Ўтганлар ёди: Тарихчи олим Гога Ҳидоятов хотираси ҳамиша қалбимизда, юрагимизда!
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, тарих фанлари доктори, профессор Гога Аброрович Ҳидоятов 2015 йилнинг 10 декабрь куни 85 ёшида, Тошкентда вафот этган. Чиғатой қабристонига дафн этилган.
Гога Аброрович Ўзбекистон тарих фанига, мамлакатимизнинг сиёсий ва ижтимоий ҳаётига бутун умр сидқидилдан хизмат қилган етук фан ва жамоат арбобидир. У кишидан қолган кўплаб илмий асарлар, улкан мерослар авлодларга ҳали узоқ вақтлар давомида хизмат қилади.
2016 йил 10 декабрь кунги дастуримиз Гога Ҳидоятовнинг ёрқин хотирасига бағишланганди.
Эшиттиришимизда домланинг тўнғич фарзанди, тарих фанлари номзоди, жамоат арбоби Нигора Ҳидоятова иштирок этган.
Нигора Ҳидоятова айни дамда АҚШда яшайди.
*****
ГОГА ҲИДОЯТОВ ҲАҚИДА:
Тарих фанлари доктори, профессор Гога Аброрович Ҳидоятов 1930 йил 9 майда, Тошкентда санъаткор, зиёлилар оиласида дунёга келган.
Ота-онаси таниқли ўзбек театр актёрлари, СССР халқ артистлари Аброр Ҳидоятов ва Сорахоним Эшонтўраевалардир.
Отаси Аброр Ҳидоятов 1947 йилда Шекспирнинг “Отелло” драмасидаги Отелло ролининг энг яхши, моҳир ижрочиси сифатида Буюк Британияда тан олинган.
Гога Ҳидоятов М.В.Ломоносов номидаги Москва Давлат Университетини тамомлаган.
1958-1961 йилларда Ўзбекистон Фанлар Академиясининг Шарқшунослик институтида катта илмий ходим вазифасида ишлаган.
1961-1994 йилларда Тошкент Давлат Университетининг “Янги ва энг янги тарих” кафедраси мудири, 1967-1987 йилларда эса, мазкур Университетнинг тарих факультети декани лавозимларида фаолият олиб борган Гога Аброрович, 1994-1999 йилларда Ўзбекистон Ташқи Ишлар Вазирлигида вазир маслаҳатчиси лавозимида ҳамда бир вақтнинг ўзида Жаҳон иқтисодиёти ва Дипломатия Университетида профессор лавозимларида ишлаган.
2005 йилда нафақага чиққан.
Гога Ҳидоятовнинг муаллифлигида илмий журналларда 15 монография ва 100 дан зиёд мақолалар нашр қилинган.
Г.А.Ҳидоятов Москва, Деҳли, Пекин, Пешоворда ўзининг илмий маърузалари билан чиқишлар қилган. Ҳамда дунёнинг бир қатор олий ўқув юртларида, жумладан, Манчерстрдаги Жавохарлал Неру Университетида ва Мадрас, Қуддус, Колумбия, Мэриленд, Пекин Университетларида ҳамда Нью-Йорк сити коллежида лекциялар ўқиган.
Тўнғич қизи Нигора Ҳидоятова тадбиркор, тарих фанлари номзоди, жамоат арбоби.
Кенжа қизи Нодира Ҳидоятова ҳам тадбиркор, жамоат арбоби.
Рафиқаси Анила Ғуломовна Бобожонова 1975 йили вафот этган.
Тарихчи олим Гога Ҳидоятов ўзи ҳақида, жумладан, шундай ёзганди:
«Мен 1930 йил 9 майда Хамза драма театрининг актёрлари оиласида туғилганман.
Болалигим уруш ва урушдан кейинги оғир вақтларда ўтган. Мактабда ўқидим, спортга қизиқардим, футбол ўйнардим. Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасида тўп сурганман. Шахмат бўйича СССР спорт устаси номзодлигига нормативларни бажарганман. 1949 йили ўрта мактабни тугатгач, Тошкент Университетининг тарих факультетига ўқишга кириб, 2-курсдан Ломоносов номидаги Москва Давлат Университетига ўқишга кўчирилганман. 1954 йилда мазкур Университетнинг тарих факультетини тамомлаб, “Халқаро алоқалар тарихи” мутахассислиги бўйича аспирантурага кирдим.
“Англиядаги замонавий ишчилар ҳаракатлари” мавзусида 1959 йилда номзодлик диссертациямни ёқладим.
1958 йилда “Покистон тарихи ва сиёсий ҳаёти” мутахассислиги бўйича Ўзбекистон Фанлар Академиясининг Шарқшунослик институтига катта илмий ходим вазифасига ишга қабул қилиндим.
1961 йили Тошкент Давлат Университетининг “Янги ва энг янги тарих” кафедрасининг мудирлиги лавозимига кўрик-танлов асосида ишга ўтдим.
1964-1965 йилларда “XIX асрнинг охирларида Ўрта Осиёдаги катта ўйин” мавзусидаги докторлик диссертациямни ёзиш учун Оксфорд Университетига хизмат сафарига юборилдим.
Мазкур докторлик диссертациямни якунлаш учун Оксфорддан кейин Москва Университетига йўлландим. 1967 йилгача икки йил мобайнида Москва Университетида катта илмий ходим лавозимида ишладим.
1969 йилда “XIX асрнинг охирларида Ўрта Осиёдаги инглиз-рус алоқаларининг тарихидан” номли монографиям нашр қилинди ва шу йили Москва Университетида докторлик диссертациямни ёқладим.
1967 йилдан икки лавозимда ишладим: Тошкент Университетининг “Янги ва энг янги тарих” кафедраси мудири ва тарих факультетининг декани. 1987 йили деканлик лавозимдан кетдим. 1994 йилда Ташқи Ишлар вазири маслаҳатчиси лавозимига тайинланганим сабабли, кафедра мудирлиги лавозимидан кетдим. Жаҳон иқтисодиёти ва Дипломатия Университетининг Ҳалқаро алоқалар кафедраси профессори лавозимига 1999 йил ўтганман.
2005 йилда эса, нафақага чиқдим.
Ўрта мактабларнинг 9-синф ўқувчилари учун “Ўзбекистон тарихи” дарслик китоблари ёздим. 2002 йилда 10-11-синфлар учун “Жаҳон тарихи” ўқув дарслиги нашр қилинди. 2007 йилда мазкур дарслик 4-марта нашр этилди.
Таржима ишлари фаолиятимниг катта қисмини эгаллайди.
Инглиз муаллифи Хильда Хукхэмнинг Амир Темур ҳақидаги асарини рус тилига таржима қилганман.
Ўзбек, рус ва инглиз тилларида эркин гаплашаман. Француз тилида ўқийман ва таржима қиламан.
Дунёнинг 30 га яқин мамлакатларида бўлганман».
*****
Тарихчи олим Гога Ҳидоятовнинг охиратлари обод бўлсин!
Домланинг ёрқин хотираси қалбларимизда ҳар дам яшайди!
*****
Гога Ҳидоятов билан Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 20 йиллиги муносабати 2011 йилда қилган суҳбатимиз:
Нигора Ҳидоятова билан ўтган йилги суҳбатимиз:
Улуғбек Бакир
журналист
10 декабрь, 2017 йил,
Норвегия
Fikr bildirish