган сертификатни Марказий Сайлов комиссияси (МСК)га тақдим этиб ва шу қонунда кўрсатилган яна бошқа талабларни бажаргандан кейингина номзод сифатида рўйхатга олинади. Акс ҳолда, рад жавоби берилади.

Қирғизистонда 15 октябрда бўлиб ўтган президент сайловида иштирок этиш мақсадида ариза топширган жами 59 талабгордан 37 нафарига МСК турли асосларга кўра рад жавоби бериб, уларни номзод сифатида рўйхатга олмаган. Бу сабаблар ичида айнан давлат тили (қирғиз тили) имтиҳони масаласи ҳам бор.

Ўзбекистон қонунларида эса бундай талаб йўқ. Конституциянинг 90-моддасида:

“Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган, давлат тилини яхши биладиган, бевосита сайловгача камида 10 йил Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси сайланиши мумкин.

Айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Ўзбекистон Республикасининг Президенти бўлиши мумкин эмас”, деб ёзилган. Лекин, президентликка номзоднинг давлат тилини билиш даражаси қай йўсинда аниқланиш кераклиги ҳақида қонунларда назарда тутилмаган.

Қирғизистонда рус тили расмий тил ҳисоблангани баробарида, президентликка талабгорлардан бу тилни билиши ҳақида қонунларда ҳеч бир ҳолат кўрсатилмаган.

11. ҲАР ЖОЙНИНГ ЎЗ ТИЛИ БОР

Камина 10 йилдан бери Европада яшайман. Шу йиллар ичида баъзан иш юзасидан, баъзан эса саёҳат қилиб, бошқа мамлакатлар қаторида Европанинг ҳам жуда кўп давлатларида бўлганман. Қаерга бормай, туб аҳоли фақат ўз тилларида сўзлашадилар.

Францияда сиз инглиз тилида гапирсангиз ҳам улар сизни тушуниб турсалар-да, лекин, француз тилида жавоб қайтарадилар. Германияда ҳам айнан шундай, немис тилида жавоб оласиз. Италия, Испанияда ҳам деярли шу каби ҳолат. Амаллаб, инглиз тилида гапиришларини илтимос қиласиз, кейин сиз билан мулоқот қилишади.

Биз билан олдин иттифоқдош республикалар қаторида бўлган, бошқа қардош халқлар билан рус тилида сўзлашган Болтиқ бўйи давлатлари: Латвия, Литва ва Эстонияда рус тилини билганлари ҳам бу тилда гаплашишни хоҳламайди. Ё уларни тилида сўзлашингиз керак ёки инглиз тилида. Польшада ҳам айни ҳолат. Рус тилида гапирсангиз, сизга ёқимли тарзда қарашмайди. Ҳозир Украинада ҳам шу урфга кириб боряпти.

Бу менимча, яхши ҳолат эмас. Инсон ўз она тилини билгани ҳолда бошқа хориж тилларида, айниқса, чет элдан келган меҳмонлар билан мулоқот қилишининг ҳеч зарар томони йўқ. Тил билган жуда яхши. Бу ҳам катта бойлик. Аммо, ҳар қандай мамлакатда чет тилларни ўрганиш, ўз она тили ҳисобига бўлмаслиги керак. Жумладан, Ўзбекистонда ҳам.

Ўзим яшайдиган Норвегияда ҳам ва бошқа Европа давлатларида ҳам, аввало, давлат тилига оддий деҳқондан тортиб, то мамлакат раҳбаригача қатъий амал қилади. Барча иш юритишлар, ҳужжат ишлари, кўчалардаги ва бошқа жойлардаги ёзувлар ҳам фақат давлат тилида олиб борилади. Ваҳоланки, маҳаллий аҳолининг деярли ҳаммаси инглиз тилини иккинчи тил сифатида яхши билади.

Норвегияда ўрта мактабларда ўқувчилар норвег тилидан ташқари, инглиз тилини энг қуйи синфлардан бошлаб мукаммал ўрганади ва яна қўшимча тарзда Европа тилларидан бирини ҳам ўзлари танлаб, яхши ўзлаштириб мактабни тугатадилар. Масалан, испан, немис ёки француз тилларини. Бошқа Европа мамлакатларида ҳам шундай таълим тизими мавжуд.

Гарчи шундай бўлсада, асло давлат тилидан бошқа тил(лар)да иш юритилмайди. (Халқаро ташкилотлар, аэропортлар ва саёҳлар учун хизмат қиладиган бошқа муассасалар бундан истисно).

Норвегияга яшаш учун янги келган хорижликларга норвег тилини ўзлаштириб олгунларича, маълум муддат мутасаддилар инглиз тилида мулоқот олиб боришлари мумкин. Лекин, бутун умр эмас. Хорижликлар норвег тилини тезроқ ўзлаштиришлари учун давлат барча қулай шарт-шароит ва имкониятларни кенг йўлга қўйган. Бу тизим нафақат Норвегияда балки бошқа Европа мамлакатларида ҳам шу зайлда ишлайди.

Агарда норвег тилини билмасангиз, сизни ҳеч қаерга, ҳаттоки, фаррошликка ҳам ишга олишмайди. (Халқаро ташкилотлар, аэропортлар ва саёҳлар учун хизмат қиладиган бошқа муассасалар бундан истисно).

Энди Европа Ўзбекистонга ҳар томонлама узоқ бўлса, Россия эса ҳар томонлама яқин давлатдир. Миллионлаган ўзбекистонликлар энг камида 20 йилдан буён Россияда ишлаб, тирикчилик қиладилар. Уларнинг аҳволи нақадар оғир ва ачинарли эканлигини яхши биламиз. Боз устига рус тилини билмасалар, бу оғирлик тепасига яна ўн, юз чандон оғирлик келиб қўшилади. Россияда расмий ишлаш учун меҳнат муҳожирлари рус тилидан имтиҳон топширишлари шарт.

Хуллас, дунёнинг исталган мамлакатига боринг, у ерда энг биричи ўринда ўзларининг давлат тили (она тили)га амал қилинаётганини кўрасиз. Тўғри, Африкадаги каби баъзи ривожланмаган давлатлар бундан мустасно, албатта.

Азиз она Ватанимиз – мустақил Ўзбекистонда қачон давлат тилига қатъий амал қилинади?!

Ва қачон дунёнинг энг юксак минбари бўлмиш – Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) минбаридан ҳам Ўзбек тили янграйди.

Маълумот учун:

БМТнинг расмий 6 та: инглиз, араб, испан, хитой, рус ва француз тиллари бор. Мазкур расмий тиллардан ташқари, БМТ Бош Ассамблеясининг йиллик сессияда давлат раҳбарлари аввалдан келишилган ҳолда, маълум қоидалар асосида, ўз она тилларида нутқ сўзлашлари мумкин.

Масалан, бу йилги 72-сессияда Туркия, Тожикистон, Польша, Арманистон, Япония каби бир қатор яна бошқа давлатлар раҳбарлари, БМТ расмий тилларидан бирини билгани ҳолда, ўз она тилларида маъруза қилдилар.

Бу йил БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев рус тилида нутқ сўзлади. Аввалда ҳам Ислом Каримов мазкур минбардан бир неча маротаба фақат рус тилида маъруза қилган эди.

Эслатиб ўтамиз, бу йил Ўзбекистон:

Ўзбек тилини давлат тили мақоми сифатида қабул қилганлигига – 28 йил;

Мустақил давлат бўлганлигига – 26 йил;

БМТга аъзо бўлганлигига – 25 йил;

Конституция қабул қилинганлигига – 25 йил тўлди!

Яшасин, Ўзбекистон!!!

Улуғбек Бакир
журналист

24 октябрь, 2017 йил,
Норвегия

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan