Жамшид Каримов: Ислом Каримов ўғлини урушга юбормоқчи бўлган (интервью, 3-қисм)

 

Ислом Каримовнинг жияни Жамшид Каримов билан суҳбат (3қисм)

22.11.2017

Бугунги сонда:

  • Шавкат Мирзиёев: “Эринг тугаган мараз, ярамас, палид кимса… Нонкўр у, ҳеч нарсани қадрига етмайди! Йиғиштир, бунақа кўрнамак эрни!”;
  • Ислом Каримов: “Мени шарманда қиласан. Сен Ўзбекистондан кет! Россияга йўқол!”;
  • Жиззах аҳли: Гуляни дастидан дод!”;
  • “Ўлсам, жанозамга ҳам қўйманглар буни”;
  • Ислом Каримовнинг касали…;
  • “Қачон Гулбаҳор ўлса, унинг қабри устига бориб…”;
  • Наталья Петровна: “Сенларнинг авлодингда ирсий касаллик бор. Шу касаллик…”;
  • “Онамни уйини булғаб, фоҳишахонага айлантириб ташлабди”;
  • Андрей Сахаров шогирдининг жияни ким?;
  • Ислом Каримов: “Сиз оиламиз ишига, умуман, аралашманг!”;
  • Жамшид Каримов: “Бобомурод Абдуллаевнинг “Усмон Ҳақназаров” эканлигига ишонмайман!”;
  • Ислом Каримов: “Пётрни афғонга юбор, бўлмаса…”;
  • “Ўзбекистонни яҳудийлар бошқаряпти. Ислом Каримовнинг биринчи хотини ҳам яҳудий”ми?..

*****

Ўзбекистонга 27 йил раҳбарлик қилган марҳум президент Ислом Каримовнинг жияни, 50 ёшли машҳур журналист Жамшид Каримов билан туркум суҳбатлар.

Собиқ президентнинг учинчи акаси Арслон Каримовнинг кенжа ўғли Жамшид Каримов билан суҳбатимиз давомида жуда кўп мавзуларда гаплашганмиз.

Унда Ислом Каримов туғилган оила ҳақида, хусусан, унинг ота-онаси, опаси, ака-укалари ва уларнинг авлодлари ҳақида атрофлича суҳбатлашганмиз.

Қолаверса, Ислом Каримовнинг ўз оиласи, рафиқалари ва фарзандлари ҳақида ҳам Жамшид Каримов батафсил сўзлаб берган.

Ўзбек халқи ҳали ҳеч қачон эшитмаган, билмаган ҳаққоний маълумотлар мазкур интервьюдан ўрин олган.

Суҳбатни Норвегиядан журналист Улуғбек Бакир олиб борган.

*****

I I I  ҚИСМ

Улуғбек Бакир: Энди Ибодулла Каримовдан кейинги оиланинг тўртинчи фарзанди Арслон Каримов оиласи, яъни сизнинг яқинларингиз ҳақида гаплашсак.

Жамшид Каримов: Онам Маргарита Турсуновна Муродова-Каримова Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳрида 1936 йили дунёга келган. 2008 йили 72 ёшида оламдан ўтди. Биласиз, Самарқандда тутқунликда бўлганимда, онамнинг дафн маросимига мени қўриқчилар назоратида олиб келишган. Уч кун ўтиб, яна ўша зиндонга олиб кетишган.

Онам Жиззахда яшади ва шу ерда тупроққа қўйилди.

Онам асли дурагай (фр. метис – У.Б.) бўлиб, тарихи жуда қизиқ.

Онамнинг онаси Евгения Лукьяновна Куликова (1907-1986) биринчи эридан ажраб, қўлидаги чақалоқ билан ёлғиз қолади. Кейин Бухоро амири Саид Олимхоннинг саройида ғазначи бўлиб хизмат қилган Мирзо Турсун Муродга турмушга чиқади. Мирзо Турсун онамни ўз қарамоғига олиб, оталик қилган. “Ритичка”, деб эркалаб ўстирган. У ҳам биринчи хотинидан ажраган бўлиб, бу никоҳдан боласи бўлган. Бувим билан эса, фарзанди бўлмаган.  

Суратда: Евгения Куликова

Мирзо Турсун Мурод ўз замонасининг етук зиёлиси бўлиб, Файзулло Хўжаев (Совет Ўзбекистонининг 1924-1937 йиллардаги раҳбарларидан бири – У.Б.), Садриддин Айний ((1878-1954) академик, атоқли адиб, жамоат арбоби – У.Б.)лар билан қадрдон дўст бўлган. Ҳозир ёнимда Садриддин Айнийнинг қадимий китоби турибди.

Ота-онам 1955 йили Нуротада турмуш қуришган. Ўша йиллари отам Нурота туман судида ишларди. Онам 19 ёшли хушбичим, кўзлари мовий, малласоч гўзал қиз бўлган. Ўша вақтда 24 ёшда бўлган отамнинг бўйлари узун бўлиб, ўзи ниҳоятда озғинлигидан Женя бувим хавотирланиб, “Арслонбек, сиз бир сил диспансерига бориб, кўрикдан ўтиб, рентген қилиб келинг, касалга ўхшайсиз. Қизимни бермайман, касалингиз қизимга юқиб қолади”, деган. Аслида отам соппа-соғлом, бақувват спортчи бўлган. Бўйи 1.80, вазни эса, 58 килолик новча, озғин йигитни кўрган бувим, отамни туберкулёз бўлса керак, деб ўйлаган экан.

Суратда: Арслон Каримов ва Маргарита Каримова. Гулистон, 1973 йил

Отам юрист бўлиб, бир умр судьялик қилган бўлса, онам эса, умр бўйи ўқитувчилик қилган, педагог эди. 1954 йилдан бошлаб, Нуротадаги мактабда рус тили ва адабиётидан дарс берган. Онамнинг ўзбекча исми Муслимахон эди. Охирги ишлаган жойи, Жиззахдаги Нариманов номли ўрта мактаб бўлиб, бу билим маскани Шароф Рашидов ватани – Москва колхозида жойлашган. Онам 36 йил маориф соҳасида ишлаб, ўқувчиларга сидқидилдан сабоқ берди. Юртимизнинг минглаб фарзандларига зиё улашди.

Онам Маргарита Каримованинг шонли меҳнатлари давлатимиз томонидан муносиб қадрланиб, Совет Ўзбекистони “Халқ маорифи аълочиси” ва “Меҳнат фахрийси” унвонлари билан тақдирланган.

Онам отамнинг фожиали ўлимидан кейин қандли диабетга чалинганди. Уни устига мени ҳибсга олишганларидан кейин касали баттар авж олиб, анча ўзини олдириб қўйганди. Хасталикдан онам бечоранинг оғизлари қуриб, мадорсиз бўлиб қолганида ҳам бу қаттол Каримов режими мени озод қилмади. Ягона айбим-адолат излаганимдан, мени ноҳақдан, судсиз, терговсиз 11 йил тутқунликда сақлашди. Бу бемеҳр, бағритош Ислом Каримовнинг, мен-ку, майли-я, ҳатто ўз янгаси, акасининг кекса бевасига ҳам заррача бўлсин, раҳми келмади. Бир пайтлар “қадрдоним Маргарита…”, деб ёзган шошилинч номалари “Буюк доҳий”нинг хаёли кўчасидан ҳам ўтмаганди.

Лекин, дунёда яхши одамлар кўп. 90-йилларда Жиззах вилояти Халқ назорати қўмитаси раиси лавозимида ишлаган Эркин Эргашевич Холматов онамга кўп моддий ва маънавий ёрдам берган. У бемалол президентнинг олдига ҳам кира оларди.

Бир куни онам катта умид билан “Исломжон, жуда қийналиб кетдим. Машина, гаражларни ҳам сотдим. Ўзим пенсиядаман. Озгина ёрдам берсангиз, илтимос”, деб И.Каримовга хат ёзиб, Эркин Эргашевичдан бериб юборади.

Эркин ака хатни Ислом Каримовга олиб боради. Хатни ўқиган президент, Эркин Холматовга бақириб “Сиз оиламиз ишига, умуман, аралашманг!”, деб жазавага тушади. Шунда Эркин ака “Ислом Абдуғаниевич, мен аралашаётганим йўқ, фақат опанинг хатини олиб келдим, холос”, деб жавоб беради. Шу-шу Эркин Холматов Каримовнинг душманига айланади. Секин-аста у кишини лавозимлардан пастлатиб, охири пенсияга чиқариб ташлайди.

Ислом Каримовнинг жуда ёмон одати бор эди. Арзимаган кичик нарсаларга ҳам дарров аразлаб, одамни бир пастда ёмон кўриб қоларди. Ёмон кўрган одамини эса, бир ёқли қилмагунча хотиржам бўлмасди.

Ҳозир яна шунга боғлиқ бир воқеа эсимга тушиб қолди. “Буюк доҳий” Сирдарё вилоятига ташрифларидан бирида Хуршид амакимни ҳибсга олган Сирдарё туман Ички ишлар бўлими бошлиғини кўриб қолади. Шунда “Эй, сен ҳалиям ер юзида юрибсанми?”, деб унга тожикчалаб гапиради. Шундан кейин орадан бир муддат ўтиб, ўша бошлиқ йўқ бўлиб кетади. Исми ҳозир ёдимга келмаяпти, янглишмасам, тожик киши эди.

Хуршид амакимнинг “иши”ни олиб борган терговчи Владимир Торбининни эса, қаерга йўқотишни билмай, охири Россияга ҳайдаб тинчиган. Ваҳоланки, Хуршид амаким айбдор бўлган…

Ҳа, Ислом Каримов кўкка бўй чўзгани сайин нафақат совиб борди, балки эримас музга, харсангтошга айланди. Бугун ўша Муз, ўша Тош қаро ерга сингди. Кунлар келади, унга тарих ва буюк ўзбек халқи ўзининг муносиб баҳосини беради. Мен бунга ишонаман!

Улуғбек Бакир: Жамшид ака, албатта, биз ҳам бунга ишонамиз. Ҳамдардлигимизни қабул қилинг. Онангизнинг вафотини эшитган кунларимиз қалбларимиз ларзага келган. Мана ёруғ кунлар келиб, озодликка чиқдингиз. Кечикиб бўлса ҳам таъзиямизни қабул қилинг!

Жамшид Каримов: Ташаккур! Шу фурсатдан фойдаланиб, менинг оғир кунларимда ўз ёрдамларини аямаган, бизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаган барча дўстларимизга, ҳамкасбларимизга ўзимнинг самимий миннатдорчилигимни билдираман! Ҳаммага раҳмат!

Улуғбек Бакир: Бардошингиз, матонатингиз учун Сизга раҳмат, ҳурматли Жамшид ака! Мумкин бўлса, сизлар оилада нечта фарзандсизлар? Сизларнинг фарзандларингиз қанча? Иложи бўлса, шулар ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.

Жамшид Каримов: Биз уч фарзандмиз. Ҳаммамиз онамиз изидан бориб, Жиззах педагогика институтининг рус филологияси факульетини тугатганмиз.

Тўнғичимиз Алишер акамни онам “Алёша”, деб чақирарди. Акам 57 ёшда, 1960 йили туғилган. Хотини Собира Қўшмуродова-Каримова отамнинг шогирди, ҳуқуқшунос, юридик институтни тамомлаган. Жиззахнинг Ғаллаорол туманидан. Ташқи кўриниши ҳам, шеваси ҳам қозоқларникига ўхшаб кетади. Собира келинойим мени ҳам жуда яхши ҳурмат қиларди. Уларнинг ягона фарзанди, бир қизи бор. Исмини бувимнинг шарафига Санобар, деб қўйишган. Кичик Санобар Каримова ҳозир 27 ёшда, 1990 йили туғилган. Унинг Асал исмли бир қизи бор, 2016 йил декабрда туғилган.

Афсуски, бошқа қатор Каримовлар сингари, Алишер акамнинг оиласи ҳам фожиаларга тўла. Хотини Собира янгам нотариус эди. Қўлига анча-мунча пул тушгандан кейин босар-тусарини билмай қолди. Туппа-тузук олий маълумотли юрист аёл бирданига ичишни бошлади. Аслида-ку, отаси ҳам пиёниста эди. Кўмир конида шахтёр бўлган. Шу қон тортибми билмадим, келинойим ҳам майпараст бўлиб қолди.

Бир куни онам билан қамоқхонага мени кўргани келибди. Маст-аласт, оёғида туролмайди. Оғзим ланг очилиб қолди. Президентнинг келинини бу алпозда кўрган қамоқхона нозирлари ҳайратдан тўнтарилиб тушай деди. Ўз оиласини, бизларни эл-юрт ичида иснодга қўйиб, шарманда қилган.

Охири жигар циррози билан қазо қилди. Буни қаранг-ки, қабри ҳам онамнинг қабри билан ёнма-ён. Қайнона-келин бирин-кетин 2008 йили вафот этишди. Аввал йилнинг боши январда янгамни, майда эса, онамни дафн қилдик. Онам ўзбеклашиб кетгани учун мусулмонлар қабристонидан мангу қўним топди.

Акам ҳозир онамдан қолган ҳовлида яшайди. Хотинидан кейин қайта уйланмади. Акам билан алоқаларимиз яхши.

Улуғбек Бакир: Акангиздан кейин ким туғилган?

Жамшид Каримов: Акамдан кейин опам Гулбаҳор Каримова-Жабборова 55 ёшда, 1962 йили туғилган. Рус тили ва адабиёти ўқитувчиси, Жиззахда яшайди. Афсуски, опам билан алоқаларимиз батамом узилган. Сабаби, узоққа бориб тақалади.

2006 йили мени ҳибсга олишганда “Озодлик” радиоси журналистлари опамга алоқага чиқишиб, интервью олишади. Ўшанда опам “мени бундай разил укам йўқ”, деб мендан воз кечади. Бу гапни ўшанда қамоқхона бўлим бошлиғи Ирина Шамсиддиновна Шарофовадан эшитганман.

Улуғбек Бакир: Нимага бундай деган? Азалдан муносабатларингиз ёмон эдими?

Жамшид Каримов: Ислом Каримов давлат раҳбари бўлгунича яхши эдик. Опам аслида биринчи ўқитувчим бўлади. Тўрт ёшлигимдаёқ менга ўқиш-ёзишни ўргатган.

Ислом Каримов президент бўлганидан кейин опам у томонга ўтди. Унинг режимини қабул қилди. Бу бизга худди Гитлер янги ҳокимиятга келган даврни эслатарди. “Гитлернинг нацистлар партияси билан бирга бўласанми ёки йўқ” каби янграрди. Чунки, Ислом Каримовни биров билмаса ҳам бизлар яхши биламиз-ку. Опам ҳамма нарсани кўра-била туриб, “ҳа” деди. Мен қатъий, “йўқ” дедим, вассалом! Шундан кейин йўлларимиз таг-томири билан икки томонга ажраб кетди.

Улуғбек, бу гапларни айтиш менга нақадар оғир эканлигини билсангиз эди. Айтсам тилим, айтмасам дилим куяди. Ўзбекистондек мамлакатда, чорак аср давомида ғайриинсоний режим ўрнатган ёвуз шахснинг аслида ким эканлигини халқ билиши керак. Токи, бу келгуси авлодга сабоқ бўлсин!

Диктатор тахтда ўтирган пайтида ҳам имконим қадар курашдим. Оқибат, биласиз, мен билан нима содир бўлганлигини. 11 йиллик бандиликдан озодликка чиқиб, яна ўз йўлимда собитман! У тирик бўлганида мен ёруғликка чиқмас эдим…

Улуғбек Бакир: Ҳа, албатта, аччиқ тарихимиздан сабоқ чиқаришимиз керак. Афсуски, ҳозирча бундан дарак йўқ. Лекин, Ислом Каримовга яқин тарих ўз баҳосини беради. Бундан бошқа йўл йўқ…  Жамшид ака, опангиз билан йўлларингиз бўлинганидан кейин нима бўлди?

Жамшид Каримов: Ҳаммаси расво бўлди… “Кўрмаганни кўргани қурсин”дан бўлиб, опамнинг нафси бутунлай қуюшқондан чиқиб кетди. Кимсан, президентнинг жияни! Охир-оқибат шу даражага етдики, Жиззах аҳли “Гуляни дастидан дод!”, деди. Опам бу “маҳорати” билан Ислом Каримовнинг тўнғич қизи, амакиваччаси Гулнора билан “мусобақалаша” бошлади. “Ким кўпроқ халқни талайди, кўпроқ одамларни қақшатади” беллашувида ҳар икки “Гуля” ҳам енг шимариб, астойдил “иш”га киришишди. Гулнора Ўзбекистонни қақшатган бўлса, бизнинг Гулбаҳоримиз Жиззахни ўпириб ташлади. Буларни ҳеч ким тўхтата олмас эди.

Онам тўйиб кетганидан охири “ўлсам, жанозамга ҳам қўйманглар буни”, деган.

Опам Жиззах шаҳридаги Охунбобоев номидаги, ўзининг таъбирига кўра, “намунали” 6-ўрта мактабнинг директори эди. Бир муддат шаҳар Кенгашининг депутати ҳам бўлганди. Жиноятлари кўпайиб, умуман, чидаб бўлмас даражага етиб келганидан кейин ва ниҳоят, “Оқсарой”дан буйруқ келди. Гулбаҳорни ишдан олиб ташлашди. Ўшанда ҳам оёқ тираб турмоқчи бўлганди, унга “ёки ишдан кетасан ё қамаласан”, дейишди. Ноилож кетди.

Порахўрлик, давлат мулкини ўмарганлик, фирибгарлик, эҳ-ҳе, санайверсам адоғи йўқ жиноятларни қилганича қилди.

Одамлар шу даражада тўйгандики, ҳатто бир жабрдийда аёл “қачон Гулбаҳор ўлса, унинг қабри устига бориб, бовул қиламан”, деб юрибди.

Аҳолининг шикоят қилмаган бирор бир идораси қолмаган. Ҳамма нарсани кўриб турган орган ходимлари “биз ҳеч нарса қилолмаймиз, юқоридан буйруқ йўқ”, деб томошабин бўлиб, безрайиб тураверишган.

Охири амакимнинг ўғли Азим Каримович “Улуғ Юртбоши”нинг “муборак” ҳузурларига бориб, “нима қиламиз буни, ҳеч бир хонаси қолмади-ю”,  деганидан кейингина ва ниҳоят, “Подшоҳи Олам”, “олиб ташланглар уни у ердан“, деган “фармони олийлари”ни берадилар…

Акам ўзи табиатан жуда ювош, сокин инсон. Қизини турмушга узатиб, бир ўзи яшарди. Гулбаҳор шунча разилликлардан кейин ҳам тўхтамасдан, бир вақтда ҳам онамиздан, ҳам хотинидан айрилиб, ёлғиз қолган акамнинг тушкунлигидан усталик билан фойдаланиб, онамни уйини булғаб, фоҳишахонага айлантириб ташлабди.

Ўзи каби бузуқ аёлларни онамдан мерос қолган уйга олиб келиб, бадавлат эркакларга пул эвазига қўшиб, қўшмачилик билан ҳам шуғулланади. У дунёдаги барча қабиҳ, жирканч ишларни энг пастигача тушиб, қутуриб кетади. Бундан ортиғи бўлмайди.

Бу ҳам камдек, қамоқдалигимда хориждаги ҳамкасб журналистларга, ҳуқуқбонларга ва умуман, ғарбдаги демократларга алоқага чиқиб, “Жамшидни қамоқдан бўшатиб, Қозоғистонга чиқариб юбораман. Бунинг эвазига менга 25 минг доллар берасизлар”, деган пасткаш ҳам шу Гулбаҳор бўлади. Туғишган укасини сотмоқчи бўлган, бадбахт. “Букрини гўр тузатади”, деб шуни айтсалар керак.

Гулбаҳорнинг оиласи ҳам ўзига яраша. Эри ҳақида сўз ҳам бўлиши мумкин эмас. Қабиҳликда эр-хотинни олдига тушадиган ҳали туғилмаган бўлса керак. Гулбаҳорнинг эри жиззахлик эроний Иномжон Жабборов амаллаб Политехника институтини тугатган, қурувчи муҳандис. Бу Иномни онам бечора қулоғидан тортиб ўқитган. Домлалар онамнинг ҳурматидан имтиҳонларда баҳо қўйиб берарди. Ўта қобилиятсиз, нўноқ кас, “берсанг ейман, урсанг ўламан”, деган хилидан.

Ҳатто Гулбаҳорга Жиззах вилояти ҳокими “Эринг тугаган мараз, ярамас, палид кимса. Уни бўйнидан боғлаб, етаклаб юришга арзимайди. Нонкўр у, ҳеч нарсани қадрига етмайди! Йиғиштир, бунақа кўрнамак эрни!”, деган. Биласизми, у пайтда ким ҳоким эди?

Улуғбек Бакир: Йўқ. Бу ўзи қайси йилги гап?

Жамшид Каримов: Шавкат Миромонович!

Улуғбек Бакир: Йўғе, наҳотки?!

Жамшид Каримов: Ҳа, шундай, ўша пайтлари Шавкат Миромонович Жиззах вилояти ҳокими (1996-2001) эди.

Улуғбек Бакир: Ҳозир опангиз Иномжон Жабборов билан бирга яшайдими?

Жамшид Каримов: Йўқ, ажрашиб кетишган. Ином ўликми, тирикми, билайман. Билишни ҳам хоҳламайман. Ўзи Иномнинг келиб чиқиши, зоти чатоқ эди. Хотинини топганини еб ётадиган ориятсиз “эр”лардан. Охири хотини бунга чидай олмай, ҳокимни олдига борган.

Шавкат Миромоновичнинг бир хислати бор. У ўта зийрак, ҳушёр инсон. Ислом Каримовдан фарқли равишда, у одамни бир кўришда, ичини китобдек ўқий олади.

Шавкат Мирзиёев Иномни “одам бўлиб қолар”, деб анча вақт олдин “Элеватор” (дон маҳсулотларини сақлаш омбори – У.Б.)га раҳбар қилиб қўйганди. Турган гапки, у ерда ҳам “ҳунар” кўрсатиб, ўғирлик қилиб, ҳаммаёқни расво қилиб ташлаган. Табиийки, бунингдек, еб тўймайдиган махлуқни ишдан ҳайдашади. Бу аҳмоқ бўлса, яна хотинидан зорланиб, “мени юқорига кўтармади”, дермиш.

Ином билан опамнинг бир ўғил, икки қизи бор. Тўнғич ўғли Аҳрор 30 ёшда, 1987 йили туғилган. Опам ўғлини уйлантириб, акам яшайдиган уйга олиб келиб қўйган. Аҳрорни 7 яшар Арслон исмли ўғли бор. Отамни номини қўйишибди. У ҳозир Жиззах Солиқ департаментида ёки Молия бўлимида ўртача лавозимда ишлайди.

Аҳрордан кейин Муштарий 26 ёшда, 1991 йилда туғилган. У ҳам оилали. Кенжа қизи Ситора 18 ёшда, 1999 йили туғилган. Шу қизи ҳозирда опам билан бирга яшайди, педагогика коллежида ўқийди.

Гулбаҳор Иномдан ажрагандан кейин яна 3-4 марта эрга тегиб чиқди.

Бу эрлари билан ярим йил яшаб-яшамасдан ҳаммасини улоқтириб ташлаган. Пулдор, тадбиркор бўлган бу эркаклар ичида бир туманни ҳокимидан тортиб, жиноят оламининг “корчалонлар”игача бор. Уларнинг катта-кичик бизнесларини, мол-мулкларини тортиб олиб, ҳаммасини кетига тепиб ҳайдаган. Бу ёғи Гулноранинг усули, ўзингиз биласиз.

Ҳозир қайсидир мактабда соатлик дарси бор. Шу одам ҳалиям ўқитувчилик қиляпти. У таълим бераётган болалар келажакда ким бўлиб етишади, буни Худонинг Ўзи билади! Яқинда пенсияга чиқади…

Гулбаҳордан кейин камина 1967 йили 7 апрелда туғилганман. Менинг ҳаётим ҳам ширин эмас. Икки марта уйланганман. Ҳар иккисида ҳам турмушим омадли кечмади. Биринчи аёлим қрим-татари Сусанна Эйдеровна Кадиева эди. У ҳақда деярли хотира ҳам қолмаган, лекин баъзан эслаб тураман. Сусанна мендан уч ёш катта эди. Санаторийда танишганмиз. У биринчи эридан ажраган, жувонлигида уйлангандим. Бир йилча яшаб, 1993 йилда ажрашганман. Бу никоҳдан фарзандим йўқ. Менимча, у кейин Қримга кўчиб кетган.

Дарвоқе, Сусанна Андрей Сахаровнинг шогирди, таниқли қрим-татар ҳуқуқ ҳимоячиси Роллан Кадиевнинг жияни бўлади.

Иккинчи хотиним Ҳадича 1969 йилда туғилган. Айримлар уни “Катя” ҳам дейишади. Ҳозир мен билан яшайдиган ягона фарзандим Женя қизимнинг онаси. У ҳозиргача мен билан алоқа ушлаб туради. Баъзан ёрдамлашади, баъзан жанжаллашиб ҳам туради. У Каттақўрғондан. Авлодида ўзбек, татар ва арабларнинг қони бор. Бувиси татар.

Ҳадича билан 1995 йилда турмуш қурганмиз. У 10-синфни тугатиб, тиббиёт билим юртига киради, лекин дарсларни кўп қолдирганлиги сабабли, ўқишни охиригача тугатолмайди. Гўшт комбинатида оддий ишчи бўлиб ишлаган. У билан 2004 йилдан бери бирга яшамайман, ажрашганмиз. Ҳозирда тез-тез келиб, қизимдан хабар олиб туради. Қизим ҳам онасининг олдига бориб туради.

Оилавий анъанамизга кўра, қизимнинг исмини бувимнинг шарафига қўйганмиз. Евгения (Женя) Каримова 21 ёшда, 1996 йили туғилган. Қизимни дунё ҳамжамияти яхши танийди. Озодлигим учун тинмай курашди, қамоқдан чиқишимга эришди. Тиббиёт коллежини битирган, ҳамшира. Хорижий тиллар олийгоҳига икки марта имтиҳон топширди, киролмади. Уни устига ҳозир ўқиш ҳам жуда қиммат.

Женя менинг асосий ёрдамчим ва уйимнинг фариштаси. Онаси уни бир бойваччанинг ўғлига узатмоқчи бўлди. Қизим унамади. У йигит яширинча “экстази” (нолегал наркотик модда, тиббиёт дориси – У.Б.) истеъмол қиларкан. Қизим, “ўзи бизга шу наркоман куёв кам эди”, деб розилик бермади. Бошқа бир киракаш йигитдан совчи келганди, онаси “камбағал экан”, деб розилик бермади.

Собиқ аёлимнинг характери оғир бўлганлиги учун қизим онаси билан яхши муносабатда эмас. Шунинг учун мен билан яшашни лозим топди. Онаси ҳам шунга кўнди.

Ҳадича онамдан қолган яна бир шаҳар марказидаги икки хонали квартирада ёлғиз яшайди. Бошқа турмуш қурмади. Уй эса, қизимнинг номида.

Улуғбек Бакир: Каримовларнинг бешинчи фарзанди Икром Каримов оиласи ҳақида нималарни биласиз?

Жамшид Каримов: Икром (1933-1976) амакимни юқорида ҳам айтганимдек, эпилепсия дарди бўлганлиги учун уйланолмаган, оиласи бўлмаган. Бувим билан Самарқанддаги ўша ҳовлида яшаб, 43 ёшида оламдан ўтган.

Улуғбек Бакир: Икром амакингиздан кейинги фарзанд Қуддус  Каримовнинг оиласи тўғрисида айтиб берсангиз.

Жамшид Каримов: Амаким Қуддус Ғаниевич (1934-1995)нинг рафиқаси ҳам тожик –  Таклифа Насреддинова-Каримова Ислом Каримовнинг тенгдоши, 79 ёшда 1938 йили туғилган, Самарқандда яшайди. Қуддус амаким билан бирга “Кооператив” институтида ўқитувчи  бўлиб ишлаган. Ҳозир пенсияда. Жуда кучли, серғайрат аёл.

Уларнинг уч фарзанди бор. Катта ўғли Зафар мен билан тенгдош, 1967 йилда туғилган. Кейин Наргиза 1970 йилда, Феруза 1972 йилда туғилган. Буларнинг ҳаммаси Самарқандда яшайди.

Зафар ва Феруза “Кооператив” (ҳозирги Самарқанд иқтисодиёт ва сервис –У.Б.) институтни битиришган.

Наргиза Павлов номидаги Самарқанд давлат тиббиёт институтини тамомлаган. Айни дамда Самарқанд вилоят Ички ишлар бошқармаси қошидаги поликлиникада кардиолог шифокор вазифасида ишлайди, тиббий хизмат подполковниги.

Зафар анча йиллар олдин Самарқанддаги ишлари йиғиштириб, Тошкентга кетганди. У ерда ҳам иши юришмай, яна Самарқандга қайтиб келган. Уни 2005 йилдан бери кўрганим йўқ. Унинг биринчи хотини ҳам тожик бўлиб, уч қизи бор. Мен болаларини кўрмаганман. Зафар биринчи хотини билан ажрашиб, иккинчи марта ёш ўзбек қизга уйланган. Бу никоҳдан бир ўғли бор. Бахтга қарши бу аёли тузалмас оғир касаллик билан вафот этган.

Зафарнинг ундан кейинги тақдирини билмайман. У аввал тадбиркор эди. Бир муддат Солиқ идорасида ҳам ишлаган. Гулбаҳор каби Зафар ҳам Самарқандда роса “ҳунар”ларни кўрсатгандан кейин унинг устидан ҳам жуда кўп шикоятлар бўлган. Шундан сўнг “буюк доҳий” уни ҳам ишдан олиб ташлаган.

Наргизанинг эри Алишер ватандан узоқда… махсус хизматларда ишлайди. Янглишмасам, уларнинг икки фарзанди бор.

Наргиза ўз кучи билан аъло баҳоларга ўқиган. Ўқимишли, қобилиятли қиз. Оиласи ҳам рисоладагидек. У ҳам ота-онасига ўхшаб бўйлари узун қиз бўлган. Умуман, Қуддус амакимнинг оиласида ҳамманинг бўйи новча, фақат Ферузанинг бўйи сал пастроқ. Зафар эса, жуда йўғон, савлатли, бўйи ҳам 1.90 атрофида.

Наргиза онамнинг дафн маросимига келганда“қамоққа қандай тушган бўлсанг, шундай тарзда  ўзинг чиқасан. Сенга ҳеч ким ёрдам бермайди, билиб қўй!”, деганди менга. Аввал айтганимдек, улар юқорига кўтарилгани сари совуқлашиб кетишган. Уларда меҳр-оқибат, одамгарчилик, деган тушунчалар йўқ.

Феруза ҳақида унчалик билмайман. У ҳам оилали, ҳаёти тўкис, яхши яшайди. Фақат Зафарнинг аёллар борасида омади келмади. Биринчи хотини қайнонаси, яъни Таклифа хола билан жанжаллашиб, ҳатто ёқалашиб кетишгача борган. Зафар уларни ажратиб, хотинини қўйиб юборган. У жуда қаттиққўл.

Буларнинг оиласи мен билан ҳеч қандай муносабатда эмас, алоқа йўқ. Боз устига, “холокостим” дан кейин улар атрофимдан, етти чақарим наридан айланиб ўтадиган бўлишган.

Улуғбек Бакир: Шундай қилиб, энди оиланинг еттинчи фарзанди Ислом Каримовнинг оиласи ҳақида гаплашсак.

Жамшид Каримов: Ислом Каримовнинг биринчи аёли Наталья Петровна Кучми ҳам 1938 йили туғилган. Онам ва келинойим вафот этган 2008 йилда Наталья Петровна ҳам 70 ёшида, Тошкентда оламдан ўтган.

Ислом Каримов ва Наталья Кучми 1964 йили расмий тарзда турмуш қуришган. 1966 йили уларнинг ўғли туғилган. Чақалоққа Наталья Петровнанинг отасининг исмини қўядилар – Пётр Исломович Каримов.

Ислом Каримов бу аёл билан қандай танишганидан хабарим йўқ. Наталья Петровна “Ташсельмаш” заводи директори Пётр Иванович Кучмининг қизи эди. У жуда чиройли, ақлли қиз бўлган. Келиб чиқиши Запорожье Сечи атаманининг набираси, Дон казакларидан.

Дарвоқе, бир гап эсимга тушиб қолди. “Усмон Ҳақназаров” тахаллуси остида ёзадиган кишининг бир пайтлар “Ўзбекистонни яҳудийлар бошқаряпти. Ислом Каримовнинг биринчи хотини ҳам яҳудий”, деган иддаолари мутлақо ёлғон эканлигини, фурсатдан фойдаланиб, айтиб ўтмоқчиман. Наталья Петровна яҳудий эмас. Бу ғирт ёлғон ва бўҳтондир. Бир пок аёлнинг хотирасига бундай туҳмат қилиб бўлмайди.

Яна бир гап: бугун қамоқда қолаётган журналист Бобомурод Абдуллаевнинг айнан “Усмон Ҳақназаров” эканлигига, умуман, ишонмайман! Бобомурод бундай гапларни ёзадиган одам эмас. Мен уни яхши биламан…

Наталья Кучми Тошкентдаги Педагогика институтининг ёнидаги кўп қаватли уйларда яшаган. У оқила аёл, адолатпарвар инсон эди. Наталья Петровна биология фанлари номзоди бўлган. Ботаника институтида ва Ўзбекистон Фанлар академиясида ишлаган.

Ислом Каримовнинг биринчи оиласи ҳақида отамдан кўп нарса эшитганман. Қолаверса, Наталья Петровна кўзларида ёш билан кўп гапларни менга айтиб берганди. Ислом Каримовнинг ёвузона муносабатларига бу аёл чидай олмаган. Унинг тинмай калтаклашлари, муштлашлари, зулмлари жон-жонидан ўтиб кетган. Ислом Каримов ҳуда-беҳудага хотинини рашк қилиб, ўта шафқатсизларча муомалада бўлган. Охири Наталья Петровна отамга “Арслон ака, илтимос, бу ёвуз укангизни олиб кетинг, мен ортиқ чидолмайман”, деб туғён уради. Шу тариқа улар 1969 йили ажрашиб кетади.

Улуғбек Бакир: Пётр Каримовнинг тақдири нима бўлди?

Жамшид Каримов: Ислом Каримов, ҳар галгидек, ўз мансабини ўйлаб, ўғлидан расмий равишда воз кечади, лекин шахсий тарзда алоқада бўлиб турган. 90-йиллар бошида у янги президент бўлган даврларда Пётр улғайиб, Тошкентда ўз кучи билан, бировнинг ёрдамисиз қўшма корхона очмоқчи бўлганида отаси унга тўсқинлик қилади. “Мени шарманда қиласан. Сен Ўзбекистондан кет! Россияга йўқол!”, деб ота ўз ўғлини бадарға қилади.

Шундан кейин Пётр Россияга кетади, илмий иш қилиб, ўша ерда қолади.

Ундан аввал у Тошкент Халқ хўжалиги институтини (ҳозирги Тошкент давлат иқтисодиёт университетиУ.Б.) тугатади. Мутахассислиги: иқтисодчи.

Пётр иқтидорли йигит. Ислом Каримов ўз кучи билан ўз бизнесини йўлга қўймоқчи бўлган ўғлининг йўлига ғов бўлган. Нимага? Шунга ҳайратланаман. У отасининг номини ҳеч қаерда сотмаган, бошқа Каримовларга ўхшаб, фамилиясидан фойдаланиб, кўкрак кермаган. Пётр табиатан жуда камтар, камсуқум инсон. У бундай нарсаларни хушламасди. Бу томондан менга жуда ўхшайди.

Кўришмаганимизга ҳам узоқ йиллар бўлди. Унинг Россиядаги кейинги тақдирини билмайман. Ўша пайтлари қаттиқ касал эди. Пётрнинг касаллигини онаси менга айтганди. Унда ичак йўлларига боғлиқ … жарроҳлик касали бор эди… (Жамшид Каримов Пётр Каримовнинг касаллик ташхисини айтди. Маълум сабабларга кўра, бу маълумотни очиқлашни истамадик – У.Б.).

Наталья Петровна бизнинг авлодни доим сўкарди. “Менинг қонимда наслий касаллик бўлмаган, ҳамма соғлом. Сенларнинг, Каримовлар авлодингда ирсий касаллик бор. Шу касаллик ўғлимга ҳам ўтган”, деб айтарди. Бу соҳани яхши тушунадиган биолог олима менга шундай деганди.

Пётрнинг айнан шу касаллиги туфайли, унга ҳарбий хизмат мумкин эмасди. Ўша пайтдаги СССР Мудофаа вазири маршал Язовнинг буйруғига кўра, мамлакатдаги барча йигитлар Афғонистондаги урушга юборилаётган эди. Ота-оналар нима қилиб бўлса ҳам фарзандларини урушга юбормаслик учун шиддат билан ҳаракат қилишарди. Мени ҳам отам амаллаб, Афғонистонга боришдан олиб қолган. Ислом Каримов эса, аксинча, ўғли Пётрнинг касаллигини кўра-била туриб, уни урушга юборишга жон-жаҳди билан ҳаракат қилган. Наташа холанинг оёқларига йиқилгудек бўлиб, “Пётрни афғонга юбор, бўлмаса, партия билетимга доғ тушади”, деб қаттиқ талаб қилиб, кўп жанжал кўтаради.

Пётр нимжон, касалманд бўлганлиги учун унга шифокорлар беш килодан ортиқ юк кўтаришни ва жисмоний иш қилишни маън қилганди. Биргина Калашников автомати жанговор комплекти билан тўрт ярим кило бўлади. Пётр армияга борса, ўлиб қолиши ҳеч гап эмасди. Наталья Петровна югуриб-елиб, ўғлини Афғонистондан олиб қолади. Диктатор Каримов ўз амали, мансаби йўлида ўғлини қурбон қилишга ҳам тайёр бўлган.

Аслида Ислом Каримовнинг ичагида ҳам касаллик бўлган. Бундан ташқари, унда жиддий бошқа бир касаллик бор эди. Бу касалини фақат унинг атрофидагилари ва яқин қариндошлари билади, холос.

Улуғбек Бакир: Қандай касаллик? 

Жамшид Каримов: Бу ҳақда мана биринчи марта сизга айтяпман. Касалликнинг номи…

(давоми бор)

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.