Қирғизистон – Марказий Осиёнинг эркинлик ва демократия диёри
Мундарижа:
- Янги президентнинг қасамёди
- Қўшнилар
- Бир кунда икки қасамёд
- Бешинчи президент ва қирғиз демократияси
- Адолатсизликка бош эгмаган миллат
- Халқ овози
- Эркинлик – тараққиёт гарови
- Президент – подшоҳ эмас
- Ўзбекистондан кетаётган ёшлар
- Ёшлар орасидаги жиноятчилик
- Қонли кунлар
- Атамбаевнинг бахти
- Мирзиёвнинг саодати
- Байрам муборак!
- ЯНГИ ПРЕЗИДЕНТНИНГ ҚАСАМЁДИ
Жума куни Бишкекда Қирғизистоннинг янги сайланган 59 ёшли президенти Сўўрўнбай Жээнбековнинг инаугурация маросими «Ала-Арча» Давлат қароргоҳининг «Энасой» қабуллар уйида бўлиб ўтди.
Тантанали маросимда Қирғизистон Қаҳрамонлари, таниқли давлат ва жамоат арбоблари, 2010 йил – Халқ инқилобида ҳалок бўлганларнинг яқинлари, фан, маданият, дин, санъат, таълим ва спорт соҳаси арбоблари, шунингдек, парламент депутатлари, ҳукумат расмийлари, суд ҳокимияти мулозимлари, халқаро ташкилотлар вакиллари ҳамда хориж мамлакатларининг элчилари дохил жами 450 нафар меҳмонлар иштирок этди.
Қирғизистоннинг янги сайланган президенти Сўўрўнбай Жээнбеков мамлакат Конституциясига ўнг қўлини қўйиб, «Худонинг ва элимнинг олдида адолатли ишлашга онт ичаман», дея қасамёд қилди.
Ушбу маросим, ҳеч шубҳасиз, нафақат Қирғизистон, балки Марказий Осиё тарихида ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Зотан, 26 йиллик мустақиллик даврида бирор қардош мамлакат раҳбарлари ҳали ўз ихтиёри билан ҳукуматни кейинги президентга топширмаган.
Қирғизистон бу борада Марказий Осиёдаги биринчи демократик мамлакат сифатида тарихга кирди.
- ҚЎШНИЛАР
Марказий Осиёнинг қолган тўрт мустақил давлатлари: Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркманистон ва Тожикистонда, афсуски, бундай тажриба йўқ.
Ўзбекистон ва Туркманистоннинг биринчи президентлари умрининг охиригача лавозимларида қолди.
Тожикистонда 23 йилдан бери президентликда қолаётган Имомали Раҳмон ҳам ҳаётининг сўнгги дамларигача иқтидорда бўлиши мумкин.
Қозоғистоннинг 77 ёшли биринчи ва ҳозиргача ягона президенти Нурсултон Назарбоев эса, 27 йилдан бери президентлик лавозимини эгаллаб келмоқда. Афтидан, жаноб Назарбоев ҳам марҳум ҳамкасблари Сапармурод Ниёзов ва Ислом Каримов сингари сўнгги нафасигача тахтда қолади. Бунга Қозоғистон Конституциясида замин тайёрланган.
Бу борада қўшниларимиз ичида фақат Қирғизистон ҳозиргача минтақамиздаги ягона давлат сифатида қолмоқда.
Куни кеча Қирғизистонда бўлиб ўтган қасамёд маросимида президент Алмазбек Атамбаев, тантанали равишда президентлик туғини янги мамлакат раҳбари Сўўрўнбай Жээнбековга катта ҳис-ҳаяжон билан топширди. Маросимни бутун дунё жонли ёйинда кузатиб борди.
- БИР КУНДА ИККИ ҚАСАМЁД
Шу ўринда ўз-ўзидан ҳақли савол туғилади.
Ён қўшниларимизда ва Ўзбекистонимизда қачон шундай кунлар келади?!
Қачонгача президентлар ўз лавозимларида сўнгги онларигача қолади?!
Ахир, ҳар бир давлатнинг Бош Қомусида президентлик муддати маълум вақтгача белгилаб қўйилган.
Жумладан, Ўзбекистон Конституциясида ҳам «айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Ўзбекистон Республикасининг Президенти бўлиши мумкин эмас. Ўзбекистон Президенти беш йил муддатга сайланади», деб ёзилган.
Марҳум президент Ислом Каримов Конституцияга хилоф равишда, то умрининг охиригача 26 йил (27 йил) лавозимида қолди. Ҳеч шубҳасиз айтиш мумкинки, И.Каримов 90 ёки 100 ёшгача яшаганда ҳам умрининг охиригача президентликни ҳеч кимга бермас эди.
Худди бундан олти кун аввал 37 йил мамлакатни бошқариб, ва ниҳоят, тахтдан ағдарилган, африкалик ҳамкасби Зимбабве Республикасининг 93 ёшли диктатор президенти Роберт Мугабе каби. Агарда Зимбабведа ҳарбий тўнтариш рўй бермаганида эди, Худо билади, яна қанча вақт бу қари диктатор халқининг қонини ичиб, тахтини қучоқлаб ётарди. Мугабе ўрнига мамлакат собиқ вице-президенти 75 ёшли Эммерсон Мнангагва 24 ноябрь куни янги президент сифатида қасамёд қилди.
Дунёнинг ишларини қарангки, айнан шу кунда Қирғизистоннинг янги президенти ҳам қасамёд қилди.
Бир кунда Африканинг энг тоталитар давлатида ва Марказий Осиёнинг энг демократик мамлакатида янги президентлар лавозимига киришди.
- БЕШИНЧИ ПРЕЗИДЕНТ ВА ҚИРҒИЗ ДЕМОКРАТИЯСИ
Сўўрўнбай Жээнбеков Қирғизистоннинг 5-президенти ҳисобланади.
Собиқ президентлар: Асқар Ақаев, Қурманбек Бакиев, Роза Ўтунбаева ҳамда Алмазбек Атамбаевлар, минтақадаги бошқа ҳамкасблари сингари умрининг охиригачага президентлик курсисида қолмадилар.
Биринчи ва иккинчи президентлар Халқ инқилоблари натижасида лавозимидан мажбуран кетказилди. Учинчи президент Роза Ўтунбаева бир ярим йил вақтинчалик президент лавозимида фаолият кўрсатди. Тўртинчи президент Алмазбек Атамбаев Қирғизистон Конституциясига қатъий амал қилиб, бир муддатли 6 йиллик ваколатини ўтаб, ўз ихтиёрига кўра, тантанали равишда лавозимидан кетди.
Тўғри, Қирғизистон бу Ўзбекистон ёки Туркманистон эмас, Қозоғистон ёхуд Тожикистон ҳам эмас. Агарда Қирғизистон президенти қонунларни писанд қилмай, истаганича президентликда қолишни мақсад қилган чоғида ҳам қирғиз халқи бунга лоқайд қараб турмас эди. Атамбаевнинг бошига ҳам ўзидан аввалги икки президентнинг қисмати тушиши ҳеч гап эмас эди. Қирғиз демократиясининг қудрати ҳам айнан шунда!
Буни эса, ҳар қайси Қирғизистон президенти, жумладан, жаноб Атамбаев ҳам жуда яхши тушунади.
- АДОЛАТСИЗЛИККА БОШ ЭГМАГАН МИЛЛАТ
Ҳар қандай миллатнинг зеҳниятини англаш учун у билан бир муҳитда яшаб кўришнинг ўзи кифоядир. Мен ҳам бир йилдан ортиқроқ пойтахт Бишкекда, айни сиёсий жараёнлар авж палласида яшаб, қирғиз халқининг эрксеварлигига шахсан гувоҳ бўлганман.
Нафақат яшаганман, балки уларнинг сиёсий ҳаётида фаол иштирок этганман. Кўплаб мақолалар ёзганман, суратлар олганман.
Фурсатдан фойдаланиб, муҳожирлик ҳаётимнинг энг оғир даврларида ўз бағридан жой берган ҳамда сиёсий тажрибам ортишида муҳим аҳамият касб этган қирғиз дўстларимга ва бутун Қирғизистон халқига ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман!
Қолаверса, Марказий Осиёнинг бошқа давлатларида ҳам кўп бўлганман. Шундан қиёс қилиб айтишим мумкинки, Қирғизистон халқи қўшниларидан фарқли ўлароқ, эрксизликка, адолатсизликка асло тоқат қилиб, чидаб туролмайди.
Аввал яхшиликча, қонуний йўллар билан ҳукуматни бир неча бор огоҳлантиради, муттасил тарзда мулозимлар ишини назорат қилиб боради. Агарда шунда ҳам расмийлар чегарадан чиқиб, халққа қулоқ солмаса, ўша куни одамлар майдонга йиғилади-да, у ҳоким бўладими, Бош вазир бўладими ёки президентми, фарқи йўқ, ким бўлишидан қатъий назар ағдариб, тўнтариб ташлайди. Ўша раҳбар мулозим бўлганлиги учун минг марта пушаймон ейди. Ёки бундай нобоп раҳбарни мамлакатдан қувиб чиқарадилар. Қирғиз демократиясининг қудрати ҳам айнан шунда!
Шунга мос равишда, расмийлар ҳам осмонларда учиб юрмайди. Амал тегса, бурни кўтарилиб, ўз сайловчиси бўлган ва ўзини боқаётган халқини менсимай қўймайди. Кимки шундай қилса, унинг ковуши тўғрилаб қўйилади. Бунга ўзим ҳам бир неча марта шоҳид бўлганман.
Масалан, ўша пайтдаги Давлат котиби, яъни президент Бакиевнинг ўнг қўли бўлган ва бу йилги сайловда президентликка номзодини қўйган таниқли сиёсатчи Адахан Мадумаровни Бишкек кўчаларидаги дўкондан, ҳеч бир қўриқчисиз, оддий пакет кўтариб, чиқиб келаётганини кўриб, лол қолганман. Ҳар куни фақат телевизорда кўриб турган катта амалдорни тасодифан оддий одамлар ичида учратиб қолиш, албатта, Ўзбекистондан янги келган одамга ғайритабиий бўлиб кўриниши табиийдир.
Ҳозир билмадиму, лекин ўша пайтда Тошкентдаги вазирлар тугул, вилоятлардаги оддий туман ҳокимини ҳам бозорда савдо қилиб юрганини биров кўрмаган бўлса керак. Кўриш учун аввал ҳокимни юзидан таниш керак-ку! У даврларда ҳар ким ҳам ҳокимини танимас эди. Вазирлар ва бошқа расмийларни айтмасак ҳам бўлади. Фақат бир раҳбарни танирди, ўзбек халқи. Эрталабдан кечгача телевизорда фақат бир киши гапирарди, холос. Кимлигини айтмасам ҳам биласиз.
Бундан ташқари, қирғизистонлик бир қатор таниқли сиёсатчилар билан ҳам шахсан учрашиб, суҳбатлашганимга нима дейсиз? Куни кеча лавозимини топширган президент Атамбаев билан ҳам кўришиб, гаплашганман. Ўшанда у киши бир қатор сафдошлари билан мухолифатда бўлиб, Худонинг берган куни, Бишкекнинг марказий “Ала-Тоо” майдонида митинг қиларди.
“Бакиев кетсин!”, “Кулов кетсин!”, дея ҳайқирган халойиқнинг овозлари ҳалигача қулоғим остида жаранглайди. Бу ҳайқириқларни яна ҳар бири қўлларидаги тахтачага ёзиб олганини кўриб, ёқамни ушлаб қолардим. “Ала-Тоо” майдонининг шундоққина биқинида жойлашган Оқ уйда ўтирган президент, бемалол юрагини кенг қилиб, микрофонлардан келаётган овозларни эшитиб ўтираверарди. Ўша пайтдаги Бош вазир Феликс Кулов ҳам майдонга яқин бўлган Ҳукумат уйида ўтирарди.
На Президент, на Бош вазир ёки бошқаси мелисаларга буйруқ бериб, “бор, чиқ, ўчир анавуларнинг овозини, тарқалмаса, отиб ташла”, демасди.
Энг қизиғи, оломонни ўраб турган юзлаган милиция ва бошқа турдаги аскарлар ҳеч қачон халққа куч ишлатмас эди. Улар фақат тартиб-интизомни назорат қилишарди.
Шу митингларни бир қатор ўзбекистонлик сиёсатчилар, ҳамкасб журналистлар билан яқиндан кузатардик. Тасвирга олган суратларим архивимда турибди.
Ҳар қандай раҳбарни ҳам жиловлаш аслида халқнинг ўз қўлидадир. Халқнинг кучи ва қудрати фақат унинг бирлашувидадир! Бежиз доно халқимиз “айрилганни айиқ ер, бўлинганни бўри ер”, деб айтмаган.
Мана Қирғизистон Республикасининг янги президенти Сўўрўнбай Жээнбеков кеча қасамёд маросимда нима деди:
«Асрлар давомида Қирғизистонда ҳокимиятнинг эгаси Эл бўлган! Қирғизларга Эркинликдан юқори ҳеч нарса йўқ! Адолатсиз бошқарувга биз ҳеч қачон бош эгган эмасмиз! Қирғизлар адолат учун жонини берган! Мени қирғиз қилиб яратган Аллоҳ таолога шукроналар айтаман! Ўз халқимнинг олдида бош эгиб, таъзим қиламан!».
Ана кўрдингизми, шундай сўзларни минтақадаги бошқа президентлардан ҳеч эшитганмисиз? Асло, йўқ!
- ХАЛҚ ОВОЗИ
Президентлар халқнинг овози бўлади. Халқ нимани куйласа, президент ҳам шунга жўр бўлади!
Ўзбекларнинг энг катта ташвиши бу – тўй бўлганлиги учун президент ҳам тўй ҳақида гапиради. Телевидение, радио ва газета ҳам шуни илиб олиб, тўхтовсиз чиқишлар қилади. Унгача ҳамма соқов, ҳамма кар, ҳамма кўр бўлади. Шундан кейин бирданига энг аввало, зиёлиларнинг, сўнгра бошқаларнинг гўёки қулоғи ва кўзи очилиб кетади-да, кишанланган тиллар тинмай сайрашни бошлайди.
Халқимизнинг яна бир асосий ғами бу – кундалик тирикчилик ташвиши бўлганлиги учун президент товуқ боқиш, тухумни сотиш, лимон экиш ва ҳоказолар ҳақида сўзлайди. Бошқа юртлар учун оддий нарса бўлган – газ, свет, сув, ўтин, кўмир ва ҳоказо, ва ҳоказо муаммаолар ҳам шулар жумласидандир.
Лекин, шунча муаммо ва ташвишларнинг асосий илдизи нима ва уни қандай бартараф этиш кераклигини на президентимиз, на бошқаси айтмайди. Аслида-ку, тушунарли, агарда президент оғиз очмаса, яна ўша аҳвол: ҳамма соқов, ҳамма кар, ҳамма кўр… Бечора президент, бечора халқимиз…
- ЭРКИНЛИК – ТАРАҚҚИЁТ ГАРОВИ
Албатта, ҳар бир муаммонинг чораси, яъни ечими бор. Бунга биринчи навбатда хоҳиш, ирода ва имкон керак.
Агарда бизларнинг ҳам асосий ташвишимиз эркинликка эришиш бўлганида эди, бу ҳақда юқори минбарларда ҳам гапирилган бўларди.
Эркинлик йўқ жойда, асло тараққиёт бўлмайди! Бу ҳозир мен ўйлаб топган гап эмас. Асрлар давомида дунё тажрибасидан ҳосил бўлган қонуниятдир бу!
Эркинлик, деб ҳам балога қоласак киши. Эркинлик дегани бу – ким нимани истаса, шуни қилиб кетаверади, хоҳласа ўғирлик қилади, хоҳласа одам ўлдиради дегани эмас, албатта.
Эркинлик – бу энг аввало, қонунларнинг эркин ишлаш механизми;
Эркинлик – бу қонун олдида президентдан тортиб, оддий деҳқонгача тенг бўлиши;
Эркинлик – бу сиёсий ислоҳотлар;
Эркинлик – бу ҳукуматга муқобил дастурлар, ғоялар билан чиқиш (мухолифат), фикрлар хилма-хиллиги (плюрализм);
Эркинлик – бу эркин ва шаффоф сайловлар;
Эркинлик – бу инсон ҳуқуқларининг ҳурмат қилиниши;
Эркинлик – бу эътиқод эркинлигини таъминлаш;
Эркинлик – бу ҳар бир инсон эркин тарзда ўз фикрини қўрқмай айта олиши;
Эркинлик – бу матбуот мустақиллиги;
Эркинлик – бу фуқаролик жамиятининг ривожланиши;
Эркинлик – бу тадбиркорлар ишига мулозимлар аралашмаслиги;
Эркинлик – бу деҳқонлар ишига давлатнинг аралашмаслиги (нима экин экади, қаерга сотади, деҳқон ўзи ҳал қилиши керак);
Эркинлик – бу одамларни мажбурий меҳнатга жалб қилмаслик (пахта териш, ўқитувчи ва бошқаларни мардикор сифатида ишлатиш);
Эркинлик – бу одил суд, қийноқларсиз тергов, милициянинг, прокурор ва бошқаларнинг зўравонлигига барҳам бериш;
Эркинлик – бу кучсизни, ёрдамга муҳтожларни ҳимоя қилиш;
Эркинлик – бу бошқа одамларнинг эркинлигига тажовуз қилмаслик;
Эркинлик – бу ўз-ўзини идора этиш, яъни ҳар ишга давлат аралашувини тўхтатиш;
Эркинлик – бу эркин бозор иқтисодиёти;
Эркинлик – бу фақат бир президентнинг оғзига қараб ўтириш эмас, ҳамма ўз ишини билиб эркин, ҳаққоний, ҳалол ва пухта бажариши;
Эркинлик – бу порахўрлик, коррупцияга қарши муттасил ва натижавий тарзда курашиш ва ҳ.к.
- ПРЕЗИДЕНТ– ПОДШОҲ ЭМАС
Президентларнинг амалда қолиш масаласи эса, фақат уларнинг ўзигагина боғлиқ эмас. Халқнинг хоҳиш-иродасига ва у томонидан қабул қилинган қонунларнинг фақат қуруқ қоғозда эмас, балки амалда ишлашига боғлиқдир.
“Диктаторлар қаердан пайдо бўлади? Нега улар ўз халқига доим зулм қилади? Мамлакатни ўмариб, талон-тарож қилади ва ҳ.к.лар”, деб ҳайрон бўламиз. Лекин, лоқайдлик, жоҳиллик, лаганбардорлик, қўрқоқлик ва маддоҳлик каби бир қатор жирканч иллатларимиз сабабли, ўзимиз улардан Диктатор яратиб олганимизни билмай қоламиз.
Халқ қандай бўлса, президент ҳам шундай бўлади! Ҳеч қайси давлатнинг раҳбарлари осмондан тушмайди. Халқнинг ичидан етишиб чиқади.
Ҳар қандай давлат мулозимига ҳам ҳеч ким ҳеч нарса демаса, халқ лоқайд ва бепарво бўлса, боз устига, қонунлар ишламаса, табиийки, у раҳбар нафақат истаганича, балки умрининг охиригача лавозимида қолаверади.
Ваҳоланки, президентларни ҳам халқ сайлайди ва халқ боқади. Президент бу подшоҳ, султон ёки хон эмас. Унга лавозим отасидан ёки бобосидан мерос бўлиб ўтмайди. Президент нима хоҳласа, шуни қилаверади, дегани ҳам эмас. Президент – бу маълум муддатга сайланган давлат бошқарувчиси, халқ хизматкори, холос. Унинг ваколат муддати тугаса, яна бошқаси келиши керак.
Президент лавозимига келган пайтида ўзи билан бир тонна олтин ёки бир вагон доллар кўтариб келмайди. Халқнинг солиқлари эвазига ва давлат ғазнаси ҳисобига яшайди.
Дунёнинг исталган мамлакатига қаранг, қаерда президентлар (давлат раҳбарлари) қонуний йўллар билан тез-тез алмашиб турса, ўша ерда ривожланиш, ўсиш, тараққиёт бор. Президентлар курсисига жон-жаҳди билан ёпишиб олиб, ўлгунича лавозимини ҳеч кимга беришни истамайдиган давлатларда эса, аксинча, таназзулга кетиш, парокандалик, барча соҳаларда вайронгарчиликлар авж олади. Халқ қашшоқликда кун кўради, фақат бир ҳовуч амалдорларгина бой яшайди.
Мамлакат коррупция, порахўрлик ботқоғига ботиб кетади. Жиноятчилик, аҳлоқсизлик, ўғрилик, фирибгарлик, адолатсизлик, маънавиятсизлик каби бир талай ёвуз иллатлар давлат ва жамиятни ўз исканжасига олиб, сиқиб ташлайди. Оқибатда халқ лоқайд, ишончсиз, кучсиз, ғариб ва руҳий зўриқиш ҳолатига келиб, ўз жонига қасд қилишлар кўпаяди. Ота ўғилни, келин қайнонани чопиб ўлдиради. Эр хотинини нимталаб, ёқиб ташлайди. Аёллар ўзларига ўт қўяди. Фоҳишалик, ичкиликбозлик, гиёҳвандлик каби қабоҳатлар палак отади. Жамиятдан дину диёнат, илм-маърифат юз ўгиради. Халқдан эса, барака кўтарилади. Кучи ва бироз имконияти бор одамки, ватанни ташлаб, жон сақлаш мақсадида чет элларга чиқиб кетади.
- ЎЗБЕКИСТОНДАН КЕТАЁТГАН ЁШЛАР
Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи раҳбари Қаҳрамон Қуронбоев 24 ноябрь куни Facebook саҳифасида нашр этган расмий маълумотида, “2017 йилнинг 8 ойи ҳолатига кўра, жами 577 минг 933 нафар ёшлар чет элга иш қидириб чиқиб кетган бўлиб, шундан 2,5 % вояга етмаганлар, 97,5 % ёшларни ташкил этмоқда.
Бу борада Андижонда 70 мингдан зиёд, Фарғонада 65 мингдан зиёд ва Бухорода 64 мингдан зиёд ёшлар чет элларда ишламоқда”, дея хабар беради.
Даҳшат!!!
8 ойда салкам 580 минг ёшлар иш қидириб, Ўзбекистондан чиқиб кетган. Шундан 2 ярим фоизи 18 ёшга тўлмаган болалардир. Буларнинг қанчаси йигитлар, қанчаси қизлар эканлиги тўғрисида маълумотда айтилмаган. Бу фақат Қуронбоевга маълум бўлган расмий статистика, холос. Аслида қоғозга тушмаганлар сони қанча, буни Худо билади.
Энди ўтган 25 йил ичида мамлакатдан чиқиб кетган ёшлар сонини тасаввур қилиб кўринг.
Ёшлардан ташқари, ёши катта эркаклар ва аёллар, ҳатто кексалар ҳам бор. Даҳшатли рақамлар!
- ЁШЛАР ОРАСИДАГИ ЖИНОЯТЧИЛИК
Куни кеча 15 ноябрда Шавкат Мирзиёев раислигида мамлакатда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда сўзлаган президентнинг маълум қилишича, шу йилнинг 10 ойида 22 мингдан ортиқ ёшлар жиноятга қўл урган. Жами содир этилган жиноятларнинг 37 фоизи ёшлар ҳисобига тўғри келган.
“37 фоиз жиноят содир қилган ёшларни бўлиш керак. Қайси бири ишсизлик, қай бирини тарбия қилиш керак, қайсисини армияга жўнатиш керак. 37 фоиз жиноятни ёшлар қиляпти, дардимизни кимга айтайлик? Сизлар ташкилот бўлсанглар, ўзларингникини қўлга олингларда», деган президент, жумладан, Ёшлар Иттифоқи раҳбариятига қарата.
Ўзи яқинда дунёга келган бу бечора Ёшлар Иттифоқи нима ҳам қила олади, деган саволга, афсуски, ҳеч кимда жавоб йўқ. Қолаверса, 10 ойда шунча гап бўлса, ўтган 25 йил ичида нималар бўлган, буни ҳам энди Худо билади.
Президент ва Иттифоқ раҳбари келтирган бу рақамлар аслида кеча бир кунда пайдо бўлиб қолган эмас.
Давлат ва жамиятнинг барча соҳасида йиғилиб қолган шу ва шу каби бир талай оғир муаммоларнинг негизи ўтган 25 йиллик даврга бориб тақалади.
Шундай муаммолар қаторлашиб кетмаслиги учун ҳам президентлар шаффоф ва ҳаққоний сайловлар орқали тез-тез алмашиб туриши лозим.
- ҚОНЛИ КУНЛАР
Бу жабҳада ён қўшнимиз бўлган қирғиз халқининг эрксеварлигига ва қонунларини ишлата олишига тасаннолар айтиш керак! Табиий, муаммолар ҳам талайгина. Инсон борки, муаммо мавжуд. Гап фақат ўша муаммоларни бартараф этишда кучларни ва имкониятларни тўғри ва оқилона тақсимлашдадир.
Албатта, қўшни Қирғизистон ҳам осонлик билан бу кунларга етиб келмади. “Ахси воқеалари”, 2005 ва 2010 йилларда бўлиб ўтган Инқилоблар ва икки марта мамлакат жанубида бўлиб ўтган фожиаларни қирғиз халқи ўз бошидан ўтказди, кўп қонлар тўкилди.
2010 йил июнидаги “Ўш воқеалари”да расмий маълумотларга кўра, 442 киши ҳалок бўлган. Қурбон бўлганлардан 295 нафарини, яъни 70 фоизини ўзбеклар, 123 нафарини ёки 29 фоиздан ортиқроғини эса, қирғизлар ташкил қилган. Шунингдек, 1 рус, 1 покистонлик ва 1 уйғур ҳам нобуд бўлган.
Ўзбекистон ҳам ўтган 28 йил ичида бир қатор қонли фожиаларни: “Фарғона”, “Бўка”, “Паркент”, “Андижон” воқеаларини ҳамда Тошкентдаги талабалар исёнларини ўз бошидан кечирди, кўп қурбонлар берди.
2005 йил 13 май куни Андижонда рўй берган воқеаларда, расмий маълумотларга кўра, 187 одам ҳалок бўлган. Халқаро ва маҳаллий инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг маълумотларига кўра, 500 дан 1500 нафаргача бўлган одамлар ўлдирилгани айтилади.
Қирғизистонда юқорида санаб ўтилган қонли воқеалар, расмий равишда, ҳар йили белгиланган саналарда хотирланади. Ҳалок бўлганларга атаб, хотира майдонлари, ёдгорлик мажмуалари барпо этилган.
Ўзбекистонда эса, аксинча, тарихимизнинг бу мудҳиш кунлари хотирланмайди. Ўша саналарда бир оғиз ҳам сўз айтилмайди. Фақат мамлакат ичидаги кам сонли зиёлилар ва чет элдаги айрим диссидентлар ҳамда хориж матбуоти томонидангина эсланади.
- АТАМБАЕВНИНГ БАХТИ
Қирғизистон илк бора тинч йўллар билан 5-президентини сайлади.
Мамлакатнинг 4-президенти Алмазбек Атамбаев ўз ҳурмати ва иззати билан халқининг олқишларини олиб, чиройли тарзда лавозимидан кетди. Ўзининг сўзларига кўра, умрининг охиригача Қирғизистонда қолиб, халқига хизмат қилади.
Демак, халққа хизмат қилиш учун фақат президент бўлиш шарт эмас экан.
Атамбаев 6 йиллик бошқаруви даврида ваколат муддати тугаши билан президентликдан кетиши ҳақида такрор ва такрор айтиб келди. Президентлигининг сўнгги кунида “Худога шукур, шу кунларга ҳам етиб келдик”, деди.
Аслида бу бахт, улкан Бахт!
Инсон ўз меҳнати сингган боғининг меваларини кўриб, ундан завқланиб яшаши қандай гўзал саодат! Бундай тақдир ҳамма давлат раҳбарларига ҳам насиб этавермайди.
Кимдир халқининг иродасига бўйсуниб, қонунларни ҳурмат қилиб, лавозимидан кетади (А.Атамбаев). Кимнидир халқ ўзи ағдариб, ватанидан қувиб чиқаради (А.Ақаев, Қ.Бакиев). Яна кимдир тахтида ўтириб жон беради (С.Ниёзов, И.Каримов). Бошқаси эса, ўзига уюштирилган суиқасд оқибатида ёки турли бахтсиз ҳодисалар натижасида кетади (А.Линкольн, Ж.Кеннеди). Кимларнидир дорга осишади (С.Ҳусайн), яна бошқасини эса, ўлдириб, жасадини шаҳар бўйлаб судраб юришади (М.Қаддафий) ва яна кимдир ўзини жонига қасд қилади ва унинг майитини ёқиб юборишади (А.Гитлер).
Умрининг охиригача мансаб курсисига маҳкам ёпишиб, «ўлсам ҳам бу тахтимни ҳеч кимга бермайман”, деб қариб-қартайиб, ҳолдан қолгунча амалда қолиш, энг содда қилиб айтганда, нормал, соғлом инсоннинг иши эмас!
Жаноб Атамбаев шу жиҳатдан ҳам бахтли ва саодатли инсон.
Халқи билан тантанали хайрлашув сўзида Алмазбек Атамбаев: «Амалга оширишга улгуролмаган ишларим учун сизлардан узр сўрайман! Мендан рози бўлинглар! Менга кўрсатган ишонч ва қўлловларингиз учун катта раҳмат! Қирғиз эли саодатга муносиб халқ! Мен халқим билан фахрланаман! Қирғизистондек мўъжаз диёрда яшаётганимдан ғурурланаман! Ҳамиша бахтли бўлинглар! Яшасин, мустақил Қирғизистон!», дея, қўлларини дуога очиб, янги президентга оқ фотиҳа берди.
Шундан сўнг икки президент гулдурос олқишлар ва жўшқин мусиқа садолари остида маросимни тарк этишди. Икки президент бир мошинга ўтириб, Оқ уйга йўл олишди.
Оқ уйга етиб келган президентларни Миллий гвардия фахрий қоровули саф тортиб, тантана билан кутиб олди.
Собиқ президент Атамбаев аскарларга юзланиб: “Ҳурматли иниларим, болаларим, аскарлар! Хизматингиз учун миннатдорчилик билдираман! Раҳмат! Қуролли Кучларнинг янги Олий Бош Қўмондони билан барчангизни, қирғиз элини табриклайман!”, деди.
Бунга жавобан аскарлар уч карра жўр овозда: “Ура!”, дея ҳайқириб, жавоб қайтарди.
Сўнг икки президент шарафига фахрий қоровул ҳарбий парад топширди. Собиқ президент янги президентни идорасигача кузатиб қўйди.
Бундай воқеа Марказий Осиё тарихида биринчи марта содир бўлди.
Кўзинг очиқлигида қилган хизматларинг учун ўз халқингдан рози-ризолик олиб, хайрлашиш қандай улкан бахт!
Эртага ватанинг иқболини кўриб, яқинларинг, дўстларинг билан завқланиб яшаш қандай улкан саодат!
- МИРЗИЁЕВНИНГ САОДАТИ
Бундай Олий Бахт ҳамма давлат раҳбарларига ҳам насиб этавермайди.
Жонажон Ватанимиз Ўзбекистоннинг амалдаги президенти жаноб Мирзиёевга ҳам шундай Олий Бахтни, Улуғ Саодатни чин дилдан тилаб қоламиз!
Умид қиламизки, президент Шавкат Мирзиёев, Ислом Каримовдан фарқли ўлароқ, Ўзбекистон Конституцияга қатъий амал қилиб, ўзига белгиланган ваколат муддати ниҳоясига етгач, янги президентга лавозимини тантанали равишда топширади.
Бизнинг юртда ҳам худди Қирғизистондек икки президентлар виқор билан қасамёд маросимида иштирок этишиб, бир-бирларини қучоқ очиб табриклайдилар.
Уларни ҳам фахрий қоровул саф тортиб кутиб олади. Жаноб Мирзиёев Ўзбекистонда оиласи ва яқинлари билан кексалик гаштини суриб, фахр билан халқ орасида умргузаронлик қилади. Ўзи етиштирган боғининг меваларини элимиз билан бирга баҳам кўради.
Илоҳим, шундай саодатли кунларни кўриш барчамизга насиб айласин!
- БАЙРАМ МУБОРАК!
Қардош қирғиз элини тарихий байрам билан чин дилдан табриклаймиз!
Қирғизистон халқига бахту саодат, тинчлик-хотиржамлик, қут-барака ва улкан муваффақиятлар тилаймиз!
Янги Президентнинг қадамлари қутлуғ бўлсин!
Ўзбекистон-Қирғизистон халқларининг дўстлик ва биродарлик алоқалари мустаҳкамланишида қилган улкан хизматлари учун президент Атамбаевга самимий ташаккурларимизни изҳор этамиз! Узоқ умр, соғлик-саломатлик тилаймиз!
Яшасин, буюк Туркистонимиз!
Улуғбек Бакир
журналист
Норвегия
27.11.2017
Fikr bildirish